Андижон: фожеадан сўнг

Бахтиёр Ҳасан

Образец Web-страницы

bahtiyor-hasan.jpg

Хaдемай Андижон воқеалари содир бўлганига уч йил тўлади. Ўзбекистонни жаҳон оммасига танитган ва Каримов режимининг манфур қиёфасини очиб ташлаган бу воқеа ҳақида турли хил фикр-муносабатлар, қарашлар мавжуд. “Акромийлар” деб номланган ҳаракат аъзоларини 12 -13 май кунлари амалга оширган ишлари, уларга ишониб майдонга чиққан минглаб одамларни ўққа тутилиши, хунрезликлар, таъқиблар ва босимлар, муҳожирлик ва ҳанузгача сир бўлиб қолаётган бошқа воқеалар…
“Янги Дунё” Андижон воқеаларининг бевосита гувоҳлари ҳикояларини тўплашга киришди. Мақсадимиз хотираларда қолган воқеаларни қоғозга тушуриш ва тарих учун асраб қўйишдир.
Бу туркумдаги дастлабки ҳикоя билан танишинг.

Таҳририят.

****

Ўша вокқаларни ўйласам, ҳозиргача мени совуқ тер босади… Ўша воқеалар сабабли Ватандан айрилганим эса мени янада маънан мажруҳлик сари етаклаётгандек.

Ҳар йили 13-май яқинлашган сари бу хотиралар хаёлимда ўз ўлчовларини ўзгартира бошлайди: у миллионлаб нейронларимни ёриб чиқиб, катталашар ва мия қобиғимни ёриб юборгудай бўлаверади. Бу кунни минглаб андижонликлар қатори мен ҳам унута олмайман. Унутишга ҳаққим ҳам йўқ.

12 МАЙ, ТУНГИ СОАТ 23-00

Гумбирлаган овоз мени Интернет оламидан суғуриб олди. Бир сескандим ва нима бўлганини билиш учун, ойнаванд айвонга югуриб чиқдим. Айвондан қоп-қоронғу ташқарига қараб, бу хунук овоз қаердан келаётганини билишга уриндим. Ёнимиздаги қўни-қўшнилар ҳам хавотир билан ўз деразаларидан мўралаша бошлади.

Орадан 15 дақиқалар ўтар-ўтмас автоматдан отилаётган ўқ овозлари ҳаммаёқни тутиб кетди. Отишма овозлари Андижон қамоқхонаси томондан келарди. (Мен қамоқхона жойлашган Семашко кўчасида тураман, қамоқхона уйимдан атиги икки бекат пастроқда).

«Кимдир қамоқхонадан қочган бўлса керак?» деб ўйладим мен ва ортимдан хавотирланиб чиққан рафиқамга ҳам шу фаразни айтдим. Хонага қайтиб, яна Интернет оламига шўнғидим.

Дераза олдида қолган хотинимнинг нимадир деганини эшитиб, яна қайтиб айвонга чиқаётганимда, туйқусдан янграган ўқ овозидан қотиб қолдим. Овоз уйимизга яқин жойдан, тахминан 200 метрлар атрофидан келаётганди!

Шундагина, қамоқхонада, эҳтимолки, шаҳарда қандайдир жиддий ва хунук воқеа содир бўлаётганини сездим.

12 МАЙ, ТУНГИ 02-00

Ҳовлимиздаги тандир устига чиқиб, кўчага қараганимда, кўчамиз бўйлаб югуриб кетаётган одамларнинг шарпасига кўзим тушди. Улар кичик туман (микрорайон) мавзеси томон кетишарди. Қулоғимга эшитилган узуқ-юлуқ сўзларини эшитиб, уларнинг қамоқхонадан қочишган махбуслар эканини англадим. Улардан бирининг, «Пистирма кўчалар билан айланиб, уйга етиб олсак бўлди, ҳеч бўлмаса кўришиб олармиз яқинлар билан» дегани ҳозиргача ёдимда.

Шаҳарда эса отишма овози кучайгандан кучайди. Портлаш овозлари кела бошлади. Бу эса, биргина қамоқхонада эмас, балки шаҳарда фавқулодда муҳим бир воқеа содир бўлганлигини билдирарди.

Тонгга қадар отишма ва бошқа бесарамжонликларнинг саси тинмади. Тезроқ тонг отишини кутиб, кўзим илинибди…

13 МАЙ ТОНГИ…

Юз-қўлимни ювиб, кўчага отландим. Онамнинг айтишича, шаҳарда ваҳима ва тўпаланг бошланибди, кимлардир вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олибди, ҳеч ким уларни назорат қила олмаяпти, ва ҳакозо..

Кўчада борар эканман, учраган танишлардан билганим шу бўлдики, Бобир майдонида митинг бўлаяпти экан. «У ерда халқ кўп, улар ҳамма муаммоларни айтишаяпти, виждонсиз ва порахўр раҳбарлар ҳақида, айниқса, ҳаддидан ошган комунал хизмат корхоналари ходимлари ҳақида арз қилишаяпти» деди кўчада учраган бир танишим.

Майдон томонга йул солдим, бироқ, кўча беркитилганини кўриб, қамоқхона томон билан пиёда кета бошладим. Қамоқхона олдига етиб келгач, мана шундай вазиятни кўрдим.

Қамоқхона рўпарасидаги уй қуршаб олинган эди. Ўша жойдаги одамларнинг айтишларича, бу уйнинг хонадонларига қандайдир қуролланган одамлар яшириниб олишган бўлиб, улар таслим бўлишмаётган экан. Атрофга қараб, агар уй ичида ҳаттоки 50 нафар террорчи бўлган тақдирда ҳам, улар бу ердан тирик чиқа олишмаслигини пайқадим. Чунки уй атрофи 200-300 нафар «БАРС» отряди аскарлари билан қуршаб олинганди.

Қўлига карнай ушлаб олган милиционер, қалтираган овоз билан, ичкарига беркинганларга қарата таслим бўлишни таклиф қилганида, орамиздан кимдир «Бунақа овоз билан чумолини ҳам қўрқитиб бўпсан!» дея ҳазил қилди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, отишма бошланиб кетди. Биз, бошимизни эгиб олдик, кимлардир ерга чўзилганча, қўллари билан калласини беркитди. Ҳаммаёк тўс-тўпалон бўлиб кетди…

Кейинчалик билсам, ўша уй ичида 6 нафар қуролланган одам бўлган экан холос. Уларнинг ҳаммаси ўша куни, тушга қадар отиб ўлдирилган.

13 МАЙ, СОАТ 12ЛАР ЧАМАСИ…

У ердан бир амаллаб четлашдим ва яна майдон томон юра бошладим. У ёққа йўл фақат Чор-Гузар кўчаси орқали қолган эди холос. Бирдан шу кўча бошида 33-йўналиш бўйича қатновчи маршрутка кўринди. Шаҳардаги тўпалангдан фойдаланган Ҳайдовчи йўл кира баҳосини 300 сўмга қадар ошириб олгани биргина мени эмас, бошқаларни ҳам ғашига тегди. Пиёда кета бошладим.

Богдан Хмельницкий кўчаси очиқ экан. У кўча Навоий шоҳ кўчасига буриладиган жойида танклар ва БТРларга кўзим тушди. Шундагина, бу воқеалар тинч йул билан якунланмаслигини тушундим. Тиш тирноғигача қуроланган, саноқсиз ҳарбийлар ва ҳарбий техникалар, воқеа кимнинг фойдасига ҳал бўлишини айтиб турарди.

«Агар Каримов томон ғолиб бўлса, мана шу майдонда тирик қолганларнинг ҳар бири камида 5 йилга қамалади, тезроқ бу ердан узоқлашайлик» деди ёнгинамдан тез-тез юриб, майдондан қайтаётган икки нафар ўрта ёшлардаги кишиларнинг бири.

Мен ЗАГС бюроси биноси олдида ёниб ётган автобус ва «Нексия» енгил автомобилларига қарар эканман, вазият назоратдан чиқиб бўлганини тушундим. Майдон гувилларди. Менинг эса кўнглимни қўрқинчли бир хавотир эгаллади. «Ортга қайтишим керак» дедим ўзимга ўзим…
Майдон эса тоборо оломон билан тўлиб борарди…

Русчадан Улуғбек Ҳайдаров таржимаси.

(ДАВОМИ БОР)

http://yangidunyo.com/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares