Диққат! “Юксалиш мактаби” иш бошлади.

“Бирдамлик” ҳаркати фаоли Анварбек.

Ўзбекистон расмий ахборот агентлиги Ўз.А хабарига кўра ўз якунига етиб бораётган жорий йилнинг 22-декабр куни пойтахт Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томондан ёшлар билан ишловчи жамоат ташкилотлари имкониятларини кенгайтириш лойиҳаси доирасида “Юксалиш мактаби” иш бошлаган.

“Ўз.А” мухбири Назокат Усмонова хабарига кўра:
-Ёшлар йили давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятини бошқариш институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ўтказилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади. Агарки ростдан ҳам мамлакат расмийлари ёшлар йили, -деб номланган ушбу йилда хайрли ишларни амалга оширишни мақсад қилишган экан, унда нега амалий ишга ўтишмайди?

Муттахасисларнинг ҳисоб-китобларига кўра ҳозирги кунда 500 000 дан ошиқ ўзбек ёшлари ўзга давлатларда қора ишларни бажаришга мажбур бўлишмоқда ва айрим ҳолларда эса миллатчилар томонидан ваҳшиёна ўлдириб кетилмоқда. Мамлакатимиз ичкарисида фаолият олиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячиларига маълум бўлган ҳолатга кўра 2008 – йил давомида 58 нафар ўзбек мардикори Россияда бу ёруғ дунё билан видолашган.
Хўш нега айнан мана шу ҳолатларга аҳамият бериб, ўзбек муҳожирларининг ўзга мамлакатлардаги ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинмайди-ю, яна давлат дастурида кўрсатиб ўтилган ишларни аъло даражада бошқармоқдамиз, -деб жар солинади?

Аксариятимизга яхшигина маълумки, Марказий Осиёда фақатгина Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари Россия ва ёки Қозиғистонга бориб мардикорлик қилишади. Туркманистон ва Қозоғистон фуқаролари ўзга давлатларга ўтиб иккинчи даражали, қора ишларни бажаришмайди. Сабаб туркман ва қозоқ юртларида аҳолининг турмуш даражаси Марказий Осиёдаги ўзга миллатлар диёридаги аҳоли турмуш даражасидан фаровонроқ. Тожикистон ва Қирғизистон давлат амалдорлари ўз меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Россия ҳукумати билан бир неча келишувлар имзолашди ва меҳнат муҳожирларининг тақдирини давлат аҳамиятига эга бўлган масалалар қаторига қўйишди.

Ўзбекистон эса хорижда ўлдириб кетилаётган ўзбек меҳнат муҳожирларининг тақдири ҳақида эшитишни ҳам истамайди лекин юқорида айтиб ўтилгани каби расмий тадбирларни ҳамиша ва тез-тез ўтказиб туради. Сабаб содда ва оми ҳалқни лақиллатиб туриш ва уларни жаннатмакон ўлкада яшаётганлигига ишонтириш керак.

Юртбошимизнинг фармойишлари шунақа.

Ёш ва янги авлод вакилларини ҳам мамлакатимизда улкан ислоҳатлар ўтказилаётганига ишонтириш ва уларнинг онгидаги бўшлиқни ҳукумат пропагандаси билан заҳарлаш мақсадида бир неча ёшлар ташкилотлари тузиб ташланган. Масалан: “Камолот” ёшлар иштимоий ҳаркати, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, сиёсий партияларнинг ёшлар қаноти, хотин-қизлар қўмиталарининг ёшлар бўлими ва ҳакозолар.

Шу ўринда алоҳида такидлаб ўтиш жоиздирким, бу ташкилотларнинг самарали фаолият олиб боиши учун йилига бир неча миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилмоқда. Агарки ҳукуматимизни ноқонуний равишда идора этаётган шахс бесамара ва натижасиз тарзда сарфланаётган ушбу маблағларнинг ўндан бир қисмини самарали ишларга йўналтира олганда эди, ўзбек ҳалқи бугунгидек хор-у зор бўлиб, тирикчилик илинжида дунё бўйлаб тарқалиб кетмаган бўлар эди

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares