МЕН НЕГА «БИРДАМЛИК» САФИГА КИРГАНМАН

ЮЛДУЗОЙ ЖЎРАЕВА.
“Бирдамлик” ҳаракати фаоли.

halqini_qiyrtgan_zuravonlar.jpg

Мен Юлдуз Жўраева Ғайратовна 1971-йил 12-феврал Ўзбекистон Республикаси Қашқадарё вилоят Шаҳрисабз туманида туғилганман. 1978-88 йиллар ўрта мактабда ўқидим. 1989-йилдан 1999-йилгача Шаҳрисабз вилоят Санитария Эпидамология Станциясида лабаратория ҳодими, 1992-94 йиллар Шаҳрисабз Тиббиёт Теҳникумида умумий ҳамширалик куллиётида ўқиб тугутгач, 1999-йилдан 2002-йилгача жарроҳлик ҳамшираси бўлиб ишладим.

Турмуш ўртоғим Рўзиев Олимжон билан ота-онам розилиги билан турмуш қурганмиз. Аксарият шарқ қизлари шу тақлид турмушга чиқадилар. Уларнинг оилалари омонат, заиф муносабатлар юзага келади. Ажралиш ҳам осон эмас, ажрашишларига гоҳ қариндошлар, гоҳ ота-она, гоҳ эса маҳаллакуй ҳалақит беришади. Заиф оиламизни туғилган 2-фарзанд мустаҳкамлай олмади.

Рўзиев Олимжонда оила масъулияти йўқ эди. Шунинг учун ёш гўдакларим бўлишига қарамай ишлашимга тўғри келган. У на ишлаб пул топар, на уйда бирон бир иш қиларди. Кўп ичарди. Қаерлардадир санғирди. Бегона аёлларга илакишиб, тунлар келмай қоларди. Қайнона ва қайнатамиз олиб берган ҳайҳотдек 30 сотихлик ҳовлида бир ўзим қолиб кетардим.

Ҳовлидаги асосий иш, хатто аёл киши қилиши мумкин бўлмаган ишлар ҳам менинг гарданимда эди. Ҳовли деворини тўсиш учун 600 ғишт қуйдим. Эрим шу ғиштларни деворга уриб қўймагач, яна иш ўзимга қолди. Пойдевор учун тош териб, трактор тележкасига юклаб келтирдим. Ҳар бири камида 10 кило келадиган ғиштларни 7 қатор қалаб, ҳовлини кўчадан тўсдим. Бу ишлар саломатлигимга таъсир қилмай қолмади.
Бунинг устига еб ичишим ҳам яхши эмасди.

Айниқса қиш кунлари еб-ичиш борасидаги ташвишим ортарди. Ҳамма йиллик ғалласини ғамлаган бир вазиятда мен бугунги кун нонимни топиш илинжида юрардим. Шундай оғир шароитда 2002-йил 18-апрелда учинчи қизим туғилди. У узоқ яшамади. Қизчамизнинг вафотидан сўнг оиламиз тобора путур кетаётганини ҳис қилардим. Олимжон эса ҳамон ичар, бегана аёллар билан юрарди. Унда оила масулияти йўқ эди.

Қайнонам икки ўртада гоҳ унга, гоҳ менга бўлишарди. Менинг қандай қийналаётганимни у ҳис қиларди. Баъзан, ўғлининг иродасизлигидан куйинар, бир неча бор яшаб турган ҳовлини ўз исми – шарифимга расмийлаштириб олишимни маслаҳат берганди. Мен эса: “Агар ўғлингиз ичмай кетса, ҳаммаси изга тушади”-деб уни умидвор қилардим.
Уй рўзғор буюмларининг деярли барчасини ўзим тиклаганман.

Неча йил давомида у ишламади. Ўзим ишлаб топган пулларимга телевизор, радио, рўзғор буюмлари сотиб олганман. Ишлаб, уйни газлаштиргандим. Паравой отапления ўтказганман. Менинг у ердан олган нарсаларим, шу ҳовлига кетган меҳнатларим, шу ерда исроф бўлган умрим қаршисида арзимас эди. Учинчи фарзандимиз касалманд туғилиб, вафот қилгач, оиламиздан буткул путур кетди. Мен нарсаларимни олиб ота уйимга кетишга мажбур бўлдим.

2005 йил сентабр ойида унинг уйланганлиги ҳақда эшитдим. Лекин, менга яқинда, қочқин бўлиб жон сақлаётган манзилимга келтириб беришган суд қарорида унинг иккичи бор уйланган санасини “2006 йилда уйланган”, деб кўрсатишган. Суд қарорида унинг иккинчи хотинини 2007-йил 21-мартда туққан, дейилади. Бунгача ҳам икки бор фарзанди буйидан тушганини эшитганман. Шундан хулоса шулки, у 2005 йил мен эшитган сентябр ойида уйланган.

Демак, судга сана кўрсаткичини бузиб кўрсатган бўлиши мумкин. Шунингдек мени чиқиб кетган сана, 2003-йил 1-ноябр кунини 2002-йил деб суд қарорида бузиб кўрсатишган.
Вояга етмаган фарзандларимни боқиш мен учун машаққатли кечди. Қонуний алимент пулини талаб қилдим ва лекин афсуслар бўлсинким Ўзбекистонда бундай талаблар қондирилмайди.

Фарзандларим билан доимий яшаш учун уй-жой қуриш мақсадида участка ва шу мақсадда кредит олмоқчи бўлдим. Бу ҳақда президентнинг телевидениедаги чиқишини кўрганман. Лекин, бу айтилган гаплар бўйича тегишли идораларга ариза билан мурожаат қилганимда улардан қўпол гаплар эшитдим… Талабим ортидан рахбарият мени тобора ёмон кўриб қолди. Ўз шахсий хаётимдаги муаммоларим юзасидан тегишли идораларга кўп бор мурожаат қилганман ва инсон қадр – қиммати йўқ бўлган бу юртда ҳақиқат ўрнига тазйиқлар топдим.

Ўзбекистонда ҳақиқат топа олмаганлар албатта ё ҳуқуқ ҳимоячиларига, ёким мухолифат аъзоларига мурожаат қиладилар ёки уларга аъзо бўладилар. Мен ҳам 2006 йил апрел ойида Ўзбекистон “Бирдамлик” ҳаракатига аъзо бўлганман. Бунгача, ҳамюртим Баҳодир Чориев мен яшайдиган хўжаликнинг рахбари бўлган ва хўжалигимизнинг қонуний ҳақларини ҳимоя қилиш баробарида рахбарлар билан зиддиятларга бориб қолганди. Б. Чориевнинг ташаббуси билан 2004 йил 19 март, 2004 йил 13 апрелда Республика прокуратураси биноси олдида ва 2005 йил Тошкентдаги АҚШ элчихонаси олдида бир қатор пикет номойишлари ўтказилган.

Б. Чориев Кеш давлат жамоа хўжалигида директор бўлган ва оддий халқ манфаати ҳимояси йўлида танилганди. Мен ҳам кейинчалик ўз муаммоларим ўлароқ Баходир ташкил этган “Бирдамлик” ҳаракатига аъзо бўлганман.

“Бирдамлик” аъзоси сифатида Ўзбекистон Конституцияси куни муносабати билан митинг ўтказиш тайёргарлигини кўрардик. 2006-йил 5-декабрда кечқурун Қишлоқ хотин – қизлар кенгаши раиси Гўзал Чўянова, Қишлоқ оқсоқоли Оқбўта Хушвақтов, маҳалланинг Ғофир исмли посбони ҳокимиятга, туман Хотин – қизлар кенгаши раиси Аслонованинг олдига олиб боришди.

У менга узундан-узоқ насиҳат қилди. Г. Чўянова: “Менда сизнинг номойишга чиқишингиз юзасидан маълумот келди. Зулфия Ҳайдаровани танийсизми? У Констутуция куни муносабати билан намойиш қиламан, деб юрибди-деди Асланова. Мен:
—Уни танимайман. Лекин намойиш қилаяптими, демак ҳақиқат учун қилаётгандир. У тўғри қилади-дедим.

—Зулфия намойишга таклиф қилса унга қўшилманг-деди оқсоқол. Мен Концтитуция кунини нишонлаш, унинг шарафига намойиш қилишнинг нимаси ёмон?-дедим.
Қишлоқ кенганши раиси ҳали бирон-бир марта хол сўрамаганди. Мен бугунгача бирон марта болалар нафақаси ололмаганим, шу муаммо бўйича идорага борсам, ҚФЙ раиси суд ажрими йўқлигини баҳона қилиб, неча йиллардан буён кўмак бермаётганини айтдим.
—Сизлар унга ва қонунларга амал қилмайсизлар-дедим. Конституциянинг 6-моддаси бўйича ҳар ким ўз ҳақ-ҳуқуқини эркин ҳимоялаш ҳуқуқига эга”-дейилган. Сизлар эса унга амал қилмаяпсизлар-дедим.

Шундан сўнг улар мени чиқариб юборишди. Аслонова оқсоқолга нимадир деди. Улар уйгача ҳамроҳ бўлиб келишди ва хужжатларимни олиб кетишиб, ўзлари расмийлаштирди ва шу ойдан бошлаб болалар нафақаси ола бошладим.

Пикетга чиқишимизга қаттиқ қаршилик бўлди. Қишлоқга МҲҲ ва ИИБ ходимлари ташлашди. Уларнинг бир нечтаси мени уйдан чиқармаслик учун кўчамизга туриб олишди.
Турмушдан ажралганим хақда ажрим йўқлиги сабаб неча йиллардан буён болаларимга нафақа ололмаётгандим. Шу кундан бошлаб нафақа ола бошладим.

2006-йил 8-декабрда Шаҳрисабздаги Аробон деҳқон бозори олдида Ўзбекистон Конститутцияси куни муносабати билан ўтказилган пикетлар сабаб менга нисбатан ҳам таъқиб ва тазйиқлар бошланди. Бу пикетга фақат Зулфия Ҳайдаровагина чиқа олган ва уни оилавий ИИБга олиб бориб, невараси Камолани аёвсиз урганлар. Мени ушбу пикетга бораётганимда йўлда тутиб олишганди.

Феврал ойида Шахрисабз шаҳар ИИБ бошлиғи алмашиб, шу мансабда иш бошлаган Сафар Сармонов келгач мени чақирди. Унинг олдига қишлоқ хотин – қизлар кенгаши раиси Гўзал Чўянова ва участка нозири Худойқул: “Ер учун участка беришмоқчи”-деб алдаб ИИБга олиб келганди ва бошлиғининг олдига киритганди. Шунда мен “Менинг айбим нима?”-деб сўрадим.

Бошлиқ Сармоновга қараб: “Бунинг айби нима ўзи?”-деди. У эса: “Бу Тошкентга бориб, пикетларга чиқиб келган. Ҳар ойда Америкадан 50 доллардан пул олади”-деди. ИИБ бошлиғи “Муаммонгиз нима?”- деб сўради. Муаммоларим ҳамиша сўралишини лекин, ҳеч бир рахбар уларни ҳал қилиб бермаганини айтдим. Унинг ишлайсизми?-деган саволига “Хозир пули йўқ ишламай олмайди, пули бор ишлайди. Хақиқат пули борники”- дедим.

Мен бунда пулга муҳтож бўлиб, иш топиш мушкиллиги ҳақда гапирдим. Ўз фикрларимни очиқ сўзлашим унга гап қайтариш бўлиб туйилди ва Сафаровга менга “тушинтиб қўйиш” топшириқғини берди. Сафаров ўз хонасига олиб тушиб, ёрдамчилари кўмагида менга “энди намойишларга чиқмайман. Чиқсам жиноий жавобгарликка тортилишга, ёки рухий касалликлар шифохонасига тиқишларига розиман”-деган мазмундаги хатга мажбуран қўл қўйдиришди. Мен: “Барибир чиқаман номойишларга!” –деб жавоб берганман.

2007-йил 8-март байрами арафасида ўтказилиши мўлжалланган пикет ҳукуматчилар томонидан қаттиқ қаршиликка учради. Пикет жойи ва пикетга чиқиши гумон қилинган “бирдамликчи”лар уйи миршаблар томонидан ўраб олинди. Шу куни уйимиз атрофини қўриқлаган МҲҲ ходимлари уйимиздагиларга таъсир ўтказиб, мени калтаклатганди.

Ўшандан кейин тазйиқлар тобора авж олди. Изимиздан қолмай кузатишаётганини ҳар лаҳза сеза бошладим. Бизни туман ва вилоят телевилениеси ва газеталарида танқид қилиб чиқди. Мактаб томонидан талаб қилинган ноқонуний тўловни тўлашга имконсизлигимиз боис, ўқитувчиси қизим Дилоромни синфдошлари ўртасида изза қилибди: “Ҳар куни номойишларга чиқишга пули бўлади-ку, нега сенларга беришга пули бўлмайди»-дебди. 8-март пикети куни Ҳуқуқ тартибот органи ҳодимлари ота-онам ва акаларимни қўрқитишиб, мени уларга урдирди.

Органлар ота-онам ва акаларимга уйдан қувиб юбориш талабларини қўйишди ва бу мақсадига эришишди. Мени ўз уйимдагилар аёвсиз урдилар. Бу калтаклаш таъсирли бўлсада ўз вақтида даволана олмадим ва калтакланишнинг бугунги кунда ҳам асоратлари бор.

Уйимиздан МҲҲ ва ИИБ ходимларининг қадами аримай қолшач, маҳалла ва қариндошлар ўртасида бўлар-бўлмас “миш-миш”лар тарқалди. Уларнинг айримлари очиқдан-очиқ мендан ўзларини олиб қоча бошладилар. Доимо уйига бориб юрадиган қаридошимизникига борганимда, бир сафар мени дарвозадан киритишмади.

Акбарнинг отаси Жўраев Асқар, яъни амакимиз онамни «қизингни қайтармайсанми?”-деб қаттиқ урибди. Онам ҳам шундан сўнг мени уйдан чиқариб юбориш пайида юрганини сезиб юрдим.

Отамни кўча-куйда ёки чойхонада кўрган участка нозиримиз, атайлаб ҳамманинг олдида мени сўраб суриштираверган. Бу ва Орган ходимларининг бетиним уйга келишидан отам ҳижолат тортсада бу ҳақда менга айтмай юрган экан. Бир куни кутилмаганда унинг ҳам муомаласи буткул ўзгарди. Сабабини кейинроқ эшитдим. У ухлаб ётганида Акбар қўлида арқон билан кириб келган. Отамнинг уйғониб кетганини кўриб, у дарров чиқиб кетган. Отам уларнинг қўлидан ҳамма нарса келиши мумкин, деб мени бу йўлдан қайтаришга уринди.

Менинг аҳдим қатъийлигини кўриб, тамоман муомаласи ўзгарди.
Акбар ҳаддидан оша бошлади. Гап-сўзларга қараганда у оиламиздаги кимнидир йўқотиб, ё мени уриб ўлдириб, ўзини осибди-деган гапни қилмоқчи бўлган. Улар мени мухолифат йўлидан қайтариш учун ҳеч нарсадан қайтишмаётган эди.
Ҳукуматчилар менга қарши қариндошларимни ишга солди ва мақсадларига эришдилар. Мен бу вақтинчалик эканини ҳис қиламан.

Мен Ўзбекистоннинг демократиялашувига, унда инсон омиллари рўёбга чиқишини ҳоҳлайман ва шунинг учун курашаман. Лекин, энди Ватан ичкарисида фаолият қилишдан маҳрумман. Начора, ҳукуматчиларнинг қўли узун экан, мусофирчилик бошимга тушди. Бу кунлар ҳам ўтар, бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак.

Мен “Бирдамлик” харакатининг келажагига ишонаман. Сафдошларим қатори тинч йўллар билан юртимдаги диктатуранинг қулатилишига ҳисса қўшаман!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares