Халқ дамингни ичга ют, даминг ичингда кетсин
Дарду ғамингни ичга ют, ғаминг ичингда кетсин.
Ичга ют кўз қонингни юз йиллаб ютгансанку,
Ашк—намингни ичга ют, наминг ичингда кетсин.
Мен этайин додингни, жаллодлар мени оссин
Тил шамингни ичга ют, шаминг ичингда кетсин.
Юсуф буз деган билан бузмадинг сукутингни
Халқ дамингни ичга ют, даминг ичингда кетсин.
Худо урган, эй қавм, ғийбатингни уравер,
Чоҳда турган, эй қавм, маҳшаргача туравер.
Хиёнат, ёлғон билан қургансан дўзахингни
Дўзах қурган, эй қавм, дўзахингни кўравер.
Ҳақ деганга ҳамиша ҳурдинг сак кўппак бўлиб,
Тун кун ҳурган, эй қавм, ҳақгўйларга ҳуравер.
Мададга қўл юборсам қўлимни тишлаб олдинг,
Чоҳда турган, эй қавм, маҳшаргача туравер.
Юсуф ғийбатин урдинг, сени худойим урди,
Худо урган, эй қавм, ғийбатингни уравер.
Ўкинасан, фидойи,
Қавм мени уқмайди.
Мен майдонга чиққанда
Халқ ортимдан чиқмайди.
Ўкинмагин эрларни
Ноумидлик йиқади.
Майдонга чиқ ортингдан
Она халқинг чиқади.
Элинг—буюк, қалбида
Журъат илдиз отади.
Ортингдан чиқиб бари
Сени ортга тортади.
Андижон қирғинига қарши дунё мусулмонлари
Чурқ деб ҳам оғиз очмадилар.
Мабодо ногаҳон чинқирса кучук
Барча ит безовта чинқирар, нолон.
Водийда гўдаклар отилди,нечук
Дод деб юбормади аҳли мусулмон
Мабодо чинқирса бирорта хўтик
Эшаклар безовта-қулоқлари динг
Андижонда шаҳид оналар,нечук
Дунёнинг бесаноқ мусулмони гунг.
Йўлдоши бефарқлик,кўрлик,бешанлик.
Осмоннинг қошида қолган назардан
Наҳот мусулмонлик-итдан тубанлик
Наҳот мусулмонлик-тубанлик хардан.
Бошларда тўқмоқлар ўсадиган юрт.
Имкон бермайдилар,имкон берсалар
Кўк бўлиб япроқлар ўсадиган юрт.
Далаларда пахта,нодонлар тахтда
Пахтаю аҳмоқлар ўсадиган юрт.
Имкон бермайдилар,имкон берсалар
Ой бўлиб чироқлар ўсадиган юрт
Чўллар ўсиб ётар,сароблар ўсар
Разиллар олчоқлар ўсадиган юрт.
Имкон йўқдир Юсуф,имкон берсалар
Тоғ бўлиб тупроқлар ўсадиган юрт
Ғаддорлардан фахрланиш бўлсайди одат
Мудом сендан фахрланиб юрардим,халқим.
Хиёнатинг толе бўлса,бўлса саодат.
Мен ўзимни осмонларда кўрардим халқим.
Жаҳолатдан фахрланиш имкони бўлса
Фахрланиб яшар эдим жаҳолатингдан
Залолатдан фахрланиш имкони бўлса
Фахрланиб яшар эдим залолатингдан.



