ХУСУСИЙ МУЛК — ДАХЛСИЗДИР

Образец Web-страницы


Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди раиси
Д. Мирзакаримовга
Денов туманидаги “Йўлдош” кичик корхонаси
таъсисчиси ва раҳбари

 

АРИЗА

 

Муҳтарам Дилмурод Аҳмадуллаевич, 1993 йилнинг 7 майида Сурхондарё вилояти Тўполанг-Қоратоғ каналлари Бошқармаси қошидаги хўжалик ҳисобидаги участка, Денов шаҳар ФҲДЁ бўлими ва Денов туманидаги “Йўлдош” кичик корхонаси биргаликда Денов шаҳрининг бош режаси асосида Денов шаҳар Ш. Рашидов кўчасида ҳар учала корхонанинг биносини қуришга келишган эдик. Шартнома шартларига кўра, хўжалик ҳисобидаги участка “Йўлдош” кичик корхонаси билан биргаликда қурилиши 36х10.2 метр ҳажмдаги ертўла билан ҳисобланганда уч қават қилиб бино қуриш, шу жумладан, кичик корхона бинонинг пойдевори, ўзига тегишли 36х10.2 метр ҳажмдаги ертўла ҳамда бинонинг биринчи қаватидаги 21х10.2 метр ҳажмдаги қисмнинг сарф-харажатларини, шунингдек, бинонинг ташқи қисмида кўкаламзорлаштириш ишларини бажариши, умумий овқатланиш, савдо-сотиқ хизматларини ташкил қилишни ўз зиммасига олган. Мазкур шартнома Денов шаҳар ҳокимининг 1993 йил 30 декабрдаги 499-сонли Қарори билан тасдиқланади.

1993 йилнинг июль-сентябрь ойларида қурилиш технологияси асосида “Йўлдош” кичик корхонаси бинонинг пойдевори, ертўла ва биринчи қаватдаги ўзига тегишли 21.2 метр ҳажмдаги ишларни тўлиғича ўз буюртмаси асосида бажаради. Хўжалик ҳисобидаги участка эса Тўполанг-Қоратоғ каналида кузги-қишки мавсумий таъмир ишлари бошланиб кетгани сабабли қурилишда иштирок этолмай туради. Лекин 1994 йилнинг 1 апрелида хўжалик ҳисобидаги участка юқори ташкилотнинг буйруғи билан тугатилади. Бундан хабар топган Денов шаҳар ҳокими ўзининг 1994 йил 4 июлдаги 123Ф-сонли фармойиши билан шаҳардаги 7 та ташкилотга 99 миллион сўмни ФҲДЁ биноси қурилиши учун “Йўлдош” кичик корхонасининг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб бериш вазифасини юклайди, аммо бу кўрсатма ҳеч ким томонидан бажарилмайди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг 1997 йил 1 ноябридаги Қарори билан Денов шаҳар ҳокимлиги Денов туман ҳокимлигига қўшиб юборилади. Шундан сўнг “Йўлдош” кичик корхонаси раҳбари ФҲДЁ бўлими мудирасига хат ёзиб, ФҲДЁ бўлимига ажратиш учун қурилаётган хоналарини молиялаштириш масаласини ҳал қилишни сўрайди. Хат жавобсиз қолади.

Денов туманидаги “Афросиёб” гўшт, сут, савдо ишлаб чиқариш корхонасининг директори 2001 йил 20 май куни “Денов шаҳридаги Ш. Рашидов номли кўчадаги ташкилотга қарашли ер майдонида икки қаватли савдо хизмат кўрсатиш корхонаси ва «Бахт уйи» бинолари қурилиши ҳақидаги 126-сонли буйруғини имзолаб, ушбу буйруқни тасдиқлашни Денов тумани ҳокимидан сўрайди. Денов туман ҳокими 2001 йил 13 августдаги 348-сонли қарори билан “…700 кв.метр ер майдонини «Бахт уйи» ва савдо хизмат кўрсатиш мажмуи қурилиши учун ажратиш ҳақида топшириқ беради. 2002 йил 10 июнда “Йўлдош” кичик корхонасининг раҳбари ФҲДЁ бўлими мудираси Р. Абдураҳмоновга хат йўллаб, юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда 1993 йил 7 майда имзоланган шартномани бекор қилишга розилик беришини сўрайди. Мазкур хат ҳам жавобсиз қолади.

“Йўлдош” кичик корхонаси Сурхондарё вилояти хўжалик судига 2003 йил 19 майдаги “Шаҳар ҳокимининг қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва уч томонлама тузилган шартномани бекор қилиш ҳамда қурилаётган бинога “Йўлдош” кичик корхонасининг эгалик қилиш ҳуқуқини бериш ҳақида”ги даъво аризаси беради. Суд ўзининг 2003 йил 4 августдаги 19-0301-1376-сонли ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилади.

Биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қарор қисми оғзаки ўқиб эшиттирилганидан сўнг Денов туман ҳокимининг суддаги вакили Қ. Отоуллаев 2001 йил 6 июнда тузилган далолатнома ва ўзининг суд номига ёзган маълумотномасини ҳамда Денов туман ҳокимининг 2000 йил 18 сентябридаги 1078-сонли қарорини тақдим этган эди. Мазкур ҳужжатлардан кўринишича, Сариосиё ва Узун туманлари тоғ ҳудудларида экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлардан талофот кўрган қишлоқ аҳолисига Шеробод тумани “Истиқлол” жамоа хўжалигида айрим ташкилотларнинг ҳашар йўли билан уй-жой қуриш ташаббуси қўллаб-қувватланганлиги, тумандаги “Сурхонозиқовқатсаноати” ҳиссадорлик жамияти бу қурилиши учун қиймати 259 минг сўмлик 74 кв.метр линолеумни туман Бош архитектори Қ. Отоуллаев орқали ҳомийлик сифатида ажратганини, лекин линолеум талофат кўрганлар учун уй қурилишига эмас, балки низоли бинонинг “Бахт уйи”га ажратилишига кўзда тутилган хоналари полига тўшалганлигини, Сурондарё вилоят архитектура ва қурилиш назорати томонидан текшириб кўрилганда ленолеумни тўшашда қурилиш меъёрлари ва қоидалари бузилганлиги сабабли уни бузиб, қайта тўшаш зарур эди. Сурхондарё вилоят Хўжалик суди раиси ўринбосари М. Алланазаров раислигидаги аппелация суди ҳайъати 2003 йил 4 сентябрдаги 19-0301-1376-сонли иш юзасидан қабул қилинган аппелация қарорини асослашда эса Қ. Отоуллаев томонидан талончилик йўли ўмариб келинган ленолеиумнинг ва уни тўшаш учун туман ҳокимлиги томонидан “Деновмахсуссувтаъмир” ОТАЖга тўланган 200 минг сўмни “…туман ҳокимининг қарори асосида ҳомий корхоналар орқали бинонинг қурилишига маълум миқдорда маблағлар ажратилган ва сарфланган” деб баҳолаган ҳолда нохолис равишда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган, кейинчалик Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси томонидан ҳам ўзгаришсиз қолдирилган эди. Ҳолбуки, Денов туман Бош меъмори Қ. Отоуллаев томонидан экстремизмдан жабр кўрганлар учун бошпана тикланаётган жойдан ФҲДЁ мудираси Р. Абдураҳмонованинг кўнглини овлаш учун ўғирлаб келинган ленолеум масаласи борасида муайян тартибда иш қўзғатилиши ва мазкур ноқонуний операция фош қилиниши лозим эди. Бинобарин, Р. Абдураҳмонов туман ҳокимига 12.10.2000 йилда мурожаат қилиб, “Йўлдош” кичик корхонаси ўз ҳисобидан қураётган “Бахт уйи”ни “ҳашар йўли ва ўз маблағи” ҳисобидан қурилганини таъкидлаб, бинони хусусийлаштириб (!?) беришни сўраган. Қисман фирибгарлик ва юзсизлик орадан 8 йил ўтиб, судларга қадар етиб келди. Абдураҳмонованинг ноғорасига ўйнаган, айрим ҳолларда ўзининг лоқайдлигидан қутула олмаётган Сурхондарё хўжалик суди судьялари ишни ўзлари хоҳлаганича турли томониларга ташлаб кўришди.

Орадан йиллар ўтиб, 2007 йил 14 май кунида Денов туман бош архитекторининг 35-сонли хатида Денов шаҳар Бош режаси “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” (Ўз НИИП градостроительства)нинг 1990 йилдаги ИНВ:8843 рақами билан рўйхатга олиниб, тасдиқланган режага кўра “«Бахт уйи»” (Дворец бракосочетания) биноси 97-рақам билан белгиланган бўлиб, Туркистон (собиқ Ф. Энглеьс) кўчасининг Қизилсув дарёсини кесиб ўтиши лозим бўлган жойидан шимол томонга 150 метр масофага, дарёнинг шарқий қирғоғида, яъни низоли бино ҳозирги қурилган жойидан 1500 метр жанубий ғарбда қурилиши режалаштирилган экан. Бу ҳолат “Йўлдош” кичик корхонасининг раҳбарияти учун янги ҳолат бўлиб, уни билмас, билиши ҳам мумкин эмасди. Шу сабабдан 2007 йилнинг 25 май кунидаги Сурхондарё вилояти Хўжалик судининг 2003 йил 4 августдаги 19-0301-1376-сонли иши юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш бўйича мазкур суднинг 2007 йил 30 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилди, яъни 1993 йил 7 майдаги шартномани, Денов шаҳар ҳокимнинг 1993 йил 30 декабрдаги 499-сонли қарорини ва Денов туман ҳокимлигининг “Бинолар, иншоотлар ва ер давлат кадастри” бўлими Денов туман ФҲДЁ бўлими номига Ш. Рашидов номли кўчаси 237а-уйда жойлашган низоли бинони (фойдали майдони 134.8 кв.м. бўлган бешта хонани), 306-рақам билан рўйхатга олингани ҳақидаги гувоҳномани ва кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас, деб топиш, шунингдек, Денов тумани “Йўлдош” кўп тармоқли кичик корхонасига қонунда белгиланган тартибди Денов шаҳар Ш. Рашидов кўчаси 237а-уй биносига эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида” ҳал қилув қарорини қабул қилган.

Орадан салкам 7 ой ўтгандан кейин Денов туман ФҲДЁ бўлими собиқ мудираси, гўёки манфаати бузилган фуқаро Р. Абдураҳмонова вилоят хўжалик судининг мазкур қароридан норози бўлиб, аппелация шикояти беради. Судья Ш. Ашуров шикоят қайд қилинган куниёқ, яъни 2008 йил 21 февралда иш юритувига қабул қилиш ва шикоятни 2008 йил 5 мартда аппелация ҳайъатида кўриб чиқиш ҳақидаги ажримни имзолайди. Сурхондарё вилоят Хўжалик суди раиси Ш. Ашуровнинг бу хилдаги “чаққонлиги” халқаро интернет тармоғида чоп қилинган “Пишиқ ошга… эга кўп” мақоласида ҳамда 2008 йил 14 майда “Туркистон” газетасида босилган “Энг муҳими — эътибор” мақолаларида фош этилганди.

Аппелация судининг биринчи мажлиси 2008 йил 6 мартда ўтказилиб, унда вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Кўчимов ҳам иштирок этади. Ҳар хил сабабларга кўра, аппелация ҳайъатида ишнинг кўрилиши бир неча марта кечиктирилиб, ниҳоят 2008 йил 14 май кунига белгиланиб, ўз муддатида суд иштирокчиларига хабарномалар тарқатилади. Шундан сўнг, яъни 2008 йил 12 май куни низолаштирилган ҳал қилув қарори билан вилоят прокуратураси вакили танишган ёки танишиши мумкин бўлган кундан икки ойдан ортиқ вақт ўтказиб… факс орқали протест жўнатади. Суд раиси Ш. Ашуровга ҳам худди шу нарса керак бўлган бўлса керак, 2008 йил 14 майга белгиланган аппелация ҳайъати мажлисини кутиб турмасдан ундан бир кун олдин якка ўзи ажрим чиқариб, протестни иш юритувчига қабул қилиш ва эртасига белгиланган аппелация суди ҳайъатида кўриб чиқиш ҳақида қарор қабул қилади. Ҳолбуки, Олий хўжалик судининг 2007 йил 28 декабридаги “Аппелация инстанцияси суди инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Репсубликасининг Хўжалик процессуал Кодексини қўллаш ҳақида”ги 173-сонли Қарорининг 8-бандига мувофиқ, аппелация шикояти (протести) иш юритувига қабул қилингандан кейинги барча суд ҳужжатлари ҳайъатда қабул қилинади.

Бу ҳам камлик қилган бўлса керак, Ш. Ашуров аппелация таркибига ўзига ўхшаган нохолис қарорлар қабул қилишга мойиллиги бўлган М. Алланазаров ва Б. Тангировни ҳам ҳайъат аъзолигига киритиб олади. М. Алланазаровнинг қай тарзда ноқонуний аппелация қарорини чиқарганлигини юқорида кўрсатиб ўтган эдим. Б. Тангировга келсак, 2006 йил 10 май кунда даъвогар Денов туман ҳокимининг Давлат мулки қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси, вилоят “Матлуботсавдо” акциядорлик компанияси ва мен акциядори бўлган Денов туман “Бободеҳқон бозори” ОТАЖга нисбатан “Бободеҳкон бозори” ОТАЖ акциядорларининг 06.11.2000 йилдаги 3-сонли қарорини ҳамда низомини бекор қилиш ҳақида” 19-0609-1912-сонли иш юзасидан ҳал қилув қарорини қабул қилишда қатор қонунбузарликларга йўл қўйган. Хусусан, Денов туман ҳокими 10.05.2006 йилдаги ўз хатида “…даъво аризанинг ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли деб топиш”ни сўраган бўлса-да, бироқ даъво муддатини ўтказиб юбориш сабабларини кўрсатмаган. Маълумки, Фуқаролик Кодексининг 150-моддасида умумий даъво муддати — 3 йиллиги кўрсатилган.

Мазкур Кодексининг 159-моддасида эса даъво муддатини ўтказиш сабаблари даъво муддатининг охирги олти ойида, олти ойга тенг ёки олти ойдан кам бўлса, улар узрли деб ҳисобланиши мумкинлиги эътироф этилган. Олий хўжалик судининг 2006 йилдаги Ахборотномасининг 6-сонида Тошкент шаҳар хўжалик суди судьяси Ф. Ибратованинг “Даъво муддатини тиклашнинг ҳуқуқий асослари” номли мақоласида, жумладан, “ФКнинг 159-моддасида белгиланган “Даъво муддатининг олти ойи” жумласида шундай маъно англашиладики, агар даъво муддатининг ўтказиб юборилиш сабаблари даъво муддати тамом бўлишидан олти ойдан олдин вужудга келган бўлса, суд даъво муддатини тикламайди. Зеро, охирги олти ойидан олдин вужудга келган, ҳуқуқдор шахснинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишга ва суд орқали ҳимоя қилишга тўсқинлик қиладиган вазиятлар даъво муддатининг қолган қисмида бартараф этилиши ва шахс ўзининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишини амалга ошириши мумкин, деб ҳисобланади” деб таъкидлаган.

Даъво предмети сифатида судга ҳокимлик томонидан тақдим этилган жамият низомининг уст хатида Денов туманининг ўша вақтдаги ҳокими Т. Менглиевнинг ҳаммага таниш бўлган имзоси босилган. Демак, туман ҳокимлиги низолаштирилган Низомнинг мавжудлигини камида 2000 йилнинг ноябридаёқ билган.

1997 йилда “Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси” нашриёт уйида босилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1-қисмига умумий тавсиф ва шарҳларнинг 302-бетида: “Кўп йилллар, узоқ муддатлардан сўнг ўша даврда бўлиб ўтган низоли ҳолатларни тўлиқ далиллар билан тиклаш ва аниқлаш учун етарли имконият қолмайди. Давр ўтиши билан даъво бўйича жавобгар деб ҳисоланган шахслар ўзларининг айби йўқлигини исботлаш, даъвога жавоб бериш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Бундай ҳолларда, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво муддати қўлланади. Айни пайтда даъво муддати ҳуқуқий муносабат тарафларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, бу масалада беғам бўлмасликка мажбур қилади. Чунки белгиланган даъво муддати ўтиб кетгач, ўзига тегишли қонуний ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади” дейилган.

Бинобарин, Денов туман ҳокими 2006 йил 10 май кунидаги хатида Сурхондарё вилоят хўжалик судидан Денов туман “Бободеҳқон бозори” ОТАЖнинг умумий йиғилиш қарори ва шунга кўра қабул қилинган Низомини бекор қилиш ҳақидаги даъво аризасининг ўтказиб юбрилган даъво муддатини узрли деб топишни сўраган бўлса-да, узрли сабаб нима ва қачон юзага келганлигини кўрсатмаган. ХПКнинг 99-моддасида “Хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра, ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатнинг ўтказиб юборилиши сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида хўжалик судининг ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарорида кўрсатилади” дейилган. Вилоят хўжалик судининг 2006 йил 15 июндаги 19-0609-1912-сонли ҳал қилув қарорида ўтказиб юборилган муддатнинг тиклангани қайд қилинмаган. Бу билан судья Б. Тангиров ўзининг профессионал лаёқатини шубҳа остига қўйиб бўлса-да, Денов туман ҳокимининг ноқонуний даъво талабини қондириши унинг адолатли эмаслигини кўрсатиб турибди. Боз устига, бу сохта қарорнинг яна ўша М. Алланазаров бошлиқ аппелация судлов ҳайъати босқичида мустаҳкамланиши жиноий занжирнинг биз ўйлагандан анчайин узун эканини исботлайди. Лекин бу қарорни Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси бекор қилиши ва иш юритувидан тугатиши кишида яна адолатга умид уйғотади.

2008 йил 14 майда ўтказилган аппелация суди мажлисида вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Ж. Кўчимов, Денов туман Бинолар, иншоотлар ва давлат ер кадрастри бўлими бошлиғи Ў. Қурбонов ва бошқалар қатнашиб, иштирокчиларнинг протест билан танишишлари учун бир ҳафталик муҳлат эълон қилиниб, навбатдаги мажлисини 2008 йил 21 май куни ўтказиш ҳақида ажрим ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда мажлис иштирокчиларидан, шу жумладан, кадастр бўлими бошлиғи Ў. Қурбоновдан ёзма равишда тилхат олинди. 2008 йил 11 майдаги аппелация ҳайъати кутилганидек, Р. Абдураҳмонованинг аппелация шикоятини аппелация инстанциясида иш юритувидан тугатиш, прокуратуранинг апеллация протести асосида ишни мазмунан кўринда давом этди.

Бу билан қуйидаги процессуал қонунбузарликларга йўл қўйилди:

1. Апеллация суди қарорида: “Суд эгалик ҳуқуқини тан олишда мазкур эгалик ҳуқуқи қайси моддий ҳуқуқ нормаларига асосан вужудга келганлигини ҳамда бу ҳолат қандай далиллар билан тасдиқланганлигини асослантирмаган” дейилган.

Ваҳоланки, ҳал қилув қарорининг 2-бети 5-хатбошисида Тўполанг-Қоратоғ канали бошқармаси қошидаги хўжалик ҳисобидаги участка 1994 йил 1 апрелда юқори ташкилот буйруғи асосида тугаганидан кейин Денов шаҳар ҳокими 1994 йил 4 июлдаги 123 Ф-сонли фармойиши билан шаҳардаги 7 та ташкилотни ФҲДЁ бўлимининг янги биносини тугаллашга молиявий ёрдам сифатида “Йўлдош” кичик корхонасининг банкдаги ҳисоб рақамига 99 миллион сўм ўтказишни топширган бўлса-да, бироқ бу пуллар ўтказилмагани учун қурилиши тўхтатилганини, иш матриалларида бино қурилиши юзасидан бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномалари, тузилган шартномалар ва баҳолаш далолатномалари мавжудлиги, 1998-99 йилларда Денов “Сувмахсусқурилиш” ОАЖ низоли бинода 200 минг сўмлик таъмир ишлари бажарилганини, бунинг учун туан ҳокимлиги 200 минг сўм берганлигини, “Сувмахсусқурилиш” ОАЖнинг 2003 йил 25 июлдаги 45-сонли маълумотниомасига кўра «Бахт уйи» биносига 72 метр кв ленолеиум ҳомий ташкилот бўлган “Сурхонозиқовқатсаноати” ОТЖҲ томонидан 24.08.2001 йилда 134-сонли фактура орқали “Деновқишлоққурилиш” ҳиссадорлик жамиятидан олиб берганлигини ва “Йўлдош” кичик корхонаси томонидан бажарилган ишлар учун “Сувмахсустаъмирлаш” ОАЖ билан ҳисоб-китоб чиқарилганлигини, “Тўполанг-Қоратоғ” ирригация бошқармасининг 2007 йил 27 июлдаги 166-сонли хати орқали “1993 йил 7 майда тузилган шартноманинг 1-бандига кўра, «Бахт уйи» учун ажратилган ер участкасида қурилиши мўлжалланган бинонинг умумий юзаси 122.4 метр. кв бўлган 5 та хонаси харажатларини “Тўполанг-Қоратоғ” ирригация тизими қошидаги хўжалик ҳисобидаги иш юритаётган участка ўз зиммасига олган эди. Лекин юқори ташкилот буйруғи билан 1994 йил 1 апрелда сарф-харажат қилишга улгурмай тугатилди. Ушбу бинонинг қиймати учун сарфланган мабдағ “Тўполанг-Қоратоғ” ирригация тизими бошқармаси (эски Тўполанг-Қоратоғ каналлари бошқармаси) балансида йўқ. Суд бу бинони тўлиғича “Йўлдош” кичик корхонасига мулк ҳуқуқининг берилишига эътирозимиз йўқ” деб билдирганини, шунингдек, ишда мавжуд бўлган тасдиқловчи ҳужжатларга биноан низоли бино “Йўлдош” кичик корхонаси ҳисобидан қурилганини эътиборга олиб, ХПКнинг 144 ва 145-моддаларига асосан “Йўлдош” кичик корхонаси га Денов шаҳар Ш. Рашидов кўчасидаги 237а-уй биносига эгалик ҳуқуқини бериш лозим деб топган.

2. Аппелация қарорида: “Биринчи босқич суди ишни кўришда даъвогарнинг даъво талабларида аниқлик киритиш чораларини кўрмасдан даъво доирасидан четга чиққан ҳолда қарор қабул қилган. Хусусан, даъво аризасида 1993 йил 7 майдаги уч томонлама шартномани бекор қилишни, Денов шаҳар ҳокимининг 30.12.1993 йилдаги 494-сонли қарорини ўз кучини йўқотган, деб сўралган бўлса-да, суд асоссиз равишда 1993 йил 7 майдаги уч томонлама шартномани ҳақиқий эмас”, деб топган”, дейилган.

Биринчи инстанция суди ҳал илув қарорининг 3-бет 1-хатбошисида: “Уч томонлама шартнома бўйича ФҲДЁ бўлими томонидан бино учун молиявий ёки бошқа улуш қўшилиши белгиланмаган. Бундан ташқари юқорида кўрсатилган бинонинг бир қисмини қуриш бўйича 200 минг сўм тўланган. Шундан келиб чиқиб суд даъвогарнинг низоли бинони қуриш бўйича тузилган уч томонлама шартномани бекор қилиш даъво талабини рад этишни лозим топди” дейилган.

“…1993 йил 7 майдаги уч томонлама шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш”га келсак, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори 3-бети 4-хатбошисида Денов шаҳар ФҲДЁ бўлими юридик шахс эмаслигини, яъни ўзининг мол-мулкига эга эмаслигини, ўз номида шахсий ёки номулкий ҳуқуқларга эга бўлолмаслигини, мажбуриятларини бажара олмаслигини ҳисобга олиб, ФКнинг 113, 115 ва 116-моддаларига мувофиқ тарафлар ўртасида 1993 йил 7 мада тузилган шартноманинг ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим деб, ҳақиқи эмас, деб топади. Шундан келиб чиқиб, суд 1993 йил 7 майдаги шартномани тасдиқлаш тўғрисида Денов шаҳар ҳокимининг 1993 йил 30 декабрдаги 499-сонли хатини ҳам ҳақиқий эмас”, деб топган.

Гап шундаки, Фуқаролик Кодексининг 113-моддаси 3-қисмида “Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатини қўллаш тўғрисида”ги масалани ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли” дейилган.

3. Аппелация қарорида: “2003 йил 4 августда қабул қилинган 19-0301-1376-сонли ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлмаса-да, ишни қайта кўриб чиққан. Қурилиши режалаштирилган “Бахт уйи”нинг чегаралари бошқа ерда эканлиги янги очилган ҳолат бўлмайди, чунки низо ернинг чегараси хусусида эмас, балки қурилган иморат ва унга эгалик хусусидадир” дейилган.

Ҳал қилув қарорида: “Сурхондарё вилояти Хўжалик суди ўзининг 2003 йил 4 августдаги ҳал қилув қарорини асослантиришда биринчи ўринда Денов шаҳар совети ижроия қўмитасининг 1989 йил 27 апрелдаги 134/6а-сонли қарорига асосан “Бахт уйи” қуриш учун Советская (ҳозирги Ш. Рашидов) кўчасидан 0.20 га ер майдони ажратилгани, мазкур қарор амалдаги қонунчиликка асосан қонуний равишда чиқарилганини кўрсатган. Советская (ҳозирги Ш. Рашидов) кўчасида “Бахт уйи”га ажратилган 0.2 га ер майдони жойлашуви жиҳатидан Денов шаҳар Бош режасига қай даражада мос келиши биринчи инстанция суди томонидан ишни кўриб чиқишда текширув предмети бўлмаган. Чунки 1990 йилда тасдиқланган шаҳар Бош режасининг мавжудлиги “Йўлдош” кичик корхонаси раҳбариятига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши ҳам мумкин бўлмаган. “Йўлдош” кичик корхонасининг даъвосига жавобгар томон вакиллари ўз эътирозларини “Бахт уйи” қурилиши учун 1989 йил 27 апрелдаги Денов шаҳар совети ижроия қўмитасининг 134/6а-сонли қарорига асосан “Бахт уйи” қуриш учун Советская (ҳозирги Ш. Рашидов) кўчасидан ажратилган 0.2 га ер майдонида низоли бино қурилганлигини далил қилиб келтирганлар. Олий хўжалик судининг 2003 йил 25 июлдаги 111-сонли қарори 5-банди 2-қисми 1-хатбошисида: “Суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолат деб эътироф этилиши мумкин” дейилган.

Бундан ташқари Сурхондарё вилояти хўжалик судининг аппелация ҳайъати биринчи инстанция судининг иш матриаллари билан юзаки танишганлиги оқибатида ҳал қилув қарорини бекор қилишда қатор асоссиз важларни келтирган. Мазкур важлар эса даъвогар томонидан Олий хўжалик судига келтирилган кассация шикоятида рад қилиб бўлмайдиган ҳужжат ва далиллар орқали инкор қилинган.

Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси ўзининг қарорини асослашда: “Биринчи инстанция суди томонидан Денов тумани ҳокимлигининг “Бинолар, иншоотлар ва давлат ер кадастри бўлими Денов туман ФҲДЁ бўлимига Ш. Рашидов кўчаси 237а-уйда жойлашган низоли бинонинг (фойдали майдони 134.8 кв.м. бўлган 5 хонани) 306-рақам билан рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас” деб топилган. Бироқ суд томонидан Денов тумани ҳокимлигининг “Бинолар, иншоотлар ва ер давлат кадастри” бўлимини ишга жалб қилиш масаласи ҳал этилмаган. Мазкур ҳолат аппелация инстанцияси судининг ҳам эътиборидан четда қолган. Бундан ташқари судлар томонидан низоли бинонинг лойиҳа-ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаган. Мазкур бино ҳозирги вақтда кимнинг тасарруфида эканлигига аниқлик киритилмаган” деган важ билан Сурхондарё вилояти хўжалик судининг 2007 йил 30 июлдаги ҳал қилув қарори, аппелация инстанцияси судининг 2008 йил 21 майдаги қарорларини бекор қилиб, иш янгитдан кўриш учун шу вилоят вилоят судига юбориш ҳақида қарор қабул қилган.

Мазкур қарорни қабул қилган Олий хўжалик судининг Н. Узоқов (раис), ҳайъат аъзолари Л. Зокиров ва Р. Мавлоновдан иборат таркиби маъсулиятдан қочиб, ишни қуйи босқич судига қайтариш билан кифояланган. Кассация суди аппелация инстанциясининг қарорига нисбатан ҳуқуқий баҳо бермаган. Боз устига, кассация ҳайъати қуйи босқич судининг Денов тумани ҳокимлиги “Бинолар, иншоотлар ва ер давлат кадастри” бўлими биносида ўтказилгани, суд мажлисида бўлим вакили ҳам иштирок этганидан хабари бўлмай ўзининг ҳатто иш матриаллари билан таниш эмаслигини кўрсатди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Сурхондарё вилояти хўжалик судининг аппелация инстанциясининг 2008 йил 14 май кунидаги мажлисида Денов тумани ҳокимлигининг “Бинолар, иншоотлар ва ер давлат кадастри” бўлими бошлиғи Ў. Қурбонов иштирок этган. Даъвогар вакили Ю. Раҳимовнинг вилоят прокуратураси протести билан танишиб, унга фикр билдириш мақсадида ишни кечиктиришни сўраган ва суд мажлиси 2008 йил 21 майга белгиланган. Бу ҳақда Денов тумани ҳокимлигининг “Бинолар, иншоотлар ва ер давлат кадастри” бўлими вакили Ў. Қурбонов тилхат орқали огоҳлантирилган. Буни 2008 йил 14 май кунидаги ажримни ақалли бир марта варақлаб кўрган киши ҳам билиши аниқ эди. Низоли бинонинг барча лойиҳа-ҳужжатлари ҳам ишда мавжуд бўлиб, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорида ўз аксини топган. Шу боисдан кассация қароридаги: “Мазкур ҳолат аппелация судининг ҳам эътиборидан четда қолган” деган важ асоссиздир.

Муҳтарам раис! Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Сиздан Сурхондарё вилояти хўжалик судининг 2008 йил 21 майдаги қарорини, Олий хўжалик суди кассация судининг 2008 йил 23 июлдаги 19-0301-1376-сонли иш юзасидан қабул қилинган қарорини тўлиқ бекор қилиб, биринчи инстанция судининг 2008 йил 27 июндаги ажримини ва 2008 йил 30 июлдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган ҳолда адолатни тиклаб беришингизни сўрайман. Мен мазкур ишнинг фақат Олий хўжалик судининг ўзида холисона ҳал бўлишига ишонаман.

Камоли эҳтиром ила,

Образец Web-страницы


Йўлдош Раҳимов,
“Йўлдош” кичик корхонаси вакили
Сурхондарё вилояти Денов тумани Ш. Рашиов кўчаси 237А-уй
телефон: +998 76 536 60 50

 

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares