Мен сиздан жафо топдим…….

kreml.jpg
…Кремль назоратидан фориғ бўлди

Юқорига арз қилган билан бу муаммони хал қилиб бўлмайди-ку? Нахотки йўқ ердан жиноятни бор қиладиган прокурорлар ҳам, оқ халатига доғ тушириб, иймонини сотган врачлар ҳам бу дахшатли иллатнинг охир-оқибатини тушуниб етмаётган бўлсалар!?
Мен сиздан жафо топдим…
( Мен сиздан шифо топдим, жонга жон шифокорлар
Мехнати машаққатли,бағри кенг шифокорлар.
Инсоннинг хаётига чанг солса агар бир хавф,
Умрини фидо қилган меҳрибон шифокорлар.)

Ўтган асрнинг 70-йилларида мана шу мисралар билан бошланадиган ва шифокорларнинг фидокорона мехнатига бағишланган қўшиқ кенг тарқалган эди. Дархақиқат, СССР аталмиш буюк империянинг бир таркибий қисми бўлишига қарамасдан буюк келажакдан анча йироқ бўлган Ўзбекистонда илм-фан, медицина, маданият бир мунча мақташга арзигулик қирраларга эга эди. Орадан йиллар ўтиб Ўзбекистон хукумати Кремль назоратидан фориғ бўлди, яъни гўёки мустақил бўлди. Аммо мустақиллик деб аталмиш ана шу ўтган давр мобайнида Ўзбекистон халқ хўжалигининг барча соҳалари, жумладан, юқорида номлари келтирилган соҳалар ҳам туб маънода кун- поякун қилинди, миллат саводсизлик ва жахолат ботқоғига чўкиб кетди.
Юртимизнинг барча жабхаларидаги ялпи таназзулнинг асосий сабабчиси,мамлакатнинг собиқ президенти И.Каримов давлат бошқарувида, иқтисодиётда ва сиёсатда йўл қўйган камчилик ва хатоларни хаспўшлаш мақсадида ҳар хил ёлғон ваъдалар, бемаъни шиорлар билан (масалан, Оналар ва болалар йили, Соғлом авлод йили, Шифокорлар ва хомийлар йили ва хокозо;) халқимизни асосий йўлдан- демократия ва ривожланиш йўлидан чалғитиб келди. Шуни натижаси ўлароқ, мамлакат иқтисодиёти буткул издан чиқди, ишлаб чиқариш корхоналари, завод ва фабрикалар бирин-кетин банкрот бўлиб, ёпила бошлади. Давлат бошқаруви органларининг барча структураларида коррупция, порахўрлик авжига чиқди. Оқибатда, ишсизлар сони тез кўпая борди, гиёхвандлик, фохишалик, ўғрилик, фирибгарлик каби иллатлар кенг илдиз ота бошлади.
XXI аср вабоси деб ном олган ОИТС касаллиги хақида Ўзбекистонда фақатгина 2002 йилда кенг маънода ва жиддий гапирила бошланди. Ўша йили Тошкентда ОИТС вирусини тарқалиши муаммолари бўйича миллий конференция бўлиб ўтган эди. Ушбу анжуманда республика бош санитария врачи Бахтиёр Ниёзматовнинг берган маълумотида ОИТС касаллиги Ўзбекистонда эндигина бошланиш стадиясида бўлиб, хозирги кунда уларнинг сони 779 кишини ташкил қилади, аммо бу миқдор ҳам икки ойдан кейин 1200 тага етди, деб айтган эди. Лекин Ўзбекистонда қаттиқ жорий қилинган цензура, матбуот ва сўз эркинлигини бўғиб ташланганлигини эътиборга олсак, бу миқдорни айсбергниниг кўриниб турган қисмига таққосласа бўлади. Яна ўша соғлиқни сақлаш вазирининг ўрибосари берган маълумотга назар тишласак, ОИТС билан касалланган беморларнинг аксарият кўпчилигини фохишалар, гиёхвандлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг доимий мижозлари ташкил қилади. Ўша вақтда болалар ўртасидаги ОИТС касаллиги хақида эса бирон бир нарса айтилмаган эди. Хозирги кунга келиб Ўзбекистонда болалар ўртасида ОИТСнинг тарқалиши асосий муаммолардан бирига айланди.
ОИТС кўпинча
• пала-партиш жинсий алоқа орқали;
• шприц орқали;
• қон қуйганда;
• стоматология хоналарида;
• касалланган онадан хомиладаги ёки эмизикли болага;
• жаррохлик муолажаси вақтида хамшира ёки врачнинг бепарволиги, совуққонлиги оқибатида тиббий асбобларнинг етарлича стерилланмаганлиги ва шу каби холатларда юқиши мумкин.
Бундан ташқари Ўзбекистонда кенг тарқалган ва хатто тиббиёт сохасига ҳам кириб келган коррупция, врач ва хамшираларнинг ўз ишига маъсулиятсизлиги, касб малакасининг пастлиги ҳам ОИТСнинг Ўзбекистонда, айниқса болалар ўртасида тез тарқалишига сабаб бўлмоқда. Турган гап, ОИТС билан оғриган болаларнинг 90% ини тиббиёт ходимларининг саводсизлиги, маъсулиятсизлиги ва виждонсизлиги оқибатида касалланган болалар ташкил қилади.
Яқинда шундай воқеа Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида ҳам содир бўлган эди. Аммо қозоқлар зудлик билан ОИТСни аниқлаш ва олдини олиш чораларини ишлаб чиқишди, техника воситалари ва керакли маблағ ажратишди, шунга алоқадор ташкилотлар сафарбар қилинди, айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғотилди. Бундай ялпи тадбир шу кунларда ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистонда эса буни аксини кузатасиз. Қон қуйиш оқибатида ОИТС юқтирилган ва шуни оқибатида вафот этган боланинг ота-онаси жавобгарларни топиб, чора кўриш хақида прокуратурага мурожаат қилишади. Йўқ ердан жиноятчи топадиган прокуратура эса яққол кўриниб турган бўлсада, жиноят аломатлари топилмади деб, ишни ёпиб юборишган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эса касалхоналарда врачларнинг айби билан ОИТС юқтирилган беморларнинг касаллик варқасига шу хақда ёзиш қатъийян тақиқланган. Бундан ташқари, ОИТС билан касалланган беморга барча харажатлар давлат томонидан таъминланиши керак. Лекин Ўзбекистон хукумати бундай беморларни таъминлаш у ёқда турсин, хаттоки чет элдан келаётган хайрия ёрдамларини ҳам ўзлаштириб юбормоқда.
Қуйида номлари келтирилган фуқароларнинг фарзандларига қон қуйиш орқали ОИТС инфекцияси юқтирилган. Шу факт юзасидан бу болаларнинг ота-оналари хуқуқни мухофаза қилувчи органларга шикоят қилганлар. Шундан кейинги вақт давомида уларнинг сарсон-саргардонлиги, азоб-уқубати, хўрликларини ёзишга қалам ожизлик қилади.
1. НОВОСЕЛЬЦОВА ОЛЬГА ИВАНОВНА – Мирзо Улуғбек туман, массив Ахмад Югнакий
2. ХОЖИМУРОДОВ БАХОДИР БАХТИЁРОВИЧ – Юнусобод тумани, Хасанбой массиви
3. САЙДАХМЕДОВА АЗИЗА – Тошкент шахар Миробод тумани Тошлоқ кўчаси
4. АБСАТТОРОВ АЛИШЕР, АБСАТТОРОВА НИЛУФАР(ота-онаси), АБСАТТОРОВА МАНЗУРА – 2001 йилда туғилган, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Ниёзбош қишлоқ фуқаролар йиғини,
5. МАХКАМОВ ДЖАМШИД ЖАВОХИР ўғли – 04.04.2003й.т. 21.06.2006 да вафот этган.
МАХКАМОВА НАФИСА (онаси).– Тошкент шахар Хамза тумани,
МАХКАМОВ ЖАВОХИР (отаси) – Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани
Бу рўйхатни яна қанча давом эттириш мумкин… Айниқса шифо топиш учун касалхоналарга борган гўдаклар дахшатли жафоларга мубтало бўлса, буни қандай таърифлаш мумкин.
Лекин муаммонинг дахшатли томони бу эмас. Жабр кўрганлардан бири, Махкамова Нафиса шикоят аризаси билан прокуратурага мурожаат қилган. Лекин, Тошкент шахар Мирзо Улуғбек туман прокуратураси терговчилари Ф.Р.Хайдаров 2006 йил 29 май № 34/п-6, кейинчалик Ф.Ю.Содиқов 2006 йил 14 декабр № 28/06-209 хатларида “… айбдорларни аниқлашни имкони бўлмаганлиги” туфайли жиноий иши ЎзР ЖПК нинг 364-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра харакатдан тўхтатилганлигини билдиришади. Шунингдек, улар ўз хатларида гўё олижаноблик қилган бўлиб, қабул қилинган қарор юзасидан юқори ташкилотларга шикоят қилиш хуқуқига эга эканлигини шикоятчиларга эслатиб ўтишади.
Юқорига арз қилган билан бу муаммони хал қилиб бўлмайди-ку? Нахотки йўқ ердан жиноятни бор қиладиган прокурорлар ҳам, оқ халатига доғ тушириб, иймонини сотган врачлар ҳам бу дахшатли иллатнинг охир-оқибатини тушуниб етмаётган бўлсалар!?
Янгийўл туман прокурори хузурида бўлиб ўтган вокеа хечам ёдимдан чиқмайди. Врачларнинг сансоларлигидан безор бўлган она прокурор кабинетида “….. қаерга борсам сарсон-овора қилишади, хаттоки қизимни яқинига келишга қўрқишади. Қизимнинг айби нимада, ахир врачлар қон қуйиш пайтида унга касал юқтирилган-ку! Худо кўрсатмасин. Агар иккинчи болам ҳам касалланса, бутун касалхонасига бензин сепиб ёқиб юбораман, ўзим ҳам ёниб кетаман” деб баёнот беряпти. Сиз бўлсангиз экстремист, террорист деб юрибсиз……
Ўзбекистонда ОИТС касаллиги тез суръатлар билан тарқалмоқда. Ахборот танқислиги бу фожеанинг кўламини аниқлаш имконини қийинлаштирмоқда. Баъзи ота-оналар буни оила шаънига доғ бўлиб тушади деб, маълумот беришдан бош тортсалар, баъзилари келгусида иш жойларини йўқотишдан қўрқиб ахборот бермайдилар. Баъзи ўрганилмаган маълумотларга кўра, болаларда шу касаллик аниқланган тақдирда ҳам уларнинг ота-оналарига бу хақда ҳеч нарса билдирмаслик тўғрисида врачларга юқоридан топшириқ берилган эмиш. ОИТС билан касалланган беморларни даволаш юзасидан барча сарф-харажатлар давлат хисобидан бўлиши керак. Бу эса жуда катта миқдорни ташкил қилади, балки шунинг учун ҳам мутасадди арбоблар буни эл назаридан беркитишга харакат қилаётган бўлишлари мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам, бундай беморларни сақлайдиган ва даволайдиган муассасалар ва тиббий персонал жуда ачинарли ахволда.
Бугун бу офатга қарши курашиш мумкиндир, лекин эртага кеч бўлиши мумкин….

Абдулхақ Абулазиз

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares