Оқланмаган ишонч қиссаси (2-3)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)

Исмат Хушев, Канада.

(ismatkhushev@yahoo.com)

Иккинчи китоб.

ИСЛОМ КАРИМОВ БИЛАН ТАНИШУВ

Учинчи боб.

Бир куни Тўлқин Омонов мени тушликка таклиф қилиб қолди. “Россия” меҳмонхонасининг ресторанида менга алоҳида жой ажратилганди., депутатлар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлишиб алоҳида ўтиришарди. Ҳар ким кўнглига маъқул келадиган одамлар билан бирлашиб “улфати чор…” бўлиб олганди. Бошқа давраларда ортиқча жой бўлмаслигини билардим. Шунинг учун бир оз хижолат бўлдим. Лекин Тўлқин ака:
-Юраверинг, гап бор, – деди маъноли оҳангда. – Жойдан ташвишланманг.

Маълум бўлишича, улар доим тўрт киши бирга овқатланар экан: Тўлқин Омонов – “Шўртан” газ конлари бошқармаси бошлиғи, Ислом Каримов – Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи секретари, Алихон Раҳматович Отажонов – Ўзбекистон Министрлар Совети раисининг ўринбосари, Александр Фёдорович Клепиков – Сирдарё вилоят партия қўмитасининг биринчи секретари. Ўша кундан эътиборан А.Ф.Клепиков негадир бошқа даврага ўтказиб юборилди…

Биз меҳмонхонанинг юқори қаватидан ресторанга тушганимизда Алихон Раҳматович билан Ислом Абдуғаниевич аллақачон ўз жойларини эгаллашган ва кўҳликкина официант қизга буюртма беришаётган экан.

-Мана ўша журналист йигит – Исмат Хушев! – деб мени уларга таништирди Тўлқин ака. Демак, илгари ҳам бу даврада мен тўғримда гап бўлган экан, деб ўйладим.
-Келинг, ўтиринг, – деди Ислом ака совуқроқ оҳангда.
Алихон Раҳматович ним табассум қилди.

Ўртага оғир сукунат чўкди. “Демак, “Сайлов сабоқлари” мақоламдан ранжиган эканлар”, деб хаёлимдан ўтказдим. “Аслида, ўша мақолани ёзмаганимда яхши бўлармиди, жин урсин!”
Таомлар келтирилди, қадаҳлар тўлдирилди.

-Қани кимга сўз берамиз? – деб Ислом ака ҳаммамизга бир-бир назар солди. Сўнг: – Алихон Раҳматович, марҳамат, бирор нарса денг, – деди.
Ажабо, агар бошқа обком секретари бўлганда, ҳозир ҳукумат раисининг ўринбосарига “бирор нарса денг” дейиш ўрнига аввало, яхшилаб хушомад қиларди – “пахта қўярди”. Сўнгра, бу кишининг шарафига қадаҳ кўтаришни таклиф этарди. Яъни, субординацияга қатьий амал қиларди ва бундай ҳолатни ҳамма табиий деб биларди. Лекин Ислом Абдуғаниевич қолипга ёпишиб олмади, ўзини хийла эркин ҳис этарди.
Айниқса, Алихон Раҳматович қадаҳ сўзи айтгач, улар ўртасидаги фарқ яққол кўзга ташланиб қолди:

-Авваламбор, қайта қуришга раҳбарлик қилаётган ҳурматли Михаил Сергеевич Горбачёв ҳамиша омон бўлсинлар! Қолаверса, СССР халқларининг интернационал дўстлиги абадий бўлсин! Мен мана шулар учун қадаҳ кўтаришларингни сўрайман! – деди Алихон Раҳматович.

Бироқ, Отажонов ароқ ичмас экан, фақат пиво ҳўплаб ўтирди. Ароқ ичмайдиган одамгина шунақа бемаъни тост айтса керак, деб ўйладим. Тўғри-да, орамизда ўзга миллат вакиллари бўлмаса, хўш, нима учун “интердўстлик” шарафига қадаҳ кўтариш керак экан? Бизнинг даврамизга М.С.Горбачёвнинг нима алоқаси бор? Ахир Горбачёв бизнинг соғлигимиз учун қадаҳ кўтармайди-ку! Эҳтимол, Алихон Раҳматович журналист ўтирган даврада “расмий гапириш керак” деб ўйладими. Билиб бўладими, журналист халқи оғзингдан чиққан гапни думбира қилишни яхши кўради. Боз устига, Исмат Хушев Қашқадарёда бўлган сайлов ҳангомаларини думбира қилган экан… Ичимда Отажоновга ачиндим.

Кейинги қадаҳ сўзини Ислом аканинг ўзи айтди:
– Сайловлар ортда қолди. Мана, Москвадамиз. Бизни сайлаган, бизга ишонч билдирган халқимизга минг раҳмат!- деди у киши самимий оҳангда. – Тўлқин Омонов масаласига келсак, – деб менга қараб давом этдилар: – халқ бизнинг хатомизни тузатди. Бундан ҳеч қандай фожеа ясамаслик керак. Обком ҳам адашиши мумкин. Энг муҳими, ана шу адашишни, ана шу хатони ўз вақтида тўғри англаб етишди. Шу масалада бизни тўғри танқид қила олган газета ва унинг жасоратли журналистларининг ишларига омад тилайман!

Қадаҳлар бўшатилди. Очиғини айтсам, ҳар қандай гап бўлишини кутган бўлсам-да, лекин Ислом Абдуғаниевичдан бунақа гап эшитаман деб асло ўйламаган эдим. Чунки, менинг назаримда, обком секретарлари ҳамиша ўзларини ҳақ деб қатьий ишонадиган калондимоғ кимсалар бўлади, улар танқидни кўтара олмайди, арзимаган гап учун ҳам “лов” этиб ёниб кетади деб ўйлардим.

Даврада ўтирган Тўлқин аканинг чиройи очилиб кетди. Унга сўз берилди:
– Алихон Раҳматович, биринчидан, Сизга соғлик-саломатлик тилайман, ишларингиз ҳамиша ўнгидан келаверсин! Менимча, Ислом Абдуғаниевич, бу қадаҳни Сиз учун ва умумий ишларимизнинг ривожи учун кўтарсак айни муддао бўларди, – деди Тўлқин ака.
Ўтиришимиз охирлаб бораётган эди. Бир пайт Ислом Абдуғаниевич:
-Қани, журналистлардан ҳам эшитайлик-чи, – деб қолди.

Мен тост айтаман деб ўйламагандим. Лекин довдираб қолмадим. Чунки, Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган самимият кишининг оғзига қулф солмасди, аксинча, унинг қулфи-дилини очиб юборарди.

-Мен раҳбарлар тўғрисида нотўғри тасаввурга эга эканман. Раҳбарлар деганда катта амалдорларни, яъни Сизларни назарда тутяпман. Лекин бугун мен Сизнинг чин дилдан айтган сўзларингизни эшитиб амин бўлдимки, биз журналистлар ҳам хато қилар эканмиз. Мана, кўриб турибманки, ҳамма раҳбарлар ҳам ёппасига ёмон бўлавермас экан. Ана шу ҳақиқатни исботлаб берган Ислом Абдуғаниевич, Сиз учун. Сизнинг тимсолингизда, афсуски, раҳбарлар орасида жуда кам учрайдиган ҳалол ва адолатли, мард ва одил сардорларимиз учун қадаҳ кўтаришни таклиф қиламан! – дедим.

Назаримда, қадаҳ сўзим ҳаммага самимияти билан маъқул бўлди…
Эрталаб хонамнинг эшигини тақиллатиб Тўлқин ака кириб келди:
– Сизни Ислом ака сўраяптилар, – деди у. – Биринчи қаватда кутиб турибдилар. Галстукни ҳам тақиб олинг, суратга тушсак керак.

Уёқ-буёғимни тўғрилаб, дарров пастга тушдим. Меҳмонхонанинг биринчи қаватида Қашқадарёдан сайланган Ислом Абдуғаниевич бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар тўпланишиб туришган экан. Қаердан Аҳмаджон Мухторов ҳам келиб сафимизга қўшилди. Биргалашиб суратга тушдик. Ўша сурат ҳозир ҳам уйимнинг тўрида осиғлик туради. (Сурат берилади).

Суратга тушганимиздан сўнг Ислом Абдуғаниевич мени ёнларига чақирди:
– Космонавтлар шаҳарчасини зиёрат қилиш навбати бугун қашқадарёлик депутатларники экан. У ерда расмий қабул маросими ҳам бўлади. Биздан сайланган аксарият сут соғувчи, маккажўхорикор, пахтакор ва пиллакор депутатлар рус тилини яхши билишмайди. Уларга ўзингиз бош бўлиб саёҳатга обориб келмайсизми? – деди Ислом ака.

Мен у кишининг таклифига бажонидил рози бўлдим.
Тўлқин Омонов билан Фотима Бадалбоева биз билан бирга бормадилар. Уларнинг Москвада қандайдир юмушлари бор экан. Қашқадарёлик депутатларга ўзим бош бўлиб, соат ўнларда Космонавтлар шаҳарчасига жўнаб кетдик.

Ўша пайтларда халқ депутатлари бораётган автомобиллар ҳам худди республика раҳбарлари бораётган кортежлар каби олди ва орқасидан “мигалка”си ёниб турадиган милиция машиналари билан қўриқлаб бориларди. Бутун ҳаракат давомида йўллар махсус тозаланиб, яшил чироқлар ёниб турарди. Биз ана шундай дабдаба билан “расмий ташриф”ни бошладик.

Космонавтлар шаҳарчасида бизни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Делегация раҳбари сифатида менга сўз бердилар.

– Бепоён мамлакатимизда бўлгани каби бизнинг Қашқадарё вилоятида ҳам барча жабҳаларда жиддий ислоҳотлар бошланди. Қайта қуриш эпкини ҳаётимизни яшнатиб юборди. Халқимиз Горбачёв бошлаб берган инқилобий ўзгаришларни шод-хуррамлик билан кутиб олди. Қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик каби иллатлар батамом тугатилди. Мана, бугун биз – бир гуруҳ Қашқадарёлик СССР Халқ депутатлари Космонавтлар шаҳарчасига ташриф буюрдик. Бизнинг депутатликка сайланишимиз ҳам , азим пойтахтимизга келишимиз ҳам эркин ва озод ҳаётимизга ёрқин мисол бўла олади. Бу халқлар дўстлигининг ёрқин намунасидир. Агар ижозат берсанглар, мен интернационал дўстлик ва Михаил Горбачёв учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилган бўлардим! – дедим ифтихор билан.

Бир –икки қадаҳ бўшатилгач, қизғин суҳбат бошланди, савол-жавоб бўлди. Ишқилиб, куннинг қандай кеч бўлиб қолганини ҳам сезмай қолдик. Москвага ҳам зўр дабдабалар билан қайтиб келдик.
Кечки овқат пайтида Ислом Абдуғаниевич қўлимни маҳкам сиқиб:
– Раҳмат! Сизни роса мақташди, – деди. – Депутатларингиз орасида битта ўша йигит дуруст экан, тўғри фикр юритар экан, дейишди. Албатта, мен уларга Сизнинг депутат эмаслигингизни, оддий мухбир эканлигингизни айтиб ўтирмадим, – деб илова қилдилар Ислом ака.

Маълум бўлишича, депутатларни Космонавтлар шаҳарчасига кузатиб борган олдинги қора “Волга” ГАИ ходимлариники эмас, балки СССР Олий Кенгашининг масъул вакилига қарашли экан. У бизнинг барча гап-сўзларимизни жимгина эшитиб, керакли маълумотларни ён дафтарчасига қайд этиб юрган экан. Ўша вакил “тўғри” гапимни ёдда сақлаб қолибди-ю, аммо ўзимнинг кимлигимни сўраб суриштиришни фаромуш қилибди…
Москванинг ҳавоси тез-тез ўзгариб туради. Чарақлаб қуёш чиқиб турган бўлса ҳам бирдан осмонни қоп-қора булут қоплайди-ю, шаррос ёмғир қуйиб ўтади. Баъзан эрталабдан кечгача эзиб сим-сим ёмғир ёғаверади.

Ўша куни ҳам роса ёмғир ёғди. Ислом Абдуғаниевич бир оз шамоллаб қолибди. Мени ўз хоналарига таклиф қилдилар. Кирсам, қўлимга бир шиша ароқ тутқазиб:
– Ҳозир мен ётаман, шуни яхшилаб орқа курагимга суртиб қўйсангиз, майлими? – дедилар илтимос оҳанггида.

Обкомнинг биринчи котиби ҳадди сиғиб илтимос қилади-ю, йўқ деб бўладими?
– Бўпти, – дедим. Қолаверса, ўзим ҳам бу самимий ва дилкаш одамга ўрганиб қолаётган эдим. У кишининг орқа куракларини жиққа ҳўл қилиб ароқ суркаяпман-у, беихтиёр отамнинг белини босиб қўйган болалик кунларим ёдимга тушди. Ислом аканинг орқаларига жиққа ҳўл бўлгунча ароқ суртдим. Устиларига одёлни тортиб, ўраб қўйдим.
– Отангиз нима иш қилади? – деб қўққисдан сўраб қолди Ислом ака фикрларимни туйгандай.
– Ўқитувчи эди, математикадан дарс берарди…
– Нега берарди деяпсиз? Ҳозир-чи?
– Отам урушда қатнашган одам. Барча ветеранлар каби “Сталин учун! Ватан учун!” деб ҳайқириб жангга кирган. Шу боис ҳали-ҳануз Сталинни яхши кўради, сталинпараст. Боз устига, ҳақиқатпарвар инсон, ноҳақликка асло тоқат қилолмайди.

Шунинг учун район раҳбарларига унчалик ёқмасди. Ҳатто Китоб районига партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишга келган мактабдоши Абдувоҳид Каримов уни райкомга масъул вазифага ишга таклиф қилганида, “Аввало бу ердан уч-тўрт кишини ҳайдайсан, кейин сен билан бирга ишлайман”, деб шарт қўйган экан. Албатта, у киши отамнинг шартини бажармаган. Кейин чекка бир қишлоқда мактаб директори бўлди. Охири: “Қирқ йил ўқитувчилик қилдим, энди ўқитувчиларнинг обрў-эътибори тўкилиб кетди”, деб ўз хоҳишига кўра ишдан бўшади. Ҳозир тоғда асаларичилик билан шуғулланяпти, ҳалол меҳнати билан кун кўряпти…

Ўша куни биз узоқ суҳбатлашдик. Ислом Абдуғаниевич кўп нарсаларни сўрадилар, мен билганимча жавоб бердим.
– Қандай илтимосларингиз бор? – деб сўрадилар охирида.

Мен у киши билан илк бора танишган кунимизданоқ шундай савол берсалар нималарни сўрашни олдиндан режалаштириб қўйган эдим.
– Менинг учта илтимосим бор, – дедим. – Биринчиси, Қарши пединститутида Анвар Чориев деган профессор бор. Адолатпарвар, яхши одам, яхши олим. Мени ҳайдашмоқчи бўлишганда қаттиқ туриб ҳимоя қилганди. Ўша киши тўғрисида юқоридан фикр сўрашган экан. Лекин бир-иккита душманлари “Анвар кўтарилиб кетмасин” деб устидан бўҳтон уюштиришибди. Кейинги пайтларда ректор ҳам уни сиқувга ола бошлабди, Анвар Чориевга ёрдам берсангиз.

– Бўпти, мен боргандан кейин ҳузуримга кирсин. Уни яхши танийман, ҳалол одам. Яна нима гап? – дедилар Ислом Абдуғаниевич.
– Иккинчи илтимосим шуки, Китобда вилоят миқёсидаги сил касалликлари шифохонаси бор. Қаҳрамон Жўраев ўша касалхонанинг бош врачи, ўзи ёш, истеъдодли йигит. Лекин уни ишдан бўшатишмоқчи бўлишяпти.

– У ким экан? Нега ишдан бўшатишмоқчи экан?
– Сиз уни танийсиз. Шаҳрисабзда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг анжуманида сўзга чиққанида, Сиз: “Бор экансиз-ку, ука! Нега жим ўтирибсиз? – деб мақтаган экансиз.
– Эсладим, Истараси иссиқ, келишган йигит. У албатта менга учрашсин. Бафуржа гаплашамиз.
– Учинчиси, “Адабиёт ва санъат” газетасида “Прокурорни қандай қўлга туширишди?” номли танқидий мақолам чиққан эди. Ўша мақолада ёзилган йигит ҳамон ишсиз юрибди…
– Мақолангизни ўқиганман. Лекин мен ўша йигитни бир кўришим, кўзига бир қарашим керак, – деди Ислом Абдуғаниевич.
Ислом Каримовнинг одамларнинг кўзига тик қарайдиган одати борлигини ўшанда билган эдим: одамнинг кўзидан унинг қанақа инсон эканлигини билиб олиш мумкин экан…

Орадан анча вақт ўтгач, Ислом Абдуғаниевич бир учрашувда таниқли ёзувчимиз Одил Ёқубовга, мен ҳақимда гап очилиб қолганда: “У яхши йигит. Москвада қандай илтимосларинг бор деб сўрасам, ўзи бир четда қолиб, нуқул бировлар учун қайғурган эди”, деган эканлар.

Мен Ислом Абдуғаниевич билан шу тарзда танишган ва ўша заҳотиёқ бу инсонга меҳр қўйган эдим. Бу одамга ишониш мумкинлигини ички бир туйғу билан ҳис қилгандим…

(давоми бор).
http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares