Оқланмаган ишонч қиссаси ( 2-1 )

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада
ҚУЛУПНАЙ ҲАНГОМАСИ

Биринчи боб

…Рафиқ Нишонов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети секин аста матбуот эркинлигини бўғишга киришди. Матбуотда мадҳиябозлик, ура – урачилик авж олди. Республикада пишиб етилган ижтимоий муаммолар тўғрисидаги танқидий фикрлар ошкора айтилмайдиган бўлди. Албатта, жамият карахт ҳолда бўлса, уни бошқариш осон бўлади, бироқ “қайта қуриш” бошлангандан сўнг ўтган икки-уч йил ичида одамлар ўйлашни ўрганган, энди халқ оқ-қорани таний бошлаганди. Бундай уйғониш фаслида сўз эркинлигининг, матбуот эркинлигининг бўғилиши худди шақиллаб қайнаётган дошқозоннинг қопқоғини ёпиб, устидан тош бостириб қўйиш билан баробар эди.
Ҳеч кутилмаганда Фарғонада хунрезлик бошланади. Бу хунрезликнинг сабабларини республика раҳбари Рафиқ Нишонов СССР Халқ депутатларининг съездида: “Бозорда сотувчи билан харидор бир стакан қулупнай талашиб, жанжаллашиб қолибди”, деб изоҳламоқчи бўлади. “Наҳотки бир стакан қулупнай учун Ўзбекистонда одамлар бир-бирларини ўлдираётган бўлса?” деб ажабланишади депутатлар…
Аслида Фарғона фожеалари бошланмасдан илгари Тошкентда бошқачароқ кўринишдаги норозиликлар келиб чиққанди. Яъни, халқ ўз дардини матбуот орқали изҳор этиш имкониятидан маҳрум этилгач, оломон бўлиб кўчага чиқиб, норасмий ташкилотларнинг орқасидан эргашиб кетади. Ўз-ўзидан равшанки, матбуотда дадилроқ мақолаларни чиқариш имкониятидан маҳрум бўлиб қолган журналистлар, ижодкорлар ҳам бирин-кетин норасмий ташкилотлар сафига бориб қўшилаверади.
Жумладан ўзим ҳам норасмий Ташкилотлар уюштирадиган митинг ва намойишларда фаол қатнаша бошладим. Бундай ташкилот раҳбарлари, албатта, мени қучоқ очиб кутиб оладилар. Чунки Исмат Хушевни энди халқ яхши таниб қолган эди. Таниқли кишилар эса энди-энди қаддини ростлаётган норасмий ташкилотларга сув ва ҳаводек зарур эди. У пайтларда ака-ука Пўлатовларни халқ ҳали билмасди. Улар тўс-тўполонларга аралашиб юришарди-ю, лекин омма уларга эргашмасди. Негаки, оломон психологияси шундайки, у фақат ўзи таниган кишиларгагина эргашади.

Ўша пайтларда ғарбона шеърий услуби билан таниқли бўлган шоир Муҳаммад Солиҳ демократик сайловлар асосида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси котиби вазифасига сайланганидан сўнг ўз атрофига бир гуруҳ ижодкор, зиёли ва талабаларни тўплаб “Бирлик” халқ ҳаракатини тузади. “Бирлик”нинг ўша пайтдаги фаолларини кўпчилик билади. Менимча, уларни номма-ном санаб ўтиришга ҳожат йўқ. Фақат бевосита бизнинг “жангнома”мизга алоқадор бўлса, айрим фаоллар ёки бошқа шахслар тўғрисида махсус тўхталиб ўтармиз.

Хуллас, мен ҳам норасмий ташкилотнинг ғоявий етакчиларидан бирига айлана бошладим десам, муболаға бўлмайди. Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб қўйиш лозим: “Бирлик” халқ ҳаракати ўзининг норасмий йиғилиш ва митингларида оломонни фуқаролар урушига ёки бошқа бир ғайриқонуний ҳаракатларга даъват этмасди, балки одамларни қонун билан белгилаб қўйилган , Конституция доирасидаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирарди. Қолаверса, Орол муаммосига, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши масаласига жамоатчиликнинг диққат-эътиборини жалб этмоқчи бўларди. Биз ана шундай мавзуларга бағишланган митингларда оташин нутқ сўзлардик. Биласиз, мен маълум муддат “Пионер эрталиги”да ишлаганман, нутқим яхши, тингловчиларни дарров ўзимга жалб қила оламан.

“Бирлик” уюштирган энг катта митинг 1989 йилнинг 9 апрель куни Тошкентда, илк бора Чуқурсойда (Карлар жамияти биноси ёнидаги стадионда) бўлган эди. Абдураҳим Пўлатов бошқарган бу митингда ўн беш-йигирма минг нафарга яқин халқ вакиллари тўпланган. Ажабки, тингловчилар энг кўп қарсаклаб олқишлаган нотиқ мен бўлган эдим. Биласиз Муҳаммад Солиҳда ҳам, Аҳмад Аъзамда ҳам нутқ йўқ. Сўзловчилар ҳам одамлар орасида туришарди, баландроқ шоҳсупа ҳам қўйилмаганди. Шу боис гапираётган одамнинг товуши эшитиларди-ю, бироқ бўй-басти кўринмасди. Мен ҳаяжон ва ҳайқириқ билан гапира бошлаганимда майдон тўлқинланиб кетди ва атрофимни одамлар доира шаклида қуршаб олишди. Мен микрафонга гапираман, одамлар тўлқини эса келиб мени кўмиб-қуршаб олаверади. Шунда: “Эй, халойиқ, нарироқ қочинглар, мени халқ кўрсин!” деб ҳайқирганимни ҳозирга қадар дўстларим менга эслатиб туришади. Тахминан беш-етти дақиқа гапирганимдан сўнг майдонга тўпганган одамлар: “Исмат Хушев!”, “Исмат Хушев!” деб қичқира бошлайди. Давлат Хавфсизлик қўмитаси ходимлари ўша митингни ҳам видеосуъратга олишган экан, кейинчалик ўзимга қўйиб беришганди. Қизиқки, Чуқурсойда сўзлаган нутқимнинг айрим парчаларини тез орада “Озодлик” радиоси орқали эфирга қўйиб юборишади.

Энди мен норасмийлар орасида ҳам машҳур бўла бошладим.

Бу ёғига Марказқўм икки фронтда кураш олиб боришга мажбур бўлади: бир томондан – матбуот эркинлигини бўғиш билан шуғулланса, яна бир томондан – норасмий ташкилотларни таъқиб эта бошлайди. Аслида, ҳатто матбуотни ҳам оқилона бошқаришга ожизлик қилаётган Марказқўм республикамизда тартибсизлик, беқарорлик бошланишига қулай шароит яратиб беради ва зўр бериб норасмий ташкилотларни ҳар томонлама сиқувга олади.

Аниқ эсимда, ўша пайтларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети “КПСС аъзоси бўлган шахсларнинг норасмий гуруҳларга хайрихоҳлиги тўғрисида” махсус қарор қабул қилади. Ана шу қарор асосида Исмат Хушев масаласи “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг очиқ партия мажлисида кўрилади. Иброҳим Ғафуров мени ҳимоя қиладиган инсон эди. Янглишмаса, Ваҳоб Рўзиматов бошланғич партия ташкилотининг котиби эди. Хуллас, мажлисга менинг масалам қўйилади.

Марказий Комитет ҳам, газета раҳбари Аҳмаджон Мелибоев ҳам менга партиявий жазо берилишини истайди. Чунки мен норасмий митингларда нутқ сўзлайвериб ҳаммани безор қилишга улгургандим.

Лирик чекиниш: Ўша пайтдаги митинглар кўпинча Марказқўм яқинидаги жойда – Ленин номидаги Тошкентнинг бош майдонида бўларди. Пойтахт милициясида масъул вазифада бўлган полковник Ўрайимжон Абдуғаниев мегафон кўтариб юрарди. Гоҳ-гоҳ: “Ҳов, Исматжон, болаларингни қайтар!” деб ҳазиллашиб қўярди, митингларда тартиб-интизом сақланишини илтимос қиларди.

Айниқса, СССР Халқ депутатларига алтернатиб номзодлар сайланадиган бўлгач, биз – матбуот ходимлари юқоридан кўрсатилган номзодларни эмас, балки халқ кўрсатган номзодларни қўллаб-қувватлар эдик. Шундан кейин юқоридагиларга биз отнинг калласидек танилиб, ёмон кўриниб қолардик. Албатта, сайлов жараёнида рўй берган барча ноҳақликлар тўғрисида ёзган мақолаларимиз матбуотда босилмасди. Масалан, Муҳаммад Солиҳ номзоди атрофида Нишонов раҳбарлигидаги ҳукумат томонидан содир этилган ноҳақликлар ҳақида мен ёзган “Ошкораликка қарши ошкора кураш” номли танқидий мақолам “Адабиёт” газетасидан олиб ташланади. Норасмий гуруҳлар эса уни чоп этилишини талаб қилиб, Марказий Комитетга босим ўтказишади. Мен учун яна тўполон бошланади… (Кейинчалик бу мақолам “Бирлик” варақаси шаклида чоп этилиб митингларда халққа тарқатилади).

Шундай бир пайтда “Адабиёт” газетасининг бошланғич партия ташкилотида мени партиядан ўчириш тўғрисида кетма-кет мажлис чақирилади. Иброҳим ака мени турли йўллар билан ҳимоя қилиб юрарди. Ҳатто бир куни Маҳмуд Саъдийга: “Исмат келса, мажлисга кирмасин. Чунки ҳозир Марказқўмдан одам келади, яна Хушевнинг масаласи кўрилади. Агар ўзи кўздан йўқолиб турса, йўқ одамни партиядан ўчириш ҳақида қарор қабул қилиб бўлмайди”, деб тайинлайди.

Мен кўздан узоқроқ юрайин деб, Қашқадарёга ижодий сафарга жўнадим ва у ерда 102-Қарши Миллий-территориал сайлов округидан СССР Халқ депутатлигига ким сайлангани, қандай машмашалар бўлгани тўғрисида мақола учун маълумот тўплаб келдим. Гап шундаки, у ерда обком томонидан бригадир Мели Ҳакимов номзоди депутатликка кўрсатилиб, етти нафар райком котиблари унга “ишончли вакил” этиб тайинланган эди. Ташаббускор халқ гуруҳи томонидан депутатликка номзоди кўрсатилган Ғузордаги “Шўртангаз” конлари бошқармаси бошлиғи Тўлқин Омонов эса маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳар томонлама сиқувга олинади, маҳаллий матбуот ҳам халқ кўрсатган номзодни қоралаш билан машғул бўлади.

“Қизиғи шундаки, қатор қаршиликларга қарамай, областда Тўлқин Омоновга берилган овозлар сони саксон етти фоизни ташкил этди. Демак, қашқадарёликлар энди кўп нарсаларни тушуниб етган кўринадилар. Биз эса худди шу ўринда область раҳбарлари ҳаи халқни менсимаслик ва уни чалғитиш ёмон оқибатларга олиб келишини яна бир бор ўйлаб кўришларини истардик”, деб ёзган эдим “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1989 йил 7 апрель куни чоп тилган “Сайлов сабоқлари” номли мақоламда…
“Сайлов сабоқлари” юқоридагиларнинг сабр косасини тўлдириб-тоширади. Улар Аҳмаджон Мелибоевга зуғумни кучайтирадилар. Зудлик билан иккинчи партия мажлиси чақирилиб, тағин Исмат Хушев масаласи кўрилади.

Лекин бу сафар овозлар иккига бўлиниб, “ўчирилсин!” ёки “қолдирилсин!” деган қарор қабул қилишнинг иложи бўлмайди. Сезиб турардимки, учинчи марта мажлис чақирилса, партиядан ўчирилишим аниқ эди. Партияга қанчалик қийналиб, не-не курашлар эвазига етишганимни ўзингиз яхши биласиз. Шу боис бошқаларга ўхшаб “фмрқа билетим”ни отвориб кетолмасдим.

Елиб-югуриб нажот йўлини қидирдим. Муҳаммад Солиҳнинг ҳузурига бордим. Менинг атрофимда бўлаётган машмашадан у ҳам хабардор экан. “Коммунистлар орасида ҳам бизнинг вакилимиз бўлиши керак”, деб мени Одил Ёқубовнинг кабинетига бошлаб кириб, вазиятни тушунтирди. Ўзаро маслаҳатлашилгандан сўнг мени газета номидан СССР Халқ депутатларининг тарихий биринчи съездини ёритиш учун Москвага – командировкага жўнатишга қарор қилдилар. Маълумки, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Ёзувчилар уюшмасининг органи эди. Яъни мазкур уюшма раҳбари Одил Ёқубовнинг топшириқларини газета Бош муҳаррири бажариши шарт эди. Ажабки, Аҳмаджон Мелибоев мени Москвага хизмат сафарига юборишга рози бўлди. Аслида мен Москвага қочиб кетаётган эдим…

Бироқ, мен съезд арафасида Москвага етиб борган бўлсам-да, аммо бевосита съезд ишида қатнашадиган журналистларни рўйхатга олиш (аккредитация қилиш) аллақачон тўхтатилган экан. Кремлдаги матбуот уйида рўйхатдан ўтиш учун ўн кун бурун ариза бериш лозим экан. Лекин мен ўн кун бурун съездда иштирок этишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Шунинг учун съезд ишига мутасадди ўртоқлар: “ Мана, “Россия” меҳмонхонасида депутатлар билан яшайверасиз, Сизга махсус хона берилади, Ресторанда ҳамма қатори бепул овқатланасиз” , дейишди. Ресторанда мен ўтириб овқатланадиган столни кўрсатишди, кўкрагимга тақиб юрадиган “Пресса” деб ёзилган лавҳани ҳам беришди. Стол устига тўрт кишининг номи ёзиб қўйилган. Хуллас, мен депутатлар фойдаланадиган барча имтиёзларга эга бўлдим-у, фақат съезд залига киролмасдим, холос. Депутатлар ҳар кун эрталаб съездга жўнашса, мен Москва четидаги “Лужники” деган майдонга йўл олардим. Регионлараро депутатлар гуруҳининг қароргоҳи ҳам “Россия” меҳмонхонасида жойлашган эди.

Э-ҳе, 1989 йилги Москва – мен ўқиб юрган 1980 йиллардаги Москвага асло ўхшамасди. Сиёсий Бюро аъзолигига номзод бўлган Борис Ельцин юқори лавозимлардан ҳайдалиб, “портфелсиз вазир” (“Госстрой” раиси) лавозимидан ҳам истъефо берган бўлса-да, лекин халқ орасида ниҳоятда машҳур эди. Регионлараро депутатлар гуруҳида Андрей Сахаров, Анатолий Собчак, Гавриил Попов, Сергей Станкевич, Николай Афанасьев, Александр Гаев, Александр Болдирев донг таратган сиёсатдонлар бор эди.
Москва менинг ҳаётимга мисли кўрилмаган бир тўлқин олиб кирди.

Мен Тошкентда кўриб юрган демократик ҳаракатлар “чепуха” бўлиб қолди. Лужникидаги издиҳомда юз минг, юз эллик минг одам тўпланиб: “Ельцин!”, “Ельцин!”, “Ельцин!” деб қичқирганда юрагимиз бўғзимиздан отилиб чиқиб кетаман дерди. Горбачёв атайлаб Москванинг чекксидаги катта бир майдонни митингчиларга бериб: “Ўша ерда қанча қичқирсаларинг қичқираверинглар!” деб қўйган экан.

Москва марказидаги Қизил Майдоннинг атрофлари эса қуршаб олинганди. Лекин Регионлараро депутатлар гуруҳининг вакиллари Кремлга киргунча ва у ердан чиқиб келиб то “Россия” меҳмонхонасига етиб келгунча, уларнинг оёқлари остига гуллардан поёндозлар тўшаларди. Халқ икки томонга тизилишиб Сахаровни, Ельцинни гулларга кўмиб ташларди. Чунки съезд иши тўғридан-тўғри эфирга узатиларди. Депутатлардан кимлар нима нима деганини одамлар кўриб турарди: яхши гапирганлар олқишланарди, тескаричи сафсатабозлар лаънатланарди. Москва митинглар шаҳрига айланиб қолганди. Биз ҳам сархуш бўлиб кўтаринки руҳда юрардик.

1989 йилги Москва нимаси билан менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди?
Биринчидан, мен бу азим шаҳарда Борис Ельцин билан учрашдим. Бу алоҳида мавзу бўлади.

Иккинчидан, ноҳақ ҳақоратланган Андрей Сахаровдан ўзбек халқи номидан кечирим сўраш бахтига муяссар бўлдим. Бу ҳам алоҳида мавзу бўлади.

Учинчидан, мен митинглар қанақа бўлишини ўша ерда кўрдим. Демократик кучлар бирлашиб, қандай курашиши лозимлигини англадим. Демократия шамоллари одамларни нақадар озод ва ҳур қилиб қилиб қўйишини кўрдим: ўзингизнинг мингта, миллионта муаммонгиз бўлиши мумкин, лекин кайфиятингиз кўтарилиб, осмонга учиб юрасиз! Шу қадар қудратли куч экан инсон озодлиги ва демократия!

Озодлик ва Эркинлик нима эканлигини мен Москвада билдим!

Замонлар ўтади, даврлар ўтади, аммо Москвада 1989 йил бўлиб ўтган СССР Халқ депутатларининг Биринчи съезди тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади!
Бу – инсониятнинг маънавий ва мафкуравий қуллик занжиридан халос бўлиш йўлидаги қутлуғ қадами эди.

( давоми бор)

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares