ҲОКИМНИНГ ҲЕШИ

Жиззах вилоят хукук химоячилари “Ассосация”си хабарномаси

Ёхуд Зарбдор туманида хуқуқбонларга қарши кураш

Зарбдор туман ҳокими Ускан Азимов Хўжам Бекамовни Бўстон шаҳарчасидаги Ш. Рашидов номли 1-умумтаълим мактаб директорлигига тайинларкан, ўша йиғинда жўшиб: «Хўжам моҳир қурувчи. Бўстон шаҳарчасидаги мактабни гулдек гуллатиб яшнатади, унинг қадрига етинглар, хурмат қилинглар, бошингизга қўнган бахт қушини учириб юборманглар, тағин…»-деганди.

Ҳокимнинг мақтовларидан “сув” бўлиб эриган Хўжам Бекамов, қўлини кўксига қўйганча, “Қулингизман!”-дегандак, қуллиқ қилиб турганди ўшанда. Ўқитувчилар ҳам ҳокимнинг гапларига ишониб, роса қарсак чалиб бергандилар.

Ўша кундан “ҳокимнинг ҳеши” деб атала бошлаган Х. Бекамов ўз билганича ишлади. Бу “унвони” унинг табиатига ҳам бир қадар соя ташлади. У қўл остидагиларга нисбатан беписандроқ муомала қиладиган бўлиб қолди.

У йиғинларда ўз жамоасини ёш-қари демай. баралла ҳақоратлай оларди. Хатто, аёл ўқитувчиларни ҳам ҳеч бир истиҳоласиз қўпол сўзлар билан ҳақоратларди. Ҳокимнинг бу эркасига ҳеч ким қаршилик қилмасди. Фақат…

Фақат, жамоада ҳурфикрлилиги билан ном қозонган Ўзбекистон Халқаро Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш қўмитаси Жиззах вилояти бўлими раиси Зиёдулло Раззоқовгина қуюшқондан чиқаётган директорга қарши гапира оларди. Х Бекамов бу юзгачопардан қутилиш учун пайт пойларди.

Ҳоким Ускан Азимовнинг ҳам доимий фаолиятларидан бири, эркин сўз, хурфикрли инсонларнинг овозини ўчириш эди. Ўз содиғи Ҳўжам Бекамовнинг ходимидан нолиши унинг пинҳон нафратларини жумбушга келтириб юборди. Маслаҳат пишиди.

Келишилган санада, 2008 йилнинг 30 декабрида директор ўқитувчиларни йиғиб, табиатига унут бўлиб бораётган ҳуш муомалалик билан гап бошлади. У сўзини, ўқитувчиларга бугунгача тарқатилмаган ноябр ойи маошлари ҳисобидан 50 минг сўмдан аванс берилишини айтиш билан бошлади. (Лекин, Республика президантининг “Бюджет ташкилотларида хизмат қилаётган ходимларга Янги йил байрами муносабати билан лавозим маошининг 10 % миқдорида бир йўла мукофот пули бериш фармони” ҳақда ва тарқатилмаган декабр ойи учун маошлар ҳақда лом-мим демади. Айни дақиқада Хўжам Бекамов президентнинг кечиктирмай амалга ошириш лозим бўлган фармонини суриб қўйиб, акахони Ускан Азимов билан тузилган режа ҳақда бош қотираётганди.

Йигилиш тугаши билан директор котибаси Зиёдулло Раззоқовнинг қўлига бир парча қоғоз тутқазди. Бу жамоа маъмуриятининг № 87-буйруғи бўлиб, унда З. Раззоқовнинг ишдан бўшатилганлиги ҳақда важлардан иборат эди. Важлар эса туҳматлардан иборат эди.

“Малака ошириш Институтида малакасини оширишидан бош тортганлиги, қўполлиги, мактабнинг ички тартибларига риоя қилмаганлиги учун вазифасидан бўшатилсин” –дейиларди буйруқда. З. Раззоқов 2008 йил 2 ноябрдан ой охиригача ўзининг меҳнат ўқитувчиси фаолияти бўйича малакасини оширган, бу ҳақда Жиззах вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш Институтнинг муҳри босилган маълумотномани директор Хўжам Бекамовга топширган. Бу буйруқ ва унда келтирилган важлар унинг ҳуқуқ ҳимоячиси фаолиятига нуқта қўйиш учун анчайин ўйлаб топилган бир хужжат эди.

Зиёдуллонинг шундай фикрлашига асос бор. Шундан бироз олдин, 2008 йилнинг 25 декабрида мактаб директорининг хўжалик ишлари буйича ўринбосари ва мактаб ғазначиси бўлиб ишлаган Алланазар Хасанбоевни мактаб маъмуриятининг № 84 ва №85 буйруғи билан вазифасидан озод килинганди. Чунки, у ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси, Зиёдулло Раззоқов вилоят раиси бўлган ташкилотга аъзо эди. Хўжалик мудири А. Ҳасанбоевга қўйилган айблар З. Раззоқовнинг “айб”лариданда ғалати эди.

Зарбдор туман Халк Таълими бўлимининг инспектори Карим Ҳабибуллаев қишки мавсум буйича синфхоналарда иссиқлик манбайи ишламаганлиги учун, синфлар совуқ эканлиги ҳақда директор ўринбосарларига имзо қўйдириб олади. Айнан шу имзоланган хужжат ўзининг ишдан кетишига сабаб бўлганди.

Аввало, синфхоналарнинг иситилмаётганлиги учун санитария-эпидеимология санцияси далолатнома тузиши ва жарима қўллаши мумкин эди. Хўжалик мудири мактабдаги мавжуд жихоз ва инвентарларга жавобгар шахс ҳисобланади.

Қолаверса, 2007 йилда мактабни капитал таъмирдан чиқариш учун 185 миллион сўм ажратилган бўлиб, лекин мактаб хўжакўрсингагина таъмирдан чиқарилди. Таъмир учун масъул шахс бўлган директор, таъмирлашдан ортган пулларга қаноат қилмай, ўқувчиларнинг ота-оналардан ҳам 1.650.000 сўм пул йиғиб олиб, ўз манфаатига ўзлаштириб юборди. Бу каби қинғирликларни яшириш учун эса, ўзига ва акахони, туман ҳокими Ускан Азимовга фаолияти ёқмаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Алланазар Хасанбоевни бўшатиб қўяқолди.

Олдинда эса судлашув жараёнлари турибди. “Агар суриштирув ва терговлар одилона олиб борилса, директорнинг кўплаб кирдикорлари очилиб кетишига ишонамиз”-дейишади жиззахлик ҳуқуқбонлар.

М.Азимов

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares