Яна бир йилни ортда қолдирмоқдамиз. Аммо…

“Бирдамлик” ҳаракати фаоли Анварбек

Мана кўз очиб юмгунча яна бир йилни, умримизнинг қораланган яна бир саҳифасини интиҳолаб янги йилни кутиб олишга тайёр турибмиз. Дунё бўйлаб байрам шукуҳи кезмоқда. Марказий Осиёнинг миллиардлар ҳисобига бунёд этилган шаҳри, Қозоғистон пойтахти Остона кўчалари байрамона безалмоқда. Шунингдек гарчи иқтисодий имконияти чекланган бўлсада Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон пойтахтлари ҳам байрам либосини ўраб олган. Одамлар мамнун. Тўғри, Марказий Осиёнинг бирон-бир мамлакатида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли вакиллари ўзларини жаннатда яшаётгандек ҳис қилишмасада байрам куни байрамона кайфиятда бўлиш имкониятига эгалар.

Аммо, Марказий Осиёдаги ягона мамлакат аҳолиси байрам куни ҳам байрамона тарзда хурсандчилик қилиш имкониятидан маҳрумдир. Надоматлариким бу аҳли ўзбегимдир. Тўғри, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли вакиллари орасида бир оз бўлсада мамнун бўлганлари топилади. Зеро газ ва электр энергияси тизимида узилишлар содир бўлмаяпти. Бироқ Тошкент вилоятидаги ўзга шахарларда ва вилоятларимизда охирги ҳафтада мамлакатимиз бўйлаб совуқ ҳаво оқими кезабошлагани учун газ ва электр энегрияси тизимида содир бўлаётган узилишлар муддати бир неча баробарга ошди.

Кеч кириши билан-оқ чироқ ўчиб, тун яримга борганда газ ҳам хайрлашиб, хонадонларни тарк этаётган бир вазиятда кимнинг ҳам кўнглига байрамона хурсандчилик сиғар эди? Қолаверса байрам куни ҳам Ўзбекистоннинг аксарият хонадонларида оила вакиллари тўлиқ жам бўлишиб, бир дастурхон атрофига йиғила олишмайди. Кимнингдир отаси Россияда, кимнингдир онаси Қозиғистонда бўлса ва яна кимнингдир акаси қочқин бўлиб дунёнинг бир нуқтасида юрибди.

Лекин маҳаллий телеканалларга ва ёки матбуотга эътибор қаратган ҳар бир фуқаро ва ҳар қандай фуқаро ўзини жаннатда яшаётганига ишона бошлайди. Ҳа, ишонгиси келмасада бир оз муддат ойнаи жаҳонга тикилиб, диққат қилган инсон ишонгиси келиб кетади. Мамлакатимиз аҳолисининг турмуш тарзи нақадр оғир эканлигини маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ишлаётган ходимларининг ўзлари ҳам жуда яхши билишади. Лекин бу ҳақда очиқ ойдин гапиришга рухсат йўқлиги учун, мабодо гапириб қўйгудек бўлсалар яёвсиз ва ваҳшиёна бир тарзда жазоланишлари мумкинликларидан хавфсирайдилар.

Энди фикр қилайлик. Мана шундай озод овоз бўғилган тарзда бошланиб, мана шу тарзда ўз якунига етаётган йилни байрам қилиш қайси инсоннинг кўнглига сиғар эди. Қолаверса байрамона тарзда шод-хуррамчилик қилиш учун албатта байрамона безатилган дастурхон бўлиш керак. Бироқ афсусларким ўзбегимнинг аксарият хонадонларида бугун бир бурда нон топилмай қолмоқда. Сабаб ойлик маошлар етишмаётганлигидадир.

Хонадон файзи ва болажоларимизнинг меҳрибон онажонлари бўлмиш ўзбек аёллари бугун ёки эртага байрамни нишонлаш ҳақида эмас, қандай қилиб бугунги кун учун, қора кўзларини мўлтиратиб ўтирган болажонларига тутқазиш учун бир бурда нон топиш ҳақида ўйламоқдалар ва чорасизликдан аёл боши билан мардикор бозори томон йўл олишмоқда.

Яна бир йилни ортда қолдирмоқдамиз. Аммо ўтиб бораётган 2008-йил ҳам Ўзбек ҳалқининг ҳаёт тарзида туб бурилиш ясай олмади. Андижон қирғинида ҳаётдан кўз юмган бегуноҳ инсонлар хотираси тикланиши учун замин яратиб бера олмади. Балки… бунга бизнинг ўзимиз, миллати ўзбекнинг ўзи айбдордир. Балким… ! Нима бўлган тақдирда ҳам ўз ҳаётимизнинг яна бир саҳифаси ўз ниҳоясига етиб бормоқда.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares