(Лойиҳа)
Кишан кийма, бўйун эгма,
Ки Сен ҳам ҳур туғилғонсен…
Абдулҳамид Чўлпон
МУҚАДДИМА
Биз, жонажон Ўзбекистоннинг фарзандлари, ВАТАН тақдири, миллат қисматига қайғуриб, якка шахс диктатураси, сиёсий авторитаризм чангалида қолиб келаётган муқаддас диёримиз Ўзбекистонни озод, унинг меҳнаткаш ва сабрли ҳалқини эркин, давлат бошқарувини демократик қилиш мақсадида БИРДАМЛИК ҲАЛҚ ҲАРАКАТИГА асос солдик.
Бугунги кунда Ўзбекистон фарзандлари, миллатдошларимиз ҳоҳ мамлакат ичкарисида бўлсин, ҳоҳ ташқарисида, “қандай қилиб жонажон Ватанимизда шаклланган диктатурадан холос бўлиш мумкин, қандай қилиб уни ағдариб ташлаш мумкин, қандай қилиб жонажон фарзандларимиз, муҳтарам ота−оналаримиз, муштфиқ опа−сингилларимиз тақдири учун, ҳаммамизнинг азиз ва мукаррам умр−гузаронлигимиз учун қулай, эмин−эркин ва фаровон жамият қуриш мумкин” деган саволлар билан ўртаниб юрибдилар.
Биз, Бирдамлик ҳаракати асосчилари, фаоллари ва сафдошлари бу саволга жавоб бериш учун бир сафга бирлашдик, бир ғоя атрофида жипслашдик. Биз, БИРДАМЛИК ҳаракати Ўзбекистондаги диктатура режимини, яъни қонхўр Каримов режимини НОЗЎРАВОН курашув усуллари орқали ағдариб ташлашни таклиф қиламиз, бу борада барча миллатдошларни, барча Ўзбекистонликларни бирлашишга чақирамиз.
“Бирдамлик” ҳаракати диктатурага қарши кураш усули сифатида танлаган нозўравон усуллар билан курашиш тарихи минг йилларга бориб тақалади. Бунга мисол ўлароқ, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва сафдошлари бошлаган ҳаракатнинг Макка шаҳри ва кейинчалик Арабистоннинг ҳамма ёғига ёйилиши; Маҳатма Ганди бошчилигидаги ҳинд халқининг Буюк Британия мустамлакачиларига қарши кураши; Польша ва Европанинг бир қатор давлатлари халқларининг Қизил империя зулмидан ҳалос бўлиши; Филиппин давлати икки миллион аҳолисининг мамлакат президенти истеъфосини талаб қилган намойишлари; Грузия, Украина ва Қирғизистонда халқнинг нозўравон ҳаракатлари оқибатида режим ўзгаришлари ва ҳакозоларни келтириш мумкин.
Шу боиски, азиз ватандошлар, давлат амалдорлари ва ходимлари! Ўзингизни алдаманг ва вазиятга кўз юмманг! Бу режим билан курашиш − ғанимат! Курашишга ҳисса қўшиш ҳам ҳаммага насиб этмас! 50−100 йилдан сўнг Сизу−биздан ҳеч ким ҳаёт бўлмайди. Лекин, ҳалқ ва миллат, унинг ҳотираси, қилинган амаллар хотираси абадийдир!
Бу ўз ҳалқини қонга бўяган режим билан қутлуғ кураш авлодлар тилида минг йиллар достон бўлажак!
Бизга қўшилинг, ҳоҳ ошкора, ҳоҳ сирли равишда. Ҳеч бўлмаса, режимга ёрдам берманг, бизга қаршилик кўрсатманг! Зеро, бизнинг ниятимиз миллатнинг, жумладан Сизнинг ва фарзанларингизнинг эркинлигидир! Бизга қўшилинг! Бизга қўшилинг! Биз билан бирга бўлинг!
БИРДАМЛИК ҳалқ ҳаракатининг асосий қадриятлари ва тамойиллари
Зулмга қарши исъён кутаринг, ки Сиз ҳам ҳур туғилгансиз!
Биз 27 миллионмиз! Биз Ўзбекистонликлар, тилимиз, динимиз, урф−одатимиз, турмуш тарзимиз ва дунёқарашимиздан қатъий назар, ҳаммамиз эркин, тўқ ва фаровон яшашга ҳақлимиз! Биз Ўзбекистонликлар қашшоқлик, хорлик, жабр−зулм ва турғунлик учун дунёга келмадик. Бизнинг туғилишимиздан олдин биз “Сен Каримов ҳукмидасан” деб буюрилмадик. Демакки, биз бу золим билан курашишга, ўз шанимиз, ота−оналаримиз, опа сингилларимиз, улуғ аждодлари эрки ва шаъни учун курашишга масъулмиз. Бу ўтмишини, болалигини биздан ва бутун дунё афкор оммасидан сир тутаётган, золим Каримов зулмига қарши курашишга, унинг бизга таклиф қилаётган қуллигига исъён кўтаришга масъулмиз!
Агар Биз Ўзбекистонликлар, ҳаммамиз бир−биримизга қўл бериб, жонли девор ҳосил қилсак, ер шарини ярмини эгаллаб, 20.000 километрлик жонли халқа яратган бўлар эдик!
Наҳотки, Биз, бутун бир ҳалқ бир ҳовуч золимчаларни буйнимиздан ағдариб, қонимизни ичишдан тўхтата олмаймиз!
Наҳотки, жонажон фарзандларимизнинг беғубор ва жажжи кўзларидаги қувноқлик ўрнида мутеълик ва қуллик руҳи ҳоким бўлишига рози бўлсак! Наҳотки, ўз умримизни адолатсиз, қўли қон ва кўнгли ҳалққа нисбатан нафратга тўла золимлар қўлида қолишига қараб турсак!
Бир қаранг, Каримов ўзимизни имкониятларимиздан унумли фойдаланиб, ўзимизни қулликда ва қўрқувда ушлаб турибди−я!
Каримов режими Сизу−бизнинг жонажон фарзадларимизни милиция ва МХХ ходимлари қилиб, фарзандаримизнинг қўлига қурол бериб, улар орқали бизни қўрқувда, зулмда ушлаб турибди; Яъни, биз не−не азоблар билан фарзанд туғиб, уларни катта қилиб, вояга етказганимизда, диктатор онсонгина қонунлар чиқариб бизнинг бағримиздаги фарзандимиз қўлига қурол бериб, ўзимизнинг фарзандларимиз орқали бизни назорат қилади, қўрқувда ушлаб туради…
Қора терга тушиб қилаётган меҳнатимизни ҳам режим ўз турғунлигимизга сабабчи қилмоқда: жонажон фарзандларимизу, ота−оналаримизни тўқлиги ва фаровонлиги учун тер тўкиб қилаётган меҳнатимиздан Каримов режими солиқлар ўндириб, ўз режимини, бизлар устимиздан назоратини мустаҳкамлаш учун имконият яратмоқда…
Бизга Худо томонидан берилган неъмат − Сизлару−бизларнинг оёқларимиз остидаги бойликлар ҳисобига Каримов режими даҳшатли репрессив аппаратини сақлаб ва ривожлантириб келмоқда. Ўз бойлигимиз ҳисобига бизни зулм ва қашшоқликда, қўрқув ва камбағалликда, кўпчилигимизни очу−ночорликда ушлаб турибди…
Бу азиз умр − ҳаммага бир марта берилади! Уни эркин, озод, фаровон ва саодат билан ўтказишга ҳақлимиз! Биз, 27 миллион одам битта Каримов учун, унинг роҳат−фароғати ва ўзимизни жабр−зулмларга бериш учун дунёга келмаганмиз!
Сиёсат – сўз билан ҳаракат қилишдир!
Ўз ҳалқини қонга булаган, халқ обру−эътиборини ер билан топтаган, тўқ ва фаровон элни хорғин қилган, ўзбек эркакларини сарсонгарчиликка мажбур қилган, аёлларни эса кучаларга чиқарган, йўқсиллик, хорлик азобига дучор қилган Каримов режимига қаршилик кўрсатиш ҳаммамизга вазифадир.
Диктаторлик режими ўзининг барча асосий ресурсларини, имкониятларини тугатиб бўлаяпди. Каримов режими турғун инерция ҳолатида яшаб келмоқда. Бир неча йил олдин, айниқса 90чи йиллар ўрталарида режим катта куч ва жамоатчилик энергиясига, қўллаб−қувватловига эга эди, жамиятнинг маълум қисми Каримов режимига умид кўзлари билан қарар эди, унга нисбатан ишонч ёрлиги берган эди. Бугун эса Каримов режими бутунлай ўзига бўлган ишончни йўқотиб бўлди, режимнинг маддоҳлари овози ўчди, газеталар ва телевиденияда олдингидек каби ишонарли мадҳлар йўқ. Каримов эса телевидения орқали ҳам борган сари кўринмай бормоқда.
Каримов режими ўз ҳалқига нисбатан куч ишлатар экан, бу унинг имкониятлари тугаб бўлганлиги белгисидир. Режим гапирмайди, чунки, биладики, унга ҳеч ким ишонмайди. Куч ишлатади, чунки бундан бошқа чораси йўқ!
Зеро, режим куч ишлатар экан, сўз орқали миллионларни жонлартириш, қалбларни ларзага солиш ва ҳаракатлантириш имкониятидан маҳрум эканлигига далолатдир. Биз сўз, фикр орқали ўз мақсадларимизга эришамиз. Эришганда ҳам жабр−зулмга қарши сўз орқали қаршилик кўрсатамиз, қаршилик кўрсатганда ҳам тинч гапириш, тинч ҳаракат қилиш орқали золимлар зулмини етгамиз!
Куч ишлатиш йўли − режимни умрини cунги ва вақтинча узайтирувчи омилдир
Ўзбекистондаги диктаторлик, репрессив режимнинг энг кучли томони − куч ишлатишга, терроризмга, экстремизмга, жабр−зулмга қарши кураша олиш қобилиятидир. Каримов режими йиллар давомида армия, махсус хизматлар, милиция каби репрессив тузилмаларни фақат ва фақат кучайтириб келди. Уларнинг вазифаси − куч ишлатишга бир неча бор кучлирок репрессиялар билан жавоб беришдир: ушбу тузилмаларга баҳона бўлса бас, улар ўзларининг вазифасини аъло даражада бажарадилар. Каримов режимига қарши курашишда куч ишлатиш йўлини танлаш − ушбу инсон қиёфасини йўқотган режимга умр бағишлаш демакдир.
Ушбу режимнинг тинкасини қуритадиган, обрусини тўкадиган, асабини чарчатиб, ҳолсизлантирадиган, оёқ−қўлини ипсиз боғлайдиган ягона йўл − зулмсиз, нозўравон курашиш йўлидир. Каримов режими айнан зулмсиз курашиш усулига доимий равишда жавоб бера олмайди. Ушбу курашишда борган сари жамият, давлат амалдорлари ва идоралари тадрижий ўзгариб борадилар. Авваласига, аста−секин улар режимдан чекина бошлайдилар. Сунгра улардаги фикрлаш уларнинг ҳатти−ҳаракатига кўча бошлайдилар. Кейинрок нафратини изҳор қила бошлайдилар.
Зулмсиз курашиш 20 асрда бир қанча инсон қиёфасини йўқотган режимларни бир пасда йўқ қилди, кўпгина ҳалқларни эркинликка олиб чиқди, диктаторларни кунини битказди.
Ўтган давр шуни кўрсатдики, Каримов сиёсий режими ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайди: у Худодан ҳам қўрқмайди, қудратли давлатлардан ҳам ҳайиқмайди, террористлардан ҳам, экстремистлардан ҳам чўчимайди. У на Россияни, на АҚШни фикрига муттасил қулоқ солади. Режим ва унинг асосчиси Каримов фақат ва фақат бир нарсадан, яъни − ўз ҳалқидан қўрқади. Унда ҳам бўлса ушбу ҳалқ кўчаларга чиқса, намойишлар қилса қўрқади! Айниқса, ушбу кўчаларга чиқиш режимни қўл−оёқларига эркинлик бермаса, яъни тинч, зулмсиз, нозўравон намойишлар бўлса қўрқади!
Глобализм − диктаторлик режими инқирози учун беқиёс имкониятдир
Каримова режими − изоляциялашга асосланган режимдир. Режим бир маҳаллани иккинчи маҳалладан, бир туманни иккинчисидан, бир вилоятни бошқасидан изоляция қилишга, чеклаб−чегаралашга, улар ўртасидаги боғлиқликни, жипсликни пасайтиришга интилади. Режим давлатни ҳалқдан изолациялайди. Бугун амалдорлар идораларига бир қаранг−а, улар ўзларини ҳалқдан баланд ва мустаҳкам темир панжаралар билан ўраб олибди. Режим миллатни ўзига яқин дўстларидан, тилдошларидан ва диндошларидан ўраб келмоқда. Режим давлатни бутун бир дунёдан ўраб−авраб келмоқда.
Лекин, ҳар доим бўлганидек, Каримов режими ҳам бутун бир ҳалқ иродасига, дунёда кечаётган ўлкан жараёнларга қарши дош бера олмайди. Бирдамлик ҳаракати глобаллашув жараёнларини Ўзбекистон ҳалқи учун ўлкан имконият деб билади, борган сари ривожланиб бораётган ахборот технологиялари Каримов режимининг қулашига катта ҳисса қўшади деб ҳисоблайди.
Бу ўринда айтиш мумкинки, янги ахборот технологиялар, сиёсий технологияларни қўллаш, жамият билан изчил ишлаш ва оммавий тафаккурдаги қўрқувни ювиб ташлаш, сўнгра бутун бир миллатни ўз эрки ва шаъни учун ҳаракатга келтиришдир. Биз аминмизки, Ўзбекистонда миллит ўз эрки учун ҳаракатланишга борган сари имконият ва вазият пишиб етила бораверади. Албатта, Бирдамлик бу имкониятлар ва интилишларда байроқдорларидан бири бўлишни ўзи учун масъулият деб билади.
Интернет, халқаро радиоканаллар, газета ва журналлар, бошқа турфа ахборот воситалари орқали биз ўз имкониятларимизни кучайтириб, режим кунини қисқартириб борамиз.
Ҳаракатнинг мақсади − режимни ўзгартириш, амалдорларни жазолаш эмас
Бирдамлик ҳаракатининг устивор тамойили − аксарият инсонларни ижобий томонга ўзгартириш мумкинлигига ишонтиришдир. Бугунги кунда ўзгармас Каримовга хизмат қилаётган аксарият бюрократлар, давлат идоралари ходимлари, куч ишлатар органлар хизматчилари − шу жамиятнинг фарзанлари, улар ҳам миллат тақдирига бефарқ эмас, улар ҳам жонажон Ўзбекистон шани ва шухратига қайғуда. Лекин, улар ҳам ҳалқ каби шаклланган вазият асирларидин. Бирдамлик ҳалқ ҳаракати ишонадики, режим ўзгарса, бу одамларни ҳам янгича фикрлаш ва ишлашга кўникмаси шаклланиши муқаррардир.
Ҳаракат Ўзбекистонда вазият ўзгаргач ҳам, бугунги кунда давлат идораларида хизмат қилаётган амалдорларни биттама−битта жазолаш фикрига мутлақо қаршидир. Режим бошиси ва унинг асосий мафкурачилари сўзсиз миллат олдида жавоб беришлари шарт, ва шундай бўлажак ҳам. Лекин, вазият асирлари бўлмиш бюрократилар − миллатимизнинг йигит−қизлари келажакда янги, демократик Ўзбекистонда янгича яшашга ва ўз ҳиссаларин қўшишга ҳақлидирлар.
Айни пайтда, Бирдамлик ҳаракати Ўзбекстоннинг барча элу−ватан учун қайғурадиган фарзандларига мурожаат қилиб, бир мулоҳаза қилиб кўришга чақиради: бир ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўринг, Каримов режими ҳалқ ва миллат учун қандай ижобий натижа берди, миллат обру−эътиборидан маҳрум бўлмадими? Миллатимиз қизлари−ю, опа−сингилларимиз кўчаларга юзланмадиларми? Миллатимиз йигитлари нон учун ота заминни тарк этмадиларми? Ҳалқ виждони бўлмиш зиёлилар, ҳур фикрлилик тимсоллари бўлмиш муҳолифат ватангадо қилинмадими? Ўйлаб кўринг−че, Каримов режимини сиёсий ислоҳот қилиб бўладими, унда Ўзбекистон миллати манфаатларини қарор топдириб бўладими? Бугун Ўзбекистон том маънода мустақилми?
Шу боиски, азиз ватандошлар, давлат амалдорлари ва ходимлари! Ўзингизни алдаманг ва вазиятга кўз юмманг! Бу режим билан курашиш − ғанимат! Курашишга ҳисса қўшиш ҳам ҳаммага насиб этмас! 50−100 йилдан сўнг Сизу−биздан ҳеч ким ҳаёт бўлмайди. Лекин, ҳалқ ва миллат, унинг ҳотираси, қилинган амаллар хотираси абадийдир!
Бу ўз ҳалқини қонга бўяган режим билан қутлуғ кураш авлодлар тилида минг йиллар достон бўлажак!
Бизга қўшилинг, ҳоҳ ошкора, ҳоҳ сирли равишда. Ҳеч бўлмаса, режимга ёрдам берманг, бизга қаршилик кўрсатманг! Зеро, бизнинг ниятимиз миллатнинг, жумладан Сизнинг ва фарзанларингизнинг эркинлигидир! Бизга қўшилинг! Бизга қўшилинг!
Биз билан бирга бўлинг!
Нозўравонлик замиридаги курашиш тамойиллари
Бирдамлик нозўравонлик курашиш усулини танлар экан, ҳаракат ушбу курашиш усулининг асосий тамойилларини қуйидагича изоҳлайди. Жабр−зулмдан воз кечиш жараёни − бу нафақат мақсад, балқи жараён ҳамдир. Мақсадимиз − жабр−зулмларсиз дунёга, ҳаётга эришишдир. Ҳаётки, унинг замирида, асосида ижтимоий адолат турсин, ҳаётки, бунда жабр−зулмга, таҳқирловга ўрин бўлмасин.
Нозўравон усулларда курашиш барчамизга кўпгина масъулиятларни юклайдики, биз ўз ҳатти−ҳаракатимиз билан одамларга, жамиятга ўрнак бўлишимиз, уларни ишонтира олишимиз, режимнинг қуйи хизматкорларидаги бизга бўлган ҳадиксираш ва шубҳаларни ювиб ташлашимиз лозимдир. Шунингдек, ўзбек жамияти учун анча ноанъанавий бўлган нозўравнолик усулларидаги кураш кўпчилик учун қулай, эҳтиросли ва енгил бўлган қаршилик кўрсатиш усулларига, жабр−зулмларга ва қон тўкилишларга ўтиб кетмаслиги учун бу борада тинимсиз тушунтириш олиб боришимиз лозимдир.
Ғазаб ва нафрат инсонга ҳос табиий ҳиссиётлардир. Айниқча, биз учун аёвсиз бўлган режимга ҳам ҳудди шундай жавоб беришга бўлган мойиллик кўпчиликка ҳосдир. Бироқ, бизнинг вазифамиз − ўзимизнинг ва жамиятимизнинг нафрат ва ғазабини керакли томонга буришдир.
Агарки, биз ўзимизнинг ғазаб ва нафратимизни конструктив ифода қилмасак ва уни доимо бостириб келсак ҳам − ўзимизга нисбатан зулм қилган бўламиз. Шу боиски, Бирдамлик жамиятни бирликка, бирдамликка ва фаолликка, режимга қарши конструктив қаршилик кўрсатишга чақиради.
Сизу−биз ўзимизни шундай тутмоқлигимиз керакки, Сизу−бизнинг ҳақиқат ва адолатга, миллат таҳдирига бўлган муносабатимизни кўриб, режим мулозимлари−ю, амалдорлар Барчамизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ҳиссларини туйсин!
Бизнинг мақсад − бошқаларни билиб билмасдан қилган қилмишлари учун жазолаш эмас, аксинча ушбу жабр−зулмлар арқонини, ипини узиб ташлаш ва уни тугатишдир.
Чинаккам адолат ва эркинлик жабр−зулмга тўйинган, одамлар бир−бирларига нисбатан ўта нафрат ҳис қилган ва бир−бирларини йўқотишига қаратилган жамиятда эмас, балки босиқлик ва вазминлик замирида, нозўравонликка асосланган сиёсий баҳс−мунозара анъаналарига асоссланган жамиятда муқим таъминади.
Бирдамлик ҳаракати нозўравонликка асосланган кураш йўлини танлар экан, бу билан рақибларга, режим тарафдорларига чекиниш учун имконият қолдиради. Айни пайтда, нозўравон курашиш усулларининг қудрати ҳам шундаки, айнан унинг ёрдамида Биз адолатсизлик ва жабр−зулм устидан ғолибмиз.
Бирдамлик ҳалқ ҳаракати фаолиятининг ҳуқуқий ва маънавий асослари
Бирдамлик ҳалқ ҳаракати ўз фаолиятини Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Ўзбекистон Конституцияси ва ҳаракатнинг Низом ва Дастури асосида олиб боради.
Бирдамлик ҳалқ ҳаракати ўз фаолияти давомида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини, жамиятнинг жипслиги ва мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлашни устивор қадрият деб билади. Давлатнинг минтақавий ва глобал обру−эътибори, миллатнинг тарихий улуғ мақомини тикланишига интилган ҳолда фаолият кўрсатади. Энг асосийси − Бирдамлик ҳаракати ўз фаолиятини бугунги кунда миллат руҳиятида устивор бўлган эҳтиёткорлик, таҳлика, қўрқувни пасайтириш ва йўқотишни, юртдошлар қалби−қурида, тафаккурида эркинлик ҳукмрон бўлишга йўналтиради.
Бирдамлик ҳалқ ҳаракати Ўзбекистон давлатчилиги ва унинг истиқболи учун якка шахс диктатураси ва авторитар сиёсий тизимга асосланган давлатчилик инқирози муқаррар эканлиги, бундай тузимни жамият жипслиги, давлат келажаги, унинг ҳудудий ва маънавий яхдитлиги учун жиддий таҳдид деб билади.
Шунингдек, Ўзбекистондек давлат ва унинг кўпмингйиллик таърихга эга беқиёс маданияти, инсоншаванда ва бағрикенг жамияти демократик қадриятлар ва институтлар тараққиёти учун қулай омиллар эканлигини эътироф этади. Бирдамлик ҳаракати Каримов ҳукумати томонидан парваришланган “экстремизм”, “терроризм”, “миллатлараро можаролар” каби анча сунъий ва бўрттирилган қўрқитмалар ўзбек жамиятида демократия тараққиёти учун ғов бўлиши фикрига мутлақ қўшилмайди. Айни пайтда, Бирдамлик ҳаракати ушбу салбий ходисалар авторитар сиёсий тузимга муносабат сифатида шаклланганлигини таъкидлайди. Аксинча, Ўзбекистон жамияти ва давлати тараққиёти, унинг минтақавий ва глобал мавқеи тикланиши учун демократия энг қулай сиёсий тизим деб таъкидлайди.
Бирдамлик Ўзбекистон ҳалқининг энг олий мақсадларини, ўзбек миллатини тарихий ғурурини тикланишини кўриш ва бу жараёнда ўз ҳиссасини қўшишни ўзи учун олий саодат деб билади.
Бирдамлик ҳалқ ҳаракатининг устивор вазифалари
Бирдамлик ҳалқ ҳаракатининг стратегик мақсади − Ўзбекистонда шаклланган диктаторлик, авторитар сиёсий тизимни тугатиш, ҳамда демократик, эркин жамият, ҳуқуқий давлат шакллантиришдир.
БИРДАМЛИК ҳаракати Ўзбекистон бўйлаб оммавий бўйсунмасликка чақиради, президент ва ҳукумат олиб бораётган нотўғри сиёсатга қўшилмасликка, уни қўллаб−қувватламасликка, унга қаршилик кўрсатишга чақиради. Миллатни, ҳалқни ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзининг ҳаёти, шаъни ва эрки учун курашишга чорлайди, бу борада оммавий намойишлар ўтказишга, кўчаларга чиқишга руҳлантиради, ташкиллаштиради ва ушбу тадбирларнинг олдида боради.
Бу борада Бирдамлик ҳаракатининг устувор вазифалари сирасига ҳаракатни кенгайтириш; янги аъзолар қабул қилиш; ҳаракатнинг қадриятлари ва тамойилларини; унинг дастур ва низомини жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш; оммавий онгда мустаҳкам ўрнашиб олган қўрқув унсурларини ювиб ташлаш, жамиятга янги умид ва руҳ бағишлаш; Ўзбекистонда кечаётган жараёнларда ва сиёсий табдирларда демократик ўзгартиришларга қаратилган ҳалқ сафарбарлигини шакллантириш ва кучайтириш кабилар киради.
Жумладан, ҳаракат Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон республиқасида, барча вилоятларида, қолаверса туманларида ҳам ўз бўлимларига, ишончли фаолларига эга бўлади. Шунингдек, Бирдамлик ҳаракати Ўзбекистоннинг қўшни давлатларида ҳам доимий фаолият кўрсатувчи бўлимларига ва фаолларга эга бўлишни назарда тутади.
Шунингдек, Ўзбекистонда сиёсий режим ўзгарганидан сўнг ҳам Бирдамлик ҳаракати Ўзбекистонда демократиянинг фундаментал қадриятлари ва институтларини шаклланишида, мустаҳкамланишида бевосита иштирок этишни ўзининг устивор вазифаси деб билади. Маълумки, Ўзбекистонда авторитар ҳукумат томонидан кўпгина демократик институтларга бутунлай йўл берилмади. Улар жумласига жамиятнинг асосий ҳуқуқлари бўлмиш сўз эркинлиги, сиёсий уюшиш эркинлиги, мухолифатчиликни назарда тутувчи фикрлаш эркинлиги, митинглар ва бошқа ҳалқ намойишларини ўтказиш эркинликлар мустаҳкам таъқиб остига олинди, бу каби фаолиятга интилганлар жиддий тазйиқлар остига олинди.
Яъники, авторитар ҳукумат ўзи учун маъқул бўлган ахборот сиёсати, жамият қадриятларини шакллантириш сиёсати натижасида Ўзбекистон жамиятининг қатламларида муътелик руҳият, қўрқув ва таҳлика кайфиятлари шакалланди.
Бу қўрқитув сиёсати бугун ҳам давом этмоқдаки, Ўзбекистон жамиятининг оммавий онги доимий равишда қўрқув билан бойитиб борилмоқда. Авторитар ҳукумат ушбу қўрқув даражасини пасайтиришга йўл қўймайди, жамият бош кўтармаслиги ва Каримов ҳокимиятни шубҳа остига қўйилмаслиги учун борган сари қўрқитув тизимларини парваришлаб келмоқда. Бунинг учун режим имкон қадар четдан, муқобил ахборот оқимларини Ўзбекистон ичкарисига киритмасликка, жамият ичкарисида эса ўзига маъқул ахборот оқимларини кучайтиришга қаратилган изчил сиёсат олиб бормоқда.
Бирдамлик ҳаракати борган сари ўзбекистонликларга муқобил ахборотларни, маълумотларни етказиб беришни ўзининг вазифаси деб билади.
Бу борада Бирдамлик ўзининг интернет сайтига, доимий газета нашриётига ва бошқа ахборот ташувчи воситаларига эга бўлади, ушбу оммавий коммуникация воситалари орқали ўзининг ахборот сиёсатини изчил амалга оширади.
Ҳаракат режим олиб бораётган ёлғон, сохта ахборот сиёсатга қарши, муқобил ва ҳақиқатга асосланган ахборот сиёсатини юргизиб, жумладан, режим айтганидек ўзбек жамияти “аъло даражада” ҳаёт кечирмаётганини, хориж эса режим айтганидек “душманларга тўла” эмаслигини, инсон ҳуқуқлари ва демократия тизимли равишда ва қўпол бузилиб келинаётганини, ушбу бузилишлар сиёсий режим ва шахсан Каримов қарашлари билан боғлиқ эканлигини эътироф этиб борадики, булар Бирдамликнинг вазифаларига киради.
Ҳаракат ўзбекистонликлар қарашларида тадрижий, лекин изчил ўзгартиришлар ясашни ўз мақсади деб билади. Яъни, ҳаракат ўзининг изчил ахборот сиёсати орқали жамоатчиликни доимий равишда Ўзбекистон ичидаги реал сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазият ва тенденциялар борасида хабардор қилиб туришга интилади.
Ҳеч бир режим муттасил репрессияларни амалга ошириш ресурсларига эга эмас. Айниқса, глобаллашув жараёнларида. Жумладан, Ўзбекистондаги бугунги вазият ҳам режимнинг имкониятлари тугаётганлигини кўрсатмоқдаки, жамият чипслашганда, одамлар ўртасида бирдамлик пайдо бўлганда − режим жамият билан ҳисоблашишга мажбур бўлиши муқаррардир.
Бирдамлик − Ўзбекистон муҳолифати орасида нозўравон кураш тарғиботчиси
Мухолифат − бугунги кунда Ўзбекистон ҳалқининг, давлатчилигининг стратегик ресурсидир ва умидидир! Унда миллат тақдири ва шаъни учун тинимсиз ва беомон курашиб келаётган инсонлар ва шахслар саф тортгандир. Айнан мухолифат Каримов режимини холсизланишида, унинг ҳақиқий қиёфаси очилишида катта ишлар қилди, ва албатта бу режимнинг ағдарилишида мухолифат ўз шижоатини кўрсатажак.
Бугун кунда Ўзбекистондаги авторитар, диктаторлик режимига нисбатан мухолифатчилик кайфияти − жамиятнинг кенг қамрови учун табиий сиёсий қараш ҳолатига етиб келди. Мухолифат, ҳоҳ у яширинча, ҳоҳ ошкора бўлсин, ҳоҳ у ҳукумат ва жамият ичида, ёинки давлат ташқарида бўлсин, бутун бир ўзбек муҳолифатини бир қанча қарашлар бирлаштиради: Каримов режимини “ишонтириш” орқали ўзгартириб бўлмайди, уни ислоҳ қилиш мумкин эмаски, Каримов сиёсий тизимни ўзгаришини ўзининг ҳокимияти учун таҳдид деб билади.
Бирдамлик ўзбек муҳолифати ичида нозўравонликсиз, жабр−зулмларсиз курашни тарғиб қилади, ушбу кураш усуллари орқали Ўзбекистон муҳолифатининг умумий ва олий мақсади − режим ағдарилиши учун энг самарали, қулай ва ишонарли йўл эканлигини эътироф қилади.
Шунинг учун ҳамки, Бирдамлик ҳаракати Ўзбекистон муҳолифатини бу борада ўзаро ҳурмат ва эҳтиромга асосланган мустаҳкам ҳамкорликка чақиради.
Ҳамкорликка ишонч ва умид билан,
БИРЛАМЛИК ҲАЛҚ ҲАРАКАТИ
МАНЗИЛ/ ADRESS: 1813 Peach St., Sant Peters, MO 63376, USA. www.birdamlik.info ,
e-mail birdamlikharakati@yahoo.com , birdamlikharakati@gmail.com ,
phone +13146002889; fax +16364478012



