(Муаллифнинг “умр йўллари”) китобига бир назар.”Истиқлол” нашрёти, 2004-йил.
![]() Чингиз Айтматов билан бўлган учрашув… |
|---|
Ажойиб кишилар билан учрашув.
Кўзи кўрлар ғазаб билан қаролмайди,
Гунг бақириб оламга жар сололмайди.
Қўли йўқлар қурол ушлаб туролмайди,
Оёғи йўқ олға қадам қўёлмайди.
Шоир Геннадий Головатий 57 йиллик умрининг 50 йилини мажру холда тўшакка михланиб ўтказди. Қисмати тақдири билан юзма юз бўлишдан қўрқмаган, яшаш учун курашдан чарчамаган бу инсоннинг шеърлари пуртанадек ҳайқириб тошиб, инсон нималарга қодир эканини намойиш этгандек эди. Фавқулодда ирода соҳиби бўлган бу шоирнинг ушбу шеърини Ўриш Мажидов ўзбекчага ўгирган. Ўтмишнинг аччиқ ва аламли дамлари сира кутилмаганда юзага қалқиб чиқади. Хотирадан бутунлай фаромуш бўлиб кетган кечмишлар бирин кетин бўй кўрсатади. Ўтмиш эса ҳамиша инсонга қувонч ва хушнудлик олиб келавермаган.Ўриш Мажидов хам бундан мустасно эмас.
Ўриш Мажидов туғилиб ўсган Ём қишлоғи Зомин ва Даштободдан деярли бир хил масофада яъни 10 километр узоқликда жойлашган . Қишлоқ икки томондан Зоминсой ва Хўжамушкентдан оқиб келаётган сувлар туташувидаги чуқурликда жойлашгани учунми Жом (Ём) номини олган деган фаразлар бор.
Зомин туманининг(13 аср) тарихига оид китобларда эса Ём сўзи мўғулчасига бекат, тўхтаб ўтиш жойи деб эътироф этилган. Чунки Зомин Буюк Ипак йўлида жойлашган. Ём қишлоғидан эса юклар, хат- хабарлар ташийдиган карвон йўли ўтган. Қишлоқ ўзбекнинг энг қадимги уруғларидан ҳисобланган Карлуклар ва Ҳосликлардан иборат. Ҳосликлар уруғини Худоёрхон замонида Бекобод томонлардан келиб қолган дейишади.
Ўриш ака уч ёшга тўлганида отаси Абдуҳамид Мажидов урушга отланди-ю бедарак кетди. Уруш тугаб тинчлик замонлар бошланди. Вақт эса елдек ўтиб борарди.Ўриш 16 ёшидан бошлаб отасининг дарагини топишга ҳаракат қилди .Улғайиб мустақил ҳаётга қадам қўйганидан кейин Сталинградда , уруш сўронлари бўлиб ўтган бошқа кўп жойларда бўлди. Изланишлар самара бермади. Тақдирнинг аччиқ синовларига кўникишга тўғри келди .
Оғир йиллар эди. Ўриш аканинг онаси Меҳринисо ая фарзандларини кийинтириш, қорнини тўйдириш учун кундузи қурилишларга бориб ишчи усталарга ёрдамчи бўлиб ишлар, кечаси эса тикув машинасида мижозларга кийим кечак тикарди. Рўзғор ташвишларига Ўриш ака укаси Эргаш билан оз бўлсада ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилишарди.Қишлоқдан 5-6 чақирим узоқликда янтоқ, шувоқ ўриб елкаларида уйга кўтариб келишарди. Куннинг иссиқликгидан идишдаги сув қайнаб, ичиб бўлмайдиган даражага келиб қоларди. Қишлоқ четидаги қудуқнинг сувига етиб олиш учун минг машаққат билан йўл босишарди. Баъзи болаларнинг ўз эшак-араваси бўларди.Ўриш аканинг назарида ўшанда дунёдаги энг бахтли одам эшак араваси борлардай туюларди.
Қийинчиликларни аччиқ синовларини болаликдан бошдан ўтказган Ўриш ака 1956 йилда мактабни тамомлаб, Ўрта Осиё политехника институтига кириб, 1961 йилда тоғ инженерлари электромеханиги мутахасислиги дипломига эга бўлди. Ўша йилнинг 9 июнида унинг ҳаётида яна бир қувончли воқеа содир бўлди. У қишлоқнинг энг сулув қизи Ҳурриятхон Назирқуловага уйланди. Ўриш аканинг китобида унинг ўз рафиқаси Ҳуррият опага ёзган 3 та мактуби ўрин олган. Ўриш ака рафиқасини 12-13 яшарлигидан яхши билган. Нима бўлганда ҳам бу жафокаш аёл Ўриш аканинг алғовли- далғовли ҳаётида энг яқин суқмоқ йўл билан билинтирмай кириб келган ва унинг севимли рафиқаси сифатида яшаб келаяпти.
Ўриш Мажидов рафиқасига биринчи мактубини бундан 42 йил аввал ёзган эди. Мактубида: “мен учун ҳам ота ҳам она бўлган шу Муқаддас Аёл-онамга келин эмас,балки қиз бўла оласизми?-деб ёзган мактубини Ҳурриятхон “севги мактуби” бўлса керак деб ўқимасдан йиртиб ташлаганди.
Баъзан қизи йўқлигидан ўксинадиган Меҳринисо онага Ҳурриятхон келин эмас, қиз бўлди. Қайнонасини оқ ювиб оқ тараган келинидан мингдан минг рози бўлган Меҳринисо Шодмонқул қизи 1993 йилда вафот этди. У ўлими олдидан Ҳурриятхонни чақириб, қизим,Ўришни ёлғиз қолдирма!”-деб васият қилди.
Онасининг вафотидан сўнг Ўриш ака рафиқаси билан яшаётган бўлсада юрагини тўлдириб келган ҳаяжонларини мактуб орқали изҳор қилишга ҳаракат қиларди. Мактубнинг асосий мазмуни: ”мен ҳаётда нимага эришган бўлсам,бари сен туфайли бўлган”-сингари миннатдорчилик туйғулари эди. Китобнинг оилам ҳақида икки оғиз сўз деб номланган бобида Ўриш ака Л.Н Толстойнинг “Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир”,-деган сўзларини эпиграф қилиб келтирганлиги бунга яққол мисолдир.
Кейин бирин кетин фарзандлар дунёга келди.
Ўзи эса хизмат пиллапояларидан қадамма қадам кўтарилиб борди. 1980 йилнинг баҳорида 40 ёшга тўлган ўриш Мажидов “Жиззахчўлқурулиши” худудий бошқармасига раҳбарлик вазифасига тайинланди. Ана шу муносабат билан у Шароф Рашидовдек инсон қабулида бўлиб, у киши билан бир соатча суҳбатлашди. Ш.Рашидов хайрлашар экан, ”Главсредазирсовхозстрой” бошқармасининг бошлиғи Н.Ҳамроевга хазил аралаш шундай деган эди: ”бу кишини 7 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказаётганлиги учун ҳам шу лавозимга тайинласак арзийди….”
Китобни варақлар экансиз қизиқарли ва равон тилда ёзилганлигининг гувоҳи бўласиз, Китоб кўп воқеаларни, персонажларни ўз ичига олган. Шунинг учун имкониятимиз даражасида сўз юритишга , фикр билдиришга ҳаракат қиламиз.
Ўрта Осиё политехника институтини 1961 йилда тугатган курсдошлар билан 1981 йил 19 июнда Тошкент шаҳрида уюштирилган учрашув юбилей анкетаси саволлари диққатга сазовордир. Ҳазил тариқасидаги 21 та савол анкетага киритилган. Анкетанинг 5- саволида маошингни ўзинг сарф қиласанми ёки бундай мушкул вазифадан озодмисан?-деган саволга Ўриш ака ҳам хазил аралаш шундай жавоб қайтарган:- “маошимни рафиқам олади. Мен хатто уни кўрмайман хам. Нималарга сарф қилиниши лозимлигини тушунмайман ҳам….”
Бу ерда Ўриш аканинг камтаринлик қилаётганини тушуниш қийин эмас. Гарчи ўша пайтларда 600 сўмилк маош катта ҳисобланса ҳам рафиқасига бўлган ҳурмати туфайли маошини уйига берар , ўзи пулга зор бўлиб қолган тақдирда хам уйидан пул сўрамаган.
Курсдошлар ҳар 5 йилда учрашиб турган. Тошкент шаҳридан ташқари Бахмал тоғларида, Чорвоқ сув омбори бўйларида учрашувлар уюштирилган. Умр эса ўтиб борарди. Ҳар галги учрашувда курсдошлардан кимдир кўринмай қолар , маълум сабабларга кўра кела олмай қолган ёки оламдан ўтган бўларди. Буларнинг бари Ўриш ака қалбига залворли тош каби чўкиб , армонларга айланарди.
Ҳа, Ўриш Мажидов меҳнатлари туфайли мансаб пиллапояларидан кўтарилиб борарди. 1982 йилда Ўзбекистон Республикаси мелиорация ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, 1990 йилда Жиззах вилояти ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлади. 1993 йилнинг июнидан бошлаб эса вилоятлараро “Мирзачўл” бирлашмаси бош директори лавозимида самарали ишлаб келмоқда.
Ўриш Мажидов ўз меҳнат фаолияти давомида кўп раҳбарлар билан учрашган, дўстлашган ва бирга ишлашган. Ш.Рашидов, Н.Худойбердиев, А.Хўжаев, Н.Мухиддинов, Х.Шоғазатов, О.Салимов, Б.Рахимов, С.Мамарасулов, М.Жуманиёзов, Т.Боймиров, Д,Ёдгоров, А.Саркисов, Р.Гинятуллин, Э.Турсунов, А.Муталов… Рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Китобда бундан ташқари жуда кўп таниқли адиб ва шоирларнинг номлари ҳам келтирилган.
Ўриш Мажидовни том маънода адабиётчи дейиш мумкин. Абдулла Орипов,Азим Суюн, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Рауф Парпи сингари ўнлаб шоир ва ёзувчилар унинг хонадонинг азиз меҳмони бўлишган. Уларнинг бари ,касби қурувчи бўлган бу инсоннинг кутубхонасини кўриб ҳайратларини яшириша олмаганлар.
Чингиз Айтматов билан бўлган учрашувга 12 та пухта савол тузиб борган. Унинг саволларини эшитган буюк ёзувчи Ўриш акага завқланиб қараб турди-да, ”қурувчи бўлсанг ҳам адабиёт соҳасида бало экансан-ку”,-деб елкасига қоқиб қўйган эди. Ўриш ака Чингиз Айтматовнинг дастхати битилган “Асирга татигулик кун” асарини авайлаб асрамоқда.
Чўл Ўриш акага том маънода бахт, шон- шуҳрат олиб келди. У қатор орден ва медалларга сазовор бўлган. 1983 йилда собиқ Иттифоқнинг Давлат мукофатини ҳам олганди. Чўлда қад кўтарган минглаб иншоотлар, хўжаликлар, барпо этилган каналларнинг бари Ўриш Мажидовнинг тафаккури ва меҳнати натижасидир.
Жиззах дашти ва мирзачўлни боғу бўстонга, серҳосил жаннатмакон ўлкага айлантирган кишиларнинг жасоратлари ва меҳнати иссиз кетмаслиги керак. Ўриш ака бирлашма ҳузурида Жиззах чўлини ўзлаштиришга оид музей ташкил этган. Музей янги экспонатлар билан бойитилиб борилмоқда.
Ўриш Мажидов ҳаётини битта китобга жо қилиб бўлмайди. Унинг ўзи билан суҳбатлашганингиз маъқул. Ҳеч истиҳола қилмай қўлида папками, дипломатми кўтариб олган, оппоқ сочли, юзида табассум аримайдиган бу кишини тўхтатиб суҳбатлашишга ҳаракат қилинг.
Китоблардан гап очсангиз бўлгани, яшнаб кетади у киши. Сиз билан истаган мавзуда шундай самимий суҳбатга киришиб кетадики, асти қўяверасиз. Ўнлаб воқеаларни жонли тарзда ҳикоя қилиб, барини кинодагидек кўз олдингизга келтириб қўяди. Шунинг учун ҳам дўстлари ҳазиллашиб, ”Ўриш Мажидов тирик энсклопедия”, дейишади. Ўриш Мажидов иш билан қанчалик банд бўлишига қарамасдан воҳамизга бағишланган “Умр йўллари” китобини ёзишга вақт топди.
Яна шоир Геннадий Голаватий шеъридаги сатрларга қайтамиз. Шеърнинг давоми ҳам инсонга бир марта бериладиган умрни мақсадсиз, бесамар яшаб ўтаётганларга қарши исёндир.
Лекин соқов ғазаб билан боқолади,
Кўзи кўр хам оламга жар сололади.
Оёғи йўқ қўлга қурол ололади,
Қўл бўлмаса қадам ташлаб юролади…..
Ўриш аканинг юрагига яқин бўлган шоирнинг бу сатрлари унинг ҳаётига ҳам тааллуқлидир. Бугун барчамиз бунинг шоҳидимиз.
Абулфайз Баротов
Жиззах вилояти,Зарбдор тумани,Бўстон шахарча
Саркисоф кўча-4 уйнинг 1-хонадонида яшовчи




