«ҒАФУРИНГ ПЎСТАКФУРУШ ЭКАН-КУ!»


1978-80-йилларнинг ҳангомаси бу.

Асли Форишнинг Қораабдол қишлоғидан бўлса-да, Пойариқда яшаб, шу ерлик бўлиб кетган Саъдулла Бойсинов деган тоғам бўлгувчи эди. У туман тайёрлов идорасида таъминотчи бўлиб ишлар, қишда ҳам, ёзда ҳам тиним билмас, уззу кун «Волга»сида қишлоқма-қишлоқ санғиб, нақд пулга қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари, жумладан қўй, мол териларини йиғарди.

Ана шу тоғам мендан ҳам яқинроқ, тўғрироғи туғишган жиянини ўқитиб, катта одам қилиш ишқига тушиб қолди. Бир куни учрашганимизда тоғам «ёрилди»:
– Жиян, шу десанг, би-ир маслаҳатли иш бор. Битирса, райком, райисполком ё мелисаларнинг бошлиғи бўладиган ўқиш бор экан.

Ана шу ўқишга менинг қассоб жиянимни киритиб қўйсак, келгусида катта одам бўлиб кетармиди, дейман-да!
Рости, битирса, райком, райисполком, мелисаларнинг бошлиғи бўладиган ўқишни билмас эдим. Шу сабабли юрак ютиб, сўрадим:
– Қанақа ўқиш экан у, тоға?
– Қанақа бўларди, Самарқанд университетининг тарих факультети-да! Жиянни ана шу ўқишга жойласак. Эртага бир кун райком бўлиб кетса, сен ҳам газетага муҳаррир бўлармидинг. Қачонгача оддий мухбир бўлиб юрасан?. Танишларингни ишга сол, жиянни ўқишга жойлайлик.

Гарчи қассобдан райком чиққанини эшитмаган бўлсам-да, газетага «бош муҳаррир» бўлиш иштиёқи кучлилик қилдими, райкомга бўла бўлгим келдими, тоғамнинг раъйини қайтаришни истамадимми, ҳар қалай бинойидай таниш-билиш топдим. Биринчи имтиҳон тарихдан экан. Оғзаки. Биргалашиб «тўрт» олдик. Иккинчи имтиҳон иншо эди. Маслаҳатлашиб, иншони эркин темада ёзишни келишдик. Икки кундан сўнг имтиҳон натижалари эълон қилинди: «икки»

Университет биноси олдида турибмиз. Тоғам ниҳоятда хуноб, нуқул кал бошини силайди. Жиян кеккайиб, безрайиб турибди. Домлалар келишди.
– «Бой ила хизматчи»даги Ғафур образи ҳақида наҳотки салгина тасаввурга эга эмассиз! – деди домлалардан бири. – Жуда осон мавзу-ку бу! Ахир Ғафурнинг монологлари ҳар бир ўқувчига ёд бўлиб кетган.

Маълум бўлишича, жиян шпаргалкадан фойдаланган. Тўғрироғи, ундан ошкора кўчира бошлаган. Шу пайт кузатувчи ўқитувчи келиб, шпаргалкани олиб қўйган. Ғафур ҳақида ҳеч қандай таасуротга эга бўлмаган жиян иншо режасини эндигина кўчириб бўлган экан. Шпаргалка қўлдан кетгандан сўнг жиян шу ерда тормозланиб қолган.
– Ахир режанинг ўзига баҳо қўйиб бўлмайди-да! – деди домла. – Ғафур ҳақида бирон нима ёзиш керак эди. Қийинми шу?
Кал бошини сийпаб турган тоғам менга ўгирилди:
– Буларинг «ғафурлаб» қолди. Ким ўзи у?
Жиян ўқишга кирса, муҳаррир бўлишим мумкин эди. Менинг ҳам орзуларим пучга чиқиб, хуноб бўлиб тургандим, тескари жавоб қилдим:
– Ғафурми? Заготконторада ишлайди. Каттақўрғонда.
Тоғам тутоқиб, нақд жиянига ўшқирди:
– Эй, уям менга ўхшаш пўстакфуруш экан-ку! У, бу, гўр-ер деб, каллангга келганини ёзавермайсанми? Кейин баҳо қўйиб берарди мана булар…
– Ҳе ўша… Ғафурингизни… – деди жиян. – Шу Ғафурни деб тўртта новвоснинг фойдасидан қуруқ қолиб юрибман. Бўлди, райком ҳам бўлмайман, мелисаларнинг бошлиғи ҳам бўлмайман. Кетдим.

Абулфайз БАРОТОВ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares