Ўзбекистон- Туркия ҳамкорлиги кенгайиб бормоқда. Бироқ…

Анварбек

Кейинги вақтларда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари расмийлари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни имкон қадар кенгайтиришга уринишмоқда. Икки давлат расмийлари ўртасида бугунги кунда турли хил учрашувлар ва семинарларнинг тез-тез ўтказилиши одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Лекин ҳеч кимга сир эмаски, ўтган асрнинг 90-йиллар бошида давлатлар ўтасига ўзбек мухолифати сабаб катта совуқчилик тушган эди. Ўша вақтларда Туркияга қочиб ўтган ўзбек мухолифати вакилларини Ўзбекистон ҳукуматига депортация қилиб юборилмагани сабаб ўзбек расмийлари бир томонлама ҳамкорликни тўхтатган ва виза тизимидаги имтиёзларни бир томонлама чеклаб қўйган эди.

Лекин бугунги кунга келиб ҳамма эски аразлашувлар унитилди ва ўзаро товар алмашувини жонлантириш истиқболлари муҳокама қилина бошланди. Бу каби расмий йиғинларнинг энг сўнггиси ўтган 2008-йилнинг 22-декабр куни ўтказилди ва икки давлат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси Ташқи савдо ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликларни янада кенгайтиришга бағишланди,-деб хабар қилди “Ўз.А” расмий ахборот агентлиги.

Ахборот агентлигининг хабарига кўра, ушбу бизнес – форумда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, банк-молия, қурилиш, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, тўқмачилик транспорт ва транспорт коммуникациялари, авиация, хизмат кўрсатиш ҳамда сайёҳлик соҳалари учун маъсул вазирлик ва идоралари, компания ва консернлари раҳбарлари иштирок этган.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш бу ҳамкорликдан халққа қандай фойда? Шу кунга қадар нафақат Туркия қолаверса Жанубий Кореа, Япония ва бошқа давлатларнинг расмий вакиллари билан кўплаб ҳамкорлик қилиш ҳақидаги келишувлар имзоланди. Лекин оддий ўзбек ҳалқи бундан бирон-бир наф кўргани йўқ. Мамлакат иқтисодиётида қандайдир йирик ўзгариш содир бўлгани йўқ. Тўғри 2008-йилнинг январ-октябр ойларида Туркия билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2007-йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга ошган. Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида тузилган олти юзга яқин қўшма корхона, ушбу мамлакатдаги қарийб юз фирма ва компаниянинг ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Бунинг ортидан Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизими катта фойда кўрмоқда. Лекин кўрилаётган ушбу фойда “катта”ларнинг чўнтакларга кириб кетаётгани ўта ҳам ачинарлидир.

Алохида урғу берган ҳолда шуни айта олишим мумкинки, ўзбек расмийлари қайсики давлат билан ҳамкорлик қилмасин фақатгина қудратдаги режим раҳбарининг ҳоҳиш иродасига қараб иш тутишмоқда. Шу сабабли ҳам тушунарлики, бу ҳамкорликлардан келаётган фойда мамлакат иқтисодиётининг ўнгланишига хизмат қилмайди.

Эслатиб ўтиш жоизки, бир муддат муқаддам Туркия ҳукумати туркий тилда сўзлашувчи ҳалқлар учун ўз виза тизимини енгиллатди. Бундай кейин туркий тилда сўзлашувчи давлат фуқролари Туркия ҳудудига визасиз кириб, маълум муддатга қадар ўз давлатларида юргандек ҳаракатланишлари мумкин. Ўзбекистон фуқаролари ҳам. Расмий Тошкент Турк расмийлари қабул қилган ушбу қарордан кейин ҳам Ўзбекистон ҳудудида туркларнинг ҳаракатланишини қисман бўлсада енгиллатмади. Бу ҳолат шу нарсадан дарак берадики, расмий Тошкент ҳар қанча ҳамкорлик ва ўзаро товар айрбошлашни яхшилаш хақида гапирмасин аслида ҳаққоний илиқ муносабатларни йўлга қўйишни истамаяпти. Лекин семинар ва бизнес—форумлар ўтказилиб турибди. Гарчи номигагина бўлсада.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares