![]()
Бирма ҳукуматига қарши норозилик намойиш Лондонда ҳам бўлиб ўтди
Малайзия ҳукумати Бирма ҳарбий раҳбарларини мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чи билан ҳеч бир шартларсиз музокаралар олиб боришга чақирган. Бирма раҳбари генерал Тан Шве Аун Сан Су Чи билан маълум шартлар асосида учрашишга розилик билдирганди.
Малайзияга кўра, халқаро ҳамжамият мамлакатга қарши кучлироқ босимлар билан чиқишидан олдин Бирма ўз шартларидан воз кечиб, мухолифатчи билан мулоқотга бориши керак.
Малайзия Ташқи ишлар вазирининг изоҳлари Бирмадаги инқироз мухолифат ва ҳукумат музокаралар столига ўтирмаса, чуқурлашиши мумкинлиги юзасидан қўшни мамлакатлар ўртасидаги хавотирни акс эттиради.
Малайзия Бирма раҳбарларини Аун Сан Су Чи билан музокараларга мажбурлаш учун иқтисодий чоралар ва ё ҳарбий амалиётлар бошлашга қарши.
Ва у БМТ ҳамда Оврўпо Иттифоқининг Бирма ҳукуматига қаттиққўл муносабатни давом эттиришга чақириқларидан ташвишда.
Бирма раҳбари Тан Шве Аун Сан Су Чи мамлакатга қарши иқтисодий чоралар кўриш ва ҳукуматни ағдаришга қаратилган чақириқларидан воз кечса у билан учрашишини айтган.
Бирмада яқинда кузатилган намойишларда иштирок этганлик айбловлари билан ҳибсга олишлар давом этмоқда.
Якшанба куни ҳукумат ҳозирда юздан ортиқ роҳиблар дохил минг киши ҳибсда ушлаб турилганини маълум қилганди.
Ҳукумат шунингдек,қамоққа ташланган мингдан ортиқ киши озод қилинганини айтади.
Аммо, хориж ҳукуматлари ва мамлакат ташқарисидаги ҳукумат танқидчилари ҳибсга олинганлар хусусидаги ҳақиқий рақамлар Бирма ҳукумати тан олаётганидан бир неча баробар катта бўлиши мумкинлигидан хавотир билдиришади.
Манба: BBCUzbek.com



