Таниқли журналистга суиқасд халқаро миқёсда қораланмоқда

al150.jpg
Жаҳондаги халқаро ташкилотлар таниқли журналист Алишер Соиповга уюштирилган суиқасдни қораламоқдалар.
Нью-Йоркда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилот – Human Rights Watch Қирғизистон расмийларини Алишер Соипов ўлими юзасидан холис терговни таъминлашга даъват этди.

«У айниқса ўзбек ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасидаги суистеъмолликларини ёритган жасур журналист эди», дейилади Human Rights Watch тарқатган баёнотда.

Ташкилот Алишер Соиповнинг Марказий Осиёнинг энг фаол журналисти ва Ўзбекистон ҳукуматининг ашадий танқидчиси бўлганини айтади.

Ўзбек миллатига мансуб Алишер Соипов қўшни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг топталиш ҳолларини кенг ёритар эди.

У, шунингдек, ўзбекистонлик қочқинларни ўғирлаб кетиш учун ўзбек махфий агентларига рухсат берганликда қирғиз расмийларини ҳам айблаган.

Human Rights Watchнинг Лондондаги идораси вакили Урми Шахнинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати ҳозирда ўзининг матбуот эркинлигига содиқлигини намойиш этиши керак.

«Алишер Соиповнинг ўлими даҳшатли жиноят ва унинг фаолияти учун қасос амалидир. Умумият-ла, Қирғизистонда журналистлар эркин ва мустақил фаолият олиб бора оладилар. Қирғиз ҳукумати ҳозирда матбуот эркинлигига содиқ экани ва Алишер Соиповнинг қатл этилиши каби жиноятга тоқат қилмаслигини кўрсатиши керак», дейди Human Rights Watch вакили Урми Шах.

Алишер Соиповнинг ўлими
даҳшатли жиноят ва унинг фаолияти
учун қасос амалидир. Қирғиз ҳукумати
ҳозирда матбуот эркинлигига содиқ
экани ва Алишер Соиповнинг қатл
этилиши каби жиноятга тоқат
қилмаслигини кўрсатиши керак

Урми Шах, Human Rights Watch

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиевга мактуб йўллаб, ундан Алишер Соиповнинг ўлдирилиш юзасидан ҳар томонлама, ўз вақтида ва мустақил текширув олиб бориш учун барча воситаларни ишга солишга чақирган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу шармандали қотилликдан даҳшатга тушганини изҳор қилган.

Москвада жойлашган Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов Алишер Соиповнинг ўлими унинг бошқа ҳамкасбларини ҳушёр торттириши кераклигини айтади.

«Мен ҳақиқатнинг тагига етиш ва уни тарқатиш йўлида жонбозлик қилаётган бурча журналистлар, хусусан, Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларда фаолият олиб бораётган, Ўзбекистонга тўғридан-тўғри алоқаси бўлган журналистларга мурожаат қилиб айтаманки: «ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизнинг ҳаётингиз ўқувчиларингиз ва яқинларингиз учун жуда ҳам қимматли. Профессионал журналист бўлиш ва ўз ҳаётини асраш – бу икки нарса жуда ҳам муҳим», дейди Олег Панфилов.

Бишкекдаги Америка Қўшма Штатлари элчихонаси журналист ўлими юзасидан махсус баёнот чиқариб, тергов ва қидирув ишларини диққат билан олиб боришга чақирган.

Алишер Соипов ўлимига масъуллар одил маҳкамага тортилиши лозимлиги билдирилган баёнотда.

Холис тергов чақириғи билан чиққан Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг эркин матбуот бўйича вакили Миклош Харашти минтақа ва хорижда ном қозониб улгурган ёш иқтидорли журналист ўлими уни ларзага солганини билдирган.

Парижда жойлашган «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳам Алишер Соиповнинг ўлдирилишини қоралаган ва қирғиз ҳукуматидан қотилларни топиб, жазолашни талаб қилган.

www.bbcuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares