ҲОКИМНИНГ ТЕМИР САНДИҒИ

ёхуд, жиззах фермери энг сўнгги ҳуқуқданда маҳрум қилинганлиги ҳусусида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 6-декабр кунги 3077 сонли фармойиши Жиззахлик маъмурларга жуда хуш ёқди. Вилоятнинг барча туманларида бир қатор фермерлар ўз ерларини бошқа рахбар ёки рахбарга “ҳеш” бўлган фермерларга қўшиб беришга мажбур этилди. Бу иш кўп бор синалган, “ихтиёрий” ариза ёздириш воситасида амалга оширилди. Оқибатда ишсиз қолган юзлаб фермерлар ва бу фермер хўжаликлари ишчилари бола-чақа боқиш ва рўзғор тебратиш учун иш, сармоя (пул) топиш талвасасига тушиб қолдилар.

Лекин, жиззах рахбариятининг яқинда бошлаган яна бир тадбирлари шусиз ҳам эски йилни кайфиятсиз кузатётган фермерларни янги йил байрамида хам ичига чироқ ёқса, ёришмайдиган ҳолга тушириб қўйди.

Еридан айрилган фермернинг сўнгги илинжи, бу — қўлида қолаётган муҳри эди. Фермер ҳўжаликлари, ўз Низомларига асосан, ер олиб, деҳқончилик қилишдан ташқари бошқа кенг қамровли фаолият ҳам олиб бориши мумкин эди. Ўз низомига асосан, бунгача кимдир дукон очиб савдо қилаётган, кимдир тегирмон, яна кимдир нонвойхона ишини юритаётганди. Низомга асосан қўшма корхоналар, кичик корхоналар очиш. чорвачилик, воситачилик каби бир катор тадбиркорлик ишлари билан шугулланишлари мумкин эди. Бу каби имкониятлардан фойдаланиб келаётганларнинг ишлари ора йўлда қолди.

25-декабрдан бошлаб фермер қўлида қолаётган юмолоқ ва тўртбурчак муҳри ҳам туман ИИБ ҳодимлари томонидан тортиб олина бошлади Бу ҳаракат фермердан фақатгина ерни эмас, балки бутун имкониятини тортиб олиш дегани. Рахбарият томонидан мажбурий тарзда ёздирилган аризаларда: “Менга тегишли бўлган ерни туман заҳира фондига қайтариб олишингизни сўрайман” деб ёздирилган. Лекин ўз фаолиятини тўхтатиш ҳақда ҳеч кимдан мажбурий ариза олинган эмас. Муҳри тортиб олинган фермер эса, рахбарият истагича барча имкониятидан масуво бўлади.

Бир гуруҳ фермерлар туман ИИБ ходимларининг бу харакатлари қанчалик тўғри-нотўғрилигини билиш мақсадида Жиззах вилояти Адлия Бошқармасига телефон қилиб сўрашган. Адлиячилар бу ҳаракатларнинг қонунга хилоф эканлигини айтишган.

ИИБ ҳодимларининг бу харакатларига қаршилик билдирган баъзи Фермерларга, шу амалиётни бошлаган миршаблар, бу вилоят ҳокими ва вилоят ИИБ бошлиғининг топшириғи эканлигини тушинтиришган. ИИБ ҳодимлари: “Йиғиб олинаётган муҳр ва штамплар ҳар бир туманда ҳокимларнинг иқтисод бўйича муовинлари темир сандиғида сақланаркан. Бизга бошлиғимиз шундай тушинтирди”-деб фермерларни овутишган!

Қизиқ-ку?

Вилоят буйича 5 минг нафарга яқин фермер ёпилган деб эшитдик. Бу 12 туманнинг ҳар бирига ўртача 400-450 таданга тўғри келади, дегани. Фермер хўжаликлари раисларининг ҳам юмалоқ, ҳам тўрбурчак муҳри борлигидан келиб чиқсак, демак, ҳокимларнинг иқтисод бўйича муовинлари олдида 800-900 дона муҳрни темир сандиққа жойлаштириш, ёки янги цефлар сотиб олиш ташвишлари турибди.

Ҳар бир ҳаражатга фермерни балогардон қилишга ўрганган жиззахлик маъмурлар янги йилнинг илк кунлариданоқ ери катталаштирилган фермерларни тўплаб, цеф учун пул йиғиб беришни талаб қилсалар, ажабмас…

БЕК.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares