Ўзбек ва тожик маданияти сўзаналар тилида

Рустам Қобил
Лондон-Глазго-Лондон

 

Образец Web-страницы

glazgosuzani.gif
ўзбек ва тожик оилалари бу сўзаналарни 19-аср охири, 20-аср бошларида оврўполикларга сотганлар

Ўзбекистон сўзаналари Шотландияда намойиш этилмоқда.
Глазго шаҳридаги The Burrel collection хусусий музейида асосан 19-асрда ишланган ва ўтган аср бошларида машҳур шотланд коллекционери Уильям Баррел сотиб олган ўзбек кашталари намойиш этилмоқда. Аксар зардевор, сўзана, жойпўш ва нимсўзаналардан иборат кашталар Бухоро амирлиги шаҳарларида – Бухоро, Шаҳрисабз ва Нуротада тикилган. Аммо Самарқандда яратилганлари бўлиши мумкинлиги ҳам айтилади. Нима бўлганда ҳам, бу шаҳарлардаги каштачалик анъаналари ўзаро жуда яқин бўлиб келган.

Бугунда айни кашталар Глазго мулки саналади ва «Буюк Ипак Йўли жилолари» номли лойиҳа доирасида келаси йил бошигача намойиш этиладиган. Июл ойи ўртасида эса ҳатто Шаҳрисабздан икки сўзанадўз аёлни ҳам келтиришмоқчи.
Кўргазмадаги сўзаналар нақшлари жуда зич ишланган. Асосан оч қизил, яшил ва нилий ранглардан иборат.Ранглар табиий йўлда олинган. Маҳаллий ҳунармандлар анор пўстидан, тут танасидаги замбуруғ ва ё пистадан оч яшил, қора ва қизил рангларни олишган. Баъзида четдан келтирилган ранглар билан қориштириб, тўқ кўк ва сариқ қизғиш ранглар ҳам яратилган. Асли ироқлик ташкилотчи, Исломий тамаддунлар бошқармаси раҳбари Нора Ал-Гайланийнинг айтишича, бу ранглар ва нақшлар ҳозирги Ўзбекистон тарихи ҳақидаги тасаввурларни тиниқлаштиради.

«Анор ва тут дарахтидан олинган ранглардан ташқари, Хитой ва Ҳиндистондан ҳам заъфарон ранглар келтирилган. Кейинчалик эса норинж ранглари Россиядан олиб келинган. Бу ердаги нақшлар Бухоро атрофларида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар неқадар тараққий этганини кўрсатади» – дейди Нора ал-Гайланий. «Қалампир тасвирига ўхшаш гажаклар Ҳиндистон таъсирини, айрим кашта йўрмалари эса Хитой таъсирини кўрсатади» – дейди ал-Гайланий кашталарга боқиб. Бу кашталар ўзбеклар ва тожиклар учун катта аҳамиятга эга бўлган. Аммо 19-аср охири ва 20-аср бошларидаги муҳтожлик боис айрим оилалар бу сўзаналарни оврўполикларга сотишга мажбур бўлишган.

Байналмилал Бухоро
 

Образец Web-страницы

glazgowsuzani4.gif
Сўзаналардаги ҳар бир нақш, ҳар бир ранг ва ҳар бир шакл ўзича бир маънога эга

Мазкур кўргазма ўз ўрнида 19-асрдаги ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларидаги ҳаёт билан таништиришни ҳам мақсад қилган.
«Бухоролик Бёрнс» деган лақаб олган машҳур сайёҳ Александр Бёрнснинг кўрган-кечирганларидан парчалар, фотосуратлар ҳамда қисқача телелавҳа ҳам Бухоронинг ўша пайтдаги ҳаётига назар ташлайди. Сайёҳ Бёрнснинг Бухоро йўлидаги қийинчиликлари, шаҳардаги каталакдек ҳовлида хонадон соҳибаларига яширинча кўз ташлаганлари ва ўзбекларнинг меҳмоннаввозлик одатлари хусусида ёзган эсдаликларидан иқтибосларни ҳам ўқиш мумкин. Бироқ кўпчиликни ҳайратга солгани – Бухоро амирлиги ўз пайтида кўп миллатли ва турли дин вакиллари тинч-тотув яшаган замин бўлгани эди.

«Ўлкада ўзбек, тожик, туркман, яҳудий, араб ва афғонлар яшашади. Аммо уларнинг ҳаёт кечиришлари бир-бирларига ўзаро боғланиб кетган», деб битилади бир эсдаликда.
Ўзбек ва тожик сўзаначиларига керакли рангларни афғон тожирлари Ҳиндистондан келтиришса, яҳудий ҳунармандлари улардан бўёқлар ишлашган. Рус савдогарлари бу ерларда ишланган молларни Ғарбга элтишган. Аммо бу инсонлар ўзаро тотувликда, бирон низоларга бормасдан бақамти яшашлари ҳамон таҳсинга сазовор воқелик сифатида эслатилади.

 

Образец Web-страницы

glasgowsuzani12.gif
Ўзбекистон ҳудудлари азалдан муҳим савдо йўлларида жойлашган…

Ўзбекистонга сафар қилган айрим томошабинлар фақат шу кашталарни томоша қилиш учун Шотландияга келишганини айтишса, тасодифан тушиб қолган айримлар эса 19-асрдаги Бухоро ҳаёти тасвирлари бугунги замон инсонлари ҳам бир-бирларини тушунишлари ҳамда тинчликда яшашлари учун яхшигина мактаб вазифасини ўтаркан, деган фикрларни билдиришарди. «Нақшлар, рамзлар ва ранглар танловида исломий анъаналарни, минтақага хос мотивларни ва ҳатто Исломдан аввалги зардўштийлик ҳамда шомонликка оид жиҳатларни ҳам кўриш мумкин» – дейди Нора ал-Гайланий. «Қуёш акси бир маънога эга бўлса, қуш сурати бошқа нарсани рамзлантиради. Ерга эмас, осмонга қараб шох таратган мажнунтол эса тамомила бошқача маъно беради. Ранглар ҳам шундай» – дейди суҳбатдошим.

Дарҳақиқат, қизил рангнинг зардўштийликка хос жиҳатлари, нилий бўёқларнинг эса шомонликка алоқадорлиги катта бўлса, эҳтимол. Қолаверса, минтақадаги кашта, безак ва ҳатто кийиниш маданиятида ҳам ҳамон ёрқин ҳамда тўқ ранглар етакчилик қилади.

«…Қўлимда игнаю тиззамда кашта…»
Кўргазманинг ўзига хос жиҳати – 19-асрдаги бу кашталарни яратган ўзбек ва тожик аёллари ҳаётига назар ташлашдир.


 

Образец Web-страницы

glazgowsuzani9.gif
Кўргазмада бу сўзаналарни тиккан ўзбек ва тожик аёлларининг 19-асрдаги ҳаёти

Аслида ҳам ҳар бир ўзбек ё тожик оиласида қиз бола туғилиши билан унинг сепини созлаш илинжида узоқ муддатни талаб қилувчи сўзоналар тикилади. Кейинчалик қиз бола улғайгач, унинг ўзи ҳам кашта тикиб, сепини тиклайди.
Авлоддан-авлодга қўл оладиган қаламкаш аёллар кашта тарҳини ташлаб берса, каштадўзлар унинг устидан нақш солишади.Қаламкашлик ва ё наққошлик ҳам аёллар наслдан-наслга ўтказиб, асраб келган анъаналардандир.Айни пайтда аёллар ип йигиришган, пилла тутишдан бошлаб, ипак эшишгача бўлган жараённи ўзлари эплашган.
Энг якуний маҳсулот – кашталар эса маъно-рамзларга тўла. Ҳали тўла очилмаган гулғунча нақшлари, уясини қуриш учун оғзида хас келтираётган қуш тасвирлари ёш келинчак орзу-умидларини акслантиради. «Мен ҳеч қачон аёллар ҳаёти орқали Шотландияда Ўзбек маданиятини очиб беришлари ҳақида ўйламаган эканман» – дейди Марказий Осиё бўйича мусиқашнуос Розия Султонова.

 

Образец Web-страницы

glasgowsuzani11.gif
Турли дарахт, гиёҳ ва мевалардан табиий йўлда олинган ранглар ҳамон ўз тароватини йўқотмаган

Розия Султонова ҳам айни кўргазмада бугунги кунга қадар яшаётган анъаналар, хусусан, аёлларнинг мусиқа ҳамда кийиниш санъати билан таништирди. Масалан, Розия-хоним чертган аёллар дутори овози анча паст. Баъзида эса ипакдан ҳам ишланади. Сабаби – ичкари ҳовлида кашта тикаётган қиз-жувонлар бироз кўнгил ёзиш учун дутор чертишган. Бироқ ашула ва мусиқа саси ташқари ҳовлига эшитилмаслиги учун унинг овозини иложи борича паст тутишга интилганлар.
Қатъий исломий ва миллий анъаналарга хос чекловлар билан яшаган 19-аср ўзбек ва тожик аёллари ўз диллари изҳорини ҳам худди ҳис-туйғулари каби мажозий маънодагина ифодалашлари лозим бўлган. «Бу – минтақадаги ўтроқ ва шаҳар маданиятига хос кўриниш» – дейди ал-Гайланий. Дейлик, ҳали очилмаган анор меваси ва балиқ тасвири каштадўз қизнинг ўз бола-чақаси кўп бўлиш ҳақидаги орзу-ҳавасини намоён этади. Тумор ва пичоқ суратларини солган қизлар эса ўз оилаларини бало-қазолардан, кўз-кинадан асрашни мақсад қилганлар.Бу орқали эса ўзбек ва тожик аёллари учун оиланинг ўрни нақадар муҳим бўлгани, улар нафақат анъаналар, балки фаровонлик ҳамда тотувликни асрашда катта ўрин тутишганини англаш мумкин.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares