ЖУРНАЛИСТИКА-МАЪНАВИЙ, ШУ БАРОБАРИДА УМУМИЙ ОШХОНА!

Образец Web-страницы


Шахсий фикр

 

Образец Web-страницы

dilmorod_aka46.jpg
Дилмурод САЙЙИД

Агар матбуот, умуман Оммавий Ахборот воситалари инсоният тарихига кириб келгандан бери ўтган даврга бироз эътибор билан назар солсак, Матбуот эркинлиги дунёнинг энг ривожланган давлатлари тараққиётида асосий ўрин тутганлигига гувоҳ бўламиз. Бу ўринда мен «ЭРКИНЛИК» деганда «КУЧ»ни назарда тутаман. Мулоҳазамни мустаҳкамлаш учун иккита буюк давлатнинг яқин тарихидан мисоллар келтиришлик билан чекланаман:
1. 1917 йил 7 ноябр (25 октябр)даги Русия буюк давлат тўнтариши (Октябр инқилоби) юз бергунича В.И.Ленин оддий халқни қуролли исёнга 12 йил давомида тайёрлади. Бу тайёргарликда «Искра» ва «Правда» газеталари алоҳида, муҳим рол ўйнади. Бир сўз билан айтганда, қуролли исён-жисмоний ҳаракат бўлса, уни ҳаракатлантирувчи маънавий куч-матбуот бўлди!

2. АҚШнинг энг кўзга кўринган журналисти, Си-Би-эС ТВнинг сенатор Жозеф МакКартига қарши «Кўрмадим деманглар» дастури муаллифи Эдвард Р. Марроу фаолиятини эсланг. Айнан шу журна-лист ўзининг «Ҳаё ҳосили» баҳсли ҳужжатли лавҳаси, «Кўрмадим деманглар» дастури билан ОАВ-нинг жамият тараққиётидаги асосий куч эканлигини исботлаб бера олган. Шу ўринда Э.Марроунинг қуйидаги таъкиди ҳам жуда эътиборли:
«Фақат бир бора, бир лаҳзага ғоя ва ахборотнинг муҳимлигини кучайтиришга изн беринг!»
Матбуот эркинлиги ва бу эркинлик кучини яна айнан шу икки буюк держава мисолида кўрсак: СССРда матбуот эркинлиги чекланиб, тушовлаб, цензура қонунийлаштириб қўйилганлиги боис ҳам давлат ва ҳукумат раҳбарлари ички муаммолардан деярли хабарсиз қолдилар. Натижада давлат парча-ланиши юз берди.

АҚШ эса, аксинча матбуот эркинлиги тамойилини қўллаганлиги боисидан жуда тез тараққий этиб, дунёнинг энг кучли давлати сифатида тан олинди.Халқнинг кайфиятини аниқ билиб, юзага келиб қолган муаммолардан мунтазам хабардор бўлиб ту-ришликнинг энг ишончли ҳамда ошкора воситаси ҳам айнан Матбуот ҳисобланади. Биргина мисол: Мамлакатимизда касаначиликни ривожлантиришдаги муаммолар хусусида яқинда «Моҳият» газе-тасида мақола берилди. Маълум бўлишича, янги ишчи ўринларини яратиш, одамларни иш билан таъ-минлашга қаратилган давлат миқёсидаги ҳужжат жойлардаги масъуллар томонидан асосан қоғозда-гина ижро қилиб келинган. Демак, давлат ва ҳукумат раҳбарларини ўзлари ишониб тайинлаб қўйган масъуллар лақиллатиб юришган.
Матбуот ўз фаолиятини эркинлик тамойиллари ва қонун устуворлиги асосида юрита олсагина жами-ят кўзгуси бўла олади. Норасмий чекловлар, ички ҳадик мавжуд бўлган муҳитда ва энг даҳшатли иллатлардан бири-моддий манфаатдорликка қаратилган қарашларда фаолият олиб борадиган матбуот-ни, энг аввало, ўзи яшаб турган тузумнинг бош душмани, деб айтсак муболаға қилмаган бўламиз!
«Бугунги Ўзбек оммавий ахборот воситалари, хусусан матбуоти оддий аҳолига эмас, балки мавжуд тузумга, ҳукуматга, давлатчилик сиёсатига нима бермоқда?» деган саволни қўйсагу, шу савол атрофида бироз мулоҳаза юритсак.

Бугунги матбуот, энг аввало, оддий одамларга ҳам маълум кичик муаммолардан тортиб, ҳукумат даражасида ҳал этиладиган масалалардаги муаммоларни ҳам очиб бера олмаётганлиги рост. Айниқса, бу ҳолат инсон ҳуқуқлари ҳимояси, қонунчилик, ҳукумат миқёсида қабул қилинган ҳужжатлар ижро-сидаги масалаларда яққол намоён бўлиб қолмоқда.
Бундан уч-тўрт йил олдин фермер хўжаликларини ташкил қилиш, фермерларни қўллаб-қувватлашга оид даъватлар матбуот саҳифаларида тинимсиз ташвиқ қилинди. Бироқ бугунга келиб фермерлар аҳво-ли танглашувига сабаб бўлаётган жиҳатлар ҳақида матбуот ё сукут сақламоқда, ёки онда-сонда бир фермер мисолида мақола эълон қилишлик билан кифояланмоқда. Ваҳоланки, мамлакатдаги тўқчилик айнан фермерлар фаолияти ривожига боғлиқ деган тушунча негадир матбуот иш режасидан муқим ўрин олмаган. Журналистлар унни Қозоғистондан, шакарни Украинадан, кийим-кечакни Хитойдан ташиб келинади ва доимо шундай яшаймиз, деб ўйлаётган бўлсалар, хато қиладилар.

Гапни майдалашдан фойда йўқ. Барча муаммоларнинг онаси ҳам, дояси ҳам битта, бу ҳам бўлса-Инсон омилига эътибордаги юзакилик, қонунчилик соҳаларидаги очиқдан-очиқ беписандлик!

Бу борадаги муаммолар матбуот эътиборидан четда қолаётганлиги сир эмас. Бунинг сабаби, матбу-отнинг ўзи қайсидир жиҳатдан эътибор топа олмаётганлигида, деб биламан. Шу ўринда собиқ СССР давридаги Ўзбек матбуотининг ютуқларидан айримлари хусусида икки оғиз фикр:
а) Эълон қилинган ҳар бир танқидий мақола албатта текширилар ва кўрилган чора ҳақида таҳри-риятга батафсил ёзма жавоб бериларди;
б) матбуот нашрлари йўналишига қараб, гуруҳларга бўлинганди.Масалан: собиқ Компартия ва унинг тармоқ нашрлари; ЛКСМ (комсомол-ёшлар) нашрлари; танқидий йўналишдаги нашрлар (кўрсатувлар)

(«Муштум» журнали,«Наштар» ҳажвий тележурнали);адабий-публицистик нашрлар(«Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетаси ва ҳ.к.);
в) кадрлар масаласига эътибор ва талабчанлик билан ёндошиларди. Махсус маълумотга эга бўлма-ган шахслар мухбир ёки адабий ходим вазифасига ишга олинмасди;
г) ҳар бир таҳририятда тегишли йўналишлар бўйича алоҳида бўлимлар мавжуд эди. Масалан: пар-тия газетаси ҳисобланган «Совет Ўзбекистони», «Тошкент оқшоми» (ҳ.к.)ларда партия турмуши би-лан бир қаторда ижтимоий-ҳуқуқий, адабиёт ва санъат, маданият ва маориф, спорт, қурилиш ва агро-саноат каби йўналишлар фаолиятини мунтазам ёритиб борувчи алоҳида бўлимлар бўлиб, ҳар бир бўлимда мудирдан ташқари камида икки нафар малакали ходим (мухбир, махсус мухбир) ишлаган. Бундан ташқари республика, вилоят ва пойтахт миқёсидаги аксарият газета-журналларда алоҳида ФЕЛЬЕТОН бўлими мавжуд эди. Энг эътиборлиси, таҳририятлар халқ ва давлат мулкини талон-торож қилган масъул шахслар ҳақида мунтазам фельетон эълон қилиб борганлар. Матбуотга берилган бу имкониятлар ва шунга яраша талаблар журналист нуфузи эътибор ҳамда ҳурматда бўлишида муҳим ўрин тутган. ХХ аср 70-йилларида ҳозирги «Буюк Турон кўчаси» 41-уй (16 қаватли!) ва 80-йилларида «Матбуотчилар кўчаси» 32-уй (7 қаватли!) замонавий бинолар таҳририятлар учун ажратилганлиги ҳам собиқ тузумда журналист нуфузига эътибор даражасини кўрсатишлигига яққол мисолдир.

Бу билан мен «собиқ тузумда матбуотимиз гуллаганди», деган ғализ фикрни билдирмоқчи эмасман. Ўша вақтдаги энг асосий камчилик- сиёсий қарашларга бир томонлама ёндошув белгиланганди. Яъни, социалистик тузум ва қурилишдаги давлатлар сиёсати тарғиб ҳамда тавсиф қилинар, капиталистик тараққиётга асосланган давлатлар эса, асосан қораланарди. Бугунги матбуотимизда собиқ даврдаги ютуқларнинг қай бири қолганлиги алоҳида мавзу, камчилик эса, қандайдир бошқача кўринишда ўз моҳиятини йўқотмай келаётибди. Ва бу мерос камчилик кейин-ги ўн йилда бошқа нуқсонларни ҳам қаторлаштириб туғиб ташлади. Бу ўнйилликни, таъбир жоиз бўл-са, таназзулга юз тутиш даври, деб баҳолаш тўғри бўлади. Бу, айниқса, таҳририятлар таркиби ва кадр-лар масаласида яққол кўринади. Чунончи, ҳозирда фаолият юритаётган юзлаб нашрларда аниқ йўна-лишга ихтисослашган алоҳида бўлимлар мавжуд эмас. Бир қатор таҳририятлар асосан қариндош-уруғ-чилик негизидаги кадрлардан иборат. Ва бу кадрларнинг аксарияти нафақат журналистлик малакасига, ҳатто филологлик маълумотига ҳам эга эмаслар. Кейинги 4-5 йилда Ўзбекистонда газета таҳририятла-рини ташкил қилиш сезиларли ортган. Бироқ бу-мамлакатда матбуотнинг кучайишига эмас, савия ва сифат жиҳатидан пасайишига сабаб бўлмоқда. Таҳририятлар сони кўпайган сари иш тополмаётган ёки лаёқатига мос мавқега эришолмаётган ижодкор-журналистлар миқдори ҳам ортмоқда. Бунинг бош са-баби, юқорида таъкидлаганимиз-таҳририятлардаги қариндошчилик, маҳаллийчилик кўринишидир. Нодавлат ҳисобланса-да, раҳбар табақа манфаатларига хизмат қиладиган нашрларда ҳам кадрлар билим ва малакага қараб эмас, айнан раҳбар табақани қаноатлантирадиган сиёсатга содиқлигига қараб мавқеланадилар. Бу дегани, мавжуд муаммоларни ошкора ёритиш, уларни бартараф этиш борасида мулоҳазалар билдиришлик ўрнига, «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» филмидаги каби «Бағдодда ҳам-маёқ тинч» қўшиғини ҳар кун ҳиргойи қилишликдир.

Бундай фаолият билан кимнинг кўзига бўёқ суртмоқдалар? Халқнингми? Менимча, энг аввало, матбуот ўзининг бу йўналишдаги фаолияти билан ҳукуматни, давлат раҳбариятини алдамоқда! Ундан кейин ўз-ўзини алдаб юрибди. Одам-ларни алдаш ёки ёлғонга ишонтириш мутлақо мумкин эмас. Агар шундай бўлганда эди, одамлар «Да-ракчи» ё «Ҳордиқ» газетасини эмас, балки «Халқ сўзи», «Тошкент оқшоми» каби расмий газеталарни навбат туриб харид қиларди! Матбуотдаги бу ножоизлик одамларни ўзларидан қочириб, интернет то-мон юз тутишларини сезиларли орттирмоқда. Интернет-вертуал олам! Унга тўлиғича тўсиқ қўйишлик сира ақлга сиғмайдиган иш. Шундай бўлгач, аксарият муштарийлар даврий нашрларни харид қилади-ган пулга ҳар қадамда фаолият юритиб турган интернет-кафега кириб,бир соатда бутун дунёда нима гаплигини билиб олмоқда. Кейин бу ёғига «маҳаллада дув-дув гап»…Кейинги беш йил ичида, гарчи ҳукумат сиёсатига зид бўлмаса-да, жиддий мавзуларни ёритиб, оддий одамлар эътиборига тушган ҳар қандай нашр ё кўрсатув тўхтатилиши одат тусига кирди.

Масалан: 2005 йилдан чоп этила бошлаган «Шатранж» газетаси 4 та сондан кейин тўхтатилди. 2006 йилдан нашр қилинган «Одамлар орасида» газетаси нима сабабдан нашр этилмай қолганлиги ҳанузгача мавҳум! 2004 йил августдан чиқа бошла-ган «Адвокат пресс» газетаси 2005 йил 1 декабрдан асоссиз тўхтатиб қўйилди. ТВдаги «Холислик сари», «Қилни қирқ ёриб…» каби кўрсатувлар ҳақида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин. Бу ҳам одам-ларнинг ахборот олишга бўлган қизиқишини орттирди, холос. Ва фаолияти тўхтатилган нашрларнинг кўплаб мухлислари ўзлари учун ахборот манбаи сифатида интернетни қабул қилдилар. Шу ўринда кичик бир мисол: «Адвокат пресс» газетаси фаолияти тўхтатилгач, газетанинг доимий муаллифлари-дан бўлган таниқли адвокат Ғиёс Номозов ва каминанинг мақолаларимиз Ўзбек матбуотида берилмай қолди. Шундан сўнг биз ўз журналистик фаолиятимизни интернет орқали давом эттирдик. Бу ҳақда ҳеч кимга овоза қилмасак-да, бизни таниган-билган мухлислар мақолаларимиздан хабар топиб, ўқиб борганликларига шубҳа йўқ. Ҳозирда кўплаб интернет саҳифаларда ҳатто бир неча тилда берилаётган мақолалар орасида, хори-жий радио эшиттиришлардаги дастурларда Ўзбекистондаги муаммолар хусусида батафсил маълумот-ларни тез-тез ўқиш,эшитиш мумкин.Эълон қилинаётган пресс-релизлар ҳам сезиларли ортган.

Бу матн-ларни ўқиб туриб, ўйга толаман:«Наҳотки, бу муаммолар хусусида ўз матбуотимиз ёза олмаса?» Минг афсуски, ёзолмайди эмас, ҳатто оғиз очмайди! Бир инсоннинг ноҳақ судланиб, узоқ муддатга қамалиб кетиши мавзусида батафсил мақола ёритадиган нашр анқога шафеъ! Бундай фикрлашимга аниқ сабаб бор. Ўз вақтида «Адвокат пресс» газетасида биз инсон тақдири билан боғлиқ мавзуда ҳар сонда камида иккита танқидий-таҳлилий мақола ёрита олардик. Худди шу фаолиятимиз бошимизга бало бўлгани ҳам рост! «Адвокат пресс» газетаси фаолиятининг тўхтатилишидан бошқа нашрлардаги ҳамкасбларимиз ўзларича хулоса чиқарганликларига ҳам шубҳам йўқ. Айнан шундай хулосага келган-ликлари учун ҳам бугунги кунда менинг мақолаларим, умуман ижодимдан бир сатр ҳам берилмаяпти! Бундан сира ранжимайман. Чунки вақти келиб, сарҳисоб қилинганида, мен мухлис-муштарийлар кўзи-га, ҳамкасбларим юзига тик қарай оламан. Майли, бирор шахс муаммоси билан боғлиқ мавзуни четга қўя турайлик, ҳатто ҳукумат даражасида қабул қилинган, бутун мамлакат учун тегишли саналган ҳуж-жатлар юзасидан ҳам холисона танқидий-таҳлилий мақола берилмаслиги ёки кўрсатув, эшиттириш тайёрланмаслигини қандай изоҳлаш мумкин?

Масалан, 2008 йил 1 январдан Ўзбекистонда ўлим жа-зоси бекор қилинди. Бу борада нафақат ўзбек, балки жаҳон ОАВ қайта-қайта муносабат билдирмоқ-далар. Бизда бу мавзуга оид қилинган чиқишларнинг барчаси деярли бирёқлама, яъни шарҳмонанд ол-қишлардан иборат.Бу, таъбир жоиз бўлса,тарихий воқелик хусусида ҳар жиҳатдан пишиқ-пухта чиқиш қилингани йўқ! Дейлик, «Мазкур Фармон юзасидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар ёки қонунларга киритилган ўзгаришлар мукаммалми?»-деган таҳлилий муносабат ички матбуотда атрофлича муҳокама қилинмаяпти.Чунончи, ўлим жазосининг бекор қилиниб, умрбод ё узоқ муддатли қамоқ(озодликдан маҳрум этишлик) жазосига алиштирилиши, энг аввало, мамлакат Конституциясида белгиланган таъкид(24-модда)га қатъий мувофиқликдир. Бироқ бундай жазога маҳкум шахснинг ора-дан фақат 20-25 йил ўтиб авфнома ёзишига рухсат этилиши ўта тушунарсиз ҳолат. Агар шахс бундай жазога тортилганида, дейлик, 20 ёшда бўлса, балки унинг соғлиги 20-25 йил кутишни кўтарар. Лекин 40-50 ёшдаги одамнинг соғлиги, ҳатто умри етармикан бундай узоқ кутишга? Қолаверса, бизнинг ша-роитда ўртача умр 70 йилга етар-етмас деган илмий тахминлар бор! Шунингдек, «Мабодо умрбод ё узоқ муддатга ҳукм этилган шахснинг авфномаси инобатга ўтиб, жазоси енгиллатилса, у қандай тартибда ўтайди енгиллаштирилган жазони? Ва нима учун шундай?» – деган қатор саволлар мав-жудки, буларга фақат ОАВ орқали муносабат билдирилсагина, ҳам меъёрий ҳужжат тайёрловчиларга манфаатли, ҳам аҳолига тушунарли бўларди.

Юқоридаги мулоҳазаларни кимдир бирёқлама, кимдир аламзадаликдан деб санаши ҳам эҳтимол-дан ҳоли эмас! Бундай фикрга борувчилар бўлса, (топилишига шубҳа йўқ!) ўз фаолиятига ҳам бир разм солсин. Негаки, айнан шундайларнинг фаолиятсизлиги деймизми, сусткаш ё лоқайдлиги дей-мизми (фарқи йўқ!), боис баъзан ҳақиқатга зид, воқеликдан йироқ хабарлар ҳам яшин тезлигида тар-қалиб кетмоқда. Ва бундай «миш-миш»ларни одамлар таҳлилсиз қабул қилиши натижасида турли тушунмовчиликлар юзага келиб қолмоқда. Биргина мисол: яқинда интернетда қуйидаги мазмунда ха-бар тарқалди: эмишки, «Ўзбекистонда эндиликда хориждан жўнатиладиган валюта давлат белгилаган курс бўйича сўмда бериладиган бўлди». Бу хабардан кейин одамлар орасида ваҳима тарқалди. Чунки долларнинг «қора бозор»даги нархи баланд-да! Аслида-чи? Бу-тўлиғича асоссиз хабар эди! Шунинг-дек, ҳозирда ҳам шу каби хабарлар эълон қилиниб турибдики, одам ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмайди.Масалан:дессидент деб таърифланган бухоролик шоир Юсуф Жума ва унинг ўғлига оид хабарлар. Адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, шоирга манзил-колонияси туридаги жазо тайин-ланган. Бу тартибдаги жазони ўташ жойларида маҳкумлар фуқаро кийимида юриб, соқчисиз эркин ҳаракатланадилар. Бироқ бир мунча муддат олдин тарқалган хабарларга кўра шоир Жаслиқдаги зонага олиб кетилган. Бундай ҳолат нафақат қонунга, балки ақлга тўғри келмайдиган нарса. Чунки суд ҳук-мида чиндан ҳам манзил колониясида жазо ўташлик белгиланган бўлса, бу маҳкумни ҳатто ўзи ил-тимос қилганда ҳам бошқа тартибдаги зонага ҳеч ким ҳеч маҳал қабул қилмайди. Бундай зиддиятли вазиятларда матбуот ходимлари ҳамиша холис туришлари шарт. Минг афсуски, айнан Юсуф Жума борасида мамлакатдаги ҳамкасбларимиз холис бўла олмадилар. Ҳали суднинг айблов ҳукми чиқмай туриб, шоир ҳақида кўрсатув тайёрлаб, аҳолига намойиш этдилар. Бу-собиқ совет давридан қолган чиркин услубдир. Эсласангиз, худди шундай кўрсатув ХХ аср 80-йилларида Наманган вилояти агро-саноат уюшмаси собиқ раиси Аҳмаджон Одилов ҳақида ҳам намойиш қилинганди.

Демоқчиманки, журналистнинг бошқа соҳа эгаларидан кескин фарқи-инсон шани, қадр-қиммати билан боғлиқлиги-дир! Айнан инсон шани,қадр-қиммати мамлакат Асосий Қонунида олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган. Айримлар: «Тепадан кўрсатма бўлса, оддий журналист нима ҳам қила оларди!»-деган ид-даони оқлов, баъзан ачиниш ўрнида келтирадилар. Кўрсатма ўз йўлига, аммо журналист компьютер эмаски, миясига жойланган дастурни иккиланмай бажараверса. Ҳатто компьютер ҳам миясига ному-вофиқ дастурни қабул қилмайди, зўрлаб жойланса, қотиб қолади!

Тўғри, кимнингдир шанини ҳимоялаб, кейин ишсиз қолишликни аксарият истамайди. Бир нима дейишга истиҳола қиламиз, чунки бола-чақасини рўкач қиладиганлари ҳам анчагина. Аммо…
Менинг дадам иморатсоз уста эдилар(Аллоҳ раҳмат қилсин!). Саккиз ёшимдан ёнларида юриб, кўзим пишиган. Бир куни «обрешетка» қоқаётгандим. Дадам ишимни кузатиб туриб, қоққан ёғочла-римдан бир қанчасини суғуртирдилар, қайта қоқишликни айтдилар. Табиийки, кун иссиғида бу нарса менга ортиқчалик қилди. Индамасам-да, юз-кўзимдан сездилар.Бир сўз демай, ўзлари ишга уриндилар. Эртаси куни уйғонсам, дадам бир ўзлари кетибдилар. Сабабини сўрасам, ойимдан : «Даданг ўғлимиз бироз чарчабди, бугунча дам олсин, эртадан боради дедилар»-деган жавобни эшитдим. Эртаси чиндан бирга кетдик. Шунда дадам бир йил аввалги бир воқеани эслатдилар:«Олдинги йили фалон жойда чўк-кан ошхонани янгитдан қурганимиз эсингдами? Агар уни биздан олдин қурган уста бироз шошилмай ҳафсала қилганида, ўша ошхона чўкмаган, уй эгаси ортиқча ҳаражатга тушмаган бўларди». Мен бари-бир ёшлигимга бордим: «Лекин бизга иш ва даромад бўлди-ку!» Бу гал жавоб ўрнида дакки эшитдим: «Бир бечоранинг ташвишидан қувонишликни сира ўйлама агар одам бўламан десанг!»…
Бу воқеани эслашимдан сабаб, бугун ошхонани омонат қурсак, эртага ҳам ошхонага, ҳам қозон-ўчоққа куйиб қолишлик ҳеч гап эмас! Зеро, журналистика-маънавий, шу баробарида умумий ошхона! Қолаверса, ошхонага келувчи мижозлар сони унинг дабдабали номланиши ёки ҳашамдорлигига эмас, балки у ерда тайёрланадиган таомнинг сифатига боғлиқлиги ҳаммага маълум оддий ҳақиқат!..
Хулоса ўрнида қуйидаги фикрни келтириш жоиз кўринди: истаймизми-йўқми, барча мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам матбуот, умуман ОАВнинг бугунги ҳолати мавжуд тузум ва унинг раҳбариятига бевосита тааллуқлидир.

Шунингдек, бизда соҳа (матбуот)даги масъулларга хос бўлган зўраки ҳадик, баъзида иккиюзламачилик, маддоҳлик каби кайфиятлар матбуот таназзули учун хизмат қилмоқда. Назаримда, Ўзбек Оммавий Ахборот Воситаларидаги кадрлар таркиби тўлиғича аттестация-га, муассислик тизимлари эса, конкрет ислоҳотга муҳтож!

Дилмурод САЙЙИД

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares