Анварбек
Ўзбекистон Республикасининг расмий ахборот агентлиги “ЎзА” 1-ноябр куни мамлакат раҳбари И.А.Каримов янги қарор қабул қилгани ҳақида хабар тарқатди. Хўш, “Аҳолининг омонатларини жалб қилиш бўйича республика тижорат банклари ўртасида танлов ўтказиш тўғрисида”-деб номланган ушбу қарор бундан олдин чиқарилган банк тизимига доир қарорлардан нимаси билан фарқ қилади?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Президент қароридан ихтибос келтирсак:
–Аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилиш бўйича тижорат банкларини қўшимча рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини кучайтириш, банкларнинг инвеститциявий имкониятларини янада кенгайтириш учун уларнинг ресурс базаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилиш бўйича тижорат банкларини қўшимча рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини кучайтириш, банкларнинг инвеститциявий имкониятларини янада кенгайтириш учун уларнинг ресурс базаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган банк-молия хизматлари сифатини ошириш мақсадида.
Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек бу қарор музмунига кўра илгариги қарорлардан катта фарқ билан ажралиб тургани йўқ. Ҳеч кимга сир эмаски, бу каби аҳолининг бўш пул маблағларини банклардаги омонатларга жалб қилишни кўзда тутувчи қарор-у фармонлар “мустақиллик”-деб аталувчи давр бошланганидан буён кўп марта эълон қилинди. Лекин қарорлар ижроси таъминланмагани учун ҳам ҳозирги кунга қадар бирон-бир самара бергани йўқ. Аҳолининг банкларга бўлган ишончи сўнса сўниб бормоқдаки, асло ошгани йўқ. Сабаби ягона, ўзга давлат тизимларида бўлгани каби банк-молия тизимида ҳам коррупция чуқур илдиз отган.
Фуқаролар билишадики, мамлакат банкларига маблағ қўйган инсон уни қайтариб оламан дегунча сочи оқаради. Деярли ҳар куни банклар олдида турнақатор бўлиб навбатга турган инсонларни учратиш мумкин. Кимдир пенсиясини ололмай овора бўлса яна кимдир олис юртда ишлаётган ўғли жўнатган пулни ололмай хуноб. Бу ҳолат бугунги Ўзбекистон учун одатдаги ҳол бўлиб қолмоқда. «Менинг ўғлим икки ой бурун Россияга кетди, – дейди Андижонда яшовчи Хадичахон Рахмонова. – яқинда у менга, «Вестерн Юнион» орқали 400 АҚШ доллари жўнатганини хабар қилди. Пулни олиш учун мен Миллийбанкнинг вилоят бўлимига бордим, лекин у ерда менга пулни олиш имконим йўқлигини, чунки уларда нақд пул йўқлигини айтишди.
Нақд пулнинг тақчил бўлиб қолганига албатта амалдаги ҳукумат қолаверса Ўзбекистон суверен давлатга айланганидан буён марказий банкга раҳбарлик қилиб келаётган Ф.М.Муллажонов айдордир. Чунки, мамлакат иқтисодиёти керакли ислоҳатлар билан ислоҳ этилмагани учун ҳам миллий пул бирлиги – сўмнинг инфилация даражаси ошиб кетди ва иқтисодий ижтимоий вазият издан чиқиб кетишидан хавотир олган банк мутасаддилари нақд пулнинг банклардан ташқари айланмасини қисқартиришга киришишди. Натижа эса юқорида такидлангани каби нақд пул танқислигига олиб келди.
Маълумоти бўйича иқтисодчи бўлган ҳукумат раҳбари И.А.Каримов бундан тўрт-беш йил илгари бозор ислоҳотини мувафақиятли тарзда ислоҳ этиш учун ўзи ишлаб чиққан беш тамойилни кўп ва хўп такидлаб жойлардаги муттасадиларга тинимсиз равишда уқтирар эди. Орадан йиллар ўтса ҳамки бу беш тамойил ҳаётга тадбиқ этилмади ва банк-молия тизимидаги аҳвол ўнгланмади. Бу мамлакат фуқаролари учун сир бўлмаган ҳолатдир ва шунинг учун ҳам кечагина чиқарилган қарордан шод бўлган инсонни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди.



