Мустакиллик бу куллик эмас!

 “Бирдамлик» харакати фаоли хуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков  (ДАВОМИ)

Мамлакатда илм-фан, таълим ва маориф издан чиқиб, ўқишдаги баҳолар талабаларга пулга сотилади ва уларнинг пулга ўқишларига қарамай, текин шароитларга эга бўлган ўша советлар замонидаги билимлар савиясига солиштирганда қониқарсиз эканлигига ўн беш йилдан ошди.
Бу эса, ўн беш миллиондан ортиқ чаласавод ёшларга дипломлар берилиб, мутахассилиги бўйича эмас, уларга қора ишнинг ҳам йўқлиги – буни ўзбек миллатининг фожиаси дейиш мумкин.
Соғликни сақлаш, ўқиш ва ўқитишлар ишлари пуллик, қашшоқ ва чорасизлар яшашлари учун арзон ётоқхона ва уй-жой қуриш ишлари умуман тўхтатилган ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, коммунал хизмат, солиқ, божхона, банк, вазирлик ва ҳокимият, прокуратура ва суд органларининг барча ва барчаси.. коррупция ботқоғига ботиб порасиз бирор иш қилиб бўлмайди.

Амалдорлар ўзларининг ставкаларини нақд олмай туриб, ишингиз битадиган бирор қоғозга улар имзо ёки муҳрларини босиб беришга жуда баланд нарх қўядилар. Мажбур бўлган халқ эса, уни тўламагунча бу идорага қадам қўйиш фойдасиз эканидан зорланиб, ўзлари нонсиз ўтиришларига қарамай, ишларини юргизиш учун янада қарзга ботадилар

Пичоқлари мой устидаги амалдорлар ўзларининг қилаётган гуноҳларидан қўрққанларидан Ўзбекистондаги ҳамма идораларини мустаҳкам ва баланд темир панжара билан ўраб олинган.

Ўзи қашшоқ халқнинг охирги сўмларигача таланган қашшоқларнинг ҳатто қуруқ нон-чой билан кун кўришларининг ўзи қийинлашган, аммо халқнинг бундай оғир аҳволи билан хукумат ҳам, президентнинг ҳам ишлари йўқ ва улар бундай масалалар билан шуғулланишни аллақачонлар унутишган ва истамайдилар ҳам.

Тўғрисини айтганда, Ўзбекистондаги умумий аҳвол шу даражага етилдики, энди уддабурон президент топилганда ҳам Ўзбекистонни аввалги ҳолатига тиклашнинг мушкуллигини ҳамма кўриб турибди, эссиз қанча йиллар ўтиб, қанча сувлар бекорга оқиб, халққа уларнинг нафи тегмади.

Бу имконият ва бойликларнинг кўп қисми Каримовнининг ўзбек халқи бошига солган кулфатларини яшириб, унинг шахсиятини улуғлаш ишлари учун тарғибот ишларига сарфланди.

Халқни бошқараётган катта-кичик амалдорлар ўзлари шу халқнинг фарзандлари бўлатуриб, минг марта афсусларким, улар Каримовнинг айтганларини бажариб, ҳатто қўлларини халқнинг қонига ботиришдан ҳам тоймадилар.

Улар йўқчилик, ўта қимматчилик ва адолатсизликдан хўрланган бу халқ учун бирор яхшилик қилиб, унинг дуосини олишга харакат қилмадилар, ахир бундай ишлар мард ўғлонларнинг ишлари эмасмиди!?

Каримовнинг Президентлик вазифасига кириш олдидан ичган қасамида унинг:
“Ўзбекистонда демократик хуқуқий давлат қуришни амалга ошираман ва кучли фуқаролик жамияти барпо этаман, халқим танлаган бозор иқтисодига ўтишдаги барча қийинчиликлардан уни авайлаб асрайман ва конституциядаги барча озодлик ва эркинликлар билан халқимни тўла таъминлашга тантанали қасамёд қиламан ва ушбу ваъдаларимдан қайтсам, мен халқимнинг энг оғир жазосига лойиқ бўлишга розиман”,
мазмунидаги қасамига Каримов хиёнат қилганини кўриб туриб, парламентнинг иккала палатасидаги депутат ва сенаторлар индамай келиб, унинг бу оғир жиноятларига улар хайриҳоҳ бўлибгина қолмай, шерик бўлиб ҳам қолдилар!

Юқоридаги айтилган гапларни бугун айтаверсак тамом бўлмайди ва энг асосийси бугунги ўзбек халқининг аҳволи тўғрисида қисқача берган баёнотимиздан хулоса шуки, ҳамма Ўзбекистон ичкари ва ташқарисидаги ўз халқини ўйлайдиган барча ватандошларимиз бир мушт бўлиб бириксак, истаган орзумизга эришиш мумкин.

Шундай экан, айниқса муҳолифатчи партия ва инсон хуқуқ вакиллари халқ билан аҳил бирдамлик қилиб, харакат қилмоғимиз керак. Айниқса мана шундай қалтис дамларда, диктатор Каримовнинг қўғирчоқлари таъсирига берилмай, ҳар биримиз ўз шахсий амбицияларимизни четга суриб, якдиллик кўрсатмоғимиз керак!

Каримов диктурасини йўқотмай туриб ва унинг халқимизга келтираётган хар кунги саноқсиз зарарларини ва уларнинг ҳарқандай жиблажибон йўллар билан конспирация қилинишига қарамай фош этишимиз лозим.

Токи диктатурани йўқ қилмас эканмиз, ўзбек халқининг косаси оқармас эканлигини халқимиз орасида ҳарбир инсон билишлари керак деб ҳисоблайман ва бундай ишларда бир биримизга лой сачратишларни йиғиштириб, бутун куч ва харакатимизни аҳиллик билан диктаторга қаратиш керак деб ҳисоблайман.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares