Оқланмаган ишонч қиссаси (2-8)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)

Исмат Хушев, Канада.

(ismatkhushev@yahoo.com)

Иккинчи китоб.
ИМТИЁЗ ВА МАСЪУЛИЯТ

8 боб

Таъбир жоиз бўлса, раҳбарият Сизни бир ишга қўйгандан кейин жуда кўп очилмас эшиклари Сиз учун бирма бир очила борар экан. Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига яна шиддат билан кириб келдим. Шу ўринда нозик бир масала ҳақида тўхталиб ўтишим лозим. Маълумки, мен норасмий ташкилотларнинг сиёсий давраларида ҳам фаол иштирок этардим. Буни ҳеч кимдан яширмасдим. Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистонга раҳбар бўлиб келгач, ҳукумат тизимида ишлай бошлаганимни “Молодёжь Узбекистана” газетаси ўзининг “Муаллиф ҳақида”ги изоҳида тўғри эътироф этади.

Бу изоҳни газетанинг Бош муҳаррир Александр Пукемов ёзган. Мен “Дўстлик йўлида ҳеч қандай ғов бўлмаслиги лозим” номли мақола ёзгандим. Бу сохта миллатчилик ва халқнинг ҳақиқий ифтихори мавзусига ба0ишланган эди. Шунда таҳририят муаллиф ҳақида қисқача шундай маълумот беради: “Исмат Хушев ўзининг иқрор бўлишича, ёшлигидан ўжарлиги билан ажралиб турарди. Шу боис айрим амалдор шахсларнинг ғашини келтиради. Керакли жойларда суҳбатдан ўтказилиб, тенгсиз курашга мажбур этилганидан кейин ҳам ўз характерини ўзгартирмайди. Қайта қуришнинг дастлабки йилларида норасмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистонда президентлик бошқаруви жорий этилгач, энди жиддий ўзгаришлар рўй беришига ишонч ҳосил қилади. Ғайрат билан ишга киришади. Муассисларнинг топшириғи билан ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги “Ҳаёт ва иқтисод” журналини ташкил этади. Ҳозир янги нашрга раҳбарлик қиляпти. 32 ёшда. КПСС аъзоси. Ломоносов номидаги Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган”. Таржимаи ҳолимга тегишли маълумотлар бу газетада тўғри қайд этилади.

Бош муҳаррир бўлсам-да, ҳамон Хадрадаги оилавий ётоқхонада яшардим. Яп-янги хизмат машинам мени ўша ғариб ётоқхонадан ҳукуматнинг мўҳташам ва кўркам ишхонасига олиб бориб, кечқурун яна элтиб қўярди. Эҳтимол, кимларгадир бу гапларим эриш туюлиши мумкиндир. Лекин, мен, болалигидан яхши ва пок ниятлар билан раҳбар бўлишни орзу қилган бўлажак ёш раҳбарларга сабоқ бўлади деган умиддаман. Чунки, кечагина троллейбус ва трамвайларда осилиб юрган йигит бирданига ваҳимали хизмат машинасининг орқа ўриндиғига ястаниб ўтириб олса, худди ёш болакайга соқол чиқиб қолгандек ғалати туюлар экан…

Айниқса, ҳаётда бир умр адолат учун курашиб, уни тополмаган, тайинли иш билан таъминланмаган, Қаршидан урилиб келган йигит бирдан республика миқёсидаги имтиёзларга эга бўлиб қолса, албатта, юриш-туришингизда, муомалангизда майян ўзгаришлар бўлади. Энди камёб товар ёки давлат баҳосида гўшт оламан деб соатлаб навбатда турмайсиз. Бетоб бўлиб қолсангиз, ҳукумат касалхонасидаги ширинсўз врачлар сизни муолажа қиладилар, бир сўз билан айтганда, ҳаётимда ўзгаришлар рўй берганини тан оламан. Бироқ, мен бир нарсада ўзгармадим: самимийлигим ўзгармади, дўстларимга бўлган муносабатим ўзгармади.

Энг муҳими – хизмат пиллапояларидан қанчалик юқорига кўтарилган бўлсам-да, лекин ҳеч қачон ноҳақлик билан муроса қилмадим. Аксинча, юқори мавқеларга эришганимдан кейин ҳам шитоб билан бошқаларни ноҳақликдан ҳимоя қилишга ошиқавердим. Афсуски, кўп маломатлар ноҳақликка муросасизлигим туфайли бошимга ёғилади. Кўпчилик мансаб имтиёзларидан ўзининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланса, мен нотаниш одамларни, менга ишониб мендан нажот истаб келган кишиларни ноҳақликдан ҳимоя қилардим. Лекин бундай қилмаслигим керак экан…

Сир эмаски, телефон, айниқса, тўртта рақамли ҳукумат телефони амалдорларнинг жуда катта имтиёзи ҳисобланади. Бошқача қилиб унинг номини “вертушка” ҳам деб аташади. Мен ҳам амалдор бўлганимдан сўнг энди жимгина юриш ўрнига “вертушка”дан ҳуда-беҳуда фойдаланадиган бўлдим. Чунки бу телефондан фойдалансангиз, Бош прокурорнинг шахсан ўзи трубкани кўтаради. Кези келганда соғлиқни сақлаш вазирига ёки шаҳар милициясининг бошлиғига, баъзан республика Ички ишлар вазирига ҳам сим қоқиб, муайян масалаларда ноҳақлик бўлаётганини биринчи раҳбарларга дадил айтаверардим.

Ўшандай ноўрин “жанговарлигим” оқибатида кўп бора маломатларга қолдим. Энди билсам, қайси лавозимда бўлишидан қатъий назар, одам ҳамиша ўз ўрнини билиб юриши керак экан. Ҳар кимнинг ўз вазифаси бўлишини, дуч келган жойга тумшуқни тиқавермаслик кераклигини, афсуски, бошим тақ этиб деворга текканидан кейин англаб етдим…

Ислом ака Москвада менга ниҳоятда ўринли дашном берган эканлар. Ўшанда у киши: “Нима, битта сиз ҳақ-у, бошқалар ноҳақми? Балки бошқалар ҳам сиз билмайдиган қандайдир ҳиқиқатни ҳимоя қилаётгандир!” деган эдилар. Дарҳақиқат, одам ўзининг хизмат вазифаси доирасидан четга чиқиб, ҳамма нарсага аралашиб кетавермаслиги керак экан. Биринчи галда ўзининг “участка”сида ишни қотириб қўйиши лозим экан. Агар ҳар ким бошқаларнинг “участка”ларига ҳам бош суқиб, ўзича хўжайинчилик қилаверса, жамиятда бошбошдоқлик (анархия) бошланиб кетар эди. Афсуски, бундай масалаларда кейинчалик, қамалганимдан кейингина, ақлим кирди…

Қисқаси, 1989 йилнинг охирларида Ўзбекистонда Исмат Хушев деган Бош муҳаррир пайдо бўлди. Мен фақат тармоқ журналининг Бош муҳаррири бўлиб қолмадим. Ислом Абдуғаниевич билан яқинлигим туфайли каминани Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Пленум ва Қурултойларига ҳам жалб эта бошладилар. Тошкент шаҳар Юнусобод район партия комитети мени Ўзбекистон Компартиясининг ХХII Қурултойига делегат этиб сайлайди. Бу Қурултой 1990 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтади. Шу баробарида, бир вақтнинг ўзида Тошкент область партия комитетининг аъзоси ҳам бўлдим.

Ўша пайтларда обкомнинг аъзоси бўлиш, райком ва горкомларнинг назарида туриш жуда катта мартаба ҳисобланарди. Мана шу аъзолар сафидан бўлғуси раҳбарлар танлаб олинарди. Ҳар бир аъзо муайян даражада номенклатурада турарди. Мен улуғ шоиримиз Абдулла Орипов билан биргаликда Тошкент обкомининг аъзоси бўлганман. Обкомга аъзо бўлганимдан сўнг ярқ этиб кўзга ташланиб қолдим. Сира эсимдан чиқмайди, обкомнинг пленумларида асосан икки ё уч киши сўзга чиқардик: Сайфулла Саидаминов – обкомнинг биринчи секретари, котиблардан бирортаси ва албатта – мен. Шаҳло Маҳмудова ҳам ўша пайтларда обком котибаси эди…

Одатда, Пленум пайтида ҳамма жим ўтирарди. Марказқўмнинг фикрини бизга алоҳида айтишарди: кимнинг қаёққа ўтишидан олдиндан хабар топардик. Биринчи котиб маърўза қилганидан сўнг қишлоқ хўжалиги институтининг ректори Эркин Шайхов (у киши ҳам обкомга аъзо эди) сўзга чиқарди; ижодкор –зиёлилар номидан мен гапирардим. Масалан, “Фалон вазифага номзодни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети жуда тўғри танлаган, биз уни қўллаб қувватлаймиз. У киши ниҳоятда ҳалол, ишнинг кўзини билади…” дердим. Албатта, мен ўша номзодни мутлақо танимасдим. Лекин Марказқўм танлаган номзоднинг ҳалоллигига асло шубҳаланмасдик…

Обком Пленумларининг биринчи қаторида ҳамиша Зокиржон Алматов қўр тўкиб ўтирарди – ўша пайтларда у киши вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи эди. Зокир аканинг ёнида эса Баҳодир Қосимов бўларди: у вилоят ўт ўчирувчилар бошқармасини бошқарарди. Унинг ёнида эса бу “учлик”нинг яна бир аъзоси – камгап ва қамсуқум Рустам Ахмедов ўтирарди. Вилоят ҳарбий комиссарлигига раҳбарлик қилган бу киши кейинчалик Ўзбекистон Мудофаа вазири бўлади. Рустам Қосимов – республикада янги тузилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига раҳбарлик қилади. Зокиржон Алматов эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири этиб тайинланади…

Тошкент область партия комитетининг конференциясида ҳам Ислом ака иштирок этган эдилар. Ўшанда мен “Правда” газетасининг Ўзбекистондаги мухбири Виктор Артёменкони танқид қилгандим: “Нима учун В.Артёменко ўзбек миллатининг асл фарзандларини фелъетон қилади-ю, вақтинча республикамизга келган кишиларни фақат мақтаб ёзади? Масалан, академик Пўлат Ҳабибуллаевни “Муваққат президент” деб фелъетон қилади. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг пахта йиғим-терими тўғрисида танқидий мақола ёзиб, гўё бунга болалар газетасининг Бош муҳаррири Абдусаид Кўчимовни айбдор қилиб кўрсатади. Ахир, болаларни дала ишларига жалб этиш тўғрисидаги кўрсатма Москвадан келади-ку!.. Нима учун ўзбекларни ёмон кўрадиган, ўзбек менталитетини тушунмайдиган, билмайдиган одамлар “Правда”нинг Ўзбекистондаги мухбири бўлиши керак?

Наҳотки, ўзбек йигитларидан битта мухбир топилмаса, чиқмаса?! Мана, рус тилида жуда яхши ёзадиган Мурод Муҳаммад Дўст бор, Анвар Жўрабоев бор… Шуларни “Правда”нинг республикаммиздаги мухбири қилиб қўйиш мумкин эмасми? Давр ўзгаряпти, замон ўзгаряпти, бироқ “Правда”нинг Ўзбекистонга муносабати қачон ўзгаради?..”

Ўша конференциядаги нутқимдан сўнг танаффус пайтида Ислом ака Пўлат Ҳабибуллаевни қучоқлаб олади, унга таскин беради. Кейин Пўлат ака мени топиб: “Эй, ука, сен кимсан ўзи? Тошкентда қачон пайдо бўлдинг?! Отангга минг раҳмат!” деб бағрига босганича кўзларига ёш олган эди. Ҳозиргача биз Пўлат ака билан қадрдонмиз.

Қизиқ давр эди. Менимча, эндигина республика раҳбарлигига келган Ислом ака ноҳақ қораланган инсонларни оқлашга жиддий эътибор берарди. Аслида, бевосита Ислом аканинг таклифига кўра, мен, ноҳақ урилиб-сурилиб ётган миллатдошларимиз тўғрисида гапирган эдим…

Ўзбекистон Компартиясининг ХХII Қурултойида ҳам нутқ сўзлаган эдим. Ўша нутқимдан парча келтираман: “Ўртоқлар, ижозатларингиз билан яна бир муҳим масала – халқ ишончи ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Бундан роппа-роса бир ярим ой аввал Ўзбекистон республикаси Халқ депутатлигига Қашқадарё вилоятининг Чироқчи районидан менинг номзодим кўрсатилган эди. Лекин мен ютқаздим. Ҳалол, ошкора курашда ютқаздим. Биз бир ўринга ўн номзод эдик. Ютқазиш – уят! Лекин нима ҳам қила олардим. Шу билан бирга бу кураш мени кўп нарсаларга ўргатди.

Одамларни, уларнинг ташвишларини яқинроқдан янаям яхшироқ билдим. Очиғини айтганда, ҳаёт қўйнига шўнғиб чиқдим. Агар мени сайлаганларида эди Олий Мажлис минбаридан туриб айтадиган, фикрлашадиган гапларим, ҳимоя қиладиган ишларим кўп эди, деб ўйлайман. Буларни нима учун айтаяпман? Шунинг учунки, агар халқ сенга ишондими, мамлакат олий органида ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ишониб топширдими, марҳамат, бу ишончни оқла! Мен шу маънода Тошкент вилоят партия конференциясида биздан сайланган КПСС Марказий Комитетининг бўлим мудири Александр Сергеевич Павловни танқид қилган эдим. У ҳозир бу ерда йўқ.

Шунинг учун уни танқид қилмайман.
Сайловчилардан Ўзбекистондан сайланган СССР халқ депутатлари номига жуда кўп эътирозлар ва мулоҳазаларни эшитиш мумкин. Съездларда ва Сессияларда мамлакат ҳамда жумҳуриятимиз учун ҳаётий муҳим аҳамиятга молик масалалар, муаммолар ҳал қилинмоқда. Лекин ўзбекистонлик депутатлардан бирор Қонун лойиҳасини ёқлаб айтилган таклифлар, далиллар ва аксил далиллар эшитдикми?

Мен, бизда яна бир оқсаб ётган масала – кадрлар муаммоси тўғрисида ҳам тўхталиб ўтишни лозим деб биламан. Яқинда мамлакатда “ўзбеклар иши”, “пахта иши” каби бемаъни сиёсий кампаниялар шов-шув бўлиб турган ўша машъум даврда Москвадаги кимларгадир Ўзбекистон тирноғигача чиркин бўлган кимсадек кўринди. Гўё бу ердаги барча раҳбарлар, айниқса, партия ва совет етакчилари мафияга сотилгандек, порахўрлар ва феодал-бойлар даври ҳаётидаги энг ёмон анъаналарни ҳамон изчил давом эттираётгандек таассурот қолдирди.

Бундай аҳволдан чиқиш йўли тезлик билан топилди – мамлакатнинг бошқа регионларидаги гўё катта тажриба тўплаб, ҳаёт синовларидан ўтган кадрлар жумҳуриятимизга жўнатилди. Улар қай даражада синовдан ўтганлигини, бу ерда қандай каромат кўрсатганини биз эндиликда яхши биламиз. Энди бу хатоларни такрорламаслик керак!

Муҳокамамиз учун шундай таклиф киритишни зарур деб ҳисоблайман: жумҳурият партия ташкилотининг, унинг раҳбар органларининг, Марказий Комитет котибларининг ҳисобот давридаги ишини бир қанча босқичга бўлиб, ҳар бирин алоҳида-алоҳида таҳлил қилиш ва ҳар бирига тегишли баҳо бериш керак. Фақат сўнгги – бир йилдан ошмаган даврдаги ишни қониқарли деб ҳисоблайман!”.

Кўчирма тамом. Мен Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланган давринигина “қониқарли” деб баҳолаган эдим. Дарҳақиқат, Марказқўмнинг фаолиятини бошқача баҳолаш ҳам мумкин эмас эди. Чунки ўзбек халқининг бошига тушган мусибатларга Рафиқ Нишонов пайтидаги Марказқўм томошабин бўлиб лоқайд қараб тураверганини ҳамма биларди.
Умуман, Қурултой минбаридан туриб гутқ сўзлаш, боз устига, халқимизнинг дардини кўтариб чиқиш ҳар қандай делегат учун жуда катта фахр эди. Менинг нутқим суратим билан Ўзбекистоннинг барча расмий матбуот нашрларида эълон қилинади…

(Давоми бор)

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares