Франция, Олмония ва Ҳолландия полициялари бугун қўшма амалиёт ўтказиб, гўё Ўзбекистонга алоқадор жангари гуруҳ аъзолигида шубҳа қилинаётган ўн кишини қўлга олишган. Уларнинг саккиз нафари Франциянинг Мюлҳоуз шаҳарчасида ҳибсга олинган. Мулозимларга кўра, улар туркий миллатга мансуб ва «Ал-Қоида»га алоқаси бўлган ўзбек жангари гуруҳини молиялашга аралашганлар.
Бу ҳибсга олишлар ва қўлга олинганларнинг насли-насаби аниқ эмас, аммо айни воқеа ҳақида хабар бераётган агентликларнинг аксарияти Ўзбекистон Исломий Ҳаракати номини тилга олишмоқда.
Би-би-си ушбу хабарлар борасида Марказий Осиё масалаларини ёритиб келаётган олмониялик журналист Маркус Бенсман билан суҳбатлашди.Маркус Бенсман: Аввалига менимча, биз Ўзбекистон Исломий ҳаракати, «Исломий жиҳод» каби Ўзбекистон номи зикр этилган гуруҳлар ва ташкилотлар ҳақида гапирганимизда, эҳтиётроқ бўлишимиз керак. Бу каби баёнотларга ҳам шубҳа билан қараш лозим. Марказий Осиё мисолида айтадиган бўлсам, менимча, бу ерда террорчи ташкилотлар ва махфий хизматлар орасидаги унсурларнинг бир-бирига анча қўшилиб кетганига гувоҳ бўламиз.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати мисолида айтадиган бўлсам, бир пайтлар бу ҳаракатни Россиянинг махфий хизматлари дастаклагани сир эмас. Ҳукуматлар эса одатда бу каби радикал гуруҳлар билан қўрқитиб ўзларини қудратда қолишларини кафолатлаб келишади. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Толибон пайтида анча қудратга эга эди. Улар Қундузда ва Мозори Шарифда ўз базаларига эга бўлишган. Ўшанда ҳаракат Ўзбекистон ҳукумати учун ростдан ҳам реал хавфга айланганди. Лекин Америка бошчилигидаги ҳарбий амалиётлар давомида улар деярли вайрон этилди ва оз қисми Покистон-Афғонистон чегара ҳудудларидан қўним топди.
Би-би-си: Маркус, демак илк маълумотларга қараганда, Франция ва Олмонияда ҳибсга олинган шахслар айнан мана шу гуруҳларни, яъни Покистон ва Афғонистон чегарасидаги ҳудудларда фаол ўзбек жангари гуруҳларини гўё молиялаб туришган экан…
Маркус Бенсман: Биласизми, бу ерда ҳам бир қатор саволлар ўртага чиқади. Ҳибсга олинганларнинг Ўзбекистонга алоқаси қаерда? Менинг назаримда улар фақат шу номлар остида фаолият кўрсатишаётган бўлиши мумкин. Мен бундан яна кўпроқ шубҳа гумонга тушаман. Масалан, «Исломий жиҳод иттифоқи» гуруҳи пайдо бўлганди. Шу номдан ортиқроқ биз яна нима биламиз? Бу интернетнинг ихтиросими? Ана шу каби саволларга жавоб топилгунига қадар биз жуда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Айниқса, бу каби ахборотларни махфий хизматлар чиқаришаётган бўлса, журналистлар икки карра ҳушёрроқ бўлишлари керак. Чунки хавфсизлик ва ё махфий хизматлар чиқараётган барча ахборотлар ҳам ҳақиқат бўлавермайди, менинг назаримда.
www.BBCUzbek.com



