БМТ Ўзбекистондаги қийноқ ҳолларидан хавотирда

2.jpg

Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонда қийноқ ҳолларининг кенг тарқалганига оид хабарлар юзасидан ниҳоятда жиддий хавотир изҳор этган. 

Қўмита Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши конвенциясига қандай амал қилаётгани юзасидан берган ҳисоботига ўз муносабатини билдирган.

Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши конвенциясига имзо чеккан бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон халқаро қўмита қаршисида вақти-вақти билан ҳисоб бериши лозим кўрилади. 

Қўмитанинг ҳисоботи халқаро миқёсда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият юзасидан хавотирлар кучайиб бораётган бир паллага тўғри келмоқда.

Женевада бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, қўмитанинг ҳисоботи тўққиз саҳифадан иборат ва унда Ўзбекистондаги қийноқ ҳоллари билан алоқадор йигирмадан ортиқ нуқтада жиддий хавотирлар изҳор этилган.

Ҳисоботда ҳуқуқ-тартибот мулозимлари томонидан қийноқ усулларининг мунтазам равишда қўлланиши, масъуллар томонидан қийноқ ҳолларига оид даъволарнинг эътиборсиз қолдирилиши ва мазкур ҳолатни ўрганишга уринган мустақил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига тўсқинлик қилиниши ҳоллари борасида алоҳида сўз боради.

Қўмита аъзоларининг айтишларича, бир-бирига жуда ўхшаш ва исбот-далили бўлган юздан ортиқ қийноқ ҳолларига оид маълумотларни қўлга киритишган. Женевада бўлган ўзбекистонлик вакиллар эса уларнинг ҳар бирини рад этишган.

Қўмитанинг сўнгги ҳисоботи Бирлашган Миллатларнинг бошқа ҳисоботлари каби нисбатан дипломатик тилда ёзилган. Бироқ чиқарилган хулоса қатъийдир.

Агарда қийноқ ҳолларига оид хабарларнинг бор-йўғи бир шингили тўғри бўлса ҳам, Ўзбекистон Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши конвенциясини бузган бўлади.

Ҳозир қўмита томонидан берилган қатор тавсияларни бажариши учун Ўзбекистоннинг ихтиёрида бир йил муҳлат бор.

Уларнинг сирасига қийноқ ҳолларига буткул тоқат қилмаслик ва унга қўл урганларни адолат маҳкамасига тортиш каби тавсиялар киради.

www.BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares