Бугунги ва доимий ҳолат.

«Бирдамлик» учун, ҳаракат фаоли Абдусамад.

ment.jpg

Шу кунларда Ўзбекистон ҳалқи ўзларининг кейинги етти йиллик ва охир окибатда миллат такдирини кўп йилларга ривожланиши ёки аксинча, орқага суришини белгилаб берадиган воқеа—мамлакат президенти сайловига номзодлар кўрсатиш, уларнинг сайлов олди платформалари билан танишиш, мухокама этиш ўрнига далада жавлон уриб, «олтин қўллари билан «ок олтин»ни яратиш» билан машғулдирлар.

Республиканинг катта-ю кичик барча аҳоли пунктларидаги (Тошкент шаҳридан ташқари) мактабларнинг юқори синф ўқувчилари (қишлоқ мактабларининг бошланғич синф ўқувчилаври ҳам), коллежлар ва лицейлар, олий ўқув юртлари талабалари, корхона ва ташкилотларнинг ишчи-хизматчилари «пешона тери билан етиштирилган ҳалқ бойлигини бир мисқолини ҳам ёғин-сочинли кунларга қолдирмаслик» учун ёппасига пахта теримига сафарбар этилганлар.

Уларнинг бу савобли ишларини тартибли ўтишини таъминлаш вилоятлар ва шаҳарларнинг ички ишлар органлари ҳамда прокуратуралари зимасидадир.

«Ҳашарчилар»нинг асосий кўпчилиги мактаб ўқувчилари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари бўлганлиги сабабли ҳар бир ўқувчи ва талабага кунлик меъор (норма) белгиланган бўлиб, мактаб ўқувчилари кунига камида 50 кг., лицей ва коллежлар лицей ва коллежлар талабалари 60 кг., олий ўқув юрти талабалари 80 кг.дан норма топширишлари шарт. Бир кило қўлда терилган пахта учун 50 сўм (тахминан 4 цент) ҳақ тўланмокда.

Ўқув юртларининг тақдирини ўқув жараёнида йўл қўйилган камчиликлар ёки бошқа сабабларга асосан таълим вазирликлари эмас, балки етарли ўқвучилари далага чиқмаётганлиги, пахта териш нормаси бажарилмаётганлиги сабабли прокурор ва милиция бошлиқлари иштирокида хокимлар ҳал қилишмоқда.

Биргина Қашқадарё вилоятида пахта терими бошлангандан буён 6 нафар ўрта-махсустаълими ўқув юртлари директорлари ишдан бўшатилиб, улардан иккитасига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Фермерлар етиштирилган хосилни ҳар тоннасини давлатга 350 минг сўмга (тахминан $275), уруғлик пахтани 500 минг сўмгача (тахминан $390) сотади. Минерал озуқа, механизация ва бошқа харажатлар ҳисоблаб кўрилса фермерга йил давомида қилган мехнати учун оиласини учма-уч боқиш учун етадиган маблағ қолиши ҳам амри маҳол.

Республикада пахта плани бажарилгани билан ўқувчиларни пахта далаларидан қайтиши ҳақида гап йўқ.Далаларда нон етишмаётганлиги учун мактаб директорларига вилоят прократуралари:
–“Қаердан, қанча бўлса ҳам топасан”—деб зуғум қилмоқдалар.

Фермер ўз ҳисоб рақамига тушган маблағни хам ўз ҳоҳишича ишлата олмайди. Туман ҳокими, прокурор, милиция бошлиғи фермерларнинг ҳисоб рақамидаги маблағни истаган пайтларида, истаган миқдорда уларнинг рухсатисиз олиб қўйишлари одат тусига кирган.

Давлат рэкетидан, асоссиз текширишлардан безор бўлган фермерлар бошқа шахарлардаги банкларда ҳисоб рақамларини очишга уриниб кўришмоқда. Хуқуқ-тартибот органларининг расмий сўровномалари асосида бошқа шаҳарда очилган ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ошкор қилингандан кейин, бу ҳаракатлар ҳам фойда бермаяпти.

Республикада нақд пул муомаласини чеклаш сиёсати амалга оширилаётганлиги сабабли, ҳалқ хўжалигининг бошқа сохаларида бўлгани каби фермерлар ҳам ўз ҳисоб рақамларидаги маблағларни ёг заводлари ва бошқа корхоналарга фермер хўжалиги аъзоларини эҳтиёжлари учун озиқ-овқат ва хўжалик маҳсулотлари олиш баҳонасида ўтказишади ва амалда ўтказилган маблағнинг маълум бир фоизини нақд пул қилиб олишади.

Пул ўтказиш йўли билан маблағни нақд пулга айлантириш амалиёти ҳақида алоҳида, бафуржа фикр юритиш жоиз. Сабабики, бу фаолият билан деярли барча давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари доимий равишда шуғулланадилар.

Хаттоки Президент жаноби олийлари ҳам Исмоил Журабеков томонидан назорат қилинган Вазирлар Махкамаси хузуридаги “Байрам ва юбилей тадбирларини ўтказиш дирекцияси” (Шодиев) орқали ўзларининг ноқонуний фаолиятларини молиялаштириш мақсадида ишлатиладиган маблағларни бюджетдан ўмариб келганлар.

И.Жўрабеков лавозимидан четлаштирилгандан кейин мазкур дирекция дастлаб Вазирлар Махкамаси ижтимоий сектори таркибига киритилиб, кейинчалик тугатилиб Шодиев Президент девонига ўша ишини давом эттириш учун ўтказилди.

Муаллиф 2003 йил кузда Республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида вазирлар маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги сектори котиби ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири қишлоқ хўжалигига дахлдор бўлган пойтахт корхона ва ташкилотлари, илмий текшириш институтлари, таълим муассасалари мутахассисларини йиғиб ўтказган мажлисда иштирок этган эди.

Бу мажлисда мухокама қилинган асосий масала – ширкат хўжаликларини фермер хўжалигига айлантириш доктринаси бўйича яқинда эълон қилинган мамлакат президентининг фармони асосида вазирлар маҳкамасини қарорини тайёрлаш учун хар бир вилоятга бориб вазиятни ўрганиб, таклиф ва тавсиялар тайёлаб келадиган ишчи гурухларини ташкил этиш ва 1 ой муддат ичида қандай қилиб фермерларни давлат закази бўлган пахтани экишга мажбур қилиш чорасини топиш вазифаси эди.

Вазирлар махкамасидан келган амалдор:
–“Фермерлар ўзлари иктисодий манфаатдор бўлган махсулотларни етиштириб, давлатга пахта топшириш шартномасини қўпол равишда бузмоқдалар, анча қиммат нархда сотаётган сабзовот-полиз махсулотларидан тушган маблағнинг бир қисмига пахта сотиб олиб пахта сотиш режаларини бажармоқдалар”- деб маъруза килган эди.

Юқоридаги гапларга изоҳ келтирмасдан мақолани ўқиётганларнинг ҳукмига қолдирмоқчимиз.

Ўзбекистонда бугунги кунда ҳалқ хўжалигининг барча сохаларидаги каби қишлоқ хўжалигида ҳам юзага келган ўта салбий воқелик фақатгина стратегик хом ашё бўлган пахтани етиштиришга таалуқли эмас. Бу ҳолат галлачилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳалага ҳам тааллуқлидир.

Ер қачонки ўзининг хақиқий эгасини топса, ернинг хақиқий эгаси ўзининг кўп йиллик иқтисодий манфаатини ўйлаб, агротехник талабларга риоя килиб, бозорбоп махсулот етиштирсагина ҳалқнинг дастурхони тўкин, давлатнинг хазинаси бутун бўлади.

Бунинг учун фермерлар қаҳратон қишда, жазирама ёзда кечаю-кундуз тинимсиз меҳнатлари эвазига етиштирган ҳосилларини салқин кабинетларда ўтириб, уларнинг меҳнати евазига маишатда кун ўтказаётган порахўр тўралар белгилаётган арзимаган нарҳларда эмас, бозор кўтарган нарҳда сотишлари керак.

Бугунги кунда бозор иқтисоди бўйича яшашни лозунг килиб олиб, амалда социализм асорати – планли иқтисод сиёсатини юритаётган, ўзларини мустақиллик дарғалари қилиб кўрсатаётган, тўнларини алиштирган собиқ компартия ва комсомол фаоллари ўзларининг лаёқатсизликларини тўлиқ намоён қилмокдалар.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares