Ўзбекистонда ўйинга тушадиган пайтларми?

Паҳлавон Содиқ
Лондон.

20070130124625karimov203.jpg

Соғлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида вақти-вақти билан матбуотда пайдо бўлиб турадиган хабарларга қарамасдан, 69 ёшни қаршилаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сўнгги пайтларда расмий тантана ва базмларда рақсга тушиш билан ҳали кучга тўла эканини намойиш қилаётгандек.
Ўзбекистонликлар қарийб ўн саккиз йилдан буён ўзларини бошқараётган одам – президентнинг қандай рақсга тушишига илк бор ўтган йил 31 августи – мамлакат мустақиллигининг ўн беш йиллик тантаналари чоғида гувоҳ бўлишди.

Президент яхши раққос эканини намойиш қилмаган бўлса ҳам, унинг хоразмча оҳангга икки қўлини кўтариб, бир-икки силкиши атрофдаги мулозимлар ва хос аудиторияни жунбушга келтириш учун кифоя эди.

“Каримов ҳам
рақсга тушиш билан одамларнинг
кўнглини овламоқчи бўлаётган
бўлса, эҳтимол”

Пол Берн, Британиянинг Ўзбекистондаги
собиқ элчиси.

Орадан кўп ўтмай, интернетда Ислом Каримовнинг Хоразмда, Маъмун академиясининг минг йиллик тантаналарида рақсга тушгани акс этган суратлар пайдо бўлди.

Бир қарашда президентнинг рақсга тушишида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқдек. Аммо табиийлик-чи?

1990 йилларда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Пол Берн Тошкентдаги расмий зиёфатлардан бирида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қозоқ халқ қўшиқларидан бирини куйлай кетгани, аммо Ислом Каримовнинг қўшиқ айтгани ёхуд рақсга тушганининг гувоҳи бўлмаганини айтади.

«Мен президент Елциннинг иккинчи марта президентликка сайланаётганида ўйинга тушганини эслайман. Бу анча нозик балет рақси эди. Ўшанда Елциннинг обрўси жуда тушиб кетган ва сайлов тарғиботлари учун катта куч ташланган эди. Эҳтимол, Елцин, ўйинга тушиш билан одамларга «мени сайланг», демоқчи бўлгандир. Ва Каримов ҳам рақсга тушиш билан одамларнинг кўнглини овламоқчи бўлаётган бўлса, эҳтимол», дейди Пол Берн.

Аммо ўзбекистонлик таҳлилчи Сергей Ежков бундай деб ўйламайди. «Бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ»,- дейди у.

“Мен унинг рақсга
тушишини пухта ўйланган, аввалдан
режалаштирилган сиёсий бир
қадам, деб ўйламайман”

Журналист Сергей Ежков

«Президент жуда ҳам ҳиссиётга бериладиган одам. Баъзи қарорлар, жумладан, кадрлар масаласи ҳам кўпинча ана шундай – ҳиссиёт билан ҳал қилинади. Президент ҳам оддий одамлар каби баъзида ўзини тутиб қололмаслиги мумкин, унинг ҳам баъзида бошқа одамларга ўхшаб дам олгиси келади. Мен унинг рақсга тушишини пухта ўйланган, аввалдан режалаштирилган сиёсий бир қадам, деб ўйламайман», -дейди Сергей Ежков.

Оддий одамларнинг кайфияти уларнинг кундалик юмушлари, иш-ташвишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо президентларнинг юмушлари бошқачалигидан, уларнинг кайфияти ҳам давлат ёки мамлакатдаги аҳволнинг бир нави инъикоси эмасми? Шундан президентнинг рақсга тушиши учун арзигулик сабаб борми эди, сўраймиз Сергей Ежковдан.

«Мамлакатдаги ривожланиш ҳақида президент бир нарсани ўйлайди, халқ бошқа нарсани, хориждагилар эса янада бошқачароқ фикрдалар. Менимча, президент Ўзбекистон нормал ривожланаяпти, деб ишонади. Қаерга бормасин, оломон уни олқишлайди, ҳамма байрам кийимида. Шундан у бошқалар ҳам ўз ҳаёти билан яшаяпти-да, деб ўйласа керак», -дейди Ежков.

20060811144915gulnorakarimova203.jpg
«Унутма мени»
Ислом Каримовнинг рақсга тушишидан сал аввал унинг қизи Гулнора Каримова ижросидаги «Унутма мени» қўшиғига олинган мусиқий клип Ўзбекистоннинг MTVси ёки «Марказ-ТВ»нинг энг кўп намойиш этилган клипларидан бирига айланганди. Британиялик собиқ дипломат Пол Берн Гулнора Каримова отасига таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин, деган фикрда.

“Сиёсий технологиялар
демократик давлатларда иш бериши мумкин,
аммо авторитар давлатларда уларга эҳтиёж
бўлмайди”

Журналист Сергей Ежков

«Президент Каримов Ўзбекистонда ўзига хон, ўзига бек. Эҳтимол, унинг қўшиқ куйлай бошлаган қизи Гулнора Каримова сиёсатга замонавий популистик унсурларни киритишга уринаётгандир ва эҳтимол, бу йўлда у отасига ҳам таъсир ўтказаётгандир. Эҳтимол, ўйинга тушиш ҳам шундай бир популистик қадамдир», дейди Пол Берн.

Аммо журналист Сергей Ежковга кўра, президентга бунинг кераги йўқ. Унинг фикрича, сиёсий технологиялар демократик давлатларда иш бериши мумкин, аммо авторитар давлатларда уларга эҳтиёж бўлмайди.

– Аммо Гулнора Каримованинг клиплари-чи?

«Бу бой одамнинг кўнгилхушлигидан бошқа ҳеч нарса эмас. Бой одамлар шундай кўнгил овлашади – қўшиқ айтадилар, клип яратишади…»

Сайловлар

23-декабр расман Ўзбекистонда президентлик сайлови куни.

Аммо президентнинг рақсга тушиши эҳтимолий сайловлар билан бирон-бир шаклда боғлиқ экани ҳақидаги назарияга ўзбекистонликларни ишонтириш қийин.

Рост-да, Ўзбекистонда эркин ва адолатли сайловлар бўлмаса, одамлар Каримовни сайлаш ёки сайламаслигининг қанчалик аҳамияти бор? Аммо британиялик бошқа бир тадқиқотчи, Нью Кастл университетининг геосиёсат бўйича доктори Ник Мегораннинг фикрича, Президент Каримов қанчалик яккаҳоким бўлмасин, у одамларнинг ҳақиқий қўллаб-қувватловига муҳтож.

«Сайловларнинг бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар, ҳар қандай ҳукуматнинг тақдири одамларнинг кундалик ҳаётда уни қўллаб-қувватлашлари билан боғлиқ. Агар одамлар кундалик ҳаётларида ҳукумат билан ҳамкорлик қилишни тўхтатсалар, бу – ҳар қандай ҳукуматни хавф остига қўяди», дейди Ник Мегоран.

Ўзбекчилик

Ник Мегоран Президент Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди» номли китоби устида тадқиқот олиб борган ва Андижон воқеалари Ўзбекистон раҳбарининг қарашларини бир қадар ўзгартирган, деган хулосага келган.

“Каримов миллий
мафкура Андижондаги каби инқирозлар
чоғида иш бермаслигини англаб етган”

Нью Кастл университети тадқиқотчиси Ник Мегоран

«Қизиғи шундаки, президент ушбу китобининг биронта ҳам жойида мустақиллик мафкурасини тилга олмайди. Бунинг ўрнига у «ўзбекчилик» ҳақида гапиради. Андижонга боргани ҳақида ҳикоя қилар экан, биринчи бўлиб маҳалла оқсоқолларини тўплаб, улардан маслаҳат олганини айтади. Ўзининг бир ўзбекка хос очиқлик, самимийлик билан ҳаракат қилганини кўрсатишга уринади. Бу жуда қизиқ нарса», – дейди британиялик тадқиқотчи.

– Нима учун Ўзбекистон Президенти миллий мафкура тўғрисидаги гаплардан ўзбекчилик ва мусулмончиликка ўтиб қолди?

«Менимча, у миллий мафкура Андижондаги каби инқирозлар чоғида иш бермаслигини англаб етган. Бунинг ўрнига оддийроқ, оддий одамлар учун тушунарлироқ бўлган ўзбекчилик ибораси ва сифатлари воситасида халқ билан мулоқот қилишга уринаяпти. Бу жуда ҳам муҳим».

– Аммо унинг рақсга тушиши бу мулоқот учун қанчалик муҳим?

«Рақсга тушиш ўзбеклар севадиган, ҳордиқ чиқарадиган машғулотларидан бири. Ўзбек тўйида беш-олти яшар қизлардан тортиб, катта ёшдаги аёллару-эркаклар, кампирлару-чолларга қадар мазза қилиб рақсга тушишади. Ислом Каримов ўйинга тушиш билан оддий халққа қанчалик яқинлиги, улар билан бирга нафас олаётгани, улардан биттаси эканини кўрсатмоқчи бўлаётгандек», – дейди Ник Мегоран.

Отадан қизга?

Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Ғарбда буларнинг ҳаммаси, айниқса, Гулнора Каримованинг қўшиқлари Ўзбекистонда ҳокимиятнинг давомийлиги йўлида қўйилаётган илк қадамлар сифатида талқин қилинди. Британиянинг Ўзбекистондаги бошқа бир собиқ элчиси Крейг Мюррей Гулнора Каримовани халқ орасида танитиш кампанияси бошланиб кетганига шубҳа қилмайди.

“Каримовнинг оиласи учун
меросхўрлик жуда ҳам муҳим. Чунки
Туркманистонда кўрганимиз каби ҳеч
ким абадий эмас”
Крейг Мюррей,
Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси

«Ўзбекистонда Гулнора Каримованинг романтик қиёфасини яратувчи мусиқий клипларнинг чиқарилиши, турли-туман хайрия тадбирларида иштирок этаётгани ва ёшлар орасида юрганини кўрсатиш – буларнинг ҳаммаси Каримова хонимни халқ орасида кўпроқ танитишга қаратилган тадбирлар. Менимча, у айниқса, шаҳар ёшлари орасида ўзига тарафдорлар орттириш истагида. Каримовнинг оиласи учун меросхўрлик жуда ҳам муҳим. Чунки Туркманистонда кўрганимиз каби, ҳеч ким абадий эмас», дейди Мюррей жаноблари.

Унинг ишонишича, Гулнора Каримованинг мусиқий клиплари каби Президент Ислом Каримовнинг рақсга тушишларини ҳам тасодиф, деб бўлмайди.

«Ислом Каримов биронта ҳам ишни ўйламасдан қилмайди. Жуда ҳам диққатли ва эҳтиёткор одам. Иккинчи томондан, ҳамма ҳам рақсга тушади, мен бундан катта нарса ясамаган бўлардим. Аммо бу – Каримов учун ҳақиқатан ҳам ноодатий бир ҳолдир. Менимча, у одамларнинг назаридаги имижини юмшатмоқчи бўлган. Айниқса, Андижондаги воқеалардан кейин», дейди Крейг Маррей.

Президентнинг рақсга тушиши ёки Гулнора Каримованинг мусиқий клипларидан аввал ҳам Ўзбекистондаги омма сўровлари Президент Каримовнинг халқ орасида машҳурлиги ва аҳолининг у олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлашини ҳеч қачон савол остига олмаган. Аммо ҳақиқатда президент аҳоли орасида қанчалик қўллаб-қувватловга эга бўлиши мумкин?

«Жаноб Каримов бошқарувидан фойда кўраётган одамлар орасида у машҳур. Аммо фойда кўрмаётган оддий одамлар орасида улар дуч келаётган қийинчиликлар сабаб, Каримов унчалик қўллаб-қувватловга эга эмас», дейди Нью-Кастл университетидан Ник Мегоран.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares