Дорнинг сиртмоғига айланган юртдан.
Ҳамма қочаётир Ўзбекистондан
Иблис тузоғига айланган юртдан.
Ҳамма қочаётир Ўзбекистондан
Аму сир ораси қон ўпқонидан.
Ҳамма қочаётир Ўзбекистондан
Илон, аждарларнинг биёбонидан.
Ватан муҳаббати боқийдир жонда
Соғинчи бошимга ажал солади.
Ҳамма қочаётган Ўзбекистонда
Ўзбекистон билан Юсуф қолади.
Бошимга тушган ғам бошингга тушса
Бошқача сайрардинг, эй қора қузғун.
Қалбинг қалбим каби кабобдек пишса
Бошқача сайрардинг, эй қора қузғун.
Сарингда рақс этса мудом тўқмоқлар
Бўйнингда рақс этса тун-кун сиртмоқлар.
Бағрингда рақс этса ханжар пичоқлар
Бошқача сайрардинг, эй қора қузғун.
Тўрга ташласалар полапонингни
Қўрга ташласалар полапонингни
Гўрга ташласалар полапонингни
Бошқача сайрардинг, эй қора қузғун.
Кўксингга ўқ узса тождор саёдинг
Золим зиндонида кечса ҳаётинг
Юсуфнинг додидек бўларди додинг
Бошқача сайрардинг, эй қора қузғун.
Мени ғийбат қилар рақибим билан
Яқин азизларим, дўст иноқларим
Юсуф ёлғиз дея мамнундир душман
Лекин мангу ўчмас шамчироқларим.
Чанглар дўстлигига зор эмас наво
Тангри боқийликни бахш этган унга.
Худодан тилайман дўст бўлсин худо
Худонинг дўстлиги етади менга.
Эл кўзи товуқнинг кўзидек донда
Кўзимни чўғдайин қонлар қийнайди.
Қисмат деб аталган қора қозонда
Юрагим қайнайди, бағрим қайнайди.
Мунофиқ дўстларнинг тўқмоқларидан
Ярага айланган жисмим қонайди.
Қисмат дошқозони қийноқларида
Суягим қайнайди, бошим қайнайди.
Ҳамманинг қисмати баҳор бегумон
Дили қумри бўлиб бахтдан сайрайди.
Менинг такдирим-чи, эвоҳ, дошқозон
Қалб номлиғ беқиёс бургут қайнайди.
Қандоқ умид этсин қайнаётган жон
Наҳот оташ ичра бургут тунайди.
Қайнайди, бетиним қисмат дошқозон
Юрагим қайнайди, қоним қайнайди.



