“БИРГИНА ЁВУЗЛИК БОР – ЖАҲОЛАТ!”

Дилмурод САЙЙИД

Улуғ алломалардан бири Суқрот шундай деган экан:

“Дунёда биргина Эзгулик бор-ИЛМ, биргина Ёвузлик бор-ЖАҲОЛАТ!”

Алишер СОИПОВ жонига қасд қилганлар аллома фикри ҳақлигига    яна бир бора тасдиқ келтирдилар…

al1.jpg

ХХ аср 30-50-йилларидаги ИЛМКУШЛИК бугун яна бош кўтарган. Аслида Жаҳолат ҳеч маҳал узлатга кетмаган-Тириклик ичра ҳамиша қирғин қилиб, кезиб юраверган. Бунга ТАРИХ гувоҳ: ҳазрат Навоийга ғанимлик қилганлар; Ҳилолийнинг бошини кесганлар; Машрабни осганлар; Насимийнинг терисини тириклай шилганлар…Усмон Носирни жавонмарг этиб, Қодирийга ўқ узганлар… ўз қилмишларини ҒОЯ деб эътироф қилган бўлсалар, неажаб!

Aйнан Жаҳолатга асосланган, аниқроғи жоҳилликдан яралган Ёвузлик Ғояси биздаги тарқоқлик, баъзан саёз илмлилик сабаб кўпинча ўз жирканч режасини ҳеч бир иккиланмай амалга ошираётгани ҳаётий ҳақиқатдир!

Ёвузлик зоҳиран кўланкасифат, ботинан жаллодфеълдир! У ўз ўлжасини ўзи истагандек тақсимлаб ҳам ўрганган: кимнидир-қамоққа; кимнидир-руҳий касалхонага; кимнидир-мусофирликка йўлламоқда Ёвузлик! Орада ўз жирканчлигини янада ваҳшийроқ тусда кўрсатишлик учун кимнингдир ёш ва азиз умрига қасд қилиб қўймоқда Ёвузлик!

Канададан муҳтарама Ватандошимиз Дилсорахон “Сарҳадинг қаерда, халқим?” сарлавҳали дил туғёнида шундай ёзибдилар:

“…Сафингизни битта-битта тарк этаётган эркпарвар, миллатпарвар йигитларнинг яна нечтасини бой беришга розисиз?…”

Буни қарангки, Дилсорахон самимий дилтуғёнининг ўзиёқ қайси бир аҳли жоҳилга қаттиқ тегибди-йигит ўз ғурури сарҳадидан четлаб, ҳақоратли изоҳ айтибди… Нима ҳам дердик, юқорида таъкидлаганимиздек, Ёвузлик ўз жирканчлигини ўзига маъқул қиёфада кўрсатиб ўрганган!

Алишер Соипов (Аллоҳ ундан рози бўлсин!)ни шахсан танимасдим. Ёвузликнинг совуқ назари Унинг азиз жонига қадалибди. Киприк қоқмай, қўллари титранмай ўқ узган бўлса керак… Ёвузликнинг бунчалар очиқ-ҳадиксиз ҳаракатланишига боис нима? Дилсорахоним жуда тўғри таъкидлаганлар: “…сарҳадимиз қаерда эканини бир ўйлаб кўрайлик!”
Ўз Инсоний сарҳадимизни ўйлаб кўришга шошмаётганимиз сабабидан ҳам Инсонийлигимизни ҳимоялашга баъзан ожиз қолмоқдамиз, баъзида эса, улгурмаяпмиз!

Яқиндагина Чимкентда Улуғбекни ўғирламоқчи бўлдилар, бугун Алишерни отишди…яна қайдадир бир ҳамкасбимизни безовта бўлаётгани аниқ… менинг эса, эшигимни тақиллатиб келмоқдалар…Ва энг ачинарлиси, бу кўнгилсизликлардан камида бир кун ўтиб, хабар топаяпмиз…

Неча вақтки, мен ўзаро тарқоқлигимиздан эзиламан, бу ҳақда ўз мақолаларимда бир неча қайта алоҳида урғуладим… Бирикишга даъватдан мақсад КУРАШга чақириқ эмас! Биз ҳозирда энг ожиз кўлка билан ҳам курашмоққа тайёр эмасмиз…Бирикишга даъватдан мақсад, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, энг аввало, ўзимизни ҳимоялаш тамойилига амал қилишликдир! Ўзини ҳимоялай олмайдиган ДУНЁҚАРАШ қандай қилиб илғор фикрли куч бўла олиши мумкин? Биз-аҳли қалам кўп ва хўп ёзамиз улусни тарқоқ атаб. Хўш, ўзимиз қачон ва қаерда қандай ижобий уюшқоқлик кўрсатиб, улусга намуна бўла олдик?

Бугун Алишернинг фожиаси боис ўз дардимизни яна бир карра қоғозга тушираяпмиз. Мени маъзур тутингу, бу ҳол худди азалик хонадон эшигида бел боғлаб туришга қиёсдек-Марҳумнинг Йили ўтгун-чалик бир удум…Аммо кўпнинг кўнглида бир ҳадик ҳам йўқ эмас “НАВБАТ КИМГА?” деган!.. Ҳозир Алишер Соипов (Аллоҳ ундан рози бўлсин!)нинг азасидамиз. Азага борганлар ўз дардидан куйиб йиғлар экан. Шу таомил Ўзбеклигим учун менга ҳам бегона эмас!

Август ойидан бери жуда нотинчман, аслида унгача ҳам тинч яшаганим йўқ, аммо кейинги икки ой жуда таҳликали кечмоқда. Мен билан боғлиқ воқелик билан қизиқаётган хориждаги айрим ҳамкасб-ларим изоҳ сўраб қилган ўз қўнғироқларида шундай дабдабали ва фақатгина ўзлари учун зарур бўлган саволларни сўрайдиларки, бу саволларга жавоб айтишлик вазиятни яхши томонга эмас, балки тўлиғича ўта салбий тарафга ўзгартиришини ё билмайдилар, ё ўйлаб кўрмайдилар.

Ҳайрон қоламан, мен ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси мавзуси билан боғлиқ мавзуларни ёритганман, аммо жабрдийдага ортиқча ташвиш келтирадиган ҳолатларга умуман тўхталмасдим. Баъзида англай олмайман менга қўнғироқ қилаётган хориж радиоси мухбири самимийми, дўстми ё…? Бу-масаланинг ижтимоий томони! Иқтисодий тарафи ҳам бор: аниқ эсимда, хориж радиолари вакиллари Ўзбекистонда фаолият юритаётган вақтда Гулчеҳра опа билан боғланишиб турардик. Асосан маънавият мавзусида қисқа суҳбатлар қилинарди. Суҳбат матнининг қанчаси эфирга кетишидан қатъиназар тасмага туширилган вақтга қараб Опа ҳақ тўлардилар.

Тўғри, бу ҳақ унчалар катта маблағ эмасди, лекин ишсиз ё камдаромадли суҳбатдош учун моддий мадад бўлоларди. Энг эътиборлиси, Опа суҳбатдошга зарари тегиши мумкин бўлган саволлардан четлашга интилардилар. Ҳозирги хориждан сим қоқаётган айрим мухбирлар эса, аксинча суҳбатдошга шундай саволларни берадиларки, унинг жавоби мамлакатдаги инсоннинг дахлсизлигига зиён қилиши мумкинлигини эътиборга олмайдилар. Мени маъзур тутсинлар хориждаги ҳамкасбларим, бироқ мухбирнинг озгина шов-шувли қисқагина эшиттириши наҳотки бир одамнинг дахлсизлигидан устун турса?

Энг ачинарлиси, мухбирнинг саволига бироз юмшатиб ёки умумий кўринишда жавоб айтилса, ЎША ЖАВОБ эфирда берилмайди! Бир сўз билан айтганда, ўз суҳбатдошини на ижтимоий, на моддий ҳимоялай олмайдиган ва фақат савол берувчи томон манфаати-гагина қаратилган бундай суҳбат-интервьюдан бизга нима фойда?! Ё овозимиз хориж радиоси ўзбек хизмати эфирида берилганидан бирор лаззат топаяпмизми? Балки нуфузимиз кўтарилиб, ишимиз барорига босаётгандир? Бундай эътироз ва эътирофни ёзишимнинг ўзига яраша сабабу асослари бор .

Аввал ҳам ёзганман, бундан кейин ҳам шу фикримдан кечмайман. Яъни, ҳақиқий ҳолатни чегаранинг у томонидан туриб, фақатгина бизнинг сўзларимиз билан дунёга эшиттиришлари баъзан ўзини оқлар балки, аммо ҳамиша эмас. Бунинг энг ачинарли жиҳати, биз мустақил ижодкор, деган мақомни йўқотиб қўямиз: ўз фикримизни асосан интервью олаётган мухбир манфаатига мувофиқлаштиришнинг ўзиёқ биз учун ЦЕНЗУРА!

Худди даврий нашрлардаги каби мақоламиз фақат таҳририят нуқтаи назарига мувофиқ келсагина эълон қилинишига ўхшаш ҳолат! Ҳатто баъзи интернет сайтларда муаллиф розилигисиз унинг мақоласини таҳрир қилиш, сарлавҳасини ўзгартириш ҳолатларига ҳам йўл қўйилмоқда. Ва бунда муаллиф дахлсизлиги иккинчи даражали ҳисобланиб, биринчи навбатда дабдабабозлик турибди. Айнан шундай ҳолат сабаб Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиси Комил Ашуров жавобгарликка тортилиб, ИККИ МИЛЛИОН сўм жарима солинди.

Мақолани дабдабали кўринишга келтирган интернет сайт таҳририяти эса, муаллифга ИККИ ТИЙИН қалам ҳақи тўламаган! Таъбир жоиз бўлса, бундай таҳрирга уста дабдаба-талаб таҳририятларни эркин ижодкорнинг кушандаси, деб айтиш мумкин!

Анча вақтдан бери бир мақсад сари жуда кўп ҳаракат қилиб келаман. Яъни, мамлакатда мустақил ижод билан машғул ва ижодий фаолияти маҳаллий ОАВда чекланган журналист-қаламкашлардан бир қанчасини яхши танийман. Ҳозирда ишсиз ё бошқа соҳада мажбуран фаолият юритаётган ҳамкасб-ларимни ўзаро ҳамкорликка чорлаш. Ўзаро ижодий фаолиятни уйғунлаштириш мақсади менга орзу бўлиб қолмоқда.

Бунинг энг аҳамиятли томони-бизга ҳамиша бир-биримиздан хабардор бўла олиш имкониятини беради. Бизга тажовуз қилиб, ўғирламоқчи ё сабабсиз сўроққа чақирмоқчи, ёки маҳаллада йиғин уюштириб, бизни яккалаб қўймоқчи бўлганлар, биздаги ҳамжиҳатликни кўрсалар, Инсоний сарҳадимизга ўйлашиб даҳил этадилар. Биз кимгадир ёки нимагадир қарши курашишимиз шарт бўлмайди, энг аввало, биз ўзимизни ҳимоялаш тамойилига амал қиламиз.
Қолаверса, қайсибир дабдаба ё шов-шувга ўч, суҳбатдош(мақоланавис)нинг дахлсизлигини иккинчи даражали ҳисобловчи айрим мухбир ё таҳририятга қарам бўлмаслик ҳамдир! Чунки мамлакатга, миллатга чин ижодкорлар ҳамиша керак. Уларни асраш, уларга имкон яратиш ва ҳақиқий эркин ижод кишиси бўлиб қолишларини қувватлаш лозим. Эслайдиганлар, қўллайдиганлар очиқда, тирик юрганда эътибор қаратсинлар, бошга кулфат тушсагина жабрдийданинг ташвишини байроқ қилиб, дунёга жар солишдан кимга қандай наф!

Алишер Соиповнинг шаҳид бўлиши бизнинг ўзаро ҳамжиҳат тарзда ҳимояланишга муҳтож эканимизга ҳаётий аччиқ исботдир! Ҳамкасбимиз Алишер Соиповни Аллоҳ раҳмат қилсин!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares