Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқлаш ҳақидаги қарор қабул қилганини эълон этганига қарамасдан, тобора кўплаб вилоятларда мактаб ўқувчилари дарсларни қолдириб, пахта теришга сафарбар этилганлари аниқлашмоқда. Норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси ҳамда «Фергана. ру» ахборот агентлиги мухбирлари болаларнинг Наманган вилоятида пахта теришаётганига гувоҳ бўлганлар, буни тасдиқловчи фотосуратлар интернетда эълон қилинган. Би-би-си Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаоли Олег Сарапуловдан ўзларининг сафарлари ҳақида сўраган.
Олег Сарапулов: Биз Наманган вилояти Уйчи туманида бўлдик. «Элита» фермер хўжалиги далаларида бўлганимизда, болалар меҳнати эксплуатация қилинаётгани ўз тасдиғини топди. Бирор бир пахта териш техникаси йўқ, болаларнинг пахта теришларига тўғри келаяпти. Болаларга норма белгиланган, улардан ҳар куни 20 килограмм пахта топшириш талаб қилинаяпти. Болалар ўзларига бу терилган пахта учун қанча ҳақ тўлашларини билишмайди.
Би-би-си: Сиз пахта даласида кўрган болалар неча ёшда?
Олег Сарапулов: 12 ёшдан 16 ёшгача. Улар бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи, тўққизинчи синф ўқувчилари.
Би-би-си: Болалар неча кундан буён пахта теришаяпти экан?
Олег Сарапулов: Биз кеча гаплашган 6-мактабнинг 8-синф ўқувчилари 5 кундан бери пахта теришаётганини айтишди, эрталаб соат 8 дан кечки соат 4 гача далада бўлишаяпти экан.
Би-би-си: Болалар учун далада қандай шароитлар яратилган?
Олег Сарапулов: Ҳеч қандай шароит яратилмаган. Улар учун тушлик тайёрлаб беришаётган экан. Аммо болалар бу овқатни ейишни хоҳлашмаётган экан. Сабаби, бу таомлар мазали эмас ва болаларнинг терган пахтасидан жуда кўп пулни овқат учун чегириб қолишади. Болаларни транспорт билан таъминлашмаяпти, улар далага бориш учун 5 километрлик масофани пиёда босиб ўтишларига тўғри келаяпти. Шу билан бирга болалар далага ўзларича боришаяпти.
Би-би-си: Мактаб ўқувчилари нимага асосан пахта даласига олиб чиқилаяпти, буни аниқлашнинг имкони бўлдими сизда?
Олег Сарапулов: Ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Лекин бизга ўқитувчиларнинг айтишларича, агар ўзларининг синфларидаги бирор бир ўқувчи далага чиқмаса, ўқитувчидан тушунтириш хати ёзиш талаб қилинаяпти. Агар болалар кунлик нормада белгиланганигача пахта теришмаса, бунинг учун ўқитувчиларнинг маошларидан 2000 сўм ушлаб қолиниши айтилипти. Болаларнинг пахтага чиқишлари устидан назоратни туман ҳокимияти вакиллари, туман маориф бўлими раҳбарлари, мактабларнинг директорларининг ўзлари текшириб боришаяпти. Бизга айтишларича, бутун Наманган вилояти бўйича 40 қа яқин ўрта мактаб болалари сафарбар этилган. Мактабларнинг фаррошлари, лаборантлари эса 15 кундан буён пахтада эканлар.
Би-би-си: Сиз расмийлар билан гаплаша олдингизми? Ахир бу Ўзбекистон Бош вазирининг болаларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақидаги қарорига зид-ку…
Олег Сарапулов: Биз Уйчи туман ҳокимияти вакиллари билан телефонда гаплашдик. Улар болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини рад этишди. Туманда қандай пахта навлари экилгани ҳақида бизга айтиб беришаётганида телефон алоқаси узилди. Биз 6-мактаб болалари пахта тераётган даладан кетганимиздан кейин бизни қидириб, 5 нафар милиция ходими келипти, бизга ҳамроҳлик қилган наманганлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аҳмаджон Нормирзаевни ҳам уйига милиционерлар қидириб боришипти. Расмийлар болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабар тарқалмаслигини исташади.
BBCUzbek.com



