Бувиларимиз гапларига ҳар доим ҳам ишониб бўладими?

Америкалик олимлар дунёдаги кўплаб инсонлар ишониб келган қатор тасаввур ва фикрларни парчалайдиган тадқиқот натижаларини эълон қилишди.

Унга кўра, масалан, одам танасидаги ҳароратни боши орқали йўқотади ва ёки кўп ширинлик еган бола шумтака бўлади, деган қарашлар ҳам бўлмағур гап.

Бунақа фикр кўпроқ ота-оналар хаёлида ўрнашиб олган ва шу боис барча унга кўр-кўрона инонади, дейилади сўнгги тадқиқотда. Ажабаланарлиси шундаки, бу каби қараш ва ишончлар дунёнинг қарийб барча қитъаларида бир хилда талқин этиб келинган.

Кўпчилик қиш пайти бош кийимсиз кўчага чиқмаслик керак, чунки танадаги ҳарорат бош орқали кўтарилиб кетади, деб ўйлайди.

Аммо бу қараш ҳам қуруқ чўпчакдан бошқа нарса эмас экан. Ҳечса сўнгги илмий тадқиқот натижасига биноан…

Айни масалада илмий маслаҳат бериш осон иш эмас-ку, лекин қишда бошяланг кўчага чиқсангиз, совуқ қотишингиз мумкин.

Ҳамма нарса тадқиқотга таянадими?

Биз ҳам ишониб, ишонмайдиган инончлар озмунча, дейсизми? Энди уларнинг ҳаммаси борасида тадқиқот зарурмикан ё? Жиғилдон қайнаса сабзи ейиш ёхуд қовоқ учганда гугурт чўпими, супурги толасиними синдириб ёпиштириб қўйиш каби ҳақиқий ўзбекона ярим ишонч, ярим ирим-сиримларни айтмайсизми?

Шу бугун ўзим ҳам тумов бўлган қизимга ювилмаган гуручни сувда қайнатиб тутиб ўтирибман. Бироқ, тўғриси, бу ишим қанчалик илмий асослангани борасида зиғирча тасаввурим йўқ.

Янги йил яқинлашаркан, кўп ўлкаларда одамлар кетма-кет зиёфату меҳмондорчиликда меъёридан ортиқча ароқ ва шароб ичишади.Эртаси кунги «бошоғриқ»ни йўқотиш борасида эса ҳар кимнинг ўз «синалган» усули бор.

Кимдир банан ейди, кимдир аспирин ичади, яна биров оддий сув билан ундан халос бўлади. Лекин қурмағур америкалик олимлар бунақа усулларни ҳам аҳамиятсиз ва кераксиз амал, деб топишибди.

Қайдам, Ўзбекистонда ҳам айримлар тўйда бўкиб ичгач, тонгда бориб, бозорлар дарвозаси олдида сирланган челакларда аёллар сотадиган аччиққина ёвғон қатиқли угра ичиб «бошоғриғи»ни босишларини айтишади. Лекин америкаликлар ҳалича ёвғон қатиқли угра масаласида тадқиқот олиб борганларича йўқ.

Олимлар ўз тадқиқотлари натижаларини ёзишаркан, ароқ ва шароб борасида бир маслаҳат беришади.

Яъни эрталабки «бошоғриқ»ни кетказишни ўйлагандан кўра, яхшиси, хурмачага сиққунча ичган маъқул ёки умуман ичмаса ҳам бўлади, шекилли…

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares