Қирғизистон ‘ВИЧ маҳкамаси’да ҳукм

 

Образец Web-страницы

oshcourt.gif
ВИЧга чалинган болалар сони эса 72 нафарга етган.

Жанубий Қирғизистонда бемор гўдакларга СПИДга етакловчи ВИЧ вируси юқтириб қўйишга оид айбловларга юз тутган 14 нафар шифокор устидан ҳукм ўқилган.

Ўш ва Қорасувда икки ой давом этган маҳкама 9 нафар шифокорни ўз ишига совуққонлик оқибатида болаларга ВИЧ вируси юқтириб қўйишда айбдор, деб топган. Судланувчилардан 4 нафари эса айби исботланмагани боис озод қилинган. Бир шифокор ишини йўқотгани айтилмоқда.

Мухбирларимизга кўра, судланганларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбларни рад этишган.

Уларнинг ҳимоячилари эса касалхоналарда етарли шароит ярата олмаган давлатнинг айби каттароқ, деб таъкидлаганлар.

Ҳукм ўтган жума куни ўқилган, аммо бу ҳақида фақат орадан икки кун ўтгач маълум бўлмоқда.

Дунё матбуотида шов-шув бўлган «Қирғизистон ВИЧ машмашаси» борасидаги илк ҳукм Қирғизистоннинг ўзида ҳам кенг ёритилаётгани йўқ.

Маълум бўлишича, айни маҳкамада фақат 24 нафар даъво аризаси кўриб чиқилган.

Аммо қатор ВИЧ вируси юқтирилган болаларнинг ота-оналари ўз аризаларини қайтариб олишган.

Бир йил илгари Новқатдаги касалхонада даволанган болаларда ВИЧ вируси топилгани ҳақида хабарлар тарқаганди.

Кейинроқ эса 72 нафар ёш бола, тўрт она ҳамда бир шифокорнинг СПИДга етакловчи ВИЧ вирусига чалингани билдирилади.

Мутахассислар тахминларича, ВИЧ вируси болаларга касалхонада юқтириб қўйилган бўлса, айрим оналар эса эмизиш чоғи вирусни юқтириб қўйган бўлишлари мумкин.

Бу иш юзасидан мамлакатда кечган илк маҳкама касалга чалинган ҳар бир боланинг даволаниши, оиласига етказилган маънавий зарар ва ҳозиргача нобуд бўлган гўдаклар таъзияси харажатлари учун бир неча минг долларлик товон пули ундирилиши бўйича ҳам ажрим чиқарган.

Аммо айни товон пулини касалхона ва ё мамлакат Тиббиёт Вазирлиги эмас, балки ҳукм этилган шифокорлар тўлашлари шарт.

Айбларини тан олмаган шифокорлар эса товон пулини ҳам тўламасликларини таъкидлашмоқда.

Мухбирларимизга кўра, болаларга ВИЧ юқтириб қўйилиши ортидан қандайдир текширувлар кучайтарилганди, аммо одамлар яна ҳаммаси эски ҳолига тушиб қолганидан нолишади.

«Ҳатто шифокорларнинг ўзлари ҳам қариндош ва дўст-биродарлари касал бўлиб қолишса, шифохонага элтмасдан, уйда даволанишни маслаҳат берашади» – дейди Ўшдаги мухбиримиз Мўъмин Беҳзод.

Марказий Осиё касалхоналарида беморларга ВИЧ вируси юқтириб қўйиш ҳодисаси илк бора учраётгани йўқ.

Бир йил илгари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ҳам 70дан зиёд гўдакка СПИДга етакловчи ВИЧ вирусини юқтириб қўйишга оид айбловлар билан 21 нафар шифокор маҳкамага тортилганди.

Эндиликда Чимкентдаги касалхонада ВИЧ юқтириб қўйган норасидалар сони 150 нафарга етмоқда.

Мутахассисларга кўра, минтақа касалхоналарида дори-дармон ва асбоб-ускуна таъмноти афтодаҳол, донор қонлари етарлича текширилмайди, бир мартали игна ва уколларни эса қайта-қайта ишлатиш ҳоллари кузатилади.

Шунингдек, эҳтиёткорлик чоралари назорати ҳам етарли эмас ва кўп мамлакатларда порахўрлик ҳоллари авжига чиққан.

Айни ҳолат эса камбағал тоифаларга етарли ва хавфсиз тиббий хизмат кўрсатиш сифатини шубҳа остига қўяди.

Қозоғистонда эса гиёҳвандлардан ҳам донор сифатида қон олинган бўлиши эҳтимоли қайд этилади.

Марказий Осиёда ВИЧга энг кўп чалинадиган тоифа эса айнан гиёҳвандлардир.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares