Marhum do’stim Asqar Mahkam hotirasiga
Нега чақнар мовий чақинлар?
Шувалмоқда нечун тасаввур?
Нега узоқ бўлди яқинлар?
Қалин, сокин туманлар нечун,
Далаларни қоплабди яхлит?
Нечун булбул сайрайди ёлғиз?
Чумчуқларга қилмасдан тақлид.
Нега менинг икки кўзим кўр?
Ахир, бундай эмасди дастлаб.
Бу ёмғирлар нега бунча шўр?
Осмон бунча кетибди пастлаб?
Нега қалқиб чиқмади кўз ёш,
Осмонларга боққаним захот?
Нечун ҳеч ким отмай қўйди тош?
Махлуқлардан қутилдим нахот?
Холдор Вулқон
7 июль, 2008 йил, кундуз соат 5 : 29.
Торонто шахри. Канада.
Ёнғин
Уйғон, кўзларингни очгил, ҳой одам,
Нега беғамгина ётибсан мудраб?
Қуёшни ўчириш керакмас, галварс,
Уфқ тамон чопмагин шланка судраб.
Душманнинг кетига ўт кетган эмиш,
Кетса кетар, ёнсин машъала бўлиб.
Шунга ҳам ўйланиб ўтирибсанми?
Қўлингда баҳайбат шланка сўлиб.
Қара, буюк ёнғин рўпарасида,
Ёришди ботину зохиратимиз.
Мангу ўчмас вахший аланга бўлиб,
Гувиллаб ёнмоқда охиратимиз!
Холдор Вулқон
6 июль, 2008 йил. Кундуз соат 7 : 48.
Торонто шаҳри, Канада.



