Бошпана изловчи Ўзбекистонга топширилган

6jail.jpg
Ўзбекистон фуқароси икки ойдан буён Ўшдаги ҳибсхонада сақланган

Қирғизистон расмий мулозимлари хабар қилишларича, Қирғизистондан бошпана сўраган Ўзбекистон фуқароси Эркин Холиқов ватанига жўнатилган.
Шу куни Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон расмийларига мурожаат қилиб, Қирғизистон қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган Эркин Холиқовни Ўзбекистон ихтиёрига топширмасликни сўраган эди. Ўшдаги ҳибсхона бошлиғи Галбай Пратовнинг Би-би-сига айтишича, Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридан борган милиция ходимларига Ўзбекистон фуқароси топширилган. Эркин Холиқовни экстрадиция қилиш қарорига Қирғизистон ва Ўзбекистон бош прокуратуралари ўртасидаги келишув асосида келинган, деб айтган Галбай Пратов.

Қирғизистон Жазони ижро этиш бошқармаси уни Ўзбекистонга юбориш ҳақида бир ой илгари кўрсатма олган.

Ўтган йили августида ҳибсга олинган Эркин Холиқовни Жалолобод шаҳар маҳкамаси Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топган, уни тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Холиқов ҳимоячиси унинг ҳужжатларини Қирғизистоннинг муҳожирлик идорасига тақдим қилган.

Эркин Холиқов Қирғизистонда ҳибсга олинганидан уч ҳафта ўтиб, Ўзбекистон прокуратураси унинг ўз ватанида жиноят содир этиб қидирувда бўлгани ҳақида ҳужжатларни тақдим қилган, Қирғизистондан уни экстрадиция қилиш сўралган.

Human Rights Watch Эркин Холиқов Ўзбекистонга топширилса, унинг қийноққа тутилишидан хавотир билдирган.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares