РАСМИЙ ТОШКЕНТ КУЗ ЁШЛАРИМГА ИШОНМАДИ

Жиззах вилоят хукук химоячилар «Ассосация»сига


«РАСМИЙ ТОШКЕНТ КУЗ ЁШЛАРИМГА ИШОНМАДИ»,-дея нола қилади Ўзбекистон Республикаси, Жиззах вилояти, жиззах тумани, Гандумтош махалла фуқоролар йиғинига қарашли Гандумтош қишлоғида яшовчи фуқоро Эшонқулова Махфуза Шерлоновна. Узбекистон Халқаро инсон хукукларини химоя килиш кумитаси Жиззах вилоят булимига, Жиззах вилоят хуқуқ химоячилар «Ассосация»сига шикоят ариза билан мурожаат қилган М. Эшонқулова қуйидагича баёнат берган.

Мен адолатни қарор топтиришимга ёрдам беришини сўраб, бирлашган миллитлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожат қилишга жазм этдим. Бошқа ҳеч иложи қолмагандан кейингина шундай қарорга келдим. Жаҳон ҳам жамиятдан ёрдам сўрашдан чучимайман. Чунки чеки-чегараси йўқ, адолатсизлик, инсон тақдирини ҳал қилишнинг жиззахча усули мени шунга мажбур қилди. Қулимда жиноят ишлари бўйича жиззах шаҳар судининг ажрими турибди . Ажрим бор-йуғи икки сахифага жо бўлган. Ана шу икки варақ қоғоз қотилни оқлайди, адолатни топтайди . Турмуш ўртоғидан бевақт ажраб,бағри қонга тўлган мендек бир муштипар аёлни сарсон –саргардон қилади.Сарсонгарчиликнинг эса чегараси йуқ.

Мана бир йилдирки,ҳақиқатни руёбга чиқара-олмай овораман. Хуқуқ тартибот органларнинг бу ҳақиқатни кўра била туриб,онгли равишда йуққа чиқарганларни мени қўлимга қалам олишга мажбур этди. Воқеа бундай бўлган.2006 йил 5 ноябр куни кеч соат 23.00 лар атрофида Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси хузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга ва жиноят даромадларини легаллаштиришга қарши кураш департаменти Пахтакор туман бўлими бошлиғи Жабборов Олим Русланович фуқоро К.Шариповга тегишли «ВАЗ-2167»-русумли машинани маст холатда бошқариб бораётиб Жиззах шахар югай кўчаси йуналишидан А.Навоий кўчаси йуналишига ўтиш жойида йул харакати хафсизлигини назорат қилиб турган,жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси, йўл харакати хафсизлиги бўлими хизматчиси, умр йулдошим Дилшод Эшонқуловни машинасининг чап томони билан уриб кетиб жиноят содир этди.

Натижада эрим ўша жойнинг ўзида вафот этади. Мен бу жумлаларни суднинг ажрим қоғозидан келтирдим. Яна ўша қоғозда жиноят содир этган шахснинг тўсиқ ёхуд хафни аниқлай олиш имконяти бўлганида, тезликни тўхтатишини таминлайдиган даражада камайтириб, уни айланиб ўтиш чораларини кўриши айтилиб, жиноят содир қилган шахснинг ушбу қоидаларга риоя этмай, йул харакати хафсизлиги қоидасининг 12.1 пункти, 3-бандини қўпол равишда бузилганлиги ҳам ажримда ўз исботини топган. Ушбу холатлар ҳам тергов матералларига киритилган бўлсада, кейин негадир суд жараёнида унга этибор берилмади. Дастлабки терговда жиноятдан гайриқонуний ҳаракатларни содир этганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилганди.

Кейин эса сира кутилмаган холда Ўзбекистон Республикаси олий мажлиси Сенатининг 2006йил 30 ноябръ кунги Ўзбикистон Республикаси кониституцияси қабул қилинганлигининг 14 йиллиги муносабати билан президентнинг «Амнистия туғрисида» ги фармонининг 6-моддасига асосан Жабборов Олим Руслановичга тегишли бўлган жиноят иши тугатилди. Суд Олим Жабборовга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини айбдорлик холатларини ҳал қилмасдан туриб, 6-моддани қўллаб уни тугатишни лозим топди. Шунингдек жиноят содир этган шахсга нисбатан эхтиёт чораси сифатида қўлланилган қамоқ жазосини ўзгартириб,уни дархол суд залидан озод қилиб юборди.Судга раислик қилган А.Худойқулов сира иккиланмасдан шундай қарор қабул қилди.
Мен ғайриқонуний чиқарилган суднинг бу қароридан норози бўлиб,жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судига шикоят ёздим. 2006 йилнинг 26 декабр куни шикоятим бўйича апелляция судлов хайъати бу ишни ўзининг мажлисида кўриб чиқди.Судга судъялик қилган И.Қувватов мен шикоятимда келтирган важларни бир томонлама кўриб чиқиб,шахар суди чиқарган ажримни ўз кучида қолдирди.

Апелляция судлов хайъатига раислик қилган И.Қувватов шахар судининг ажримини ўз кучида қолдирибгина қолмай балки уни куракда турмайдиган модда ва бандларни мисол келтириб қўллаб қувватлади. Вилоят судининг қабул қилган ажримида, “Амнистия туғрисидаги” қарорнинг 2-бандида эхтиётсизлик орқасида биринчи марта жиноят содир этган шахслар, башарти улар қилган жиноятида ижтимоий хавф катта бўлмаса, бу ЖКнинг 15- моддасининг 3- қисмига тўғри келиши,бу эса унча оғир бўлмаган жазолар турига кириши айтилган.

Содир этилган жиноятга мутлақо алоқаси бўлмаган модда-ю, бандларни қўллаган судъя жаноблари дастлабки терговда қўлланилган ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмини бир четга суриб қўйиб, жиноятчини бутунлай оқлаб борди. Судъя И.Қувватов фақат жиноятчини оқлайдиган моддаларни қуллашда устаси фарангина эмас,балки уста “кашфиётчи” ҳам экан. Унинг ажримидаги мана бу жумлаларга эътибор беринг: “Жабборов Олим Расулович эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс хисобланади. Шундай экан у жиноятни қасддан эмас, балки фақат эхтиётсизлиги орқасида содир этган. Шунинг учун унга оғир жазо бериш мумкин эмас…” Ана сизга мантиқ..(Онангни қози…, дардингни кимга айтасан,- деганларидек) Хўш, дардимизни кимга айтайлик. Бу қонун дегани И . Қувватовнинг назарида резинадек гап экан. Ҳохлаган томонига чўзади, хохласа тугун қилиб тугади. Қани ечиб курингчи?
Вахоланки, мен апеллация аниқ далиллар келтириб, қанча холатлар буйича аниқлик киритилишини талаб қилган эдим. Улар қуйидагилар эди.

1. Жабборов Олим Русланович содир этган жинояти учун дастлаб унга 266- модданинг 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, кийин қайси сабабларга кўра бу модда ўзгартирилган. Ана шу асосланиб берилиши керак.

2. “Амнистия тўғрисида” қарорнинг 6- моддасини қандай сабабларга кўра О. Жабборовга қўллаб, уни озод қилиб юбориш ҳолати ҳам бирон бир манбаъда ўз исботини топмаган.

3. Тергов материалларида ўз аксини топган, маст ҳолатда машина рўлини бошқариб жиноят содир қилган О. Жабборовнинг бу хатти харакатига нега суд томонидан етарлича бахо берилмади?

4. О.Жабборов ўз хизмат вазифасини бажариб турган жабридийдани оғир аҳволда қолдириб воқеа жойидан қочиб қолганлиги, бу туғрида гувохларнинг аниқ кўргазмаларини суд нега инобатга олмади? Ана шу ҳолатлар асосланиб берилиши лозим. Вахоланки, Олим Жабборов Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари жумладан,ЖКнинг 219- моддаси, 56- моддаси,1- қисми “в” банди ва шу моддани 1- қисми”к” бандида кўзда тутилган жиноятларни содир этган эди.

Хизмат вазифасини ёки фуқоролик бурчини бажариб турган шахсга нисбатан содир этилган бундай жиноят бунинг устига у маст холатда бўлса, бу юкорида тилга олинган модданинг 1-қисми “О” бандига кўра, бу холатларни четлаб ўтди. Ана шунга ҳам аниқлик киритилиши керак.

Агар юқорида келтирганимиз моддалар йиғиндиси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 15-моддаси 4-қисми билан малакаланиш шартлиги инобатга олинадиган бўлса, Олим Жабборов Аминистяга илиниб, озодликда ялла қилиб юриш эмас,балки беш йилдан ортиқ, аммо ўн йилдан кўп бўлмаган қамақ жазосига тортилиши лозим эди. Аммо бундай бўлмади. Суд ижтимоий хавфлилиги аниқ кўриниб турган жиноятни содир этган Олим Жабборовга амнистия қўллаш мумкинми ё йўқми, буни тахлил қилиб хам ўтирмади, уни суд залидан озод қилиб қўя қолди.

“Амнистия тўгғрисидаги қарорида, “биринчи марта эхтиётсизлиги орқасида ижтимоий хавфи унчалик катта ва унга оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар жазодан озод қилинсин”-дейилган. Менинг бунга эътирозим йуқ. Лекин қаттиқ маст ҳолда жиноят содир этиб воқеа жойидан ўлим холатида ётган жабридийдага биринчи ёрдамни кўрсатмай қочиб кетган Олим Жабборовнинг бу холати суд томонидан атрофлича тахлил этилмаганлиги қалбимни ўртайди.

Мамлакатимиздаги суд тизимининг адолатли эканлигига шубха уйғотади. Биринчидан бу борада менинг қилаётган шикоятларим самарасиз кетаётган бўлса, иккинчидан, жиноий ишлар буйича шахар ва вилоят судларининг чиқарган бетайин, хеч бир мантиққа эга бўлмаган ажримлари менинг шундай хулосага келишимга сабаб бўлмоқда.

И.Кувватов А.Худойқулов, Н .Боймуродов, У. Холмуродов ва Ш. Шерназаровлардан иборат апелляция судлов хайъати менинг шикоятимдаги важларни ўз йиғилишида кўриб чиқиб, келтирган хулосага эътиборингизни қаратмоқчиман. Судлов хайъати Жиззах шахар судининг ажримини тўлиқ қўллаб-қўвватлаган холда, ўзи қуйидагича ажрим чиқаради:“Жабборов Олимнинг содир этган жинояти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 30 ноябрь кунги “Амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6- банди таъсирига тушиб қолганлиги сабабли, жиноят иши ушбу қарорга асосан ҳаракатдан тўхтатилганлиги тўғри деб топилсин…” Жиноий ишлар бўйича вилоят судининг ажримидаги асосларни тўлиқ қўвватлаб, “отдан қолма байталим” қабилида иш тутиб, қуйидагича қўшимчалар киритгани дарт устига чипқон бўлди.

Мана ўша важлар: “Олим Жабборов айбига тўла иқрорлик билдириб, қилган жинояти учун қаттиқ пушоймонлигини билдирди ҳамда “Амнистиянинг 6- моддасига асосан ўзини авф қилишини сўраган…”

Бошқа жойларни билмайман-у, аммо бизнинг Жиззаҳда ҳуқуқ-тартибот органлари мансабда ўтирган ёхуд пули кўп бўлган шахсларни у кандай жиноят содир этган бўлмасин, йулини топиб жазодан озод қилиб юбораверадилар. Пули, суянчиғи йуқ оддий фукароларга эса бошқача йул тутилади. Уларнинг тавба-тааззурлари инобатга олинмайди, йуқ жиноятларни буйинларга илиб жазо тайинлаб юбораверадилар. “ Карға карғани кўзини чўкимайди.”

Энг ажабланарлиси шундаки, судлов ҳайъати менинг асосли важларим билан келишиб бўлмаслигини ўз ажримида аниқ-тиниқ қилиб айтиб қўйганлигига нима деса бўлади?

Шахар суди ҳам вилоят суди ҳам ушбу жинаят ишини атрофлича ўрганмади. туғрироғи хоҳламади. Жиноят содир этган шахсга тўлиқ хуқуқий баҳо берилмади. Ишга бир томонлама ёндашилди. Олим Жабборовнинг маст холатда машинани бошқариб жиноят содир этгани воқеа жойидан қочиб кетганлиги, гувоҳларнинг кўргазмалари судга келиб иш материалидан чиқариб ташланди.

Жаборовнинг қатор жиноий харакатлари “Амнистия туғрисида”ги қарорнинг 2-бандида кўзда тутилган, модда билан малакаланиб, “Олим Жаборовнинг харакатини биринчи марта эхтиётсизлиги орқасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятини енгил жазолар турига киргизиб, уни суд залидан озод қилганлиги, жиззахчасига судловнинг яна бир кўринишидир.

Шаҳар ва вилоят судларининг чиқарган иккала ажримида ҳам мантиққа мутлоқа эга бўлмаган шундай жумлалар борки, уни ўқиб кўриб ҳам куласиз ҳам куясиз. Иш холати бўйича вилоят апелляция судлов хайъатига раислик қилган И.Қувватов чиқарган ажримидаги мана бу жумлаларга эътибор берсангизлар: “Олим Жабборов эгаллаб турган лавозимига кўра мансабдор шахс хсобланади. Бундай кишилар жиноятни қасддан эмас, балки эхтиётсизлиги оқибатида содир қилиши мумкин”,- деб хулоса чиқарадида, жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2006 йил 6 декабрь кунги бўлиб ўтган очиқ суд йиғилишига раислик қилган А .Худойқуловнинг ажримида келтирилган важларни сал бошқачароқ тарзда, тўғрироғи, лўнда, аниқ қилиб такрорлаб, биринчи ажримни ўз кучида қолдирган.

Вахоланки мен шахар судининг ажримидан норози бўлиб, вилоят апелляция судлов хайъатига ёзган шикоятимда турмуш ўртоғим Дилшод Эшонқулов билан содир бўлган воқеа юзасидан дастлабки терговда гувохлик берган вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари- кичик сержантлар, Ашуров Бахтиёр ҳамда Худойбердиев Дилшод жиноят содир этган Олим Жабборовнинг йўл хизмати ҳавфсизлиги ходими Дилшод Эшонқуловни қандай ҳолатда машинаси босиб кетиб, воқеа жойидан қочиб қолганлиги тўғрисида атрофлича тушунтириш беришган. Аммо терговчи кейинги суриштирувларда далилларнинг бир қанчасини тақдим этган бўлса, суд эса бу далилларни очиқдан-очиқ, онгли равишда ўз ажримидан чиқариб ташлади.

Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин: Жабборов Олим Русланович Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Пахтакор туман бўлимининг бошлиғи эканлигини хисобга оладиган бўлсак, терговчи олиб борган шахснинг ҳам, жиззах шахар ва вилоят судининг ҳам Олим Жабборовга нисбатан тутган бундай йўлини тушуниш қийин эмас.

Гувохларнинг кўргазмаларида баён қилишларича, йўл-патрул хизмати ходими Дилшод Эшонқулов йўлнинг маьлум қисмида туриб, машина қатновини назорат қилган.Аммо бу ҳолатлар ва жиноят қандай содир этилганлигига бўлган икки нафар ички ишлар ходимларининг кўргазмалари ҳам,тушинтиришлари ҳам судда инобатга олинмади.
Агар турмуш ўртоғимга ўша пайтда дарҳол биринчи ёрдам кўрсатилганида эди, балки у тирик қолармиди деган армон мени қийнайди.

Мухтарам президентимиз узининг кўпгина маърузаларида, ҳар бир фуқоронинг эркинлиги, ҳақ- ҳуқуқлари, қадр-қиммати адолатли қонун ҳимояси остида эканлигини қайта-қайта такрорлайди. Аммо жиноят ишлари буйича Жиззах шахар ва вилоят судларига раислик қилган А. Худойқулов ва И.Қувватовлар қонунни оёқ ости қилишиб О.Жабборовга нисбатан бир ёқлама йўл тутишди.

Уларнинг назарида,О.Жабборов мансабдор шахс бўлганлиги сабабли фақат эҳтиётсизлиги орқасида жиноят содир қилиши мумкин. У қасддан жиноят содир қилиши мумкин эмас,-деган хулосалари келтиради, О. Жабборовнинг маст холатда машина бошқарганлиги, хизмат вазифасини бажараётган Дилшод Эшонқуловни уриб кетиб, воқеа жойидан шармандаларча қочиб кетганлиги, гувохларнинг кўргазмалари тўғрисида лом- мим деб оғиз очмайди.

Чунки О.Жабборов кўп йиллар тергов ва прокуратура органларида ишлаган одам. Отаси- Руслан Жабборов ҳам обрули киши бўлган. Умрининг кўп йилларини савдо ташкилотларига рахбарлик қилиш билан ўтказган.Худо кўрсатмасин ўғли жазо олиб кетадиган бўлса, нақ гўридан тикка туриб кетади-я. Бунинг устига О. Жабборовнинг 5 та фарзанди чирқиллаб турибди. Бевақт вафот этган Дилшод Эшонқуловнинг эса фарзанди бор- йўғи битта. Демак, судларнинг назарида орада анча фарқ бор.

Мен ҳозир Ўзбекистонда адолатни қарор топтириш мумкин эмас деган хулосага келганман. Бунга сабаб, юқори идораларга йўллаган шикоятларимнинг самарасиз кетаётганлигидир. Мен ҳақиқатнинг юзага чиқишида ёрдам сўраб, республика Бош прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига, Ўзбекистон республикаси Олий судига, Ўзбекистон Республикаси олий мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) номига қайта қайта шикоят ариза билан мурожаат қилганман. Мен улардан, “шикоят хатингизни Жиззах вилоят прокуратурасига ёки вилоят судига юбордик, натижаси ҳақида сизга маълум қилишади”- деган икки энлик жавоб олишдан бўлак бирон ёрдам кўрмаганман.

Суд ва тергов амалиётининг жиззахчасига усули жуда кўп жабридийдалар қатори менинг ҳам хафсаламни пир қилган.
Эримдан ёдгорлик бўлиб ёлғиз фарзандим бўтадай бўзлаб қолди. Турмуш ўртоғим энг навқирон пайтида хаётдан кўз юмди. У яшаши керак эди. Менга энг алам қиладигани шуки, жиноят содир этиб эримнинг ўлимига сабабчи бўлган Олим Жабборов ҳеч нима қилмагандай ўйнаб- кулиб юрибди.

Замон зўрники деб шунга айтсалар керак-да.

Мен яна такрор айтаман. Эртанги кундан умидим сўнган. Чунки мен яшаётган юртда адолатни қарор топтириш игна билан қудуқ қазишдек мушкул иш, Шунинг учун дунё афкор оммасига дардимни тўкиб солишга ва тарқатишга қарор қилдим .Адолатни юзага чиқара олмай фироқда куйган мендек аёлга ёрдам берадиганлар топилиб қолар бу дунёда.

ТЕРГОВ ВА СУДЛОВ ИШЛАРИНИНГ ЖИЗЗАХЧА УСУЛИГА ҚИРОН КЕЛСИН.
ЯШАСИН АДОЛАТ! УНИНГ РУЁБГА ЧИҚИШИГА ИШОНАМАН!

М. ЭШОНҚУЛОВА

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares