Турфа Ҳангомалар

ЧИЛАНГАР ВОВКА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ СИГИРЛИ БЎЛГАНИ ҲАҚИДА  (Абулфайз Баратов)

 Ўзбекчани сувдек ичадиган Жиззахлик Володяни дўстлари,таниш-билишлари ёшликдаги исми билан Вовка деб чақиришади. Вовка станогингда менга фалон нарсани ясаб берсангчи,Вовка сенга бир илтимосим бор эди…..У эса илтимосларни сираям рад этмайди.Шунинг учун барча уни ҳурмат қилади.  Ана шу Вовканинг чорвачиликка ишқи тушиб қолди.»Чилангарлик касби билан кун ўтказиш тобора қийин бўлаяпти?»-деб ўйлади у.-Яхшиси мол,қўй сотиб олиб бўрдоқисига боқаман,бойиб кетишим аниқ. Кўнглидаги гапини дўсти Гришага айтди.Дарроз Гриша дўстининг гапларига бироз қулоқ солиб турди-да,сўнгра насиҳатомуз деди:
-Иккита тана билан қўчқорча сотиб оламан деяпсанми? Сен Вовка сигир билан туянинг фарқига бормайсан-у…қулоқ сол. Тана икки хил бўлади. Урғочиси ва эркаги.Қўчқорча деганинг танадан кичикроқ хайвон. Олаётганингда уларнинг тагига ва шохига назар сол. Бўрдоқи бўладиганларнинг халиги сабили белида бўлади.

Дўстидан яхшилаб сабоқ олган Вовка Жиззах шахрининг Саройлик маҳалласидаги бозорга йўл олди. Даллолларни ишга солиб иккита эркак тана ҳарид қилди. Энкайиб уларнинг шоҳига ва тагига разм солди. Лекин таналарнинг тагида нима бўлишига ақли етмади. Навбат қўчқорчага етганида ўйланиб қолди. «Уни ўзим сотиб олсам-чи…»Хеч қанақанги қийин жойи йўқ экан. Даллолга берадиган пулимга пиво ичаман.

Вовка таналарни даллоллардан бирига ушлаб туришини илтимос қилди-да,бозор оралаб кетди. Бир чол урғочи бузоқчани ушлаб турарди.Қараса бузоқча танадан анча кичик . «Қўчқорчаси шу бўлса керак?»-деб ўйлаган Вовка:
-Хой бобой! Қўчқорча неча сўм бўлди?- деди юзига жиддийлик бағишлаб.Чолнинг аччиғи чиқди. Бу одам мени калака қилаяпти деб ўйлади. Бузоқчанинг нарҳини икки баробар қилиб айтиб юборди.Чолга пул жуда зарур бўлиб қолганлиги сабабли,биронта ҳаридор бузоқчани сигир қилиб боқиб олиш учун сотиб олар, деб бозорга олиб чиққан эди.Қараса манави ҳазилкаш эси паст ўрис чиндан ҳам у айтган пулни бераяпти.Негадир бузоқчанинг тагига ва шоҳига қарийди яна.

Бозордан қайтган Вовка машинадан таналарни туширар экан, унга ёрдамлашаётган Гриша :
-Қўчқор сотиб олмадингми?-деб сўради.
-Кўз борми сенда ўзи?- деди Вовка.-Ушлаб турганинг қўчқорчаку…
Гришанинг аччиғи чиқиб кетди.
-Қанақасига бу қўчқорча бўлсин. Урғочи бузоқ-ку, бу. Сен аҳмоққа олаётганда тагига қара демабмидим.
-Сен айтгандай уларнинг тагига ҳам шоҳига ҳам қарадим. Тагида нима бўлиши керак эди ўзи?
-Бало бўлиши керак эди?- Жиғибийрони чиқди Гришанинг. Эркагининг чоптирадигани белида бўлади, деб сенга яхшилаб тушунтирган эдим-ку. Қарагин,бунинг думбачаси ҳам йўқ. Боқавер энди, сигир бўлади,сутини ичиб юрасан.

Орадан бир неча йил ўтиб бузоқча сигир бўлди. Бола туғиб берди. Вовка бу воқеани ҳар гал эслаганида саройлик чолдан ранжигандек бўлар,сигир сутини мазза қилиб ичаётган болаларини кўрганида эса чолга раҳматлар айтиб қўярди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares