Нега қизлар юзи қизарар экан?

Юсуф Жума

Нега қизлар юзи қизарар экан?
Тундаги тушларнинг изларимикан?
Ким билади дейсиз, йигит «севдим» дегач,
Ичда «мен ҳам» деган сўзларимикан?

Нега қизлар юзи қизарар экан?
Наҳот бунинг сирли боиси бўлса?
Ким билади дейсиз, қизарган жойдан
Бехос бериб қўйган, балки, илк бўса.

Нега қизлар юзи қизарар экан?
Бу ҳаё рангидир, бермоқ керак тан!
Балки, ба ҳор боис … сабаблар бисёр,
Ариқ ёқасида жийда гуллаган.

Ўша қизилликдир, дўстлар, дунёда –
Ёқтирган ранглари кўзларимизнинг.
Нима боис бўлса, бўлсин ва лекин
Юзи қизил бўлсин қизларимизнинг!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares