![]()
Ер атмосферасидаги «иссиқхона эффекти»ни келтириб чиқарувчи газларни зарасизлантириш йўлини кашф қилган олим учун 25 миллион доллар мукофот эълон қилинган.
Мукофот АҚШ собиқ вице-президенти Ал Гор ва британиялик миллионер ишбилармон Ричард Брэнсон томонидан ажратилган.
Ушбу халқ аро мукофот Ер атмосферасини чиқинди газлардан тозалаш услубини топиш йўлларини рағбатлантириш мақсадида эълон қилинди.
Саноат корхоналари фаолияти, машина ва учоқлардаги ёқилғи туфайли атроф-муҳитга чиқарилаётган карбонад ангидрид газлари «иссиқхона эффекти»ни ҳосил қилиб, иқлим исишига сабаб бўлмоқда.
Мукофотга сазовор бўлиш учун олимлар йилига 1 миллиард тонна чиқинди газларни атмосферадан ажратиб бера оладиган услубни кашф қилишлари керак.
Ишбилармон Брэнсонга кўра, инсоният қандай хавф ёқасига келиб қолганлигини англаб етиши керак.
«Мен ўз фарзандларим ва набираларим келажакка эга бўлишларини хоҳлайман, вақт зиқ ва бундан буёғига кутиб тура олмаймиз», – деган жаноб Брэнсон.
2006 йил сентябр ойида Ричард Брэнсон ўзига тегишли нақлиёт ширкатларидан келгуси 10 йил мобайнида тушадиган ҳамма фойдани экология муаммоларини ечиш учун сарфламоқчи эканлигини маълум қилганди. Брэнсон «Virgin Atlantic» ҳаво ширкати ва «Virgin Trains» темир йўл ширкати соҳибидир.
Ричард Брэнсон ташаббусини АҚШ собиқ вице-президенти Ал Гор ҳам қўллаб-қувватлади.
2000 йилги сайловларда маррани жорий президент Ж. Бушга бой берган Ал Гор ҳозирда атроф-муҳитни сақлаш фаолларидан.
Унинг иқлим исиши жараёнлари ҳақидаги «Аччиқ ҳақиқат» ҳужжатли филми катта шуҳрат қозонди ва 2007 йилги «Энг яхши ҳужжатли филм» учун Оскар мукофотига сазовор бўлди.



