Улуғбек Хайдаров.
Мустақил журналист, «Бирдамлик» фаоли
Ўзбекистондаги президентлик сайлови арафасида газетада шу муҳим масалага оид кўплаб мақолалар эълон қилаяпти. Оддий Ўзбекистонликларнинг
Газетанинг ноябрь ойи сонларидан бирида хориждаги ўзбек мухолифати лидери Мухаммад Солихнинг «7 йил» мақоласи Интернет сайтлардан олиб чоп этилди.
Дадил айтиш мумкин – мақола ўқувчилар орасида шов-шув бўлди. Шу билан бирга, у кимларнингдир кўнглида ўзига хос «ўзбекона қўрқув» хам уйғотди. «Шартмиди шуни босиб тарқатиш? Алишерга ўхшаб отиб кетишса нима қиласизлар?» деган миллатдошларимиз хам бўлди.
«7 йил» мақоласини Жанубий Қозоғистонда бугун ўз ризқларини теришаётган мардикорлар хам ўқишган ва табиийки, газета улар орқали Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ҳам етиб борган.
Айнан шу холат, Каримов хукуматининг ташвишга тушишига сабаб бўлганига ўхшайди.
Газетанинг кейинги сони нашрга тайёрланаётган бир пайтда, редакцияга Сайрам туманида истиқомат қилувчи Ахмадниёз Наметов деган кекса одам ташриф буюрди.
Коммунистик тузум пайтида анчагина фаоллик кўрсатиб, қанчадан қанча диндорлар ва зиёли кишиларнинг шўрини қуритган бу кишидан, тўғриси, маҳаллий ўзбеклар ҳозир ҳам хайиқиб туришади.
Хуллас, у киши «Сайрам сабоси» газетига, Мухаммад Солихнинг мақоласига ёзган муносабатини олиб келганини айтади. Мухаррирлар унинг коғозга туширган мулоҳазалари ўқиб кўришади.
Ислом Каримов кўкларга кўтарилган ва унинг мухолифлари ерга урилган мақолани улар аввалига чоп этишни ҳоҳлашмайди. Бироқ, Ахмадниёз амаки редакцияда жанжал кўтаради: «Бизда Сўз эркинлиги йўқми? Хамма ўз фикрини айтишга хаққи бор! Арз қиламан устингдан! Ёптириб ташлайман!»
Кекса одам билан тортишиш (Айниқса Наметов билан!) яхши бўлмаслигини англаган мухаррирлар мақолани олиб қолишади. Яқинда, газетада ана шу мақола «Муносабат» рукнида «Қалқон бўлайлик» номи билан эълон қилинди.
Унда айтилишича, «ўзбекнинг гўзал хислатли, садокатли, халол диёнатли ва мард ўзбек ўғлони Каримов Ўзбекистонни буюк мақсад сари етаклаяпти». Хаммамиз «садоқатни ва юртни севишни Каримовдан ўрганишимиз» керак экан.
Мақолада Ахмадниёз Наметов мустақиллик йилларида, ўзбек халқининг душманлари томонидан «Каримовга бир неча марта суиқастд уюштирилганини» ҳам ҳикоя қилади.
«Ростини айтсам мен ўзим ҳам йиғладим. Оиламиз аъзолари, Рафиқам, қизларим, дўсту-биродарларим ҳам. Чунки мен портлашдан бир ой бурун Тошкентда бўлгандим….Бундан кейин ҳам бўламан. Ислом Каримовнинг нутқларини, китобларини севиб ўқийман» деб ёзади А. Наметов.
«Мен бир нарсани аниқ биламан. Каримов яна етти йилга сайланади. Бу хамма ўзбекларнинг орзуси» дея хулоса қилади А. Наметов ўз мақоласида.
«Сайрам сабоси» ходимлари мақола чоп этилгач, редакцияга кўплаб қўнғироқлар бўлганини айтишди. Газетхонлар мухаррирлардан бундай маколаларни босмасликни сўрашди. Баъзилар эса Наметовни «томи кетганга» чиқаришди..
– Чунки соғ одам Каримов хақида бундай гапларни ёзмайди Қозоғистонда. Ахир, қаранг бизда қанчадан қанча ўзбек қулдек ишлаб ётибди? Агар Каримов, Наметов айтганидай мард ва доно бўлса, ўзининг шунча фуқаросини хор килиб қўярмиди?, – деди ўқувчилардан бири.
Маълум бўлишича, А. Наметов ўзининг бу мақоласини аввалига ўзбек тилидаги ва куп тиражли «Жанубий Қозоғистон» вилоят газетасига олиб борган. Бироқ, газета муҳаррири бу мақолани чиқармаслигини айтган. Наметов бобо қанчалик бақириб чақирмасин, фойдаси бўлмаган: бош мухаррирнинг ўзи унинг бу мақоласини инсонийлик нуқтаи назаридан чоп эта олмаслиги ҳақида дангал айтган.
Шундан сўнг тарвузи қўлтиғидан тушган А. Наметов, «Сайрам сабоси» газетасига олиб келган. Газета ходимларидан биринг айтишича, Наметовнинг мақоласи шу газетада чоп этилган «7 йил» мақоласига муносабат тарзида ёзилгани учун хам, олиб қолишга мажбур бўлишган.
Мақола газетада чиққанидан сўнг, мен Наметовнинг шахси билан қизиқдим. Уни билган инсонлар менга кўп нарсаларни айтиб беришди. СССР пайтида ўзини ашаддий атеист деб эълон килган Наметов диндорларни таъқиб қилишда ўта фаоллик кўрсатган. Унинг саъйи харакати билан қанчадан қанча намозхонлар ўз диний амалларини бажара олмай, озор чекишган.
Наметовнинг ўзи Қозоғистонда яшаб туриб, нега Каримовни бунчалик ҳимоя килиши мени жудаям қизиқтирарди. Бунинг сабабини узоқ излашга туғри келмади. Чимкентлик дўстларимдан бири менга Наметовнинг эски бир мақоласини кўрсатганида, саволимга жавоб топгандай бўлдим.
Маълум бўлишича, унинг икки уғлининг тақдири Ўзбекистон билан боғлик бўлиб, улардан бири подполковник Алишер Наметов Самарканд Олий ҳарбий қўмондонлик билим юртининг «Ўт очиш» кафедраси мудири экан.
Яна бир ўғли эса Самарканд олий ҳарбий инженерлик билим юртини кичик сержант мақомида битираяпти.
Газета ходимларининг айтишларича, куни кеча «Сайрам сабоси» газети редакциясига кириб келган Наметов, газетанинг Каримов хақидаги мақоласи чоп этилган сонидан бир дастасини олиб, «Буни Ўзбекистонга, ўғилларимга ва дўстларимга жўнатаман» деб олиб кетган.
– Ахмадниёз Наметов бу мақолани ўғилларига беради. Ўғиллари эса буни ўз рахбарларига кўрсатишиб, ўз мавқеларини мустахкамлашади. Яъни, подполковник полковник бўлади, кичик сержант эса сержантга айланади, – дейди «Сайрам сабосининг» бир ходими.
Ўзбекистондаги бўлажак сайлов, Қозоғистонлик ўзбекларнинг хам диққат марказида турган бир пайтда, Ахмадниёз Наметов нега бирданига Каримовни бунчалик кўкларга кўтариб қолди? Унинг нияти Ўзбекистонда яшаётган ўғилларига мансаб олиб беришми ёки, кимларнидир буйруғи билан, Қозоғистон ўзбеклари орасида диктатор Каримов хақида ижобий фикр уйғотишми? Эхтимол бу хам, Каримовнинг Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда яшовчи ўзбеклар орасида ўтказаётган пиар-кампаниясидир?
Хар не бўлганида хам бир нарса аниқ – энди Ислом Каримовнинг обрўсини ҳеч қандай пиар-кампаниялар сақлаб қола олмайди. Ким-ким, бироқ қозоқлар ва Қозоғистон ўзбеклари унинг кимлигини бу ердаги мардикор бозорларида қул каби сотилаётган Узбекистонлик йигитларнинг, турли ишратхоналарда танини сотишга мажбул бўлаётган Ўзбекистонлик қиз жувонларининг юз-кўзларида кўриб туришибди.
Энди Каримовга, унинг Наметовга ўхшаган югурдакларининг минглаб мақола-ю, бағишловлари ёрдам бера олмайди.
Менга айтишларича, «Сайрам сабоси» газетасининг навбатдаги сонида, А. Наметов мақоласи юзасидан билдирилган фикр мулоҳазалар, «Муносабат» рукни остида чоп этилади.



