Оқланмаган ишонч қиссаси (1-15) (2)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
Мен суйган суюкли…

(15 бобнинг давоми)

Орадан уч кун ўтгач, институт партия ташкилотининг секретари Жалил Шукурович раҳбарлигидаги делегация яна Китобга жўнаб кетди. Лекин бу сафар мени олиб кетишмади. Ишни бузиб қўйишимдан чўчишди. Агар рад жавобини эшитсам, Наргизнинг уйига бостириб кириб тўполон қилишим ҳам мумкин эди…

Афсуски, иккинчи маротаба ҳам совчиларга рад жавоби берилади. Аммо бу гал ҳам жуда зўр меҳмон қилишади. Мен баттар жиғибийрон бўлардим: қизини бермайдиган бўлса, нега совчиларни шоҳона меҳмон қилади?.. Бўлажак қайнотам азбаройи машҳур профессорларнинг юзидан ўтолмасдан ўзбекчилик одати бўйича меҳмондўстлик қилаётганини ақлимга сиғдира олмасдим.

Иккинчи маротаба ҳам совчилар “тулки” бўлиб қайтишгач, ректорнинг кабинетида жиддий машварат бўлди. Мен аллақачон ўзимнинг курашчанлик ҳолатимга қайтиб, навбатдаги ўзоқ давом этадиган жангларга ўзимни чоғлаб қўйган эдим.

Бу орада Наргисга бир иккита ишқий-фалсафий хатлар ёздим, бир икки марта телефонда гаплашдим…

Ректор бошини чангаллаб хийла ўйланиб қолди ва:

– Энди оғир артиллерияни ишга солмасак бўлмайди, шекилли, – деди.

– Мен ҳам шундай фикрдаман, Муҳаммаджон Назарович, – деди Обод Жўрақулов. – Озод Пармонов ҳам: “Ишларинг нима бўляпти?” деб қизиқиб юрибди. У киши Исматжоннинг мухлиси бўлади.

– Бўлмасам, ўзингиз Озод ака билан маслаҳатлашиб кўрасизми? – деб таклиф қилди ректор.

– Бўпти, гаплашиб кўраман, – деди Обод ака.

– Шундай қилинг, бизнинг номимиздан илтимос қилинг, қўллаб юборсинлар!

– Албатта ёрдам берадилар…

– Исматжон, ука, сиз бемалол ўйнаб кулиб юраверинг. Буёғини ўзимизга қўйиб беринг! Бирор гап бўлса, ўзим сизни топтираман, – деб ректор менга рухсат берди.

Ректор кабинетидан ғалати бўлиб чиқдим. Озод Пармонов ўша пайтларда вилоят партия қўмитасида Видешиннинг ўрнига эндигина парткомиссия раиси этиб тайинланган эди. Энди менинг уйланишимга парткомиссия раиси ҳам жалб этилди.

Озод Пармонов ректор ва профессорларнинг илтимосини ерда қолдирмабди. “Бажонидил ёрдам бераман”, – дебди. У киши Шаҳрисабз район партия қўмитасининг биринчи котиби Январь Пўлатовичга муддаони тушунтирибди. “Хўп, ёрдам бераман, сиз айтасиз-у, йўқ дейманми, Озод ака!” дебди Иноятов. Лекин аввал куёвнинг ўзи билан гаплашиб кўрай…

– Яхши, – дебди Озод Пармонов. – Эртага олдингизга “Совет Ўзбекистони” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Муса Каромов билан бўлажак куёв Исмат Хушев боради. Районингиздаги “Заготзерно”нинг директорига менинг номимдан айтинг, шу йигитга қизини берсин, бўладиган ишни ҳадеб пайсалга солавермасин!

Хуллас, профессорлар менга шу гапларни етказдилар. Мен суюниб кетдим. Эртаси куни Муса Каромов билан оппоқ “Волга”да Шаҳрисабзга жўнадик.

У пайтларда “Совет Ўзбекистони” газетасининг вилоят мухбирларини обком гаражига қарашли “КФО” рақамли “Волга” олиб юрарди. Мухбирнинг хизмат машинасига йўл ҳаракатини назорат қилидиган ГАИ ходимлари “честъ” бериб қолишарди.

Муса ака билан райкомнинг биринчи котиби Январъ Пўлатовичнинг кабинетига кирдик. У киши бизни кутиб ўтирган экан. Муса ака билан Иноятов куюк сўрашдилар. Лекин Январъ ака мен билан совуққина сўрашди.

– Исмат Хушев деган партизан сенмисан? – деди котиб.

– Ҳа, менман.

– Сен учун қанча тўполон бўлаётганини биласанми?…

Мен ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Назаримда, у юқори партия ташкшлотининг топшириғини қулок қоқмасдан бажариши керак эди.

– Ҳа, энди… – дедим чайналиб.

– Ука, бизлар уйланган пайтларда бунақа гаплар йўқ эди. Энди райком, обком уйланиш масаласига ҳам аралашадиган бўлса, бизни худо урибди-ку! Ё тавба! – деди Январъ Пўлатович энсаси қотиб. – Озод Давронович айтганидан кейин… бажарамиз, ука!

У столда турган редукторнинг тугмачасини босди-да: – Ҳузуримга Раҳматовни чақиринг! – деди. Сўнг: – Сиз анави дам олиш хонасига кириб ўтиринг, – деди менга совуққина.

Муса ака ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолганди. Мен дарҳол дам олиш хонасига равона бўлдим. Деразадан ташқарини кузатиб турсам, бирпасдан кейин дўппи кийган, узун бўйли бир киши биринчи котибнинг кабинети томон ўтиб кетди. Бўлажак қайнотам шу киши экан.

Орадан бор-йўғи ўн дақиқа ўтган бўлса ҳам, мен учун гўё ўн беш йил ўтгандек туюлди. Кейин Январъ Пўлатович дам олиш хонасининг эшигини очиб:

– Буёққа келинг-чи, комсомол! – деди зардали оҳангда. У кишининг авзойи бузуқ эди.

Кабинетга ўтдим. Муса ака ҳам бир чеккада хомуш ўтирибди. Котиб босиб-босиб сигарет симирарди.

– Бўлмади, комсомол, – деди Январъ ака оғзидан паға-паға тутун буруқситиб. – Мана, ариза ташлаб кетди, – деб қўл остида ётган бир варақ қоғозни кўрсатди. – Илтимос, менинг оилавий ишларимга аралашманглар, деди. Мен у йигитга қизимни бермайман, агар сизларга менинг ишим керак бўлса, мана олинглар деб шартта ариза ёзиб берди… Билмайман, сен қанақа йигитсан ўзи? Нима қилгансан, нима қўйгансан – мен қайдан биламан. Қизиқ йигит экансан! Энди нима қилишга ҳам ҳайронман. Аслида, сени буёққа чақиртириб бекор қилган эканман…!

Бу гапларни эшитиб жаҳлим чиқиб кетди:

– Битта “Заготзерно”нинг директорига гапингиз ўтмаса, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?! Наҳотки, муттаҳам бир кишини йўлга сололмасангиз?! Қанақа биринчи секретарсиз ўзи? – деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим.

Назаримда, отамни менсимагани, институт профессорларини ранжитгани, иззат-нафсимга теккани учун Раҳматовга заҳримни сочмоқчи бўлдим. Бироқ, рўпарамда Раҳматов эмас, бу ишларга алоқаси бўлмаган, бизга хайрихоҳ райком котиби ўтирарди. Унинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди, аввал бир оз саросимага тушиб қолди-да, сўнг сапчиб ўрнидан турди.

– Ҳой бола, оғзингга қараб гапир! – деди ўшқириб. – Олий Совет депутати, райкомнинг биринчи секретари билан қанақа гаплашишни ҳозир мен сенга кўрсатиб қўяман! – деб устимга бостириб кела бошлади.

– Ҳай-ҳай, Январъ ака, ўзингизни босинг! – деб Муса ака унинг йўлини тўсди.

– Шаҳрисабздан ҳайдаб, Қаршида адабингни бериб, жуда тўғри қилишган экан! Ҳозир мен сени қаматиб юбораман!

Январъ Пўлатович шундоқ ҳам асабийлашиб турганди, менинг ноўрин (адресга нотўғри йўналтирилган) гапларимни эшитиб бирдан фиғони фалакка чиқиб кетди.

Биринчи котибнинг шовқин-суронини эшитиб, остонада навбатчи пайдо бўлди. Бизнинг бир-биримизга ўдағайлашиб турганимизни кўргач, донг қотди, Прокурорни чақир! – деб бўкирди котиб. – Мана бу лўттивозни қамаб қўйсин! Эс-ҳуши жойига киргандан сўнг қўйиб юборади.

Навбатчи зудлик билан ташқарига чиқиб кетди.

Қизиқ, коммунист бўлганимдан сўнг райком, обкомлар ҳам менинг хизматимни қилиши керак, деб ўйлардим. Қолаверса, мен маҳаллий раҳбарларнинг илтимосини ерда қолдирмайман деб ўйланишга розилик берган бўлсам, хўш, нега булар битта ишни ҳам эплаша олмайди?..

Назаримда, агар обком аралашгандан кейин ҳам Наргиснинг отаси қизини менга беришга розилик бермаса, хаёт-мамотим тамом бўладигандек эди. Шу боис энди кимга нима деяётганим тўғрисида ўзимга ҳисоб ҳам бермасдим. Лекин барибир жон ширин экан. Котиб: “Прокурорни чақир!” деб навбатчига қатьий буйруқ бергандан сўнг кабинетдан қўлимга кишан солиб олиб чиқиб кетишларини кутиб ўтирмасдан ташқарига отилиб чиқдим. Бўйинбоғим қийшайиб кетган, лабларим пир-пир учиб турар, рангларим бўздай оқариб кетган эди.

Райком ҳовлисининг тўхташ жойидаги сояга машинасини қўйиб, ўзи ўриндиқда мудраб ўтирган Муса аканинг ҳайдовчиси авзойимни кўриб қўрқиб кетди. Мен орқа ўриндиққа ўзимни ташладим-да:

– Ҳайданг, ака! – дедим. – Қаршига босинг! Юзга қўйиб босинг!

– Хўжайин-чи, хўжайинни кутмаймизми? – деди ҳайдовчи машинани ўт олдирар экан.

– Босинг, ака, хўжайин бошқа мошинда боради! Муҳим топшириқ чиқиб қолди! – дедим ҳовлиқиб.

Шафёр ҳам қандай топшириқ чиқиб қолганини сўрамасдан газни босди.

Шундай қилиб, Шаҳрисабз район партия қўмитасининг биринчи секретаридан қочиб қутилдим.

Эртаси куни Муса ака: “Мени ташлаб кетибсиз-ку, куёв!” деб ҳазиллашди. Уни Январь Пўлатович бошқа машинага чиқариб юборибди. (Кейинчалик Январь Пўлатович билан ака ука бўлиб кетдик, ўша воқеани эслаб кулишиб юрдик…)

Энди ҳаммаси тамом бўлганди. Сўнгги чора ҳам натижа бермагач, ректордан рухсат сўраб Тошкентга жўнадим. Қизнинг “феодал” отасига нисбатан қалбимда нафрат олови кучайиб кетди, ундан қасос олишга аҳд килдим. Тарихдан маьлумки, муҳаббатга ғов бўлган одамнинг ҳеч қачон косаси оқармаган. Ана, Мирзакаримбойни олинг ёки Солиҳбойни кўринг: иккови ҳам ялангоёқларнинг соф муҳаббатига ғов бўлганлиги учун тарихда ёмонотлиқ бўлиб қоладилар… Бу “Заготзерно” нинг директори мени ким деб ўйлаяпти ўзи?! Улуғ Октябрь социалистик инқилобидан илгари бойлар соф севгига тўсқинлик қилишарди. Лекин ҳокимият камбағалларнинг қўлига ўтганига салкам етмиш йил бўлди-ку! Қачонгача камбағални туянинг устида ит талайди? Ахир партия билетим мени битта туячалик ҳимоя қилолмайдими?

Хуллас, телба-тескари хаёллар билан аччиқ устида Тошкентга йўл олдим. Тўппа-тўғри устозим Маҳмуд Сатторовга учрашдим.

– Раҳматов деган қолоқ феодални танийсизми, домла? – деб сўрадим томдан тараша тушгандек.

– Нимайди, тинчликми?

– Ўша одам қизини менга бермаяпти! Соф севгига тўсқинлик қил?пти. Маслаҳат беринг, қандай қилсам унинг қизига уйланишим мумкин?

Домла узоқ сукут сақладилар. Лекин кесиб бир гап айтмадилар. Устоз билан хайр-хушлашиб, Қулмон Очилнинг олдига бордим. У пайтларда Қулмон дўстим гуриллаган, “Ёш ленинчи” газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишларди.

– Шунақа-шунақа, – дедим. – Қисқаси, Шаҳрисабздаги “Заготзерно”нинг директорини фелъетон қилиб, қаматиб юбориш керак. Бир пайтлар Солиҳбой шўрлик Ғофирни қаматиб юбориб, унинг севган ёрини хотин қилиб олганди. Энди биз камбағаллар Ғофирнинг қасосини олишимиз керак!

– Ие, жўра, қизиқ экансан-ку, ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган одамни қандай қилиб фелъетон қиламиз, ахир! Қўлимизда унинг кирдикорларини фош қиладиган далил-дастак, факт йўқ-ку! – деди Қулмон Очил ажабланиб.

– Ие, жўра, сен ҳам Январъ Пўлатович билан тил бириктириб олганмисан, нима бало! Ҳеч жаҳонда “Заготзерно”нинг директоридан битта фелъетонга етадиган айб топиб бўлмайдими? У халқнинг нонини туя қилиб ётибди-ку!

– Йўқ, жўра, сен мени тўғри тушунгин, ахир биз уни Исмат Хушевга қизини бермаяпти деб фелъетон қилолмаймиз-ку, тўғрими?

– Тўғри.

– Шунинг учун ҳам фаолияти билан боғлиқ камчиликларни топиш керак деяпман.

– Бўпти, “Заготзерно”ни ковлаштириб керакли фактларни ўзим топиб бераман! Бутун бошли “Заготзерно”дан нафақат директорни, ҳатто райком секретарини ҳам чирпирак қилиб уришга етадиган фактларни топиш қийин эмас, – дедим ишонч билан. – Лекин райкомнинг биринчи секретари Январъ Пўлатовични ҳам қўшиб уриш керак! Гапни исмидан сиёсий айб қидиришдан бошлаш керак: маълумки, 9-январъ куни “Қонли ?кшанба” бўлган. Хўш, Январъ Пўлатович биринчи рус инқилобини қонга ботирган золим чор ҳукуматини шарафлаш учун бу исмни танлаганми?

– Шошма, жўра, аравани қуруқ опқочма… Ўзига учрашганмисан? – деб сўраб қолди Қулмон кутилмаганда. – Бўлажак қайнотангга учрашганмисан?..

Мен бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эдим.

– Йўқ, учрашмаганман. Учрашайми? – дедим нимадандир умидвор бўлиб.

– Ўзига учрашгин, жўра, кейин бир қарорга келамиз. Фелъетон қилиб, қаматиб юборишга ҳар доим улгурамиз, – деди Қулмон.

Қулмоннинг таклифини устозим Маҳмуд Сатторов ҳам қўллаб-қувватлади. Билмадим, улар мендан тезроқ қутулиш учун шундай маслаҳат беришдими ёки учрашувдан бир иш чиқишига ишонишдими, ҳартугул янги режа билан Қаршига қайтдим.

Институтнинг Физкулътура ва спорт факулътетида Сайфулла ака деган кафедра мудири бор эди. У киши мени жуда яхши кўрарди. Бир куни тўйиб ароқ ичдим-да ўша кишидан мени Шаҳрисабзга олиб бориб келишини илтимос қилдим. Сайфулла аканинг оппоқ “Волга”сида Шаҳрисабзга жўнадик.

Шаҳрисабздаги “Заготзерно”га Китоб станциясига кетаверишдаги поезд йўлини кесиб борилар экан. Ўнг тарафга бурилиб, ўша феодал раҳбарлик қиладиган идорага бордик. Шу куни қабул кунимикан ёки мажлис бўлганмикан, директорнинг қабулхонасида ўн беш-йигирма чоғли одам навбат кутиб ўтиришган эди.

– Ўзларидами? – деб сўрадим.

– Кутиб туринг, ўзлари рухсат берсалар кирасиз, – деди котиба.

Мен котибанинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамасдан эшикни дадил очдиму ичкарига кирдим. Ҳайҳотдек кабинетнинг ўртасида узун стол қўйилганди, бу столнинг атрофига қирқ киши бемалол сиғарди, столнинг бошида дўппи кийган, барваста, очиқ чеҳрали, лекин ғамгинроқ ўша дўппилик одам бир нималарни ёзиб ўтирган экан. Эшикни тарақ этказиб ёпдим-да, менга ярқ этиб қараган директорга тикилиб:

– Урф-одатларимизни бузиб ўзим келганим учун кечиринг, – дедим. – Мен Исмат Хушев деган йигитман! Нима гуноҳларим учун мени қизингизга муносиб кўрмаяпсиз?.. – дедим кўзларим жиққа ёшга тўлиб.

У киши менинг гапимни эшитиб беихтиёр ўрнидан худди тепасидан биров кўтаргандек вазнсиз бир ҳолатда турди-ю, яна қайтиб ўтирди. Мен энди нима дейишимни ҳам эсимдан чиқариб юборгандим, йўл-йўлакай ичимда тайёрлаб келган монологларим паққос ёдимдан кўтарилиб кетди. У киши хийла вақт ўйланиб турди-да:

– Менга қара, ҳой ука, сени ҳам, қизимни ҳам аллақачон бир ёқлик қилиб қўярдим-у, лекин тўртта боламнинг етим қолишини ўйлаяпман, – деди ҳорғин бир товушда. – Китобда бош кўтариб юролмай қолдим-ку! Вилоятда сен совчи қилиб юбормаган раҳбар қолмади-ку, инсон! Аввал илтимос қилиб келишарди, энди ошкора дўқ-пўписага ўтишди… Айтиб қўяй, бошимга қилич келса ҳам бировларнинг дўқ-пўписасидан қўрқиб қизимни эрга бермайман! Ахир, бу нима деган гап: “Менда қизининг хати бор деб бутун дунёга жар солибсиз?! Ким келса, қизингизнинг хати бор, деб юзимга солади. Ҳали менинг қизим бегона йигитга хат ёзадиган бўлиб қолибдими? Агар хат ёзса, ундай қизнинг қўлларини синдираман! Мен бундай иснодни кўтара олмайман! Яхшиликча, бундан кейин мени ҳам, қизимни ҳам тинч қўйинг, акс ҳолда…

– Хўш, менинг нима айбим бор?! – дедим ўпкам тўлиб. – Хунукманми? Ёки камбағаллигим айбимми?..

– Майли, аммо бундан кейин Наргисни урманг! – дедим кўзларим ёшланиб. Дарҳақиқат, икки-уч кун олдин қизига қўнғироқ қилганимда: “энди бўлмайди. Дадам аямни ҳам, мени ҳам урди…” деганди пиқ-пиқ йиғлаб. – Эшитяпсизми, бундан кейин Наргизни урманг! – деб такрорладим. Бу гапимни эшитганидан кейин у киши қотиб қолди. Чамамда, бу гапни қизи айтмаса, бошқа ким ҳам айтиши мумкинлигини ўйлади. – Мен тирик эканман, Китобда ҳеч ким Наргисга уйланолмайди! Сиз отаси бўлсангиз, шу гапимни яхшилаб эшитиб олинг! Ўлганимдан кейингина Наргисга мендан бошка йигит уйланиши мумкин. Фақат Наргисни урманг! – дедиму бирдан йиғлаб юбордим.

Тўғри, ширакайф эдим. Лекин қўлимдан ҳеч иш келмаслигидан, камбағаллигимдан, омадсизлигимдан, хуллас, ҳамма-ҳаммаси учун хўрлигим келиб ўкраб-ўкраб йиғлардим, йиғлайвердим… Столга бошимни қўйиб, ўпкамни босолмасдан узоқ йиғладим, столнинг усти ҳўл бўлиб кетди.

Аслида, мен бу одамни ҳақорат қилмоқчи эдим, сўкиб-сўкиб хуморимдан чиқмоқчи эдим. Лекин ҳеч нарса қилолмай қолдим. Фақат столга бошимни қўйиб, елкаларим силкиниб-силкиниб йиғлардим, холос.

Институтдан – ишдан кетишим керак, совчилар мулзам бўлиб қайтишди, отамнинг илк марта боши эгилди… Хуллас, кейинги пайтларда омадсизлигимдан кўксим тўлиб юрган эканманми, бутун ҳаётим кўз ўнгимдан бир-бир ўтдию, ўзимни тутолмасдан ўксиб-ўксиб, узоқ йиғладим…

Бир пайт оғир бир қўл елкамга қўйилди. У киши паҳлавонлардек барваста эмасми, қўллари ҳам оғир эди.

– Уят бўлади, кўп йиғламанг… Қабулхонада одамлар кутиб қолишди, – деди босиқ товушда.

Ялт этиб бошимни кўтариб қарасам, боягина ғазабланиб турган одамнинг кўзлари ёшланиб турибди. Нима дейишимни билмадим-у, қўлларим билан кўзларимни яширганча қабулхонага отилиб чиқдим. Аҳволимни кўриб ҳамма ҳайрон бўлди. Мен бўлсам, ҳеч кимга эътибор бермасдан ташқарига отилдим.

Мен у кишига яна кўп гапларни айтмоқчи эдим, лекин айтолмадим. “Кимдир сизни дадамга ёмонлаган кўринади, – деганди Наргис. – Сизни одамларнинг гапларига ишониб ёмон кўриб қолган…” Ўша гап ташиб юрадиган хумсалар кимлигини сўрамоқчи эдим. Қаёқда!

Югуриб чиқдиму машинага ўтирдим. Энди ҳаммаси тамом бўлганди.

– Қаршида зўр-зўр қизлар бор, ўзим бош бўлиб бир ҳафтадаёқ уйлантириб қўяман, комсомол, – деб ваъда берди Сайфулла ака. – Қўйинг, кўп куйинаверманг! Дунёда эр қиламан деган қизга қирон келибдими?! Ана, кўча тўла қиз! – деб кўнглимни кўтармоқчи бўларди бояқиш.

Қаршигача йиғлаб келдим. Шу ёшга етиб ҳали бирорта қизга оғиз солмаган эдим (“Кумуш” истисно бундан) . Кўнглимга қил ҳам сиғмасди, ҳаётдан безиб бўлгандим, дунё кўзимга гўристонга ўхшаб кўринарди.

Ётоқхонадаги талабалар аҳволимни кўриб ваҳимага тушиб қолишди. Бирпасда ҳаммаёққа дув-дув гап тарқалди: “Исмат акага битта феодал қизини бермабди! Исмат аканинг севгиси паймол бўлибди…” Бутун ҳаётим одамларнинг кўз ўнгида ўтар эди, нима қилаётганимни ҳамма биларди. Одамлардан яширадиган ҳеч қандай сирим йўқ эди.

Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан хонамга кириб кетдим. Одатда, савол-алик қилиб, бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтирадиган қоравул чоллар ҳам ҳайрон бўлишади. Улар мени жиддий ҳурмат қилишарди: “Исматжон, сиздан олдинги комсомол секретарлари биз билан умуман гаплашмасди, бизни назар-писанд қилишмасди, Сизга раҳмат, ҳар гал ҳол аҳвол сўраб, кўнглимизни кўтариб юрасиз”, дейишарди. Бу гал ўзим ҳурмат қиладиган чолларнинг ёнидан ҳам бегонасираб ўтдим…

Эртаси куни институтга бориб, комсомол қўмитаси фаолларини тўпладим. Навбатдан ташқари Бюро йиғилишини чақирдим. Энди институт билан хайр-хушлашиб бошимни олиб кетишга аҳд қилгандим. Лекин ҳозирча қаёққа кетишимни ўзим ҳам билмасдим. Нима бўлганда ҳам тезроқ Қаршидан даф бўлиш лозим эди!

Бюро мажлиси бошланди. Ҳисобот бердим.

– Агар кимгадир қаттиқ гапирган бўлсам, кимнидир ноҳақ хафа қилган бўлсам, кечиринглар.
Иш юзасидан баланд-паст гаплар бўлаверади, лекин кўнгилларингга оғир олманглар… – дедим энтикиб. Энди йиғилишга якун ясаётган пайтимда дафъатан столимнинг устида турган телефон жиринглаб қолди. Трубкани кўтардим.

– Китобга жавоб беринг! – деди шаҳарлараро алоқа тармоғида ишлайдиган қиз.

Телефондан Зулайҳо опамнинг ҳаяжонли товуши эшитилди:

– Исматжон, нима бўлди ўзи? Суюнчини тайёрлаб қўй!..

– Тинчликми, опа?

– Кеча кечқурун Наргиснинг дадаси Муқимжон ака уйига бориб хотинини роса уришибди: “Нега оғзига кучи етмайдиган одамларнинг гапларига ишониб менга Исматжонни ёмонладинг?! Нега мени алдадинг?! Енгилтак экан дединг! Ёши катта экан, дединг!.. Бинойидек йигит экан-ку! Мен қизимни ўшандай кўнглида кири йўқ йигитга бермасам, кимга бераман?! Айт уларга, совчиларни қайтадан юборишсин! Мен розиман”, дебдилар. Исматжон, отам билан онам бугун тўй кунини белгилаб келиш учун кетдилар. Саруполар муборак бўлсин!..

Зулайҳо опам яна узоқ гапирди, лекин кейинги гаплари қулоғимга кирмади. Чеҳрам ёришиб кетганини кўриб Бюро мажлисида ўтирган қадрдонларимнинг юзларига ҳам қон югурди.

Трубкани жойига қўйдиму Бюро аъзоларини бир-бир қучоқлаб:

– Улар тўйга розилик беришибди! – деган хушхабарни етказдим…

Шу воқеалардан бир ой ўтар-ўтмас тўйимиз бўлди. Ваъдага вафо қилиб, ректоримиз ва умуман, институт жамоаси кўп ёрдам берди. Эсимда, ўшанда пахта мавсуми эди. Тўй оқшомида узоқ-ёқиндан келган дўстларимиз ҳозир бўлишди. Кимдир сўз олиб: “Бугун, ўртоқлар, тарихий кун бўляпти. Чунки Исландиянинг пойтахти Рейкявикда АКШ Президенти Роналд Рейган билан Михаил Горбачев учрашяпти. Китобда эса Исмат Хушев уйланяпти. Худо хоҳласа, энди “совуқ уруш” ҳам тугайди, дока рўмоллар ҳам тезда қурийдиган бўлади…” дегани ёдимда қолган.

Тўйимиз 1986 йилнинг 11-октябрида бўлганди. Тўйдан кейин бир ҳафта ўтгач, отам берган “94-40” рақамли “Москвич”га келинни миндириб пахта теримига жўнаб кетгандим. Э-э, бу ёғи жуда аломат бўлган…

Пахта мавсуми пайтида шийпонларда домлалар учун алоҳида жой ҳозирлаб қўйиларди – мен ўқитувчилар, Наргис эса ошпаз қизлар билан яшай бошладик. Кечалари мушоиралар уюштириларди, энди ачомлашиб рақсга тушишлар йўқ, чунки келин шу ерда…

Курашлар вақтинча тўхтатилади. Одамларга муносабат ҳам ўзгарди, ҳамма кўзимга бирдай яхши кўринарди. Боз устига, яқин кунларда Қаршини тарк этишим лозимлигини билардим. Шундай бир пайтда биров билан олишиб юришни истамасдим.

Пахта мавсуми тугагач, комсомол ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилишига тайёргарлик кўрилди. Бу орада янги комсомол секретари тўғрисида гап-сўзлар бўла бошлади. Мен навбатдан ташқари Бюро йиғилишини чақириб, комсомол фаолларини тўплаб ёруғ юз билан хайрлашдим, янги секретарга чин юракдан омадлар тиладим. Ректорга берган ваъдага кўра, ўз хоҳишим билан ишдан бўшаб, Тошкентга йўл олдим.

Домлалар билан ҳам хайр-хушлашдим, айниқса, институт ва талабалар билан хайрлашиш жуда оғир кечди. Улар мени кўзда ёш билан кузатиб қолишган, ўзим ҳам кўзёшларимни яширмаганман. Чунки бу даргоҳ икки йил давомида менга қадрдон бўлиб қолганди.

Янги йилни янги келин билан уйда кутиб олдим. 1987 йилнинг январъ ойида Тошкентга жўнаб кетдим.

Тошкентдаги ҳаётим алоҳида мавзу бўлади.

(Давоми бор)
http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares