( Туркиялик шоир дўстим Абдураҳим Қорагўч шеърига пайванд)
Ёдгор Обид

Гарчи душман қўли баланд кун бу кун,
Кўп қутирди,қонлар тўкди, жон олди,
Ким тупроқда, ким зиндонда, ким сургун…
Келар оҳир қасосли он , оз қолди!
Ҳақ деганмиз, ҳақ йўлидир йўлимиз,
Ҳақ йўлига чулғанар ўнг – сўлимиз,
Халқ уйғонар, бир мушт бўлар қўлимиз,
Увол кетмас тўкилган қон, оз қолди!
Бир тўда ит қутурибди бу элда,
Қутурибди, ин қурибди бу элда,
Ваҳм солиб, хўп ҳурибди бу элда,
Қаҳримиздан топмас омон, оз қолди!
Ёмон бўлди, ёмон бўлди Туркистон,
Яхшиларга зиндон бўлди Туркистон,
Нахс бандага ризвон бўлди Туркистон…
Поклагаймиз қилиб исён, хз қолди!
Тебратурмиз силтаб ҳасрат тоғини,
Ёқиб, чақмоқ қилиб ҳасрат тоғини,
Юртга ҳамдард, бирга тортиб оҳини…
Шайтонни маҳв этар иймон, оз қолди!
Уйқудаги арслон халқим кўз очар,
Зўр силтанар, ўз ҳаққидан сўз очар,
Шижоатин кўрсатар, ризқ- рўз очар,
Ёв қочмоққа топмас имкон, оз қолди!
Қизил итлар оқ ниқобда юрса ҳам,
Ҳар ҳунарга кирса, ғингшиб, ҳурса ҳам,
Сўлак сочиб, ўзин ҳарён урса ҳам,
Қуважакмиз солиб сурон, оз қолди!
Мовий бўлди тақдир тутган туғимиз,
Ёвга аён эмас тортган уҳимиз,
Заҳмат чексак ҳамки тушмас руҳимиз,
Замон бўлар бизнинг замон, оз қолди…
Иншшооллоҳ, оз қолди!



