Барчамизга бирдек таниш бўлган, мухолифат фаоли, таниқли ўзбек шоири Холдор Вулқон www.birdamlik.info саволларига жавоб берди.
Birdamlik.info:Ассалому алайкум ҳурматли Холдор ака. Суҳбатимиз бошида ўзингиз ҳақингизда қисқача тўхталиб ўтсангиз.
Жавоб: «Биринчи саволга жавоб бермай биратула иккинчи саволга жавоб кила колай»
Birdamlik.info:Бу саволни ҳар бир суҳбатдошимизга берамиз. Сабаб, ҳар бир инсон ўз шахсий фикрига эга. Маълумки, Ўзбек мухолифати бирлашишини истовчиларнинг бир неча маротаба мурожатномалари эълон қилинди. Лекин мухолифат ҳозирги кунга қадар бирлашгани йўқ. Сизнингча бунинг сабаблари нимада?
Жавоб: Кўплар бирлашиш деса бу тушунчани ўз дунёсидан келиб чиқарак англайдида. Уларни ҳам тушунамиз. Лекин шу калтафахмлиги билан бу кимсалар каримп РЕЖЫМИ остида азобланаётган Халқимиз манфаатларидан ўз курсипарастлигини, молу дунё, тожу тахт тўғрисидаги ширин орзуларини, шайтоний васвасаларини устун кўядилар. Азбаройи такаббурлиги (Ўзи аслида хатто кибрга арзигулик нарсаси ҳам йўқ) ичи қора, майда махаллийчилиги сабаб кек сақлаб ўзлари ҳар куни хамдия айтиб ва тезроқ унинг эгарини алмаштиришга кўз тиккан Халқининг озодлиги ҳаққи (Душманларига эмас) майдонда ҳалол рақобат қилаётган Сиёсий рақибларига очиқ чеҳра билан қўл узатолмайдилар. Бунга мансабпарастликлари, очкўзликлари ва калтафахмликлари йўл қўймайди.Уларнинг айнан шу очкўзлиги, майдакашлиги сабаб , узоқни кўзламаган жиртаки похолияти оқибатида маккор режим ўз истехкомларини мустахкамлаб олиб Ватанимизни ташки дунёдан изоляция қилишга муваффақ бўлди.Бу жуда ҳам ачинарли. Яна Оллох тамонидан лаънатланган Лаъин Иблис касби бўлмиш такаббурликка шуғл қилган бу кимсалар ўзларини мусулмон хисоблашлари мени ҳайратлантиради. Мусулмон дегани шунақа кибрли бўладими? Э, булар ёш болага ўхшайди. Шунинг учун ҳам Ҳикматли Оллох Ўзбек халқи тақдирини бундайларнинг қўлига топширишни хохламаяпти чоғи.. Шу ўринда бир шеър:
«Ихватун» деб Тангридин келди нидо, бирлашмадинг.
Дини йўқ, иймони йўқ, фосиқ хукмдорлар сабаб,
Бангизод – тарёк ила тарқар Вабо, бирлашмадинг.
Андижонда бегунох бечораларни қирдилар,
Қабрида йиғлаб ётар Одам Ато, бирлашмадинг.
Туз бериб боққан эди Ўзбек сани, қочдинг қаён?
Эл чекар фарёду оҳ йиртиб яқо, бирлашмадинг.
Телбариб шоирларинг жаллодни мақтаб шеър ёзиб,
Оқсаройда кийдилар қирмиз қабо, бирлашмадинг.
Камтаринликдан насихат айладинг Сўфий мисол,
Сақлабон Иблис каби кибру хаво, бирлашмадинг.
Йўқчиликдан қиз – жувонлар бўлди беномусталаб,
Сен илон ёғин ялаб шому сабо бирлашмадинг.
Тўғри йўл кўрсатсалар ўз билганингдан қолмадинг,
Парчалаб Бирликни сен қилдинг ХАТО, бирлашмадинг.
Каннибалдек еб одамзод гўштини ғийбат билан,
Бир – бирингни тепкилаб бўлдинг адо бирлашмадинг.
Тожу тахтга кўз тикиб қариб қолибсан, эй, рафиқ,
Эмди санга мунтазир Дорулбақо, бирлашмадинг.
Этма айб, эл хасратидан потладим Вулқон бўлиб,
Еру кўкни титратиб қилдим нидо: – Бирлашмадииииинг!
Савол: Мухолифат сафларига қачон киргансиз?
Жавоб: Аниқ санаси эсимда йўқ. Чунки мен эсимни таниганимдан бери нохақликка, адолатсизликка қарши курашиб келаман. Бундан кейин хам шундай бўлиб қолади, Иншооллох ва Роббил Оламин.Birdamlik.info: Андижон фожасига уч йил бўлди. Сиз қандай фикрдасиз, бу фожаенинг олидини олиш учун мухолифатда қандайдир имконият бормиди?
Жавоб: Андижонда юз берган қирғиннинг олдини олиш ёки вазиятни назорат қилиш имконияти мухолифатда бўлмаган. Чунки ўша пайтда Ўзбекистонда шаклланган мухолифатнинг ўзи йўқ эди. Хозир хам йўқ. Ёдингизда бўлса Қирғизистон инқилоби пайтида Қирғизларда соғлом мухолифат мавжуд эди ва у оғир дамда вазиятни назорат қила олди , қон тўкилмади. Бизда эса фавқулодда вазиятни изга солувчи бундай соғлом куч йўқ. Мен шундан ташвишланаман. Худо кўрсатмасин, бирон чир – чатоқ чиқса назоратсиз вазиятга яна бегунох одамлар қурбон бўлиб кетиши мумкин.
Birdamlik.info: Аксарият юртдошларимиз, ўзбекларнинг шундай кўргуликлар исканжасида қолишига ўзлари айбдор. Ҳалқ қандай бўлса президент ҳам шундай бўлади, дейишади. Сиз нима деб ўйлайсиз, Ўзбекситонда шунақанги оғир вазият юзага келишига ўзбек ҳалқи айбдорми?
Жавоб: Мисол учун одам тўла автобус ағанаб халокатга учради дейлик. Шу халокатга одамлар яъни йўловчилар ўзи сабабчи бўладими? Йўқ албатта. Нима, улар жонларидан тўйибдимики, ўзларини ўзлари хандакка қулатса? Бу халокатга сабабчи аввало йўл қоидасини билмайдиган сохта гувохномали тентак шўпир ва мошина бошкаришни билмаса хам “Кто так водить машину?! Анука, отайди, дурин. Дай порулить” дейдиган хавасманд найновлар айбдор бўладилар. Афсуски, хозир Халқимиз ўтириб кетаётган Бахайбат автобус шўпирининг кўзлари сўқир. Сиз билан биз “Шопир, тўхтаб қўйинг! Соқланг! Мен тушиб қолай!” деб бақирган ва шопирнинг : – тўрмиз ишламаяпти! деган гапини эшитиб ойнадан сакраб тушиб қолган одамлармиз. Автобус эса хамон катта тезлик билан тубсиз жарликка қараб кетмоқда. Уни энди Оллох тўхтатмаса бандаси тўхтата олмайди.
Birdamlik.info: Баҳсда катта ҳам, кичик ҳам, унвон ҳам, ном ҳам кетмайди: энг муҳими қаршиликда ҳамма тенг бўлган бирдан-бир ҳақиқатдир,-деган эди француз ёзувчиси Ромен Роллан. Лекин ўзбек оиласида ёки мухолифат вакиллари ўртасида баҳсли вазият юзага келса, аксарият ҳолларда ўзидан мақейи ёки ёши катта бўлган шахсга ён берилади. Нима бу? Баҳслашиш маданиятидан йироқликми ёки шарқона одоб доирасидан чиқмасликми?
Жавоб: Дунёдаги барча урушларнинг , катаклизмаларнинг онаси БАХСдир. Бас шундай экан, муваққат дунёда бахслашиб эмас, муроса қилиб аҳил яшаш фойдалироқ.. Ўрисча қилиб айтсак, Нам нужен не спор а спорт. Потому что спор разъединяет а спорт наоборот, объединяет всех народов мира независимо от их веры, расы и национальности. Усёк?
Birdamlik.info: Осиёни тарк этиб Океан ортида истиқомат қилиш сизнинг ҳаётингизда туб бурилиш бўлдими?
Жавоб: Мен Осиёни эмас Ўрта Осиёни тарк этганман. Ношукр бўлмайин. Бу ерда яъни сизнинг таъбирингиз билан айтганда ОКЕАН ОРТИда доимий тазъйиқу тахликалардан деярли қутилиб бемалол ижод қилишга , қалбим буюрганини ёзишга имконият пайдо бўлди.Лекин йўл очилса бу ерларда бир секунд ҳам яшамайман. Ватанимни, яқинларимни, гуваладан қурилган уйимизни, мўъжазгина боғимизни, ўзим пайвандлаган мевали дарахтларни, деразамиз олдида гуллагувчи гилосимизни, сувминор устида тумшуқларини тақиллатгувчи лайлакларни, латифа айтса кулдириб ичакни узиб қўядиган ҳамқишлоқларимни соғиндим.
Birdamlik.info: Холдор ака, сиз ҳикояларингизда бўлиб ўтган воқеаларни аниқ вақти билан ўқувчига етказасиз. Воқеалар вақтини бу қадар аниқлик билан эслаб қола олишингиз хотирангиз ўткирлигиданми ёки ҳар бир воқеани ўз вақтида оққа қайд этиб қўясизми?
Жавоб: Йўқ, , хотирам унақа жа ҳавас қиладиган даражада эмас. Воқеаларни қоралама қилиб ҳам юрмайман.Қўлимга қалам олсам бас, Худонинг қудрати билан қалам ўзи ёзаверади. Воқеалар ҳам ўз – ўзидан қуйилиб келаверади мийямга.Ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Баъзан бу сирли жараёндан қўрқаман ҳам. Яхши асар ёзсам анчагача хурсанд бўлиб юраман.Ёзмасам туролмайман. Қўлим қичиб бир нарсаларни ёзавераман. Менинг бундан бошқа қизиқарлироқ машғулотим йўқ.
Birdamlik.info: Китобларингиз нашр этилганми ёки нарш этилиш арафасидами?
Жавоб: Ватанда яшаган кезларим Тошкентнинг нуфузли нашриётларида менинг учта китобим нашрия қилинган. “Туманли далалар қўшиғи”, “Лайлатулқадр”, “Тунги лайлак қор” шеърий тўпламлари шулар жумласидандир. Хозир яна бир нечта нашр қилинмаган китобларим бор. Яхши нийят қилиб юрибман энди. Худодан тилаб.
Birdamlik.info: Бу дунёда идеал инсон йўқ. Сизнингча Холдор Вулқоннинг асосий камчилиги нимадан иборат?
Жавоб: Холдор Вулқоннинг энг катта камчилиги мен сизга айтсам, у нима иш қилса чегарасидан чиқариб юборади. Майда нарсаларни ёмон кўради. Тўғри , у бировни дўст тутса уни ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Раҳмдил. Лекин шу билан бирга ноҳақ ранжитган одамни хеч қачон кечирмайди. Қасдлашган одамини охири ағдармагунча , йўлидаги ғовни сўнги ғиштларигача қўпориб ташламагунча қўймайди. Аммо у кейинги вақтларда бу зарарли одатидан қутилиш, камчиликларини ислох қилиш харакатида.
Birdamlik.info: Сиз нималардан кўпроқ афсусланасиз ва нималар сизни кўпроқ қувонтиради?
Жавоб: Ер юзида Чингиз Айтматовга ўхшаган одамлар борлигидан қувонаман.Шу кунларда унинг касал бўлиб қолганидан эса афсусдаман.
Чингизу Айтматову
Будто я родился в Буранном,
Где холодные ветры косили.
Где чтобы похоронить Казангапа,
У военных землю попросили.
Жил я в Анархайских степьях,
И воду на бричке тоскал.
Сев на сеялку за Абакиром,
В пыли отпрвился в даль.
Абакир уходить нагнувшись,
Жадность его за бугор гоняет.
О, бедная Калыпа досехпор,
Слёзи горькие роняет.
Ехал я по горным перевалом,
Простой дальнебойщик, шафёр.
Где ты, Асель , любимая, мы,
Жертвы у завидливых афёр.
Как я с Данияром у реки,
Стоял на звёздном вышине!
И лежа на стоге сен одинока,
Прислушивался к тишине.
Как я пел песню на телеге,
К луне направив взоры.
Мою песню слушали стоя,
Кыргызские высокие горы.
Я местный охотник Базарбай,
Теперь волки на веки замолчать.
Прямо у логово беспощадно,
Убил я беспомошных Волчат.
Внимаю к симфонии пурьги,
Я такой странный меломан.
Может я вовсе не Базарбай,
А манкурт по имени Эламан!
город Бишкек. Кыргызстан.
Birdamlik.info: Режаларингиз?
Жавоб: Одам боласи эртага ёки бир соатдан кейин, ёхуд беш дақиқадан кейин нима бўлишини билиши жуда қийин. Шунинг учун режалар ҳақида гапириш ҳам мен учун бироз ғалатироқ..
Birdamlik.info: “Бирдамлик” ҳаракатининг фаолиятини қандай баҳолайсиз?
Жавоб: Кейинги вақтларда шу нарса аён бўлмоқдаки, “Бирдамлик” харакати бир дамлик яъни бир сонияли эмас экан. У бирдамлик, доимий ҳамжихатлик экан. Ҳамжихатлик эса хамма замонларда буюк ғалабалар гарови бўлган. Минбар берганимиз учун мақтаяпти деманглар. Аслида менинг минбарларга эҳтиёжим ҳам , вақтим ҳам йўқ.. Сизларни ҳурмат қилганим учун жавоб бермоқдаман бу саволларга.Мен бор гапни холис айтмоқдаманки, агар Ўзбек мухолифати ичида олисдан туриб ҳам Ватан ичкарисидаги ғариблар холидан хабар олаётган ва бошқа амалий ишлар билан шуғилланаётган иккита сиёсий ташкилот бўлса унинг бири шубҳасиз “Бирдамлик” харакатидир. Мен ўйлайманки, Худо буюрса вақтлар келиб “Бирдамлик”харакати Ватанда катта сиёсий кучга айланади ва ҳам Хукумат тепасига келади. Негаки, бу харакат лидери пок қалбли, меҳнаткаш ва халол бола. Маккорликни, айёрликни билмайди. Кўзлари ҳам суваракнинг кўзларидек айёрона йилтилламайди. Дехқончиликни ҳам, бизнеснинг тилини ҳам, сиёсатни ҳам яхши билади. Мақтовлардан ҳам талтайиб кетмаса керак.
Birdamlik.info: Ўзбекистон ичкарисида, қийинчиликлар ва қийноқлар остида ҳаёт кечираётган ватандошларга айтар гапингиз?
Жавоб: Укажон, шу савол дунёдаги энг оғир савол экан. Уларга сабр – тоқат тилашдан бошқа чорам йўқ.
Ўзбегим
( Эркин Воҳидов шеърига назира )
Дилда армон , қўлда кетмон бўлди сарсон Ўзбегим ,
Қадру қиммат растасида нархи арзон Ўзбегим .
Сочди оғу боши узра чарх уриб тайёралар ,
Дори – дармон қилмагач кор ичди айрон Ўзбегим .
Шунча пахта , шунча олтин қайга кетди , ё фалак ?
Нега қашшоқмиз , ахир – деб лолу хайрон Ўзбегим .
Қишда газсиз , таппи бирлан ўт ёқиб кун ўтказиб ,
Нефту газни сув текинга қилди эхсон Ўзбегим .
Пул тополмай зўрғалатдан тебратар рўзғорини ,
Ўйланиб чеккай хижолат келса мехмон Ўзбегим .
Террористга айланар масжидга кирса ногохон ,
Чўнтагидан ўқ чиқар мент қўйса қопқон Ўзбегим .
Тинч намоишларда арзин айтса қирғиндир жавоб,
Кимга айтсин арзу додин қалби вайрон Ўзбегим .
Бош кўтарса бирни Хизбит , бирни Воххобий атаб ,
Урдилар Жаслиқда қийнаб бўлди қурбон Ўзбегим .
Қайга борса бошда шапка , ишлагай жим , мунғайиб ,
Сўз деёлмас , лиқ тўла оғзида толқон Ўзбегим .
Қувлагай думсиз шоқоллар тишларин такаллатиб,
Дашт аро жон қутқазиб чопгувчи жайрон Ўзбегим .
Қоп кўтарган қиз-жувонлар мардикор бозорида ,
Иш тополмай шер йигитлар тўзди харён Ўзбегим .
Дўппи кийса хамма хайрат ичра ; “Ҳа , тинчликми ? ” дер ,
Киймасинми дўппи , яктак бирла чакмон Ўзбегим .
Ёши ўтган ўғли бирлан қари қиз қайғусида ,
Шайланар осмоққа ўзни гохи пинхон Ўзбегим.
Нола қилса охидин зир титрагай сайёралар ,
Парча -парча йиртилиб кетгуси осмон Ўзбегим .
Ёндошиб Эркин Вохидга сўйласа айб этмангиз,
Хақ йўлинда тўғри сўзни ёзди Вулқон Ўзбегим !
Алиасқар Тўқтаналиев кўчаси , 24 уй , 26 квартира .
Birdamlik.info: Сўнгги сўз ўрнида айтар гапингиз?
Жавоб: Бу савол худди мақтулнинг бошига қоп кидириб дорга осаётган одобли жаллоднинг саволига ўхшайдикан. Илохим, бу сўнги сўзимиз бўлмасин.
(Суҳбатдош: Тўрабек Сано)



