Ўзбек-қозоқ муносабатлари совуқлашмоқдами?

karimov_and_putin.jpg
Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари икки раҳбар муносабатларига боғлиқ

Кейинги пайтларда Қозоғистондан ўнлаб ўзбекистонлик муҳожирлар чиқариб юборилгани хабар қилинган. Хусусан, апрел ойининг сўнгги кунларида Алмати полицияси 65 нафар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаросини мамлакатдан депортация қилганини маълум қилган. Ўзбекистон Адлия вазирлиги эса Қозоқ миллий маданият маркази мамлакат қонунчилигига зид фаолият юритганини аниқлаганини эълон қилган.Бу воқеалар – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Қозоғистонга сафари ортидан юзага келаётир.Айни сафар чоғи Президент Каримов Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиё иттифоқи тузиш таклифини қатъиян рад этганди. Қозоқ матбуоти буни ҳатто Қозоғистон юзига тортилган шапалоқ бўлди, кабилида ҳам изоҳлади. Ҳозир Тошкент ва Остона муносабатлари қай аҳволда? Би-би-си ушбу савол билан сиёсий таҳлилчи Досўм Сатпаевга мурожаат этди.Досўм Сатпаев: Агар бу алоқаларни энг совуқ ва энг қизиган пайтлари меъёрида муқояса этсак, ҳозир ўртада – анча-мунча совуқ даражада турибди. Тўғри, Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида қандайдир очиқ низо-нифоқ ҳақида гап йўқ, аммо барибир икки президентнинг шахсий муносабатлари таъсири бор. Ислом Каримов сўнгги сафарида Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиё ититфоқи тузиш режасига қарши кескин гапирди ва шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу икки президент бошқарувлари даврида ўзбек-қозоқ муносабатлари яхшиланмаса керак. Би-би-си: Лекин Ислом Каримов Қозоғитсонга сафарида дипломатия тилини йиғиштириб қўйиб, очиқ ва кескин оҳангда Нурсултон Назарбоев ғоясига қарши чиқди. Демак, икковлон орасида ҳатто доимги илимилиқ алоқалардан ташқари яна бирон бошқа келишмовчилик чиққан бўлиши мумкинми? Досўм Сатпаев: Ислом Каримовнинг асабий гапиргани – Каримов ва Назарбоев ўртасида рақобат ҳамон сақланиб қолаётгани аломатидир. Яъни, икковлон ҳам ўз мамлакатини минтақа етакчиси сифатида кўрсатишга уринишади. Президент Каримов иқтисодий маънода Ўзбекистон аллақачон ютқизиб бўлганини тушуниб турибди. Сиёсий етакчилик на Ўзбекистонда, на Қозоғистонда бор. Яъни, ҳеч бирини қўшни давлатлар етакчи ўлароқ тан олмайди. Ҳали 1990-йиллари аксар ғарбликлар Ўзбекистонга катта умидларни тикишганди. Аммо энди вазият ўзгариб, Нурсултон Назарбоев барча тараф билан иқтисодий ришталарни кучайтирмоқда. Ўзбекистон иқтисоди эса анчайин абгор ҳолатга тушиб қолди. Мана кўплаб ўзбеклар Россия ва Қозоғистонда ишлашмоқда. Афтидан Ислом Каримов ҳозир Қозоғистонга бир қадар ҳасад билан қараяпти. Ва шу боис Ўзбекистондаги кичик тижоратни Қозоғистон билан солиштириб, кескин гапирди. Аммо бош сабаб барибир икки президент орасидаги келишмовчиликдир. Ҳатто минтақа андозалари бўйича ҳам Назарбоев ва Каримов Совет Иттифоқида суяги қотган эскича бичимдаги сиёсатчилардир. Би-би-си: Андижон воқеалари ортидан Ғарб Ўзбекистонга жазо чоралари киритиб, Тошкентни яккалаб қўйган пайтлари Ислом Каримов қандайдир Қозоғистонга яқинлашгандек эди. Ҳозирги вазият ташқи сиёсатда Тошкентнинг Ғарб билан ришталари яхшиланиши умидларига ҳам боғлиқ бўлиши мумкинми? Досўм Сатпаев: Андижондан кейин Ўзбекистон ва Қозоғистон алоқалари у қадар кескин ўзгармаганди. Тўғри Ислом Каримов Коллектиф Хавфсизлик шартномаси ташкилотига қайта қўшилди, Ўзбекистонни Овроосиё Иқтисодий ҳамжамиятига киритди. Аммо барибир Марказий Осий иттифоқи ғоясига Каримов қарши чиқди. Сабаби – бундай бўлса бир давлат етакчиликни қўлига олиши керак бўлади. Каримов ушбу етакчи Қозоғистон, тўғрироғи, Нурсултон Назарбоев бўлишини истамайди. Аслида ҳам бу қандайдир маънода мустақилликнинг иқтисодий маънода бўлса-да, муайян жиҳатларидан воз кечишини англатиши мумкин. Би-би-си: Аммо Назарбоев ўзининг минтақавий иттифоқ ғоясини Каримовнинг розилигисиз амалга ошира оладими? Ахир Қозоғистон қаторида Ўзбекистон ҳам барибир минтақанинг энг йирик икки давлатидан бири. Умуман улар алоқаларининг совуши бутун минтақага қандай таъсир қилади? Досўм Сатпаев: Бу аллақачон таъсир эта бошлаяпти. Ўзбекистон иштирок этмаса, минтақавий доирадаги кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб бўлмайди. Масалан, эркин иқтисодий ҳудуд тузиш режасини олинг. Ёки сув муаммоларини олайлик. Ҳеч бир давлат якка ҳолда бу муаммони ҳал эта олмайди. Агар Ўзбекистон бу масалада ҳам ҳамкорлик қилмаса, унда минтақадаги сув муаммосини ҳал этиш имконсиздир.

www.BBCUzbek.com  

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares