Анварбек

Шу йил адабиёт аҳли учун, қирғиз ҳалқи ва аҳли Туркистон учун катта йўқотиш рўй берганини кўпчилик балким идрок этмас, балким тўлиғича англаб олаолмас. Лекин ҳамма хабардорки жорий йилнинг 14-июн куни Қирғисизтонда мотам куни эди. Бу кун қирғиз ҳалқи атоқли ёзувчи ва даҳо Чингиз Айтматовни сўннги йўлга кузатишди.
У отаси ётган “Ата-Бейит” қабристонга дафн этилди. Ҳа, адибни бутун дунё танир эди. У дунё ҳамжамиятига ер юзида қирғиз миллати борлигини ойдинлаштирган ва дунё адабиётчилигида туб бурилиш ясай олган инсон эди. Ёзувчи ўз умри давомида кўплаб асарлар яратди. “Оқ кема”,”Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Алвидо Гулсари”, “Сарвиқомат дилбарим”, “Кассандра тамғаси” ва “Асирга татигулик кун” асарлари шулар жумласидандир.
Лекин бу асарларнинг барчаси ҳам адибга бирдек обрў ва мувафақият олиб келмади. “Кассандра тамғаси” асарини ёзиб битирган адиб уни энг яхши асарларидан бири бўлиб қолишига ишонган эди. Лекин бу асар ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетмади. Унинг энг кўп чет тилларига таржима қилинган ва Чингиз Айтматовни янада таниқли қилган асари –“Асирга татигулик кун” бўлди. Олисларда қолган диёримда кечалари ухламай “Асирга татигулик кун” асарини қайта ва қайта мутолаа қилган шахс сифатида айта оламанки, Айтматов ўзининг ушбу асари билан адабиёт атом бомбасидан кучлироқ эканлигини исботлаб берган эди.
Рус тилида ёзилган ушбу асарда инсонийлик, муҳаббат ва садоқат тушунчалари шунингдек инсонларни манқуртга айлантирилиш оқибатлари ва энг асосийси курраи заминни манқуртга айлантириш бу — инсоният учун фожеа бўлишини бадий тилда ўта равон ёритиб берилган. Асар шу қадар моҳирлик ва усталик билан ёзилганки, асар қахрамонинг хаёл суриши ортидан гавдаланадиган воқеаларнинг барчаси бир кунни ўз ичига қамраб олади.
Дафн маросими воқеаси асар негизини белгилаб берган ушбу наср ҳар бир ўқувчининг маънан қайтатдан туғилишига, тафаккури чархланишига ёрдам бергани учун 30 дан ошиқ тилга таржима қилинган. Унинг бу каби ўлмас асарлар яратишига имкон берган нарса унинг руҳиятидаги қаттият, тафаккур ва билим бўлди.
Чингиз Айтматов ёшлигидан кўплаб қийинчиликларни, ҳаётнинг аччиқ зарбаларини татиб кўрган инсон эди. Болалик чоғлариданоқ ота меҳридан маҳрум бўлди. Отаси Тўрақул Айтматовни қулоқ қилишди, сургун қилишди. Кўзларини умид билан кўчага тикиб отасини келишини интизорлик билан кутган Чингиз падари бузрукворини қайта кўрмади. Тўрақул Айтматов сургунликда ҳаёт билан видолашди. Оилада тўнғич фарзанд фарзанд бўлгани учун оилани иқтисодий вазиятини ўнглаш унинг зиммасига тушди. Ҳеч қаерга ишга олинмаслиги ҳақида қарор қабул қилингани учун ҳамиша уйда ўтирадиган касалманд онасидан дуолар олиб эртадан кечгача тинимсиз ишлайдиган Чингиз ақлан ўз ёшига нисбатан эрта улғайди. У ҳаёт нима эканлигини ўз тенгдошларидан эртароқ англади.
Қиш кунларининг бирида эрта индин кўзи ёрийдиган, оиланинг ёлғиз мулки тарғил сигирни ўғирлаб кетишди. Ҳар куни эртадан кечгача ўзаро сут-қатиқ ҳақида суҳбатлашадиган, кун санаб сигирнинг бузоқлайдиган куни келишини кутадиган Айтматовлар хонадони учун бу жуда оғир руҳий зарба бўлди. Тинимсиз равишда кўз ёш тўкаётган онаси ва укаларни кўриб чидаб тура олмаган Чингиз қўшнисининг ов милтиғини сўраб олдида, сигир етаклаб бораётган ўғрини топиш ва уни пешонасидан отиб ташлаш мақсадида ўзи туғилиб ўсган Шакар овулини айланиб чиқди. У ҳамма жойларни бориб кўрди, телбаларча сўкиниб узоқ тентиради. Укаси ва ўзи вақти-вақти билан авайлаб кийадиган этиги йиртилиб кетди. Лек шундай бўлсада ўғрини топаман,-деб чанг кўчаларни айланиб юриши давом эттирди. Унинг аҳволини, ҳатти ҳаракатини ва шахтини кўриб қолган, эски қалпоқ кийиб олган қирғиз имлаб уни ёнига чақирди ва нима бўлди,-деб сўради. Содир бўлган ўғирлик тафсилотини айтиб берган Чингиз ўкириб йиғлаб юборди. Кўпни кўрган кекса қирғиз унга тасалли берди ва қаттият билан маслаҳат берди:
-Ортга қайт. Уйинга қайт. Ҳар қанча тентирасангда ўғрини топаолмайсан. Ўғри сигирни аллақачон бир ёқлик қилган. Сен иродали бўл. Тинимсиз курашлар ортидан бу шавқатсиз ҳаёт қийинчиликларини енг,енг. Мен ишонаман сен вақти келиб буюк инсон бўласан. Бир эмас бир неча чорва молларинг бўлади. Унитма, ўғри ҳам эртами, кечми ўз жазосини олади.
Чингизга кекса оқсоқолни гаплари қаттиқ таъсир қилди. У уйига қайтди ва кучли ирода билан курашиб яшай бошлади. Мана шу ирода ва қаттият билан олдинга интилиш, қолаверса истеъдод уни йиллар ўтиб даҳо бўлишига ёрдам берди. Уни дунё таниди. Бир асарини ўқиган француз ҳам ҳинд ва ҳаттоки ингилиз ҳам унинг бошқа асарларини излайдиган бўлди. Нафақат миллати қирғиз балки дунёдаги аксария миллат вакиллари кўз ёш билан адибни сўнгги йўлга кузатишди.
Даҳолар саноқли эди. Бугун улар биттага камайди,-деб айтилган гаплар айни ҳақиқатдир.
2008-йил 14- июн. Шу кун эрта тонгдан Бишкек кўчалари одамлар билан лиқ тўлди. Даҳони сўнгги манзил томон элтиб қўйишни истаганлар шу қадар кўпки, марказий Чуй проспекти танга ташласангиз ерга тушмасди. Кимдир Чингиз Айтматовни унчалик ҳурмат қилмас, кимдир унинг асарларини ўзга асарларга тақлид қилиш ортидан ёзилган, – деб ўйлар, лекин шахсан мен надоматлар билан эътироф этаманки, Қирғиз халқи, аҳли Туркистон Чингиз Айтматовсиз етим бўлиб қолди.



