Сайтимизга Ўзбекистон Республикаси, Жиззах вилояти, Пахтакор туманида истиқомат қилувчи ёлғиз она Нуринисо Холбоевадан хат келди. Аниқроғи очиқ хат. Нуринисо опанинг бу оҳу-нолалари Олий суд раиси Б. Мустафоевга қаратилган. Умуман олганда, ёлғиз аёлнинг, онанинг, кўчада дарбадар кезаётган гўдакнинг ҳолига, оҳу-зорига тош бўлса, дош беролмай қоқ ёриларди. Бироқ Ўзбекистондаги Ҳукумати амалдорлари-ю, суд идораларида ўтирган қозилар қалбида мудраб ётган (агар бор бўлса?!) инсонийлик туйғулари уйғомаганига, виждонлари қийналмаганига қойил қоласан киши… Айни кунда Нуринисо опа бир нафар вояга етмаган гўдаги билан табиий газ ва электр энергиясиз истиқомат қилмоқда. Бу аёлнинг аччиқ қисмати кейинги йилларда Ўзбекистонда баралла янграётган “Бу муқаддас ватанда азиздир инсон!” шиорининг нақадар “ҳақиқат” эканлигидан далолат. Биз-ку, ушбу ОЧИҚ ХАТдан кейин ҳам Олий суддагилардан ёруғлик чиқмаслигига, Нуринисо опанинг елкасига офтоб тегмаслигига аминмиз. Бироқ Опанинг ҳали қонун идораларидан умиди ўлмаган кўринади… Ҳа, ноумид шайтон дейишади, ахир. Шу сабаб ҳам ушбу очиқ хатни эълон қилишга жазм қилдик. Эслатамиз, мазкур хат ҳеч бир таҳрирсиз берилмоқда.
Таҳририят.
Ў збектстон Республикаси Олий Суд раиси
Б. М У С Т О Ф О Е В га
Пахтакор тумани Тошкент маҳалласи
А. Навоий кўчаси 6-уй, 5-хонада яшовчи
Холбоева Нуринисо томонидан
О Ч И Қ Х А Т
Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Қ О Н У Н И эгаси.
Мен Сизга ушбу шикоят аризаси орқали мурожаат қилиб қуйидагиларни маълум қиламан. 2003 йил собиқ турмуш ўртоғим Холбоев Акбар билан Пахтакор шаҳар,
Тошкент маҳалласи, А.Навоий кўчаси 6-уйнинг 5-хонасини турмуш ўртоғимнинг поччаси, Пахтакор ДСИ ходими П.Чиндалиевдан 700.000 сўмга сотиб олиб, Пахтакор тумани ИИБ паспорт столидан қонуний рўйхатдан ўтиб яшаб келаяпман.
2009 йил охирларида турмуш ўртоғим ахлоқан бузулиб кетиб, мени ва вояга етмаган боламни ҳақоратлиб, уриб, зўрлик ва куч билан уйдан чиқариб юборди.
2010 йил январь ойи фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судига мени ва боламни яшаб турган уйимга яшашим учун киритиб қўйишларини сўраб ариза бердим.
Судда собиқ турмуш ўртоғим ва қариндошлари билан ўзаро тил
бириктирди. Улар мени уйдан сиқиб чиқариш мақсадида ҳийла йўлига ўтишди. П.Чиндалиев судда «уйни сотмаганман. Квартирага қўйганман» деган ёлгон курсатмаберди. Натижада менинг даъво аризам қаноатлантирилмади. Натижада, 2010 йилги қишнинг қахратон совуғида мени ва боламни кийим-кечаксиз, оч–наҳор кўчада яшасин деб фуқаролик ишлари буйича Дўстлик туманлараро суди судьяси Х. Эшмуродов қарор қабул қилди. Шундан сўнг, 2010 йил май ойида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судига кассация шикояти бердим ва суд кўриб чиқиб аризамни қаноатлантирди.
Мен ва болам судлар остонасида сарсонлигимдан турмуш ўртоғим Холбоев Акбар ва поччаси П.Чиндалиев ўзларининг ғаразли (уйдан мен ва боламни чиқариш) мақсадларини амалга оширишди. Яъни Пахтакор туман хокимлигининг мансабдор шахслари билан ўзаро тил бириктириб, мен 7 йилдан буён қонуний рўйхатдан ўтиб яшаб келаётган уйга Пахтакор туман хокимининг 2010 йил 7 апрел ойида Хайтова Г номига берилган № 01388 ордер билан овусинимнинг синглиси бўлган Хаитова Гулнорани, турмуш ўртоғи (эр-хотин гунглар) болалари, хамда онасини уйга яшаш учун киритди.
Хокимиятнинг баённомасига кўра уй шу пайтгача бўш турганмиш-да, ногирон Г.Хаитовага навбатсиз туҳфа қилинаётганмиш. Мантиқ қани?
Ахир мен 2010 йилнинг январ ойидан бошлаб судма- суд шу уй учун
жанжаллашиб юрибман-ку? Бундан ташқари, бирон суд сўрамайди ёки қизикмайдики, бу оила қаердан келиб қолди, бундан илгари қаерда яшаган, қачондан
буён туманда рўйхатда туради, деб. Гунгларнинг қадри бору, соғларнинг қадри йўқми? Болаларнингчи? Нохолиcлик шу ердан ҳам маълумки, хокимият учун ҳамма бир хил, тенг фуқаро эмасми? Хокимият ҳамманинг тинч яшашига бирдек маъсул эмасми? Ёки Хокимият Ўзбекистон қонунларига буйсунмайдими? Ўзбекистон Республикаси Кониститутциясининг 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг хаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз хуқуқлари олий қадирият хисобланади.
Демократик хуқуқ ва эркинликлар Кониститутция ва қонунлар билан химоя қилинади», дейилган. Мен Конуститутция ва қонун ҳимоясидаман деган фикрда эдим. Минг афсус, кейинги пайтларда «Қонун фақатгина қоғозда турар экан» деган фикирга келиб қолаяпман. Битта лўттибознинг ёлғон кўрсатмаси билан, баъзи муттаҳам мансабдорларнинг зўровонлиги туфайли мен билан боламнинг ҳуқуқларимиз оёқ ости бўлди ва бўлмокда! «Қилни қирқ ёрадиган суд ходимларининг бунга ақллари етмаяпти» демоқчимасман. Йўқ. Агар судьялар холис, адолатли бўлишганларида эди, мен қонуний рўйхатдан ўтиб, 7 йилдан буён яшаб турган уйимга бошқа оилани кўчириб киритиш мумкин эмаслигини х о к и м и я тдагиларга аллақачон тушунтириб қўйишган бўларди. 2011 йилнинг 3 ноябр кунида фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг судъяси Н.Р. Файзиеванинг Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарган бошдан аёқ-ёлғон, буҳтонларга тўла ҳал қилув қарорига асосан мен ва болам кўчада яшашга маҳкум бўлдик. Мен ва вояга етмаган боламнинг қишнинг қахратон кунларида кўчада яшашга маҳкум қилинишимиз Ўзбекистон Республикасининг қайси қонунларига ёки инсонийликнинг қайси таъмойилларига тўғри келади?
Ушбу шикоят аризаси билан мен Сиздан барча зўровонликларга, лўттибозликларга барҳам бериб , ўз уйимда ёлғиз болам билан тинч-осойишта ҳаёт кечиришим учун ёрдам беришингизни сўрайман. Акс ҳолда Бирлашган Миллатлар ташкилотига, Халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга мажбурман.
6.12. 2011 й. Н. Холбоева.



