Ўзбекистон Овроосиё ҳамжамиятидан чиқади

Ўзбекистон Россия етакчилигидаги Овроосиё Иқтисодий ҳамжамияти ташкилотидан чиқишини билдирган.

Россия матбуотининг ёзишича, расмий Тошкент бу ҳақда бир ойча илгари ташкилотдаги ҳамкор давлатларга нота юборган.

Аммо Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ташкилотдан чиқмаётгани, балки ундаги иштирокини тўхтатаётганини айтган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳозирча бу ҳақда бирон баёнот бергани йўқ.

Ўзбекистон 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг МДҲ таркибидаги тузилмалар, жумладан, Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташклотига қайтадан аъзо бўлиб кирган эди.

Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятидан чиқиш тўғрисидаги қарор Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши жазо чораларининг беқор қилиниши ортидан янграмоқда.

2000 йилда барпо этилган Овроосиё ташкилотининг Ўзбекистондан ташқари Россия, Беларус, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзолари ҳисобланади.

Ҳамжамият аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ҳамда бошқа алоқаларни мувофиқлаштириш мақсадини кўзлайди.

Россия, Беларус ва Қозоғистон ҳамжамият таркибидаги Божхона иттифоқи аъзолари ҳисобланади.

Расмий Москва Тошкентнинг Овроосиё иқтисодий ҳамжамиятида ўз иштирокини тўхтатиш қарори икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатмаслигига умид билдирган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятидаги аъзолигини тўхтатиш қарорини ташкилотнинг Тошкент учун самарасизлиги билан тушунтирган.

Айни вақтда кузатувчилар Тошкентнинг ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиш сабаблардан бири, Россия, Қозоғистон ва ва Беларус аъзо бўлган Божхона иттифоқи ташкилотига Ўзбекистоннинг киришига розилик берилмагани ҳамда МДҲ доирасида Президент Ислом Каримов олдинга сурган таклифларнинг бажарилмаганида ҳисоблашади.

Ўзбекистон президенти ҳамдўстлик йиғилишларида Овроосиё Иқтисодий ҳамжамияти ва Коллектив Хафсизлик шартномаси ташкилотини бирлаштириш, сув тақсимоти масаласи ҳамда Афғонистон бўйича бир неча таклифларни илгари сурган.

Москвалик шарҳловчи Санобар Шерматованинг фикрича, расмий Тошкентнинг Овроосиё ташкилотини тарк этиш қарори Ўзбекистондан кўра кўпроқ ташкилотга аъзо Марказий Осиё мамлакатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Тошкент қадами, биринчи навбатда интеграция масаласида, Тожикистон каби қўшни мамлакатларга қийинчилик туғдиради. Тожикистоннинг МДҲ мамлакатлари билан алоқалари асосан Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга оширилади. Эндиликда Овроосиё ташкилоти доирасида то шу пайтгача имзоланган келишувлар бекор бўлади. Бу қўшнилараро унчалик осон бўлмаган муносабатларни янада чигаллаштиради. Бошқа тарафдан, бу Ўзбекистонга унчалик салбий таъсир кўрсатмайди», дейди Санобар Шерматова.

Кузатувчилар фикрларича, Овроосиё Иқтисодий ҳамжамияти ташкилоти доирасида Тошкент ва Москва муносабатлари деярли ҳар доим мураккаб бўлиб келган.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлгандан буён ҳозиргача Овроосиё ҳамжамияти мамлакатлари қабул қилган кўпчилик шартномаларни охиригача имзоламаган.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares