ҲУҚУҚИЙ САВОДСИЗЛИКМИ

Образец Web-страницы


Муносабат

ёки Аъзам Турғунов рецидивист бўла оладими?
 

Образец Web-страницы

87.gif

Кейинги кунларда таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси, «Мазлум» ташкилоти раиси Аъзам Турғуновнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳибс этилганлиги ва Нукусдаги ҳибсхонада сақланаётганлиги воқеаси билан боғлиқ хабар жаҳон интернети саҳифаларидан жой олди. Хабар матни деярли бир хил ва уларда Аъзам Турғуновга ЎзР ЖК 165-моддаси билан айб қўйилаётгани таъкидланади.

Энг эътиборлиси, (аслида куюнарлиси!) Аъзам Турғуновнинг олдин ҳам шундай қилмиш учун судланиб, жазо ўтаганлигига алоҳида урғу берилган ҳолда, бу галги айблов такрорий эканлиги, бу эса, унинг ҳаракатлари рецидив кўриниш ҳисобланиши қайта-қайта эслатилмоқда.

Тўғриси, бу хабар ким томонидан ва нима мақсадда тарқатилаётгани ҳозирча қоронғу. Бироқ Аъзам Турғунов ҳаракатлари рецидив тарзида малакаланишини олдиндан (АСОССИЗ!) башорат қилишликка эҳтиёж бормикан? Бундай таги йўқ таъкидни алоҳида урғулаб ахборот тарқатаётган одам ё ҳуқуқий жиҳатдан саводсиз, ёки…жаҳон жамоатчилиги эътиборини сусайтиришга уринаётгандек…

Аъзам Турғунов муқаддам шундай қилмиш-товламачилик учун судланган.Бироқ бу 1997-2000 йиллар орасидаги воқеа! Энди амалдаги қонунчиликка эътибор қаратсак. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 78-моддаси («Судланганлик ҳолатининг тугатилиши») «д» бандида қуйидагича белгиланган:

-беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин-тўрт йил ўтгач шахснинг судланганлик ҳолати тугалланади.

Шу Кодекс 80-моддасида эса:
…Илгари содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолатининг тугаш муддати… жазони амалда ўтаб бўлганидан бошлаб ҳисобланади,-деб таъкидлаб қўйилган.
Жиноий қилмиш рецидив деб малакаланиши учун олдин қасддан содир этилган жиноят бўйича судланганлик ҳолати тугалланмаган бўлишлиги шарт!

Демоқчимизки, кимнингдир ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришликдан олдин ҳуқуқшунос билан фолбинликни фарқлаб олган маъқул.

Дил МУРОД

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares