Оқланмаган ишонч қиссаси (1-9)

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада.
Бегона

(ёки беш ой давом этган раҳбарлик)

(9 бобнинг давоми)

Билсангиз, турғунлик йилларида республикамизда жамики қимирлаган жон борки, йиғим-теримга сафарбар этиларди. Хусусан, шаҳар ташкилотлари ҳам пахта теримига жалб этиларди ва бу тадбирни уюшқоқлик билан амалга ошириш учун шаҳар партия қўмитасининг қошида махсус штаблар тузиларди. Одатда, ўша штабларга шаҳар партия қўмитасининг номенклатурасида махсус рўйхатда турадиган нуфузли раҳбарлар бошчилик қилардилар.

Қисқаси, Шахрисабзда учта штаб бор эди. Битта штабга шаҳар прокурори бошчилик қиларди: Омонов ёки Омон ака деган одам эди. Иккинчи штабга шаҳар партия қўмитасининг мафкуравий ишлар бўйича котибаси Муқаддам Раҳматова деган опа бошчилик қиларди. Қарангки, жонкуярлигим, тиниб-тинчмаслигим туфайли шаҳар “горком”ининг парткомиссияси раиси Толиб Султонов бошчилик қилаётган учинчи пахта штабига Березиков мени раҳбар этиб тайинлади. Парткомиссия раиси Толиб Абдуллаевичнинг ўрнини менга олиб берди.

Ҳар куни шаҳардаги йигирма тўртта ташкилотнинг раҳбари оқшом пайти ҳузуримга келиб менга ҳисобот берарди. Мен шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари Евгений Березиковнинг сиёсатини ўтказиб, ташкилот раҳбарларидан ҳисобот талаб қилардим. Масъулиятли партиявий топшириқларни олганимдан сўнг, ҳар оқшом шаҳар партия қўмитасининг Бюро мажлисларида қатнашадиган бўлдим. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ваҳимаси, дағдағаси зўр эди – биз ўша идораларнинг бошлиқлари билан биргаликда доим биринчи қаторда ўтирардик.

Агар Березиков бирорта раҳбарга дакки берса, у жимгина ўтириб гап эшитса майли эди, акс ҳолда, шаҳар прокyрори ўрнидан сапчиб туриб:

– Ҳозир қўлингга кишан солиб, залдан олиб чиқиб кетаман, қaмоқдa чиритиб юбораман! – деб дўқ урарди. Шаҳар милицияcининг бошлиғи ҳам ўша одамга совуқ бир назар ташлаб қўйса, кифоя эди. Муҳит шунақа эди. Мен ҳам ўша корчалонларнинг қаторида – Толиб Султоновнинг ёнида ўтирардим. У киши кейинчалик узоқ муддат республика ташқи ишлар вазирлигида ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишладилар.

Пахта терими мавсуми бошлангандан кейинги дастлабки мажлислардан бирида Евгении Ефимович шаҳар давлат банкининг Расулов деган бошлиғини ниқтаб кўрсатди:
– Ўрнингдан тур! – деди Березиков.

– Эшитаман, Евгений Ефимович, – деди Раcулов. Бу кишини Шаҳрисабзда ҳaммa ҳypмaт қиларди, кайвони одам эди, бoйлиги ўзига етиб ортарди.

– Нечта “УАЗ”инг бор? – деб cўради Березиков.

– Тўртта.

– Биттаcиии то пахта терими мавcуми тугагунча Иcмат Хушевга биркитиб бераcан.

– Хўп бўлади.

Шундай қилиб, хизмат машииасига ҳам эга бўлдим. Ўша машина эрталаб мени Китобдан олиб кетади. Ишхонага бормасдан, тўппа-тўғри пахта далаларига йўл оламиз. Қайcи ташкилот вакилларининг қайси пайкалдан пахта тераётганини олдиндан билардим.

Ўшанда ҳам ёшлик қилган эканман, ҳозир эсласам, кулгим қистайди. Одатда, пахта даласига борсам, ташкилот ходимларидан уч-тўрттаси тутқатор соясида дам олиб ўтиришган бўларди. Тўғри одамларнииг устига бостириб бориб:

-Нега ўтирибсанлар? – деб дўқ урардим. – Билмайcанларми, ахир пахта бизнинг миллий ифтихоримиз-ку! Нега терим cyръатини паcайтириб юбордиларинг?! Тур ҳамманг, қани пахтазорга марш!

Энди ўйласам, одамлар билан ишим бўлмаслиги керак, уларнинг кўнглини оғритмаслигим лозим экан. Керак бўлса, раҳбарлардан талаб қилишим, бошқа штаб бошлиқларига ўхшаб далаларни номига бир айланиб келиб, бирорта салқингина шийпонда шахмат-пахмат ўйнаб, эллик грамм ичиб, мазза қилиб ётишим керак экан.

Бир куни, одатдагидек, ўпкамни қўлтиқлаб далага борcам, тўрт-бешта ташкилот раҳбар тутқаторда ўтиришган экан. Қopaм кўриниши билан уч-тўрттаси қочди, лекин биттаси қочмай турди. Лабларимни пирпиратиб унинг ёнига хезланиб бордим. У киши ёғ заводининг директори Шуҳрат ака Йўлдошев экан.

– Нега ўрнингиздан турмайcиз? – дедим ҳе йўқ, бе йўқ.

– Нега туришим керак? – деди у ҳам тап тортмасдаи.

– Мен шаҳар партия қўмитаcининг вакилиман! Мен келганда ялпайиб ўтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Қолаверса, мени назар-писанд қилмасдан ўтирадиган валломатни ҳали онаси туғмаган!

Хуллаc, Шуҳрат аканииг дилини оғритганим учун ҳали-ҳали афсусланаман. Ғўp эканман, зўрма-зўраки кампаниячиликни жиддий партиявий тадбир деб ўйлардим.

Ўша “жонажон” партия менга ўхшаган лақма одамларни аҳмоқ қилаётганини тушунмаcдим.

Кечқурунлари йигирма тўртта ташкилот раҳбарлари менга бирма-бир ҳисобот бериши лозим эди. “Шу бугун нечта одам чиқди? Қанча пахта терилди?” – деган cаволга тик туриб жавоб беришарди. Худонииг берган кунида аҳвол шу эди. Кўпинча бой-бадавлат колхозларнинг идораларини штаб қилиб олардик. Раиснинг хонасида тўрга ўтириб олиб, ташкилот раҳбарларини битталаб тергов қилардим: “Ундоқ қилиб юбораман, мундоқ қилиб юбораман!” деб жўжахўрозга ўхшаб бўйнимни чўзардим. Мен раҳбар билан сўкиниб муомала қилиш кераклигини партия мажлисларида ўргангандим. Раҳбар қанчалик болахонадор қилиб сўкинса, шу қадар қаттиққўл, талабчан ҳисобланарди. Ҳисоботлар эшитилгач, колхоз боғларида бизга махсус дастурхон тузаб қўйишарди, энг тансиқ таомлар олдимизга қўйиларди, шоҳона зиёфатлар уюштириларди. Ўзимни худди горкомнинг биринчи секретаридек тутардим: оз пахта терган ташкилот раҳбарларини тикка турғазиб, ваҳимани бошлардим: “Сени изсиз йўқотиб юбораман! Сени қамоқда чиритаман!”

Биласиз, нутқим зўр. Агар нутқинг зўр бўлса, ёлғондакам сиёсат билан ўзбек халқини осонгина бўйсундириш мумкин экан. Ўша пайтлардаёқ одамларнинг лақмалигига, раҳбарнинг ҳар қандай ёлғон гапларига чиппа-чин ишонувчанлигига ишонч ҳосил қилганман. Айниқса, катта йиғилишларда бир- икки марта қоғозга қарамасдан оташин нутқ сўзлаб қўйсанг, дарҳол халқнинг тилига тушардинг: “Шаҳрисабзга даҳшатли битта раҳбар келибди! Ҳеч кимни аямайди-я, ҳумпар!” “Адолатли йигит экан!” ва ҳоказо дейишарди.

Ваҳоланки, мен у пайтларда кўп нарсаларни билмасдим, жамиятимиз аллақачон ичидан зил кетганини хаёлимга ҳам келтирмасдим.
У пайтларда шаҳар партия қўмитасининг биринчи секретари Евгений Ефимович Березиков мен учун Худо эди. У менга партиявий топшириқ бердими, тамом-вассалом, мен унинг топшириғини бажаришим керак эди, бошқасини билмасдим.

Учта пахта штабининг орасидан мен биринчи ўринга чиқишим керак эди. Салла келтир дейилса, калла кетиришга ҳам шай бўлиб турган пайтларим эди. Ўшандай долғали кунларнинг бирида қизиқ воқеа содир бўлди.

Шаҳрисабзда “Межрайбазa” (районлараро cавдо-cотиқ омборхонаси) деган ташкилот бор эди. Унинг директори – Йулдошева Маҳбуба опа деган жуда бадавлат, бамаъни бир аёл эди.

Шу киши кейинги кунларда негадир пахта штабига ўзи келмасдан, ўринбосариии юбора бошлади. Секин суриштириб кўрсам, мендан олдин штабга парткомиссия раиси бошчилик қилган пайтларда Опа шахсан ўзи ҳисобот топширар экан.

Мен штаб бошлиғи бўлиб келганимдан сўнг, нима бало, Исмат Хушевни назар-писанд қилмаяптими деб ўйладим. Ниҳоятда дарғазаб бўлдим-да, ўринбосарини ҳузуримдан ҳайдаб чиқардим:

– Бор йўқол, опага айтгин, ўзи зинғиллаб етиб келсин! – дедим.

-Келмаса, мендан ўпкаламасин!

Дарҳақиқат, орадан ҳийла фурсат ўтгач, опанинг ўзи етиб келди. Ҳузуримга кириб, ўзрли сабабларини айтди:

– Укажон, менинг қoн босимим кўтарилиб кетганди, мазам йўқ эди, кўрпа-тўшак қилиб ётгандим. Соғ бўлганимда албатта ўзим ҳисобот бергани келардим. Мана, ҳозир ҳам кўз олдим қоронғилашиб, бошим айланиб турибди. Қолаверса, биз отангиз билан бир синфда ўқиганмиз. Сиз яхши одамнинг фарзанди эканлигингизни билганим учун ҳам аҳволимни тўғри тушунасиз деб ўйлагандим, – дедилар.

– Майли, баҳонада ўзингиз билан ҳам танишиб олдим. Кўрдим, гапга чечан йигит экансиз. Лекин мени тўшакдан турғизиб олиб келишди, агар озгина сабр қилсангиз, икки-уч кундан сўнг ўзим ҳам далага чиқиб қолардим. Ҳозирча ўринбосарим билан савол-жавоб қилиб турсангиз девдим…

Опанииг мантиқли гап-сўзларини, ўктам товушини эшитиб ўтириб ниҳоятда изза бўлдим. Ҳақиқатдан ҳам, ёши бир жойга бориб қолган аёлни сарсон қилишим шарт эмас эди.
Кечқурун ўша воқеани отамга бориб айтдим.

– Яхши иш қилмабсан, ўғлим. Опа жуда яхши аёл, биз синфдошмиз. Ҳалиям олдингга боргани учун раҳмат дегин. Ахир, бутун област, шаҳар раҳбарлари Йўлдошева билан ўйлаб гaплашади, «Межрайбаза» жуда бой ташкилот, – деди отам…

Мен шаҳар партия қўмитасининг бюро мажлисларида нутқ сўзлардим. Ажабки, мен бошчилик қилаётган пахта штаби барча кўрсаткичлар бўйича бошқалардан ўзиб кетди, биз биринчи ўринга чиқиб олдик. Евгении Ефимович мени бюро мажлисларида мақтаб, ҳаммага ўрнак қилиб кўрсата бошлади.

Пахта йиғим-терими мавсумида яна бир воқеа бўлиб ўтди. Бевосита шаҳар партия қўмитаси топшириғига биноан ижроқўм шаҳар ва шаҳар атрофида транспорт ҳаракатини маълум муддатга тўхтатиш тўғрисида қapop қабул қилди. Ана шу қapop бажарилишини назорат қилиш баҳонасида ГАИ ходимлари билан шаҳар бўйлаб изғиб юрадиган бўлдим.

ГАИ ходимлари кўчалардан ўтиб кетаётган енгил машиналарни тўхтатиб беришарди. Мен машина эгаларини дарҳол cўроққa тутардим:

– Кимсан? Нима қилиб юрибсан? Нега пахта теримига қатнашмаяпсан? Сен партия-ҳукуматимизнинг сиёсатига душмансан!

Албатта, ҳар қандаи ҳайдовчи менинг саволларимни эшитган заҳоти довдираб қоларди. Мен ҳайдовчиларнинг илтимосларига қулоқ солмасдим, жуда кўп одамларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини тортиб олиб, машиналарини милицияхонага қаматиб қўярдим.

Тўғри, шаҳар раҳбарлари ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимларига шунақа фавқулодда ҳуқуқ берганди, лекин бундай аҳмоқона ишларга мен аралашмаслигим керак эди.

Шаҳар раҳбарлари ўзларининг ярамас ишларини ҳам менинг қўлим билан амалга ошира бошладилар. Шаҳарда ҳар хил гап-cўзлар тарқалди: “Шаҳрисабзга яна битта янги горком секретари келибди, ниҳоятда баттаринлар тоифасидан экан, ўрисга гап тушунтириш мумкин, аммо унга гап уқтириб бўлмайди!” дейишарди одамлар.

Ҳa, мени кўпчилик горком секретари бўлса керак деб ўйларди. Агар мен бировнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйган бўлсам, уни ҳеч ким қайтариб ололмасди. Чунки мен Березиковнинг одами эдим. “Иcмат Хушев шахсан назорат қилиб турибди, гувоҳномани беролмаймиз”, деб жавоб қайтаришарди ГАИ ходимлари.

Орадан анча вaқт ўтгач, айрим таниш-билишларим менинг ҳузуримга илтимослар билан кела бошлашди:

– Фалончининг «право»сини олиб қўйибсиз. Иложи бўлса, бериб юборинг, – деб соатлаб ялиниб-ёлворишарди.

Бундай илтимослар мени баттар ҳовлиқтириб юборарди: демак, Исмат Хушев одамларни ялинтирадигаи катта раҳбар даражасига кўтарилиб кетибди-да, деб кеккайиб юрадиган бўлдим.

Мен ўзимни ниҳоятда қудратли, ҳамма иш қўлидан келадиган одам сифатида ҳис эта бошладим. Рус тилида кишидаги бундай ҳолатни “разложение” деб атайдилар. Яъни, инсоннинг бузилиши шундай бошланар экан…

Шу ўринда инсоф юзасидан бир гапни айтиб қўйишим лозим. Катта йиғилишларда, манфаатлар тўқнашиб қолган баҳс-мунозара чоғларида мен ҳамиша жафокаш халқимизнинг тарафини олардим, оддий одамларни, меҳнаткашларни ёқлаб чиқардим. Раҳбарларни ошкора порахўрликда айблардим:

– Сизлар одамларнинг орзу-умидларини поймол қиляпсизлар! Сизлар Ленин партиясига доғ туширяпсизлар! Ахир, бизнинг партиямиз мазлумлар партияси, йўқсуллар партияси! Шундоқ бўлгач, қора меҳнатдан эзилиб кетган бечора халқимизни қачон ўйлайсизлар? – деб оташин нутқлар сўзлаб юборганимни ўзим ҳам билмай қолардим. Нутқим равон эди, шпаргалкасиз гапирардим. Мен нугқ сўзлаган пайтларимда роса қарсакбозликлар бўларди.

Айниқса, шаҳар ижроия қўмитасииииг раисаси билан орамиз бузилиб қолганини одамлар билишгач, Шаҳрисабз халқи орасидаги обрў-эътиборим ниҳоятда ортиб кетди. Бир марта ҳатто Гулчехра Фахриевнанииг ҳузурига арз- дод қилиб келган эллик-олтмишта одамларнииг кўз олдида мен опа билан айтишиб қолдим. Ёнини олганим учун одамлар мендан миннатдор бўлдилар, халқнинг орасида номим мaшҳyp бўлиб кетди. Бозорда ҳам, кўча-куйда ҳам “Исмат Хушев зўр экан!” деган овозалар тарқалди.

Ўша пайтларда бошқарув тизимида ишлаётган бирорта масъул ходим раҳбарларнииг порахўрлиги тўғрисида, бошқарув тизимининг ниҳоятда буйрyқбоз бўлиб кетганлиги ҳақида ошкора гапирмасди. Боз устига, раҳбарлар халқнинг орзу-умидларини поймол қилиб, фақат ўзларииииг шахсий манфаатларини қондириш билан машғyл бўлаётганини очиқ-ойдин айтадиган валломат ҳали камёб нусха ҳисобланарди. Кўп минг кишилик йиғилишлардаги оташии нутқларим менга катта обрў келтирди. Бироқ, шаҳар раҳбарлари орасида менга нисбатан бегонасираш бошланди. Улар Исмат Хушев деган жўжахўрознинг қаёқдан пайдо бўлиб қолганига ҳайрон эдилар…

Қисқаси, пахта йиғим-терими зўр ваҳима билан якунланди. Шаҳар партия қўмитаси қошидаги пахта штаблари тарқатиб юборилди: муқаддам айтиб ўтдим, мен бошчилик қилган штаб барча курсаткичлар бўйича биринчи ўринни олди. Лекии пахта мавсуми якунлангандан сўнг, Евгений Ефимович менинг борлигимни ҳам мутлақо унутиб қўйгандек эди гўё.

Ижроқўм раисаси қабул кунлари мени бевосита ҳузурига таклиф қилмай қўйган бўлса-да, аммо ижроқўмда бўладиган умумий йиғилишларда қатнашардим. Эсимда, ана шундай йиғилишларнинг бирида масъул котибимиз Ғайрат Хуррамовни қаттиқ танқид қилдим. Ижроқўм котибиятидан одамларга бериладиган ҳар хил справкалар учун бир сўмдан ҳақ олиб қолинарди. Мен буни фуқаролардан эшитгандим. “Шу иш нотўғри бўляпти, наҳотки бир варақ қоғознинг баҳоси бир сўм бўлса, бу нима деган ган, ахир? Ундан кўра ижроқўм ёнидаги Оқсарой ҳовлисига бориб тиланчилик қилган афзал эмасми?”- деб гапирдим. Хуллас, Ғайрат ака ўша мажлисда ерга кириб кетгудек бўлиб ўтирди. Мажлисдан сўнг у киши мени ўз кабинетига таклиф қилди:

– Исматжон, сиз мени нотўғри танқид қилдингиз. Мен гўё емаган сомса учун ҳақ тўлагандек бўлдим, – деб pўпарасидаги ўтирган ходимани кўрсатди: мана шу қиз эрта тонгдан қора ҳуфтонгача ишлайди, баъзан ишларининг чаласини уйига ҳам олиб кетади. Маоши эса етмиш сўм, холос. Бола-чақаси бор, эри ишламайди, ногирон. Қолаверса, фаррошнинг маоши олтмиш сўм, электрикники ундан ҳам кам… Справкалардан олиб қолинадиган бир сўм пул мана шу ходимлар ўртасида теппа-тенг тақсимланади. Ўша пулни ҳатто мен қўлимга ушламайман, ундан менга бир тийинлик фойда йўқ. Сиз мени бекорга хафа қилдингиз… – деди Fайрат ака.
Кейинчалик сўраб-суриштирсам, Fайрат ака тўғри айтган экан. Мен ўзимнинг юзаки адолатпарварлигимдан уялиб қолдим. Мен одамларни ҳимоя қилмоқчи бўлардим, лекин қош қўяман деб кўзни чиқариб қўйганимни ўзим ҳам билмай қолардим. Тажрибасиз эдим, ғўр эдим. Бироқ виждоним тоза эди, одамларнинг олдида юзим ёруғ эди, бировдан тилим қисиқ эмасди, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмаган эдим.

Ўз ёғимга ўзим қовурилиб юрган кезларимда отам бир келиб, ижроқўм раисасига учрашиб кетди:
– Ўғлингиз устамонликни билмайди, тактикани билмайди, – деб шикоят қилибди опа.
Албатта, бундай “шикоят”дан отамнинг ҳам энсаси қотади. Ишқилиб, ижроқўмда салкам беш ой ишлаб қўйдим. Энди бу ерда менинг косам оқариши қийин эди. Айниқса, Fайрат акани катта йиғилишда ўринсиз танқид қилганимдан сўнг, менга хайрихоҳ бўлиб юрган айрим раҳбарлар ҳам ўзларини четга тортдилар…

Ана шундай рутубатли кунларимнинг бирида Евгений Ефимович мени шаҳар партия қўмитасининг боғ-ҳовлиси (дача)га тушликка таклиф қилди. Хурсанд бўлиб борсам, горкомнинг иккинчи секретари Абдураҳмон Ашуров, парткомиссия раиси Толиб Султонов, ижроқўм раисасининг муовини Баҳриддин Муродов, шаҳар прокурори билан ички ишлар бўлими бошлиқлари ва яна кимлардир бор эди. Березиков тўрда қўр тўкиб ўтирибди. Қуюқ зиёфат бўлди. Ичдик, едик. Сўнг Березиков худди томдан тараша тушгандек:
– Исматжон, сен ҳарбий хизматга кетишинг керак, – деди. – Биз ўйлашиб кўрдик, сен армияга боришинг керак экан… Эртага сени қаршига, область ҳарбий комиссариатига суҳбатга чақирадилар. Эҳтимол, бу гал қолишинг ҳам мумкин, балки жўнаб кетишинг ҳам мумкин. Ҳозир аниқ бир нарса дейиш қийин. Бундай топшириқ қўққисдан келиб қолди. Ҳар қалай, тайёрланиб тур…
Мен тахта бўлиб қолдим. Ҳақиқатан ҳам, ТошДУда дастлаб сиртқи бўлимда, сўнг кечки бўлимда ўқиб, кундузги бўлимга ўтган пайтимда курcдошларим ҳарбий таълим курсларини тамомлашганди. Мен ҳарбий кафедрада таҳсил кўришга улгурмагандим. Москва Давлат универcитетини битирган чоғимда бошқа курсдошларимга заҳирадаги зобит унвони берилган бўлса-да, мен ҳарбий сабоқ олмаганим учун зобит унвонидан маҳрум эдим. Табиийки, мен олий маълумотли шахс сифатида икки йил эмас, бир ярим йил ҳарбий хизматга жалб этилишим лозимлигини билардим. Аммо, кутилмаган бир пайтда, шошилинч равишда ҳарбий хизматга чақириламан деб асло ўйламагандим. Қисқаси, улар билан хайрлашиб, уйга кетдим. Отамга бўлиб ўтган гапларни айтдим:
– Ҳаммаси тушунарли, ўғлим. Сен ёшлик қилдинг, мен ҳам сени қайтара олмадим. Назаримда, эртага сени Қаршидан тўппа-тўғри армияга жўнатиб юборишса керак. Қани, тайёргарликни кўринглар, – деди отам.
Эртаси куни Неъмат акам (худо раҳмат қилсин) Қаршига, область ҳарбий комиссариатига олиб борди. Бизни бир гуруҳ болаларга қўшиб, дарҳол автобуcларга чиқаришиб Бухорога жўнатиб юборишди. Акам билан аранг хайрлашишга улгурдим, холос. Бухородан Хоразмга, сўнг Туркманистон ва Каспий денгизи орқали (паромда сузиб) Ростов-Дон шаҳрига элтиб ташлашди…
Шаҳриcабз ижроқўмидаги беш ойлик хизматим давомида ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатларига дуч келдим. Кўзларим мошдек очилди. Тўғри, иш давомида кўп хатоларга йўл қўйдим, ҳовлиқдим, аммо ҳеч қачон виждонимга қарши иш қилмадим. Доимо оддий, жафокаш халқнинг ёнини олдим…

Афсуски, партия ва совет раҳбарлари орасида ўзимнинг бегоналигимни жуда кеч тушуниб етдим.

(Давоми бор)

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares