Мўмин Бекзод, Ўш, Қирғизистон
Телекомпаниялар номига йўлланган расмий мактубга кўра, ушбу ахборот воситалари томонидан давлат тили борасидаги конун бажарилмаган тақдирда, жорий йилнинг 15 августидан эътиборан уларнинг эфирга чиқишлари чекланади.
Айни пайтда зикр қилинган телекомпаниялар раҳбарлари билан учрашув пайтида шаҳар ҳокими масалани жиддийлаштирмаслик ниятини изҳор қилган. Ҳоким телекомпанияларни қиргиз тилидаги материаллар билан таъминлашда кўмак кўрсатишни ваъда берган.
Икки ой муқаддам Қирғизистонда қабул қилинган «Телевидение ва радиоэшиттиришлар ҳакида»ги янги қонун ахборот воситаларида давлат тили устиворлигини таъминлашни кўзда тутади.
Ўз навбатида телекомпаниялар жамоалари қўйилган талабларни бажариш учун ҳозирча имкон йуқлигини урғулаб келганлар.
Оврўпо Иттифоқи «Телевидение ва радиоэшиттиришлар ҳакида»ги қонунда кўзда тутилган чекловлар юзасидан ташвиш билдирганди. Куни-кеча Ўшга ташриф буюрган Оврўпода хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Қиргизистондаги элчиси Эндрью Тесорьер ҳам тил юзасидан чеклашлар юзасидан таассуф изҳор килди.
«Телевидение ва радиоэшиттиришлар ҳакида»ги қонунга биноан мамлакат телерадиокомпаниялари маҳсулотининг ярмидан кўпроғи давлат тили бўлмиш қирғиз тилида чиқарилиши лозим. Шунингдек, кўрсатув ва эшиттиришларнинг камида эллик фоизи телерадиокомпанияларнинг ўз махсулоти бўлиши даркор.
Маҳаллий телекомпаниялар вакиллари ушбу шартларни бажариш имкони йуклигини таъкидламоқдалар.
«Ҳозир биз кунига йигирма соат эфирга чиқаяпмиз. Демак, ўн соатдан кўпроқ кўрсатувларимиз давлат тилида бўлиши керак. Бу талабни бажариш жуда қийин, чунки давлат тили бўлмиш қирғиз тилида материаллар жуда кам», – дейди ЎшТВ раҳбари Халилжон Худойбердиев.
Халилжон Худойбердиевнинг айтишича, қонун ижодий жамоа имкониятларини торайтирмоқда.
Жалол-Обод шаҳридаги «Справедливость», яъни «Адолат» жамоатчилик жамғармаси ходими Абдумалик Шариповнинг фикрича, ўзбекзабон телекомпаниялар янги қонун зарбасига биринчи бўлиб учрашлари мумкин.
«Аслида давлатимиз бошқа миллат вакилларига шароит яратиб бериши керак эди, айтайлик, давлат телевидениесида улар учун вақт ва дастурлар ажратиб. Қирғизистон фуқаролари бўлган ўзбеклар, руслар ва бошқа миллатлар вакиллари давлат сиёсати борасида ўз она тилларида ахборот олишса нур устига нур бўлар эди», – дейди Абдумалик Шарипов.
Маҳаллий ноҳукумат ҳамда халқаро ташкилотлар назарида, «Телевидение ва радиоэшиттиришлар ҳакида» ги янги қонун республикада иш олиб бораётган телерадиокомпанияларнинг аксар қисми фаолияти тўхтатилишига олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
Ўшдаги Қиргиз-Ўзбек университети профессори, файласуф Арап Анарбаев эса янги қонун ижодкорларни кўпроқ изланишга, ўрганишга, илғор ахборот воситалари мавжуд давлатлар тажрибаларидан фойдаланишга ундайди, мажбур қилади, деб ҳисоблайди.
«Қирғизистон, деган мамлакатда яшаётган экан, ҳар қандай телекомпания иш бошлашдан аввал масаланинг шу томонини ҳам ҳисобга олиши лозим. Кўрсатувларнинг ҳеч бўлмаганда ярми давлат тилида олиб борилмаса, жамоатчилик буни тушунмай қолиши мумкин. Шунинг учун пул етишмаслигига имо қилавермай, яхшиси йулини топишлари керак. Давлатдан кўмак оладими, халқаро ташкилотларданми ёки ҳомийларданми – бу бошқа масала», – дейди қирғиз шоири Абдурашид Ўрбоев.



