
Ўзбекистонда ташаббус гуруҳлари номидан мамлакат парламенти қуйи палатаси депутатлигига номзод илгари суриш бекор қилинган.
Ўзбекистон парламентининг декабр ойи дастлабки кунларида ўтган ялпи мажлисида мамлакат конституциясининг бир бандига, сайлов ўтказишга тааллуқли бир неча қонунларга ўзгартиришлар киритилган.
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» рўзномаларида босилган «Сайлов тизимини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш» дея ном берилган мақоладан англашилишича, Ўзбекистонда бундан кейин ташаббус гуруҳларидан депутатликка номзод қўйиш тартибидан воз кечилган.
Ўзбекистоннинг Олий Мажлисга сайлов ҳақидаги қонунининг 23 -бандида «сайлаш ҳуқуқига эга Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ёки гуруҳи камида 300 кишидан иборат сайловчиларнинг ташаббус гуруҳини ташкил этиши мумкин», деб ёзилган эди.
Бу ташаббус гуруҳи ўзи истаган номзоднинг парламент депутати бўлишига эришиш мақсадида сайловчилар имзосини тўплаши, бошқа сайловолди амалиётларини ўтказиши назарда тутилган эди.
Айни ушбу бандга таянган мухолифат вакиллари олдинги сайловларда ўз аъзоларини Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи органига ўтказишга ҳаракат қилишган.
Мамлакатда мухолифатдаги «Бирлик Халқ ҳаракати», «Эрк» ёки «Озод Деҳқонлар» партиялари рўйхатга олинмаганидан 2004 йилдаги парламент сайловида айрим партиялар, ўз номзодларининг депутат бўлишига эришиш мақсадида сайловчиларнинг ташаббус гуруҳларини тузишган ва бу гуруҳлар ҳужжатлари Марказий Сайлов комиссиясига тақдим этилган эди.
Аммо Марказий Сайлов комиссияси топширилган ҳужжатларда қонун бузиш ҳоллари ёхуд хатоликлар топилгани важи билан мухолифат вакилларига рад жавоби берган.
2004 йилдаги сайловнинг халқаро мезонларга мос бўлмагани танқид қилинган.
Ўзбекистонда сайловга оид янги ўзгариш ўзбек мухолифати вакилларининг парламентга кириши йўлидаги янги тўсиқ сифатида баҳоланмоқда.
«Биз биламизки, 2009 йил декабрида яна парламент сайловлари бўлиб ўтади. Депутатлар сайланади, сенаторлар тайинланади. Қонунларга киритилган охирги ўзгартиришдан мақсад – Ўзбекистонда қонуннинг кичкина бўлса ҳам имкониятидан фойдаланиб, мамлакат сиёсий ҳаётига актив қатнашишга уринаётган, парламентга депутат сифатида киришга интилаётган демократик мухолифатни ана шу имкониятдан маҳрум қилиш», дейди норасмий «Қийноқларга қарши тезкор гуруҳ» фаоли Суҳроб Исмоилов.
BBCUzbek.com



