“БИРДАМЛИК” ТАДБИҚ ЭТГАН ФИЛЬМ СЎНГИДАГИ ХОТИРА

Тўлқин ҚОРАЕВ,
Мустақил журналист, Швеция.

tulkinkaraev.jpg

АҚШнинг “Fredoom Hause” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда олиб борган фаолиятини кимдир хушнудлик билан эсласа, кимдир мазкур ташкилотни Ислом Каримов режими қизиқишларидан келиб чиқиб фаолият юргизган деб ҳисоблайди. Ҳар икки томон ҳақ эканлигини эса алоҳида урғулаш керак, деб айта оламан. Сабаби, “Fredoom Hause” Ўзбекистонда ўз фаолиятини жуда аъло даражада бошлаганди.

Аммо мазкур ташкилотнинг Тошкентда расмий офиси очилгач ва унда Миша Сервер исмлик аёлнинг раҳбар этиб тайинланганидан сўнггина у кишиларга, айниқсса инсон ҳуқуқлари курашчиларига ёқинқирамайдиган фаолиятларни кўз-кўз қила бошлади. Натижада эса, ташкилот мамлакат ичида ўз обрўсини йўқотди.

2001 йилда «Fredoom Hause» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари курашчилари учун бир лойиҳа бошлади. Унга кўра, турли ташкилотларнинг аъзоларидан иборат 8 нафар инсон ҳуқуқлари курашчиларидан иборат гуруҳ 15 кунлик “Ўрганиш сафари”га чиқиши лозим эди.

Албатта ҳар бир ўрин учун кураш бошланиб қолди.

Ўзбекистонда руйхатдан ўтказилган ташкилотлар, ҳукумат кўз қарашларига садоқатлик “Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари”, ҳаттоки Олий Мажлис қошидаги Акмал Саидов раҳбарлик қилиб келаётган Инсон ҳуқуқлари миллий марказидан ҳам талабгорлар бор эди.

Бироқ «Fredoom Hause» мамлакат ичкарисида рўйхати ҳам бўлмаган норасмий ташкилотлар аъзоларидан 8 нафарини танлаб олди. Улар орасида Умида Ниёзова, Улуғбек Хайдаров, Васила Иноятова, Инера Сафаргалиева, мен Тўлқин Қораевлар ҳам бор эдик.
Сафаримизнинг бир ҳафтаси Москвадаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, хусусан “Мемориал”, Москва Хелсинки Гуруҳи, “Экстримал” журналистика маркази каби бир неча жиддий ташкилотлар фаолияти билан танишидан иборат бўлди.

Улардан кераклик маслаҳатлар, қўлланмалар олинганимиздан сўнг эса, режа бўйича Югословияга, яъни яқиндагина демократик эркинликларни қўлга киритган мамлакатга жўнаб кетдик.

Албатта, Югославия Европа қитъасидаги мамлакатлардан бири бўлганлиги учун ҳам Ўзбекистондан, қолаверса Россиядан ҳам кескин фарқ қиларди.
Қизиғи шундаки, бу мамлакатга кириб келаётган хорижликлар борми, ўз фуқароларими, уларни ўзлари билан олиб келаётган, ёки кетар чоғида эса олиб чиқиб кетаётган пуллари деклорация қилинмасди.

Бу албатта биз учун ажабланарлик ҳолат бўлди. Чунончи Ўзбекистондан чиқиб кетар чоғида кийим бошларимизгача титкиланганлигимизни, ёнимиздаги ҳар бир парча қоғоз ўрганилганлигини эсларканмиз, бу мамлакат биз учун мутлоқ эркин мамлакат бўлиб кўринди.

Югославияда ҳам бир ҳафталик сафаримиз давомида эса уларнинг қандай йўллар билан диктатор Слобадан Милошевич режимига қарши кураш олиб борганликлари билан танишардик.

“Бирдамлик” ҳаракати сайтида яқинда пайдо бўлган Югословияда олиб борилган кураш ҳақидаги фильми деярлик унут бўлган хотираларни қайта эсга олишга мажбур қилди. Албатта ҳар бир кишининг исм фамилияси ва уларнинг суҳбатда нималар ҳақида гапирганликларини қисман эслай оламан холос.
Югословияда серб тилида гапиришар ва биз борган кезларда аллақачон мамлакат бўлинган, Югославия Иттифоқини Сербия ва Черногория Республикаларининг Иттифоқи ташкил қиларди.

Ҳозир билмадим, аммо ўша кезларда АҚШнинг бомбардимончи самолетлари пойтахт Белградни ҳам бомбардимон қилганлигини серблар қоралашарди. Бир қанча бомба нишонига олинган биноларни бизга ҳам кўрсатишганди ўшанда.
Улар орасида Югославия Ички Ишлар Министирлиги биноси, Компартия биноси, Хитой элчихонаси кабиларни хотирлайман. Пойтахт Белград серб тилида “Biograd” деб аталади ва у Россия Федерацияси шаҳарларидан бири Белград билан мутлоқ адаш ҳам эмас.
Демак, кураш қандай борганди? Унда асосан ёшлар иштироки ва уларнинг фаол ҳаракатлари иш берганлиги таъкидланарди. Слобадан Милошевичга қарши кураш бораётган бир пайтда режим тарафдорлари ҳам мавжуд бўлган.
Режимни Россия Федерацияси ва Ливиянинг доимий президенти Муаммар Каддафилар қўллаб қувватлаганини югославиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳамиша хотирлашади.

АҚШда содир этилган 11 сентябрь фожиаси ўша дамларда кўпчиликнинг диққат марказида турар, уни Юсловаияда ҳам ҳар ким ўзича талқин қиларди. Албатта кимлардир буни — “АҚШга Оллоҳ томонидан берилган жазо”—дерди.
Сабаб, АҚШ бу мамлакат билан уришгани ва ушбу юртни бомбардимон қилганидадир. Шу билан бир вақтда эса, улар мамлакатлари диктатор режимидан озод бўлганлигидан шод ҳам эдилар.

Диктаторни ағдариш амалиётлари ўтказилган кезларда пойтахт кўчаларида одамлар худди селдек оққанлигини хотирлашади улар. Полиция аҳолини қуршаб олиш ёки тўхтатиш имконига эга бўлмаган.
Халқ тўп бўлиб шаҳарнинг турли кўчаларига кириб бориб, у ерлардан ҳам ўзларига янги тарафдорлар топиб бошқа кўчаларга кириб борган.
— Митинглар бўларди, – деб хотирлаб ўтганди талабалар ҳаракатларидан бири раҳбари Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари курашчилари билан бўлган учрашувда: — халқ митингларда актив иштирок киларди ва бу ҳолатни ОАВ ларида ёритилишига эришардик. Чунки журналистлар ҳам биз билан бирга эди. Режим тарафдорлари ҳам митинглар ташкил қилишар, шу билан ўз тарафдорларини кўпайтириш ҳаракатларини олиб борардилар.

Режимга садоқатлик газеталар эса ҳукумат нуқтаи назарини ҳимоя қиларкан, сохта фотолавҳалар тайёлашгача ҳам бориб етганлар ва демократик кучлар эса уларнинг қилмишларини фош қилиб борган.

“Биз қаттиқ жисмларга ёпишиб қоладиган ташвиқот материалларини ҳам тайёрлардик ва уларни тўғри келган жойда ёпиштириб кетардик. Бу билан халқни Слобадан Милошевич режимига қарши курашга чоғлаганмиз”, – деб суҳбат берганди “Отпор” ташкилоти вакилларидан бири.

“Слабода” серб тилида “Озодлик” демакдир. Слобадан Милошевич мамлакат раҳбари бўлгани ҳолда, ўз хотини Миранинг чизган чизиғидан чиқмай давлат бошқарган. Президентнинг айни мана шу хислати эса унинг номи мамлакатда кулги қилинишига ҳам сабаб бўлган. Деворлар, машиналар, лифтлар ва бошқа турли жисмларга, жойларда ёпиштириб кетилган полиетилен ташвиқотларида қуйидаги ёзув бўлган экан: “Slaboda “n” ҳарфисиз ёзилади, “Mir” “a” ҳарфисиз. Бу билан эр-хотин, қўш диктаторлар мамлакат аҳолиси томонидан таҳқирланиб ҳам борилган.

Кураш алал-оқибат ўз ниҳоясига етаркан, бунда кўплаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг тинч кураш исёнчиларини маънавий қўллаб-қувватлаб тургани муҳим рол ўйнаган.

Биз Югославияда газеталар таҳририятларида, суд ва прокуратура органларида ҳам бўлгандик. Суд ҳокимияти ўшанда Гаага трибунали терговларини кузатиб борарди. Курашдан эса улар ҳам четда қолмай, режимга қарши судяларнинг мустақил ассоциациясини тузганликларини сўзлаб беришганди. Уларнинг айтиб ўтганларига кўра, судялар ҳукумат бюртмаларини бажаришдан бош тортиб фақат қонунлар асосида ишлай бошлаган эканлар. Бирор судянинг таъқиб қилиниши, ёки ишдан ноқонуний бўшатилиши эса судялар иттифоқининг бош кўтариб чиқишига, воқеликни дунёга ёйилишига сабаб бўлган. Айни шундай ташкилотларга бирлашиш эса юристларда, прокуратура ходимларида, касаба уюшмаларида ҳам содир бўла бошлаганлиги мамлакатда инқилобий бир вазиятнинг етилишига сабаб бўлиб хизмат қилган.

“Слобаданни агар Гаага трибунали оқлаб чиқса, ёки бошқа сабаб билан озод қилиб юборса, уни биз суд қиламиз”, – деб ўтганди ўз суҳбатида Белград шаҳри суди биносидаги учрашувларнинг бирида бир аёл судя.

Урушсиз амалга оширилган инқилобда халқ турлик жабҳаларда, турли ташкилотларга бирикиб бир мақсад сари курашганлиги эса ғалабанинг кафолати бўлган. Албатта кимдир Югославияда уруш бўлганлигини эслаб ўтиши мумкин. Бироқ у урушнинг диктаторнинг ағдарилишига бирор алоқаси бўлмаган ҳам.

Азиз ўқувчи, сўзимнинг бошида АҚШ нинг “Fredoom Hause” ташкилоти томонидан уюштирилган сафарни келтириб ўтдим. Мақола давомида бирор исм, ёки фамилияни таъкидлай олмадим ҳам. Бирор бошқа исм қўллашни эса ўзимга эп билмадим. 2001 йилдаги Югославия сафарининг ҳар дақиқаси, соати ёдимда қолиши қийин албатта. Аммо сафар давомида йиққан ҳужжатларим, газета ва бошқа турдаги материаллар Ватанда, яъни Ўзбекистонда қолиб кетган. Шу сабаб ҳам ёзганларим тўлиқ эмас, аммо — ҳақиқат.

“Бирдамлик” ҳаракати тарғиб қилаётган нозўравон кураш услуби айнан шу мамлакатда амалга оширилиб мақсадга эришилган. Ҳаракат фаоллари томонидан Югославиядаги инқилоб таърихи ҳақидаги филмнинг таржима қилинганлиги ва кенг жамоатчиликга тақдим этилгани яна бир бор мени ўша сафарни эсга олишга мажбур қилди. Эслай олганларимни эса сизга ҳавола қилдим.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares